12:41 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қайси газеталарни ўқияпмиз? Наманган вилоят прокуратураси нашрига мажбурий обуна айни авжида

22.12.2005 11:03 msk

Ўз ахборотимиз (Наманган)

Наманган вилоят прокуратураси ҳуқуқ-тартибот тизимларининг “Диёнат” ва “Ҳуқуқ оламида” газеталари учун корхона ва ташкилотларда мажбурий обуна ўтказмоқда. Маҳаллий ўзини бошқариш тизимлари - маҳалла қўмиталари навбат кутиб турибдилар.

Ўзбекистон Республикаси «Прокуратура тўғрисида”ги қонунидан кўчирма.

53 модда. Ўзбекистон Республикаси прокуратура маҳкамаси

Иккинчи банд - Ўзбекистон Республикаси прокуратура тизими доимий ва махсус адабиётларни чоп этиш ҳуқуқига эга.

Вилоят прокуратураси бошқа ҳуқуқ-тартибот тизимлари билан ҳамкорликда “Диёнат” газетасини чоп этаётган бўлса-ю, унинг тарқатилиши муаммо туғдираётган бўлса, нима қилмоқ керак? Масала осонлик билан ҳал этилади. Вилоят прокурори туман прокурорларига газета обунасига кўмаклашиш вазифасини юклайди. Барча ўзини тутиб олган катта–кичик корхоналар, фермер хўжаликлари, бюжет корхоналари прокурор томонидан босимга олинади. Барча даражадаги раҳбарлар прокуратурага чақирилади ва нашрнинг маълум нусхасига обуна бўлишга мажбур қилинадилар.

“Дёнат” ва “Ҳуқуқ оламида” бирлашган таҳририяти ходимлари Наманган вилоятида энг кўп иш ҳақи олувчи журналистлардир. Энди улар икки ҳафтада бир марта туманларга чиқиб, прокурорлар билан биргаликда мажбурий-ихтиёрий обуна қилиш ишларини олиб бормоқдалар.

Бугунги кунда Наманган шаҳар прокурори бир ярим минг обуначи топиб, ўз ҳамкасблари орасида олдинда бормоқда. Айниқса, касалхона ва мактабларни обуна қилишда прокуратура катта ютуқларга эришди.

Шифокорлардан бири, вилоят тез ёрдам бўлинмаси раҳбари сентябрь ойидан бошлаб уларни ҳокимият ва прокуратура газеталарига обуна бўлишга мажбур қилаётганларини айтади.

- “Диёнат” газетасининг бир йиллик обунаси шифокор ойлигининг тенг ярмини ташкил қилади, - дейди алам билан у. - Биз шифокорлар ўзимизнинг озгина маошимиз билан нима қилайлик? Беморлардан таъма қилайликми?

Наманган прокуратураси эришилган ютуқларга қарамай, бу борадаги ҳаракатини ҳали-бери тўхтатмоқчи эмас. Корхона ва ташкилотлардан сўнг маҳалла қўмиталари орқали оддий одамларни ҳам обуна қилишга ҳаракат бошланди. Маҳалла қўмитаси раҳбарларини шаҳар прокуратурасининг 20 – хонасига таклиф қилмоқдалар ва вилоят прокурори номига ариза ёзишни таклиф этаётирлар.

- Сиз ўз ихтиёрингиз билан “Диёнат” газетасига ўн нусха, “Ҳуқуқ оламида” газетасига ўн нусха обуна бўлмоқчи эканингизни ёзинг, - дейди уларга прокуратура масъул ходими.

Вилоят маҳалла қўмиталарининг ҳар йили бир нусхадан бу газеталарга обуна бўлиши энди прокуратурани қониқтирмай қўйди.

- Ҳуқуқ-тартибот тизимларининг ўзи қонунни бузаётган бўлса, биз кимга мурожаат қилайлик?, - дейди маҳалла қўмиталари раисларидан бири. - Йигирмата газетага обуна бўлиш учун уч юз минг сўмдан (тахминан 280 доллар - муҳаррир таъкиди) кўпроқ маблағ керак. Нега энди бирон бир одам бу муаммони матбуотда ёритмаяпти. Журналистлар нималар ҳақида ёзмоқдалар?

Бу маҳалла қўмитаси раисига кўра, агар прокуратура қаттиқ босим кўрсатса, унинг балоғатга етмаган фарзандлари учун пул олаётган аёлларни обунага жалб қилишдан бошқа илож қолмайди.

“Фарғона.Ру” мухбирлари бу икки газета мундарижаси билан қизиқди. Наҳотки улар шунчалик зерикарли бўлганидан мажбурий обунага муҳтож бўлсалар?

“Диёнат” А-3 бичимида чоп этилувчи газета. Асосан кучга кирган суд ҳукмлари тўғрисида мақоллар чоп этади. Бирлашган таҳририятнинг ҳар бир журналисти ҳафтасига иккита суд ҳукмини қайта ишлаб, тематик мақолалар ёзишга мажбур. Журналистлар учун бу осон иш эмас, чунки ҳукмлар бошқарув тилида ёзилган. Нашр фақат обуначиларга тарқатилади, эркин савдода уни топиш мушкул. Айни пайтда газета тиражи ўн минг нусхадан ошмайди.

“Ҳуқуқ оламида” “бульвар” газеталаридан фарқ қилмайди. Бу газетада криминал хроника асосий ўринни эгаллайди.

Айни пайтда Наманган вилоятида қирқдан ортиқ газета нашр этилади. Нашрларнинг асосий қисми - кўнгилочар матбуотдир. Рақобатга дош беролмай синган ёки рақобатчиларга сотиб юборилган газеталар ҳам бор. Яқиндагина «Ҳайрат” ва “Бегойим” газеталарининг хўжайинлари ўзгарди. Бир вақтлар машҳур бўлган “Таржимон” газетаси кўп йиллардан бери нашр этилмаяпти. “Ал-машриқ», “Турон”, “Суҳбатдош” газеталари нашр этилмай қўйилди.

Навбатда яна бошқа газеталар турибди. Чунки, Ўзбекистонда ноширлик харажатлари кундан-кунга ўсиб бормоқда. Қора бозорда доллар нархининг кўтарилиши, қоғоз ва хусусан, газеталарнинг қимматлашига сабаб бўлди. Бугунги кунда газетхон бир газета учун 20-50 фоиз кўп пул тўламоқда.