04:27 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳамма панага ўтиб кетсинми? Мигрантлар учун патентларнинг қимматлашуви нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида

03.12.2018 09:24 msk

Екатерина Ивашченко

Sreda-migrant.ru сайти фотоси

Чет элликлар учун патент тизими 2015 йилда жорий этилган. Патент нархи турли шаҳарларда турлича, мисол учун, Москвада – 4000 рублни ташкил этган. 2016 йилда нарх 5 фоизга – 4200 рублгача, 2018 йилда эса 7 фоизга кўтарилиб, 4500 рублга етди.

Патент – жуда ҳам керакли нарса. Уни олмаган меҳнат мигранти 7000 рублгача жаримага тортилиши, мамлакатдан ҳайдаб чиқарилиши ва уч йилдан ўн йилгача бўлган муддат давомида Россияга киритилмаслиги мумкин. Патентсиз ишчини олган иш берувчи жаримага тортилиши билан бирга, корхонаси 90 кунгача тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Москва шаҳар думаси 21 ноябрь куни Москва шаҳри учун патент нархини кўтариш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. 2019 йилдан бошлаб унинг нархи 500 рублга кўтарилади (11%) ва 5000 рублни ($75 атрофида) ташкил этади.

Москва мэри Сергей Собянин 22 ноябрь куни билдиришича, қонунга риоя қилувчи меҳнат мигрантларидан шаҳар бюджетига тушадиган даромад йил охиригача 16 мрд рублдан ($241 млн) ошиб кетади.

- Мигрантлар патент учун бу каби юқори нархларни тўлаб, Москвада ишлаётган россияликларга нисбатан адолатли ҳолатга тушиб қоладилар. Негаки, улар олдин умуман ҳеч қанча тўламасдилар ва албатта уларни ёллаш арзонга тушарди, бироқ бугунги кунда вазият ўзгарди, - дея билдирди шаҳар ҳокими.

- 2019 йил 1 январдан бошлаб Москва вилоятида ишламоқчи бўлган меҳнат мигрантлари учун патент 450 рублга ошади. Шундай қилиб, 2018 йилда 4300 рублга ($64,6) тенг бўлган подмосковье патенти 4750 рублга ($71,5) етади.

Москва вилояти думасининг бюджет, молиявий ва солиқ сиёсати масалалари бўйича қўмита раиси Тарас Ефимовнинг билдиришича, бу чора вилоят бюджетига қўшимча бир миллиард рублгача олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, 2018 йилда Москва вилояти патентлардан олти миллиард даромад олганди.

Санкт-Петербургда патент нархини 3500 рублдан 3800 рублгача кўтаришга қарор қилинди. Шаҳар расмийлари қайд этишича, бу иш чет эллик фуқароларнинг кўпроқ пул ишлай бошлаганлари учун амалга оширилган.


Патент муддатини узайтириш учун ҳужжатларнинг тўлдирилиши. Fmskam.ru сайти фотоси

Иш ҳақи ошмаяпти

Мигрантлар учун иш ўринлари ва буюртмаларни қидириш бўйича Migranto.ru порталининг раҳбари Светлана Саламова Содир бўлаётган ишлар тўғрисида ўз фикрини изҳор этди. У мигрантларнинг даромадлари ошгани тўғрисидаги гапларга ишонмаслигини билдирди.

- Патент асосида ишлаётган чет эллик фуқароларнинг ойлик иш ҳақи 29-35 минг рубль чегарасидан ошмай турибди. Балки Москва расмийлари 168 минг рублгача иш ҳақи оладиган олий тоифадаги мутахассисларни назарда тутаётгандир? – дея киноя қилади Саламова.

У тақдим этган маълумотларга кўра, иш ҳақи фақат Қирғизистон фуқароларида ўсган – мамлакат Евросиё иқтисодий иттифоқига кирганидан сўнг иш берувчилар уларга 40-45 рубль ойлик иш ҳақи таклиф эта бошладилар.

- Бироқ улар патентсиз ишлаяптилар (Қирғизистон фуқаролари Евросиё иттифоқи аъзолари сифатида патентсиз, фақат меҳнат шартномаси асосида ишлаш ҳуқуқига эга). Бундан ташқари, кўпчилик қирғизистонликлар 19-20 минг рубль иш ҳақига розилар. Бир жойда кичик ҳажмдаги ишларни бажара туриб, улар бир вақтнинг ўзида бир нечта жойларда ишлайдилар ва пировардида катта пул ишлаб оладилар.

Светлана Саламова иш берувчилар янги йилдан бошлаб ойлик иш ҳақларини индексация қилишлари кераклигини ҳисобга олиб патент нархи оширилаётган бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Эҳтимол расмийлар Москва меҳнат бозорида иш ҳақининг индексациясини ҳисобга олиб патент нархини оширмоқчи бўлишяпти.


Пойтахт миграция маркази. Mos.ru сайти фотоси

Бу янгилик борасида меҳнат мигрантларининг ўзлари нима деб ўйлайдилар?

Хўжандлик Муҳаммад:

“2015 йилдан бери патент нархи учинчи марта ошяпти, менинг ойлик иш ҳақим эса бирор марта ҳам ошгани йўқ. Шундоқ ҳам харажатларимиз оз эмас: патент – 4500, регистрацияга пул тўлаймиз, 6000 турар-жой ижараси, 5000 – озиқ-овқатга, 2000 – йўлкира. Бундан ташқари мен баъзида кийим-бош сотиб оламан, дори-дармон, яна телефон бузилиб қолиши мумкин, шунақанги кўзда тутилмаган сарфлар ҳам бор. 35 минг рубллик ойлигимдан аттиги 10 минг қоляпти. Ўз-ўзидан, патент нархининг 500 рублга кўтарилиши менинг бир йиллик даромадимдан 6000 рублни камайтиради. Бу пулларга Тожикистондаги битта оила бир ой тирикчилик қилиши мумкин. Демак, менинг қариндошларим йилда бир ой пул жўнатмасиз қоладиган бўлди”.

Бўзранг ҳудудга суриб чиқаришмоқда

Сергей Собянин 2017 йил июнида Москвада ноқонуний миграция муаммоси асосан ҳал этилганини ва пойтахт аҳолиси учун хавотир манбаси бўлмай қолганини билдирди. Мигрантларнинг аксарияти қонун бўйича ишлаяптилар ва солиқларни ўз вақтида тўлаяптилар.

Экспертлар патент нарзларининг оширилиши солиқ тўлашдан бўйин товлайдиган мигрантлар сонини кўпайтиришга олиб келади дея ишончлари комил.

- Фоиз ҳисобида патент нархи 11% га кўтарилди. Бир йилда қўшимча 6000 рубль унчалик каттага ўхшамаяпти. Бироқ бу пулларни меҳнат мигранти оиласидан йироқда, оғир меҳнат ва машаққатлар ва пешона тери ила топади. Патент учун бир йилда жами 60 минг рубль ёки 900 доллар тўлашга тўғри келади, бу жуда катта пул. Демак, мигрантларнинг бир қисми яширин ҳолатга ўтиб ишлашга қарор қилиши мумкин. Оқибатда Москва ўз бюджетига қўшимча даромад олиши даргумон бўлиб қолади, бироқ миграцияни бўзранг ҳудудга суриб чиқариш сиёсатини қўллайди ва барча ижтимоий оқибатларга масъул бўлиб қолади, - дейди профессор Сергей Абашин.

Самарқандлик: Муҳаммад

“Депутатлар бизнинг иш ҳақимиз ошиб-тошиб кетгани тўғрисидаги иддаоларидан ҳайрон қолдим. Ҳар бир мигрант патент қилиш учун 12 мингга яқин тўлайди. Кейин ҳар ой патентнинг ўзи, регистрация, турар-жой учун тўлайди, озиқ-овқат сотиб олади ва ҳатто полицияга пора беришга мажбур бўлади. Ҳар қадамда пул тўлаб юрамиз. Уйга нима жўнатамиз энди?”

Migrant порталининг юристи ва эгаси Ботиржон Шермуҳаммад ҳам иш ҳақини ошгани тўғрисидаги гапларда ҳайрон.

- Эълонларни кўринг, патентлар бўйича ишлайдиган мигрантларнинг иш ҳақи 25 мингдан 35 минггача эканлигини кўрасиз. Биз меҳнат бозорининг мониторингини ўтказиб борамиз, бироқ ҳеч ким ҳатто 40 минг рубль маош таклиф этмаяпти. Аксинча, мамлакатда иқтисодий инқироз борган сари кучайиб бормоқда, инфляция қадам ташлаяпти, мигрантлар жўнатмаларига бевосита таъсир кўрсатувчи доллар курси мунтазам равишда ўсиб боряпти, - дейди юрист.

Патент нархининг яна бир бор кўтарилиши Шермуҳаммадга кўра мигрантларнинг яширин ҳолатга ўтишига олиб келади.

- Иқтисодий аҳвол яшироқ бўлаётганида ҳам майли эди, бироқ тенденция яхши эмас: дўконларда нархлар ошди, доллар қимматлади. Одамларда пул йўқ, рўйхатга олишда мураккабликлар пайдо бўлди, қонун бўйича патент пулини тўлашни ҳатто бир кунга ҳам кечиктириш тақиқланган. Мигрантнинг ойлик иш ҳақини кечиктирсалар, патентга пул тўлай олмайди, янгисини қайта расмийлаштириш учун яна 12 минг тўлашга имконият йўқ. Патент тизимининг жорий этилиши аввалига мигрантларни яширин ҳолатдан чиқарган бўлса, миграцияга оид қонунчилик талабларининг кучайтирилиши ва харажатларнинг кўтарилиши мигрантларнинг қонун доирасида қолиш имкониятини пасайишига олиб келади, гарчи улар буни истамасалар ҳам.


Қирғизистонлик меҳнат мигрантлари. Kloop.kg сайти фотоси

Тошкентлик Илҳом:

“Гарчи мен яхшигина пул топаётган бўлсам ҳам, мен учун патент нархининг бир йилда олти минг рублга кўтарилиши оғир келади. Патентсиз ҳам харажатларим етарли. Онам ва синглим билан уччовимиз квартирага 33 минг рубл ижара тўлаймиз, коммунал тўловларини ҳам қўшинг бунга. Бундан ташқари, бир йилда икки марта ўқишга 100 мингдан пул тўлашим керак. Қоринга пулни аямаймиз, киши бошига 10 минг рублдан тўғри келади. Бундан ташқари йўлкирага, кийим-кечакка, бошқа майда-чуйда нарсаларни сотиб олишга кетади. Яна инглиз тилини ўрганишга ойига 5-7 мингдан тўлайман. Илгари ойим билан ортиб қолган пулларни наматнинг тагига қўйиб турардик, бироқ сўнгги ярим йил давомида харажатлар кўпайиб кетди. Янги йилда эса патент туфайли яна олти мингга ошади. Демак, бир ойлик инглиз тили курслари учун пул тополмай қолишим мумкин”.

Мигрант учун 500 рубль нима деган гап? Бу – бир ойлик уяли алоқа пули, - дейди ҳуқуқ ҳимоячи Каримжон Ёров. – Бу бир ҳафталик метро ёки бўлмаса бу пулга икки марта тушлик қилиш мумкин. Болали оилалар учун бу ёзув-чизув қуроллари ёки мактабдаги тушликлар учун тўланадиган пул. Бир оғиз гап билан айтганда, 500 рубль оз эмас.

Ёров патент нархининг кўтарилиши мигрантларда унга тўланадиган пулларни тежаш истагига олиб келишига ва оқибатда шаҳар бюджетига тушумлар миқдорининг камайишига ишончи комил.

- Мигрантлар патентсиз ишлашни ҳамда ҳар уч ойда чегарадан кесиб ўтишни афзал кўриб қолишлари мумкин. Бугунги кунда чегарагача борди-келдига (чиқиш-кириш) барча харажатлари билан 8 минг рублга тушади. Уч ойлик патент нархи – 13.5 минг рубль. Яъни, 5.5 минг рублбтежалмоқда. Бир йилда 22 минг рубль ва плюс – патентни дастлабки расмийлаштиришга 12 минг. Жами – 34 минг рубль. Бу пулга самолетда Ўзбекистонга бориб келса бўлади. Демак, мигрантларнинг яширин равишда ишлаши чўнтакка фойдалироқ. Расмийларнинг ўзлари мигрантларни яширин ҳолатга ўтишга мажбурлашмоқда. Айниқса ҳозир – миграция рўйхати тўғрисидаги қонун кучайтирилган пайтда. Патент оласанми-олмайсанми, барибир, агар рўйхатдан ўтган жойда яшамасанг, мамлакатдан ҳайдаб чиқаришади. Шунинг учун ҳам мигрант миграциявий рўйхатга олиш тўғрисидаги меъёр бекор қилинганидан сўнг яширин ҳолатдан чиқиши мумкин, - дея хулоса қилади Каримжон Ёров.

Екатерина Иващенко

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги