06:12 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Беҳуда оворагарчиликлар, давлат манфаатлари. Мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларини Самарқанд форумига чақиришмади

26.11.2018 17:46 msk

Азиз Якубов

Юрий Корсунцев фотоси, Халқаро пресс-клуб

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга борганида Самарқандда Инсон ҳуқуқларининг Осиё форумини ўтказишни таклиф қилганди. Республикада Марказий Осиё мамлакатларининг аксариятида каби ҳокимият вертикали шундай ўрнатилганки, унда давлат раҳбарининг ташаббуслари албатта ҳаётга татбиқ этилиши лозим.

Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг қабул қилинганига 70 йил тўлишига бағишланган минтақавий форум 22-23 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтди. Тадбирнинг икки кунлик дастурида йирик халқаро ташкилотлар вакилларининг, экспертларнинг ва ҳуқуқ ҳимоячиларнинг маърузалари иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Конференция арафасида ҳукуматга қарашли “Халқ сўзи” газетаси Ўзбекистон Ресбуликаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори Акмал Саидов билан интервьюсини чоп этди. Унда омбудсмен ушбу тадбир ҳақида батафсил ва мазмунли ҳикоя қилиб берди.

Бир нечта рақамларни мисол келтирамиз. Хуллас, форумда 120 та иштирокчининг ҳамда 40 та халқаро ва минтақавий ташкилотлар, 19 та хорижий, тўртта хорижий мамлакатлар парламентлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича 26 та миллий институтнинг вакиллари иштирок этиши кутилганди. Умуман олганда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мутахассисларнинг сони жуда кўп бўлди.


Форум иштирокчилари. Юрий Корсунцев фотоси, Халқаро пресс-клуб

Бироқ форумнинг расмий сайтида чоп этилган форум иштирокчиларининг рўйхатини кўздан кечира туриб биз унда бирорта ҳам мустақил ҳуқуқ ҳимоячининг номини учратмадик. Human Rights Watch блогида 21 ноябрь куни қисқа хабар пайдо бўлди, унда маълум қилинишича, “баъзи маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларга тадбирда қатнашишга рухсат берилмаган”. Бироқ хабарда гап ким ҳақида кетаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Афтидан, тадбирни ёритувчи журналистлар ҳам худди шундай танланганга ўхшайди. Номақбуллар рўйхатга киритилмадилар. Мисол учун, сўнгги нафасда самарқандлик блогер Тошўпўлат Раҳматуллаевнинг номини рўйхатдан олиб ташладилар. “Кеча (21 ноябрда) форум ташкилотчилари ўзларининг сўнгги мажлисига таклиф этишганида, мен Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумига таклиф этилган журналистлар рўйхатида бор эдим ва бугун расмийлар янги рўйхатни тақдим этишган, мен бу рўйхатда ўзимнинг номимни топа олмадим. Бу мамлакатимизда аслида нималар содир бўлаётганинг ёрқин намунаси бўлиб қолмоқда. Бу ҳақиқат сўзлари олдида қўрқувнинг нишонасидир”, - деб ёзади журналист ижтимоий тармоқларда.

Посткаримов Ўзбекистони гўёки бутунлай бошқа бўлиб бораётганга ўхшайди. Очиқлик пайдо бўлди, расмийлар халқ билан мулоқотга кириша бошладилар, ошкоралик унсурлари сезила бошлади. Мисол учун, Халқаро меҳнат ташкилотига илк бор пахта терим кампанияси даврида мажбурий меҳнат борасида қилинган шикоятлар базасига йўл очиб берилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларга нафақат пахта терим жараёнини мониторинг қилишга рухсат берди, балки фаолларни далаларга ҳам таклиф қилди. Ҳолбуки, бир-икки йил олдин милиция кузатувчиларни далаларда тутиб, ҳайдаши, пахта теримчилари билан интервью қилганларнинг панжара ортига ташланиши мумкин эди. Пахта далаларига таклиф қилинган ҳуқуқ ҳимоячилар айнан “профессионал масалалар” муҳокама қилинаётган форумга чақирилмади. Балки унутишгандир?


Форум президиуми. Asianforum.uz сайти фотоси

Экспертлар нима дейишяпти?

Ўзбекистондагилар мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишларининг олдини олиш сиёсати, сўз эркинлиги, диний ташкилотлар ва бошқа эркинликлар эълон қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмас экан, хорижий инвестицияларнинг кириб келишини кутмаса ҳам бўлишини яхши тушунадилар.

АҚШ, Европа мамлакатлари учун бу каби жиҳатлар биринчи даражадаги аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам “инсон ҳуқуқлари”нинг пиар қилиниши куннинг асосий трендига айланди.

Бу ҳақда Австрия ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари Карин Кнайсл ва Абдулазиз Комиловнинг матбуот анжуманида сўз юритилди. Кнайсл хоним қайд этишича, сўнгги икки йил ичида республикада инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазият яхшиланган. “Биз тутқунлар рўйхатига киритилган ҳамда Европа Иттифоқини ташвишга солиб келган аксарият маҳкумларнинг озод этилганини кўриб турибмиз. Мен номи ушбу рўйхатда қолаётган яна битта одамни биламан. Бунақанги рўйхатлар бундан буёғига керакмас бўлганида ҳамда озод этилган шахслар бутунлай оқланганида, жуда фойдали бўларди. Бироқ биз кузатиб турганимиз ҳаммаси тўғри йўлдан кетаётганини кўрсатмоқда”, - деб билдирди Австрия ташқи ишлар вазири. У Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати томонидан эълон қилинган “ўта амбицияли ислоҳотлар дастурини” қўллаш учун қўлидан келадиган барча ёрдамини аямайди, деб қўшиб қўйди.

Бироқ ҳамма экспертлар ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазият борасида некбин кайфиятда эмаслар. “Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари” ассоциациясинининг президенти Надежда Атаеванинг Самарқанд форуми ҳақида фикри қуйидагича: “Самарқандда ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида барча етакчи халқаро институтларнинг вакиллари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нуфузли экспертлардан иборат юздан зиёд иштирокчиларни тўплади. Сўнгги ўн йил давомида илк бор Ўзбекистонга бунчалик катта делегация келди. Ўйлашимча, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларнинг мавжуд амалиёти ва уларнинг иштирокини муҳокама қилиб олишга энг яхши баҳона бўлиб қолди бу. Бироқ Акмал Саидов Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг аҳамияти ҳақида гапириб турган бир пайтда ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Довлатовани Самарқандда рухсат берилмаган норозилик акциясида иштирок этгани учун қўлга олинди, ҳуқуқ ҳимоячи Аъзам Турғунов эса шу куни квартирасининг деразаси ва подъезд эшиги олдида айланиб қолган МФЙ вакиллари ҳамда формасиз кимсаларнинг ортиқ даражадаги эътибори боис уйидан кўчага чиқа олмай қолди.

Шу муносабат билан менда қуйидаги саволлар туғилмоқда:

1. Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячиларни қора рўйхатдан ўчиришлари ва уларга шунақанги форумларда муаммоларни очиқдан-очиқ кўтариб чиқишга имконият беришлари учун яна неча йил ўтиши керак?

2. 20 йилдан бери норасмий тарзда фаолият юритаётган ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари қачон расмий равишда рўйхатдан ўта оладилар? Уларнинг орасида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти ҳам бор, бу ташкилотнинг бирорта вакили форум минбарига яқинлаштирилмади.

3. Human Rights Watch (HRW), Freedom House, International Crisis Group каби халқаро ташкилотлар қачон Ўзбекистонда ўз фаолиятини қайта бошлайдилар?.

4. Фуқаролик жамиятининг фаоллари бўлмиш собиқ маҳбусларни оқлаш жараёни қачон бошланади?

Бизнинг шерикларимиз бўлган International Partnership for Human Rights (IPHR), Amnesty International, HRW ва бошқа бу каби ташкилотларнинг вакиллари ушбу масалаларнинг ҳаммасини кўтариб чиқадилар дея умид қиламан. ”


Форум иштирокчилари. Asianforum.uz сайти фотоси

Норвегия Ҳелсинки қўмитасининг Марказий Осиёдаги вакили Ивар Дале воқеага ўз баҳосини берди: “Яқиндагина ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига бағишланган халқаро конференциянинг ўтказилишини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Шу муносабат билан биз Самарқанд форумини ижобий воқеа деб ҳисоблаймиз. Албатта, инсон ҳуқуқлари нафақат конференция залларида муҳокама қилинадиган мавзулигича қолмай, амалда ҳам оширилиши лозим. Буз буни тўғри йўналишга қараб қўйилган яна бир қадам бўлиб қолишига ҳамда республикада ўтказилаётган ислоҳотлар ҳам амалий натижага эга бўлишига умид қиламиз”, - деди эксперт.

Сув остидаги муз

Умуман олганда, Ўбекистондаги ижтимоий ҳаётнинг кўплаб жиҳатларини айсберг билан таққослаш мумкин. Сув устида қуёшда ялтираб турган муз қояси кўтарилган, унга фотосуратчилар ва телеоператорларнинг объективлари қаратилган, маҳаллий газеталарнинг биринчи саҳифаларида эса амалдорларнинг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари. Бироқ “сув остида” яширинган нарсаларни “юзаки кузативчилар” кўрмасликка ҳаракат қиладилар ва бу массив ҳақида индамасликни афзал биладилар.

Бир томондан, республикада ҳаммаёққа жар солинган форум ўтказишмоқда, “инсон ҳуқуқлари ҳимояси”ни ижтимоий ҳаётнинг негизи сифатида реклама қилинмоқда, турмалардан диний намояндалар ва ҳуқуқ ҳимоячилар озодликка чиқарилмоқда, олдинги расмийлар томонидан таъқиб этилган тадбиркорларни чет эллардан ватанга қайтишга чақиришмоқда (бироқ уларнинг кўпчилиги аэропортнинг ўзидаёқ қўлига кишан солиниб қамалаётгани ҳам рост).

Бошқа томондан – фермерлар ва шифокорларни ватанга ва президентга содиқлиги тўғрисида қасам ичдиришмоқда, ўқитувчиларни кўча супуришга жалб қилишмоқда, қовун тушириб қўйган қуйи поғонадаги амалдорларни ариқдаги совуқ сувга тизза бўйи тушиб туришга ҳамда оғир кесакларни кўтариб туришга мажбурлашмоқда, қўшиқчиларга фақат соқоли туфайли саҳнага чиқишига тақиқ қўйишмоқда... “Пахта қуллиги” ҳам фақат қоғозда бекор қилинган, ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотлари ва давлат органларига берилган шикоятлар сонига қарасак, мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳоллари ҳамон оммавий характерга эгалиги кўринмоқда.

Самарқанддаги форум алоҳида олинган Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазиятни қандайдир йўл билан ўзгартира оладими? Ёки расмийларнинг эътиборини шу соҳага қарата оладими? Жавоб аниқ ва битта - йўқ.

Умуман олганда, ушбу тадбир аввали бошидан “қуруқ гап” мақомига га бўлган ҳамда республикага ҳуқуқий давлат обрўсини олиб беришга қаратилганди. “Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг асосий мақсади бугунги кунда Барқарор ривожлантириш мақсадларининг 2030 йилгача Дастур вазифаларига эришишда Осиё минтақасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, инсонийлик мезони соҳасидаги ЕХҲТ мажбуриятлари ва уларнинг замонавий Осиё минтақасидаги аҳамиятининг мослигига яна бир бор ишонч ҳосил қилишдан иборатдир”, - дея иқтибос келтирамиз форумнинг расмий сайтидан. Кўриб турганингиздек, ҳеч ким ҳатто муайан тавсияларни ҳам ваъда қилгани йўқ, бироқ ҳамма жўровозда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ваъда бердилар.

Айтгандек, форум ўтказилаётган пайтда “инсон ҳуқуқлари” иборасидан фойдаланиш рекорд даражага етган бўлиши керак. Бу ибора форум иштирокчилари, журналистлар оғзидан тушмади, Ижтимоий тармоқларда ҳам шу ибора, Тошкент ва Самарқанддаги билбордларда ҳам шу ибора кўзга ташланаверди. Бироқ ҳар қанча “ҳолва-ҳолва” деганимиз билан оғиз чучимаслигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Азиз Якубов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги