06:09 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Реваншист раққоснинг амбициялари. Бухоро бозорида Жириновскийни рақсга тушишга нима мажбур қилгани ҳақида

12.11.2018 11:18 msk

Дмитрий Аляев

Владимир Жириновский Бухородаги бозорда. ЛДПР матбуот хизмати фотоси

Яқиндагина Либерал-демкоратлар партиясининг лидери ҳамда Россия Федерацияси Давлат Думаси раисининг ўринбосари Владимир Жириновскийнинг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтди. Қизиғи шундаки, ушбу ташриф натижалари бўйича бирорта расмий ахборот ёки маълумотлар чоп этилмади. Ижтимоий тармоқлардаги шарҳлар ҳам кутилгандан фарқли ўлароқ унчалик кўп бўлмади, уларнинг асосий қисми Жириновскийнинг Бухоро бозори ичидаги севинчдан ҳаяжонга тушган оламон ичидаги рақсга оид бўлди, холос.

Интернетда анчагина шов-шувга сабаб бўлган бу рақсни ЛДПР лидери Бухоро бозорида уни кутиб олган ансабль билан бирга ижро этди.

ЛДПР расмий сайти Владимир Вольфовичнинг навбатдаги бенефис-рақси бўлиб ўтган бозорни тарих лавҳаларига киритди: “Владимир Жириновский... Бухоро шаҳар бозорида сайр қилиб, шарқ бозорининг ранг—баранглигига баҳо бериб... сотувчилар билан суҳбатлашди, уларда савдо қандай кетаётгани ва касби-корлари нечоғлиқ даромадли экани борасида савол-жавоб қилди. Шунингдек, маҳаллий аҳолининг кўп сонли илтимосига кўра бир неча бор селфи суратига тушди”.

Жангавор рақс амалда

Бухоро аэропортида делегацияни Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ва Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кутиб олдилар. Бундан ташқари, Жириновский билан учрашгани Бухорога Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг раиси Нурдинжон Исмоилов етиб келди. Гарчи кутиб олувчилар орасида президент Мирзиёев йўқ бўлганига қарамай, тўпланганларнинг нуфузи етарли даражада баланд эди. Бундан Жириновскийни Ўзбекистонда кутишган эканда, деган хулосага келиш мумкин.

Содир бўлган ушбу биргина ҳодисанинг ўзи республикадаги вазият сўнгги йилларда нақадар ўзгарганини яққол кўрсатмоқда. Мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳаётлиги чоғида бунақанги ташриф об-ҳаво қанақа бўлишига қарамай ҳеч қанақасига амалга ошиши мумкин эмасди.


Владимир Жириновский Бухородаги бозорда. ЛДПР матбуот хизмати фотоси

Бу Каримовнинг принципиалликнинг устуни бўлган деган гапни англатмайди. Аксинча, у жуда ҳам эгилувчан ва ҳатто халқаро муносабатларда баъзи ҳолатларда мутлақо ўзининг манфаатини кўзлаган тутуриқсиз, бетайин сиёсатчидек тутарди ўзини. Бироқ шунга қарамай, у ким билан муомалар қилаётганини жуда яхши тушунар ва ҳар доим ўзини бошқа сиёсатчиларга таққосларди. Россия тўғрисида у кўп ҳолларда масхаромуз фикр билдирарди, мисол учун, унинг гербини “қандайдир икки бошли қўрқинчли қуш” дея камситарди. Шу билан бирга у президент Путинни ўзининг тенги деб тан олар, Медведевни эса тан олмасди. Каримов Путиндаги қандайдир тоталитар миқёсини қадрлар, Медведев эса ўзининг эркинлик ва тутқунлик ҳақидаги гаплари билан эҳтимол унинг учун етарли даражада қатъиятли одамга ўхшамасди. Бироқ ҳатто Путин бошқаруви остида ҳам у Россиядан ва унинг интеграциявий ташаббусларидан ўзини йироқ тутар, уларда Ўзбекистон суверенитети учун таҳдид бор деб ҳисобларди.

Турли вақтларда ксенофоб, антисемит ва мигрантофоб номлари билан танилган Жириновский учун Ўзбекистон эшиклари ёпиқ эди. Тошкентдагилар уни Оқпошшо саройидаги масхарабоз деб ҳисоблашар ва унинг қилиқларидан ижирғанишарди. Бироқ Жириновский ижросидаги ҳозирги рақс оддий хореография эмас, балки кўпроқ жангавор рақс ёки аниқроқ қилиб айтганда, жангавор разведкага ўхшамоқда.

Кўп партиявийлик ва Хўжа Насриддин

Октябрнинг иккинчи ярмида Владимир Путин Ўзбекистонга ташриф қилганини кўпчилик билади. Ўшанда иқтисодиёт ва сиёсатга оид кўплаб турли ҳужжатлар имзоланган эди. Имзолаган эканлар, яхшиликка бўлсин. Бироқ ўша ташриф кетидан Тошкентга яна бир машҳур раққоса – ташқи сиёсий идоранинг Ахборот ва матбуот департаменти раҳбари Мария Захарова бошчилигадаги Россия ТИВ делегацияси етиб келди. Яна ўша мустамлакачилик давридан бери маълум кечинмалар: бозор, тижоратчилар билан селфи, ўзбекча чопонни кийиб кўришлар. Ўзи билан оловли сув билан сунъий маржон тақинчоқларни олиб келмаганига ҳам раҳмат айтгинг келади.

Бунақанги зирҳтешар десант тасодифан бўлмаса керак – бу ерда аввалдан ўйлаб режалаштирилган қатор ҳаракатларни илғаш мумкин. Аввалига Путиннинг ташрифи арафасида Москвада Каримовга ёдгорлик ҳайкалининг очилиш маросимини ўтказишди (ўта нозик дипломатик услуб, айниқса Мизиёевнинг ўтмишдошига бўлган муносабатини ҳисобга оладиган бўлсак). Қайд этиш жоизки, таъсир ўтказиш услублари ўзгармоқда: авваллари “сортирларда хўллашган” (“мочить в сортире” – Путин Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрини бомбардимон қилганида ишлатган ибора – таржимон изоҳи.) бўлса, энди ёдгорлик ҳайкалларини очишяпти. Аммо натижа тахминан бир хил чиқяпти.

Путин билан Мирзиёев ўртасида ўтган шахсий музокараларнинг тафсилотлари бизда йўқ. Бироқ Захарова-хоним ўзини қандоқ тутгани ҳамда жаноб Жириновский ўзини қандай тутаётганига қараб манзарани қисман тасаввур қилиш мумкин. Захарова атрофидаги вазият бир-мунча аён бўлса, ЛДПР асосчиси қандай сувда қандай балиқ овлаётган экан?

Бир қараганда, Жириновскийдек ашаддий мухолифатчи йўққа ўхшайди. Аммо мухолифатчи президентга Олий ҳукмдор бўлишни таклиф этганини қаерда кўргансиз? Путиннинг ушбу таклифга муносабати жуда ҳам эътиборга лойиқ. У табассум қилиб, Владимир Волфовичнинг шахсий фикри “доим ҳам Россия Федерациясининг расмий позицияси билан мос келавермайди”, дея жавоб қилди. Ажойиб ибора! Мос келади, аммо доим эмас. Путин ўйламай гапиривордими ёки ҳазиллашдими, бироқ бу тил билан калладаги фикр якдил деган ҳолатнинг айнан ўзгинасидир.


Владимир Жириновский Бухорода сайр чоғида. ЛДПР матбуот хизмати фотоси

Кремль ўзининг ҳозирча очиқ изҳор этишни истамай қўлламоқчи бўлаётган сиёсатига нисбатан пайдо бўлиши мумкин бўлган муносабатни олдиндан билмоқчи бўлса, ЛДПР лидери ёрдамида синаб кўради деган гапларга анча бўлди. Ана шунақа пайтда бизнинг раққосни ишга соладилар. Унинг обрўси шу қадар тушиб кетганки, йўқоладиган нарсанинг ўзи қолмаган. Шунинг учун ҳам истаган нарсасини гапириши, кўринишидан аҳмоқона бўлган ҳар қандай лойиҳаларни таклиф этиши мумкин. Мисол учун, Россия ҳукумати очиқ баён қилишдан ор қиладиган, лекин амалга оширишни жуда истайдиган лойиҳаларни. Бунақа лойиҳаларни амалга оширишдан аввал у манфаатдор шахслар ва давлатларнинг муносабати қандай бўлиши мумкинлигини билишни истайди.

Аслидаку, Жириновскийга ўзгача қиёфага киришнинг зарурати керак эмас бу ерда. Унинг “рус солдати этигини Ҳинд океанида ювиши керак” деган ғоясига вақт ўтиб жуғрофий нуқтаи назардан аниқликлар киритилади, холос. Мисол учун, 2014 йилда ЛДПР лидери Марказий Осиё республикаларининг келажаги борасида фикр юритиб, уларни давлат сифатида тугатишни ҳамда “Ўрта Осиё федерал округига” айлантиришни таклиф қилганди.


Владимир Жириновский Ўзбекистондаги болалар боғчасида. ЛДПР матбуот хизмати фотоси

“Ўрта Осиёда ҳеч қанақа республикалар бўлиши мумкин эмас. Ўрта Осиё федерал округи – бош шаҳри Верный! Бугун уни бегона ном билан атаяптилар. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ўйлаб чиқарилган. Ўрта Осиё федерал округи!” деганди Жириновский “Вести.uz” келтирган иқтибосда. Ўшанда Қозоғистон ва Қирғизистон Россия ташқи ишлар вазирлигига норозилик ноталарини юборгандилар. Олдинроқ эса Қирғизистон Владимир Вольфовичнинг улардан қарзлари эвазига Иссиқкўлни тортиб олиш керак деган гапидан ғазабланганди.

Ўзбекистон бунақанги лўттибозликларга эътибор қилмасди. Тожикистон ҳам Жириновскийнинг бу каби аҳмоқона баёнотлари билан Россия Федерациясининг расмий позицияси ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқ дея индамай қўя қолганди. Душанбенинг бундай босиқ позицияда қолишини бир йил олдин Жириновский Россияга тожикистонлик меҳнат мигрантларини қўймаслик таҳдиди билан чиқиб, Эмомали Раҳмонни Душанбе марказида осилиши мумкинлиги борасидаги башоратини унутмагани билан боғлаш мумкин. Эҳтимол айнан ўша фурсатдан бошлаб Тожикистон Россия бош “либерал демократининг” сиёсий ҳамлаларига қандайдир иммунитет шакллантириб олган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон ҳам Жириновскийнинг эътиборидан четда қолмади: 2016 йилда россиялик парламентарий бу юрт алоҳида мустақил давлат дея аталишга ҳақи йўқ, деб билдирганди.

“Ўзбекистон нима ўзи? Ахир уни совет ҳокимияти барпо этдику. Бу аввал амирлик бўлган. Самарқанд, мисол учун Самарқандда хон бўлган. У ерда бир неча амир бўлган. Бухор амири. Бу сизга “Хўжа Насриддин” эртаги эмас. Яъни улар одатланиб қолдилар. Амир русчасига бошлиқ дегани. Бошлиқ борми – бўлди! ... Кўриб қўйинг, совет коммунистлари нималарни қилиб қўйдилар: улар бизнинг тартиб-қоидаларимизни жорий қилдилар. Ўшанда босмачилар галалари пайдо бўлди, террор бошланди. Яъни улар Ўрта Осиёда сунъий равишда фуқаролик урушини келтириб чиқардилар... Агар биз уларда кўп партиявийликни татбиқ этадиган бўлсак – узоқ давом этмайди: ҳарбий диктатор келадида албатта ҳаммаси бундан баттар бўлади. Шарқ бу. Мана ҳозир Каримов кетдими – ўрнига Каримов-2 келади”, - деган эди сиёсатчи “Эхо Москвы” келтирган иқтибосда.

Президентни осиш фикридан қайтди

Ноябрда Бухорога келишдан олдин Жириновский Тожикистонга кириб ўтди. Айтиш жоиз, ушбу ташрифнинг мақоми ўзбекларникига қараганда юқорироқ бўлди. Душанбеда Владимир Вольфович қаердаги спикер ва мулозимлар билан эмас, балки президент Раҳмоннинг ўзи билан учрашди. Бу сафар у тожиклар лидерини Душанбенинг марказида осиш фикридан қайтди, аксинча уни “нафақат Тожикистонни қайта тиклаган, балки кучли ва ривожланган давлатга айлантирган доно ва виждонли сиёсатчи” деб атади. Шу билан бирга Жириновский Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шаънига ҳам мақтовларини аямай, уни “ғайратли ва билимдон раҳбар” деб атади. Шунингдек, Жириновский ўзбек ва тожик халқларини алоҳида мақтаб ўтди.

Барча дифирамбларга қарамай, Жириновскийнинг назарида ҳамон “Ўрта Осиё федерал округи” ярқирашда тўхтамаяпти. Афтидан реваншчи раққос бунинг учун нафақат Бухоро бозорида рақсга тушишга, балки гармошка чалиб қўшиқ куйлаб беришга ҳам тайёр. Ҳар нима қилганда ҳам Владимир Вольфовичнинг ЛДПР сайтига жойлаштирилган якуний баёноти унинг Ўрта Осиёни қайта қўлга киритиш истагидан воз кечмаётганини кўрсатмоқда.


Владимир Жириновский пичоқни кўряпти. ЛДПР матбуот хизмати фотоси

“Мен барча мамлакатларга чиқиш, ҳаммаси билан муносабат ўрнатиш мумкинлигини тушунаман. Бироқ асосий йўналиш – бу жануби-шарқ: Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон, - деди шу муносабат билан Жириновский. – Истиқболда умумий: иқтисодий, ҳуқуқий майдонни барпо этишга, бир-бирларининг ҳужжатларини тан олишга уриниш керак бўлади. Пировардида, қандайдир умумий давлат шаклини ишлаб чиқариш зарур бўлади. Балки Белоруссия билан каби иттифоқчи давлат тузиш керакдир.

Бироқ Кремлдан шу чоққача ЛДПР етакчисининг ташрифи ва баёнотларига оид бирорта шарҳ янграгани йўқ. Ўрта Осиёни Россия бағрига қайтариш орзуси биргина ЛДПР раисига тааллуқлими? Балки Россия раҳбарияти бу йўналишда нима қилиш кераклиги учун яна бир бор синалган услубини қўллаётгандир?

Эҳтимол биз адашаётган бўлишимиз мумкин. Шубҳасиз, Россиянинг олий раҳбарияти бепоён ерларига яна қўшимча юртларни қўшиб олиш нияти йўқ деб ўйлаймиз. Керагидан ортиқку, яна қанча керак? Агар чиндан ҳам шунақа бўлса, биз хулосаларимизнинг хатолигини тан олишга тайёрмиз.

Дмитрий Аляев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги