14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳокимлардан олисда қолган боғлар. Германиялик географлар коинотдан туриб Фарғона водийси далаларида нималарни кўрганлари ҳақида

29.10.2018 11:28 msk

Артём Космарский

Йўлдошдан туриб олинган Фарғона ва унинг чети сурати. NASA фотоси

Сўнгги йиллардаги ўзгаришларга қарамай, Ўзбекистон ҳануз, шу жумладан, олимлар учун ҳам ёпиқ мамлакат бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар қандай объектив ахборот, айниқса бу маълумотлар “қуйидан” бўлса ва айниқса қишлоқ жойларидан келиб чиқаётган бўлса, жуда қимматли саналади.

Германиялик географ олимлар кутилмаган маълумотлар манбасини топиб олдилар: уч йил давомида улар йўлдош орқали Фарғона водийсидаги ҳар бир даланинг фотосуратини олдилар. Натижада, минтақада қишлоқ хўжалигининг таркиби қандайлиги тўғрисидаги саволга жавоб бериш имкониятини тақдим этувчи хариталарни қўлга киритдилар. У ерда қандай ўсимликлар экилаётгани ва у ёки бу эканлар қандай жойларни эгаллаётгани маълум бўлди. Ваниҳоят, энг асосий маълумотга аниқлик киритилди: Ўзбекистоннинг энг серҳосил ҳудудида чиндан ҳам пахта монокультурасидан воз кечдиларми?

Кристофер Конрад (ChristopherConrad), Фабиан Лёв (Fabian Löw) ва Жон Лэмерс (John P.A.Lamers) ўз хулосаларини Applied Geography журналида баён қилдилар.

Аср тўқнушуви: пахтага қарши мевали дарахтлар

Маълумки, экинлар турлилиги қишлоқ хўжалиги учун жуда ҳам фойдали – бу тупроқнинг деградациясига тўсқинлик қилади, ҳосилдорликнинг пасайишига йўл қўймайди, эрозиянинг олдини олади ва ҳатто зараркунандаларнинг кўпайишига йўл қўймайди. Айнан шунинг учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти қишлоқ хўжалик экотизимларнинг ҳаётий кучга эга бўлишини мустаҳкамлаш учун иложи борича бир йиллик ва кўп йиллик (мевали кўчатлар, бута ўсимликлари, ўтзорчилик ўсимликлари ва ғалла) етиштиришни тавсия қилади.

Орол денгизи ҳавзаси узоқ йиллар давомида пахта “диктатини” ўзлаштириб олганидан сўнг ушбу ҳудудлар ландшафтларида экинлар диверсификацияси жуда муҳим роль ўйнайди. Агрономлар ва тупроқшунослар пахта монокультурасини минтақадаги ҳосилдорлик пасайишининг асосий сабабчиси деб ҳисобламоқдалар.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигидан хавотир олган ҳолда ушбу монокультурани тарк этишга уриниб, ғўзага ажратилган майдонларни қисқартира бошлади. Ғалла импортига қарамлигини камайтириш учун мамлакат раҳбарияти кузги буғдой етиштиришни рағбатлантира бошлади. Оқибатда 2000-йиллар бошига келиб суғориладиган экин майдонларининг 70 фоизи бир-бирини алмаштирувчи пахта ва буғдой ҳукми остида қолди (Ўзбекистонда жами 4,1 млн гектар суғориладиган экин майдонлари бор).

Ваниҳоят, яқиндагина, 2016-2017 йилларда мамлакат раҳбарияти турли экинлар экилишини рағбатлантира бошлади: ҳукумат имконияти бор жойларда мевали дарахтлар экишни талаб қила бошлади (гап пахтанинг ҳосилдорлиги паст бўлган экин майдонларида мева ва сабзавотлар экилишига рухсат берилгани ҳақида кетяпти. – “Фарғона” изоҳи). Бунга Амударё ёнида дарахт экиш бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижалари сабаб бўлди: маълум бўлишича, ҳосилдорлиги ўта паст ва қурғоқчил ерларда дарахт кўчатлари иқтисодий аҳволни яхшилашга олиб келар экан. Афсуски, ҳатто давлат тонна-тонна пахта ва ғаллага буюртмадан воз кечса ҳам, Ўзбекистонда экинлар диверсификациясини ўтказиш осон бўлмайди. Сабаби оддий: сув ресурсларининг тақчиллиги, қишлоқ хўжалиги технологияларининг ривожланмагани ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорига кириш имконияти пастлиги.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ниманидир ислоҳот қилишдан олдин локал даражада нима бўлаётганини, деҳқонлар қандай экинлар етиштираётгани ва уларнинг турлилиги нималарга боғлиқ эканини тушуниб олиш зарур. Бу нарсани аниқлаб олиш учун биргина статистик маълумотлар етарли эмас – рақамлар географик турлилик ва ўсимликлар тақсимоти борасида тасаввур бера олмайди. Боз устига, маълумотлар давлат кўламидаги катта базаларга бирлаштирилганда, тез-тез хатолар содир этиб турилади. Айнан шунинг учун ҳам сунъий йўлдошлар ёрдамида масофадан туриб картографиялаш қишлоқ хўжалиги экинларини ўрганиш учун жуда фойдали восита бўлиб қолди. Бунақанги хариталар ёрдамида тадқиқотчилар далаларнинг катта-кичиклиги, етиштирилаётган экинларнинг навбатланиши, ёввойи табиатнинг биотурлилиги ва шунга ўхшаш маълумотларни оладилар.

Хариталарни ўрганимиз

Applied Geography журналида чоп этилган мақола муаллифлари Ўзбекистоннинг энг муҳим қишлоқ хўжалиги ҳудуди - Фарғона водийсининг йўлдошдан олинган фотосуратлари билан ишладилар. Водий иккита тоғ тизмалари – Тянь-Шань ва Олой ўртасида қолгани маълум. Қурғоқчил иқлим боис бу ердаги қишлоқ хўжалиги тизими мутлақо ирригацияга боғлиқ бўлиб қолган: ҳар йили 1.653 миллион гектар майдон сунъий тарзда суғорилади. Ушбу минтақада биринчи навбатда пахта, кузги буғдой, мевали дарахтлар ва шоли етиштирилади. Кунгабоқар, қовун, маккажўҳори ва сабзавотларнинг аҳамияти пастроқ. Кузги экинлар одатда сентябрда экилади, ҳосили эса июнда йиғиштириб олинади. Ёзги мавсум апрелда бошланиб, октябрь охирида тугайди.

Олимлар иккита сунъий йўлдош – американинг LandSat-5 ва германиянинг RapidEye 2010-2012 йилларда олинган суратлари бўйича маълумотларини олдилар. Улар ўз олдиларига нафақат ўсимликлар турлари ва алмашлаб экиш характерини аниқлашни, балки экинлар турлиликларининг турли паттернлари сабабларини (экологик ва ижтимоий иқтисодий) ўрганишни мақсад қилиб олдилар.

Барча очиқ маълумотларнинг оптимал қамрови учун улар майдони водийнинг ички қисмида – Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятидаги 58,755 гектар далаларни қоплаган 377,278 гектарга тенг участкани танладилар. Асосий индикатор сифатида улар ҳудуддаги навбатдаги наботот ёки ҳайвонот бошқа турга таллуқли эканлиги эҳтимолини кўрсатувчи, экологлар орасида таниқли метрика саналган симпсон турлилилик индексини (SID) танладилар. SID бир рақамига қанчалик яқин бўлса, ўсимлиликлар турлилиги шунчалик юқори бўлади. Ва бунинг акси ўлароқ SID нолга тенг бўлса, қишлоқ хўжалигида монокультура ҳукмронлигини англатади.


Экинлар харитаси (2012). Яшил — пахта, сариқ — ҳайдалиб, экин экилмай қолдирилган ер, бинафша — шоли, малларанг — буғдой, тўқ яшил — боғлар, кулранг — бошқа экинлар, кўк — сув

Ҳокимлар ёнида гулламас боғлар

Водийнинг ички туманларида пахта ва буғдой устун келади. Боғлар бутун водий бўйлаб тарқаган, бироқ Олой тоғ тизмасининг этагидаги сув билан оқиб келган чўкиндилар қатламида ҳамда водийнинг шарқий қисмидаги тоғолди ҳудудларида кўпроқ.

Шолипоялар шимолий-шарқдан жанубий-ғарбга қараб оқаётган асосий каналлар ёқалаб ҳамда Наманган вилоятининг жанубида кўпроқ. Ҳайдалиб экин экилмаган далалар ва балиқчиликка ихтисослашган сув ҳовузлари асосан водийнинг марказий қисмида учрайди. Тадқиқот ўтказилган даврда пахтага қайта ишлов берилган далаларнинг 42,6%, буғдой – 34,2%, боғлар – 8,7%, ҳайдалиб, экин экилмай қолган далалар – 5,9%, шоли – 4,7%, қовун, сабзавотлар, кунгабоқар, маккажўҳори ва бошқа экинлар – 3,3%, ҳовузлар – 0,5 фоизга яқин жойни эгаллаган. Миқдорга оид барча нисбатлар уч йил давомида битта даражада қолган бўлиб, бу уларнинг барқарорлигини кўрсатмоқда.

Географлар Фарғона далаларида яна нималарни кўриб қолдилар? Энг асосийси: тупроқ ва экотизимлар учун ҳалокатли саналган ёппасига пахта экиш ҳар ҳолда ўтмишга айланди ҳамда ҳайдаладиган ерларнинг 6,3 фоизини эгаллади (шу билан бирга, ғалла – 2,51%, шоли — 0,72%). Бироқ аҳвол жуда ҳам яхши томонга ўзгариб қолгани йўқ – пахта монокультурасининг ўрнига пахта ва ғаллани алмашлаб экиш амалиёти келди. Бунда битта далада ҳар мавсумда ғалла билан пахта алмашлаб экилади (икки экин ротацияси 2010-2012 йилларда 0.28% қишлоқ хўжалик майдонларида кузатилди). Шунга қарамай, Фарғона водийсида турлилик индекси мамлакат бўйича ўрта кўрсаткичдан юқори: 0,68 га қарши 0,72-0,73. Олимларга кўра, бунинг учун кўп сонли боғларга раҳмат айтиш керак.

Ажабтовур ҳолат шундаки, сув танқис ҳудудларда, дарё ва каналлардан энг олис участкаларда экинларнинг энг кўп турлилиги кузатилмоқда сув камайган сари, пахта экишга қизиқиш камайиб бораверади ва боғлар сони кўпаяверади. Яна бир кутилмаган қонуният: йўл тармоқларининг зичлашуви ва аҳоли пунктларига яқинлашган сари қишлоқ хўжалиги экинликлари турлиликлари нисбати манфий тарафга кетиб қолмоқда. Дунё бўйича бунинг тескарисини кузатасиз: “тамаддунлар марказлари” ва транспорт тугунларига яқинлашганингиз сари турли экинларни етиштириш ва шундан сўнг уларни сотиш ва олиб чиқиш фойдалироқ. Бироқ Ўзбекистонда давлат буюртмаси ва қишлоқ хўжалигининг монокультуравий инерцияи ҳамон энг қулай участкаларда пахта ва буғдой етиштиришга мажбурламоқда. Турлилик ва танлов имконияти эса унчалик жозибали бўлмаса ҳам, “ҳукмдор назаридан” йироқроқ ерларга “қочиб қолмоқда”


Фарғона водийси SID индекси (харитадаги ҳудуд радиуси 1,5 километрга тенг участкаларга бўлинган)

Олимлар “А” деса, сиёсатчилар “Бе-е!” деяпти

Географ олимлар Ўзбекистон расмийлари ушбу хариталарга беэътибор қолмайди дея умид қилишмоқда: SID индекси паст бўлган участкаларни осонгина топиб, уларда турли ўсимлиликлар экишни режалаштириш мумкин бўлади. Ушбу ҳаракатлар далаларни суғоришга кетадиган сув ресурсларини қисқартириш имкониятини беради. Бу эса ўз навбатида сизот сувларининг пасайишига олиб келади, бу сувлар қанчалик паст бўлса, тупроқнинг шўрлашиш эҳтимоли ҳам пасаяди. Шундан сўнг биотурлилик хариталарини иқтисодий кўрсаткичлар билан “кучайтирган” ҳолда энг манфаатли қишлоқ хўжалиги экинларини аниқлаш ва улар энг кўп фойда келтириши мумкин бўлган участкаларни белгилаш мумкин бўлади.

Афсуски, ҳукумат олимларнинг маслаҳатларини қанчалик эътиборга олгани ҳозирча номаълум. Академик изланишлар майдони билан қарор қабул қилинадиган ҳудуд ўртасидаги масофа жуда катта. Боз устига, бу каби тематикага оид рисолалар камдан-кам ҳолатда пайдо бўлади – ҳозиргача Хоразм қишлоқ хўжалиги географияси ва биотурлилиги тўғрисида битта қўҳнароқ илмий изланиш борасидаги рисола борлиги маълум. Очиқ маълумотлар базасида сунъий йўлдошлар ёрдамида тўпланган маълумотларга асосланган харита ҳамда вазиятни яхшилаш бўйича кўплаб амбицияли дастурлар ҳақидаги хабарларни учратиш мумкин. Мисол учун, Жаҳон банки 2018 йилда мамлакатда боғдойчиликни ривожлантириш учун 500 млн доллар кредит ажратган. Бироқ, мазкур дастурлар реалликка нечоғлик ёрдам бериши ноаниқ.

“Илмий изланишлар – бошқа, унинг амалиётда қўлланиши эса бутунлай бошқа. Ушбу икки босқичлар орасида жуда муҳим бўлган “таржима” жараёни бор, - дейди Applied Geography чоп этган мақола муаллифдошларидан бири доктор Кристофер Конрад “Фарғона” билан суҳбат давомида. – Биз қишлоқ хўжалиги экинларининг турлилигини аниқлашнинг янги, жуда содда услубини тақдим этдик: Landsat сунъий йўлдошидан олинган ўта сифатли фотосуратлар плюс биологиядан олинган индекс. Ундан кейин эса бизнинг мақолани Ўзбекистонда илмий-текшириш институтларининг ходимлари ўқиши ҳамда ўзларидаги маълумотларни биздаги маълумолар билан таққослаши керак. Ана ўшандан кейин Тошкент Қишлоқ хўжалиги ирригация ва механизацияси инженерлари институти билан ҳамкорлик доирасида расмийларга минтақадаги қишлоқ хўжалигини яхшилаш бўйича муайан маслаҳатларни бериш имкониятли бўлади”.

Тадқиқотчи олимнинг таъкидлашича, технология мавжуд, уни қайта ихтиро қилишга ҳожат йўқ.

“Масофадан туриб картографиялаш ислоҳотларни бошлаш зарур бўлган участкаларни аниқ кўрсатиб бера олади. Ушбу технология ердан фойдаланиш тизимини қаердан бошлаб ўзгартириш зарурлигини тушунишга ёрдам беради. Давлат олдида турган мақсадлардан хабардор ҳамда илмий кашфиётларни аниқ тавсиялар сифатида баён қилишга қодир бўлган малакали олимлар гуруҳининг фаолияти расмийларга ҳам, фермерларга ҳам фойда келтириши аниқ”, - дея хулоса қилди Кристофер Конрад.

Артём Космарский, Россия Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги