07:04 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда юз берган хунрезликлардан сўнг, Ўзбекистонга қўшни Қирғизистон қочқинлар учун нисбатан хавфсиз давлатга айланган

09.12.2005 23:34 msk

Алишер Соипов

Фожеадан ярим йил ўтса-да, ҳукуматнинг таъқиб ва тазйиқларига учраган оддий фуқаролар, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳукуматга мухолиф партиялар аъзолари Ўзбекистонга энг яқин давлат – Қирғизистондан бошпаноҳ изламоқдалар.

Муҳожирликда ярим йил

26 ёшли Хайрулло ярим йилдан буён Андижонга қайтиш ёки қочқинлик мақомини олиш умидида Ўшда кун кечираётган қочқинлардан бири. У Андижонда юз берган қонли воқеалардан кейин, ўз жонини қутқариш учун айланма йўллар орқали қўшни давлатга қочиб чиққан.

– Амакимнинг ўғли “Акромия” диний оқимига мансубликда айбланиб судланаётган 23 тадбиркорнинг бири эди. “13 май куни “Президент Ислом Каримов Андижонга келади, халқнинг арз–додини эшитади” деган гапларни эшитиб, ҳамма қатори мен ҳам намойишга чиқдим. Халқ майдонга чиқиб ўз дардини айтди, аммо президент келмади. Бунинг ўрнига аскарлар одамларни ота бошладилар. Шундан кейин ҳамма қочди... – дея руҳсиз оҳангда ҳикоя қилади Хайрулло.

13 май куни Ўзбекистон ҳукумати қўшинлари Андижонда минглаб намойишчиларга қарата ўт очгач, намойишчиларнинг бир қисми Қирғизистон жанубида паноҳ топган ва 3 ойдан кейин 439 нафар қочқин БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий Комиссариати (БМТ ҚибОК) кўмагида Руминияга кўчирилган эди.

Ўшга келгач, Хайрулло Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида жойлашган “Сасиқ” жамлоғидаги қочқинларга қўшилишга ҳаракат қилган. Аммо, жамлоқ ҳарбийлар томонидан қўриқланаётгани учун уёққа бора олмаган. Кейин келган қочқинларнинг қирғиз чегарачилари томонидан Ўзбекистон ҳарбийларига топширилаётгани тўғрисидаги миш–мишлар Хайруллони йўлдан қайтарган. Жамлоқдаги қочқинлар июль ойи охирида Руминияга жўнатилгач, уч ойгача яширин ҳолатда яшашга мажбур бўлган Хайрулло август ойи бошида Ўшдаги БМТ ҚибОКга бориб бошпана излаётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган.

– Андижонда қари ота–онам, ногирон укам, хотиним, беш яшар қизчам ва уч яшар ўғлим қолган. Ҳеч қайсиси ишламайди. Қандай қилиб тирикчилик ўтказишяпти, билмайман, улардан ҳеч қандай хабар йўқ... – дейди Хайрулло хўрлиги келаётганини яширмай....

13 майдан кейин Хайруллонинг яна бир укаси қамоққа олинган, бир акаси бедарак йўқолган. Андижондаги ўзига қарашли қурилиш моллари билан савдо юритувчи ширкат ёпилгани ва моллар мусодара қилингани ҳақида Хайрулло яқинда бошқа қочқинлардан эшитган. Ярим йил аввал ишбилармонлик билан катта оилани тебратган 26 ёшли навқирон йигит бугун қўшни давлат ҳудудида қорнини боқиш учун мардикорлик қиляпти.

- БМТ ҚибОК ҳар ойда 1 минг 500 сўм қирғиз пули (тахминан 37 АҚШ доллари) беради. Шу пул ҳисобидан яшаётган уйга ижара ҳаққи тўлайман, озиқ-овқат оламан. Совуқ тушиб қолгани учун бориб кийим ҳам олдим. – дейди Хайрулло.

Омонат бошпаноҳ

Хайрулло каби ўзбекистонлик қочқинларни асосан Қирғизистон жанубидаги Ўш, Новқат, Ўзганд, Жалолобод шаҳарларида кўплаб учратиш мумкин. Шунингдек, пойтахт Бишкекда ҳам 13 майдан кейин Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган бир гуруҳ журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари БМТ ҚибОК ҳимоятида яшамоқдалар. Қочқинларнинг аксарияти эркаклар бўлиб, уларнинг ҳаммаси ҳам қонуний тарзда ҳукуматга бошпана сўраб мурожаат қилавермайдилар. Маҳаллий милиция ва Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари томонидан қўлга олиниш хавфи нафақат қонуний, балки расман рўйхатдан ўтган қочқинларни ҳам яширин ҳаёт кечиришга ундамоқда.

Шу йил июнь ойида Ўшда яшириниб юрган андижонлик Баҳодир Содиқов ва Исмонжон Йўлдошевни Ўш вилоят ИИБ ходимлари гўёки БМТ ҚибОК вакиллари билан учраштириш баҳонасида қўлга олганлар. Ҳозир уларнинг Ўзбекистон махсус хизматларига топширилгани ёки Қирғизистонда экани номаълум.

21 октябрь куни “Нолегал” амалиёти доирасида Ўш шаҳар милицияси ходимлари томонидан андижонлик 4 нафар қочқин қўлга олинган. “Адилет” ташкилоти ҳуқуқшуносининг аралашувидан сўнг қочқинлардан учтаси қўйиб юборилган. Аммо тўртинчи қочқин – БМТ ҚибОК ва Қирғизистон жанубидаги минтақавий миграция хизмати бошқармасида рўйхатдан ўтган Фаёз Тожихалилов ҳамон Ўш шаҳар милициясининг вақтинчалик изоляторида тутиб турилибди. Милиция ходимларига кўра, Андижон воқеаларида иштирок этган Фаёз Тожихалиловга нисбатан Ўзбекистонда қидирув эълон қилинган. “Адилет” ташкилоти ҳуқуқшуноси Солижон Моитовнинг айтишича, қўлга олинган қочқиннинг Ўзбекистон ҳуқуқ–тартибот идораларига топширилиш хавфи ҳозирча йўқ.

Қирғизистон ҳудудидан бошпаноҳ топган ноқонуний қочқинлар сонини ҳеч ким билмайди. Айрим ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатда минглаб қочқинлар бўлиши мумкин, дея тахмин қиладилар. Тахмин қилишдан бошқа чора йўқ, чунки, бирон бир нодавлат ёхуд халқаро ташкилот ўзбекистонлик қочқинларнинг аниқ сонини аниқлаш бўйича мониторинг ўтказган эмас.

Қирғизистон жанубидаги минтақавий миграция хизмати бошқармасининг бошлиғи Нурийла Жўлдўшева июль ойида 439 нафар қочқин Руминияга жўнатилгандан кейин Ўш, Жалолобод ва Боткент вилоятлари бўйича яна 23 киши бошпана сўраб расман мурожаат қилганини айтади. Қочқинларга бошпана излаётган шахс гувоҳномаси берилган ва маҳаллий ички ишлар бўлимида рўйхатга олинган.

– Ҳозир қочқинларнинг бошпанага нақадар муҳтож эканликларини ўрганиш жараёни бошланган. Бу жараён улар рўйхатдан ўтганларидан бошлаб, уч босқичда 6 ой давом этади. Биринчи босқич бу – қочқин билан суҳбатлашиш, иккинчи босқич – қочқиндан олинган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил, учинчи босқич – унга расман қочқин мақомини бериш ёки бермаслик бўйича қарор қабул қилиш жараёнидан иборат. – дейди Нурийла Жўлдўшева.

Аммо 439 нафар қочқин Руминияга жўнатилган июль ойидан кейин Қирғизистон жанубидаги миграция хизмати идорасида рўйхатдан ўтган биронта Ўзбекистон фуқаросига расман қочқинлик мақоми берилганича йўқ. Ўзбекистон расмийларининг талабига биноан Сузоқдаги жамлоқдан Ўш шаҳар тергов изоляторига кўчирилган, сентябрь ойи ўрталарида Буюк Британияга жўнатилган 11 нафар қочқин бундан мустасно, албатта. Айни пайтда яна 4 нафар қочқин Ўш шаҳар тергов изоляторида сақланмоқда. Ўзбекистон томони уларни ашаддий жиноятлар содир этганликда айблаётир. Тергов изоляторида қолаётган қочқинлар масаласини жамоатчилик унутгандек...

“Ажина ови”

13 майдан кўп ўтмай президент Ислом Каримов айблови асосида Андижон исёнининг “ихтиёрсиз ташкилотчиси”га айланган Қобил Парпиев шу йил ёзида ва куз фасли бошида халқаро хорижий ахборот воситаларига икки–уч марта интервью бергач, ғойиб бўлди. У “Фергана.Ру” сайти, “Америка Овози” радиосига берган илк интервьюларида Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро жамоатчиликни 13 май воқеалари юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирган эди.

Аммо Қобил Парпиев Андижон фожеаларининг айбдорлари устидан Тошкентда ўтказилган маҳкама жараёнида сукут сақлади, судланувчиларнинг кўрсатмалари ва суд ҳукми бўйича матбуотда ҳеч қандай изоҳ бермади. Унинг ҳозир қаерда экани қизиқувчан журналистлар учун ҳам, Фарғона водийси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун ҳам номаълумлигича қолмоқда. Аммо “афсонавий ташкилотчи”нинг тирик ва озодликда экани маълум.

Ўзбек ва қирғиз махсус хизматлари Қобил Парпиевни ҳамон Қирғизистон ҳудудидан қидирмоқдалар. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Қобил Парпиевни қўлга олишга ёрдам берганлар учун 10 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот ваъда қилганлар. Ўш шаҳар милицияси ходимларидан бири “Нолегал” амалиёти пайтида қўлга олинган қочқинлар билан суҳбатда Ўзбекистон махсус хизматлари қидирувдаги шахслар учун 500 АҚШ долларидан 20 минг АҚШ долларигача нақд пул ваъда қилаётганларини тан олган.

Маълумотларга кўра, ўзбек махсус хизматлари ўртасида “Қобил Парпиев Ўзбекистонга бостириб кириш учун Қирғизистонда одам тўплаяпти” қабилида ваҳима бор. Бундай ваҳима борлигини “Қабар”, “Интерфакс” каби ахборот агентликлари Ўш вилоят милициясидан олинган маълумотлар асосида Фарғона водийсида “исломий экстремистик кучлар”нинг бирлашаётганлари тўғрисида тарқатаётган хабарлар тасдиқлайди. Қирғиз милицияси ва махсус хизматлар “исломий экстремистик кучлар” деганда юқоридаги ваҳимага асосланган бўлишлари эҳтимол.

Ўш вилоят милициясидаги манбага кўра, Қирғизистон жанубида тез орада “диний экстремистларга қарши кураш” бошланиши ва барча ўзбекистонлик қочқинларнинг “элакдан ўтказилиши” кутилмоқда.

Хайрулло ва у каби бошқа қочқинларни эса, бошқа савол ўйлантирмоқда: милиция уларни Ўзбекистонга топширса ёки махсус хизматлар томонидан қўлга олинсалар нима бўлади? Шубҳасиз, қочқинлар Андижон воқеларида иштирок этганлари учун жазоланишлари муқаррар. Уларни бу жазодан на БМТ ҚибОК ва на бошқа халқаро ташкилотлар қутқара олади...