14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ассалом, Владимир Владимирович, қадрдон! Путиннинг Тошкентга давлат ташрифи қандай ўтгани ҳақида

24.10.2018 13:18 msk

Азиз Яқубов

Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда биринчи АЭС ни юргизувчи рамзий кнопкани босишмоқда. Kremlin.ru сайти фотоси

Ўзбекистон ССРнинг эски мадҳияси “Ассалом рус халқи, буюк оғамиз!” деган сўзлар билан бошланарди. Афтидан Шавкат Мирзиёев бу иборани президентлик лавозимини эгаллаши билан эслагану, Россия билан энг яқин алоқаларни ўрнатишга киришганга ўхшайди. Ҳатто Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун АҚШга келиши ҳам Кремль аралашувисиз ўтмаган. Баъзи ОАВ маълумотларига кўра, Мирзиёев Америкага россиялик миллиардер Алишер Усмоновга қарашли “Бурхон” самолётида борган. Маълумки, Усмоновнинг Путин билан алоқаси яхши, у баъзи давлат лойиҳаларини молиялаштириб келади, мисол учун, олимпия чемпионларига қимматбаҳо автомобилларни совға қилади.

18-19 октябрь кунлари ўтган ташрифга иккала мамлакат ҳам жиддий тайёргарлик кўрдилар. Вазирликлар миқёсида қатор учрашувлар ўтказилди, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Москвага бориб, ҳамкасби Дмитрий Медведев билан суҳбатлашиб қайтди.

Путиннинг Тошкентга давлат ташрифи ҳам сермазмун ўтди. Икки президент учрашувнинг асосий воқеаси – Атом электр станцияси қурилишининг бошланишига бағишланган маросим бўлди. Ваниҳоят давлат раҳбарлари тугмачани босдилар, “Росатом” корпорацияси кенг кўламли лойиҳа амалга оширишга киришди, унинг доирасида республикада нафақат АЭС қурилади, балки янги соҳа барпо этилади.

Тўдакўл кўли ёнида қурилажак станция Ўзбекистонга нафақат арзон ва экологик жиҳатдан тоза электр энергиясини ишлаб чиқариш, балки шу бугунги кунда шу мақсадда ишлатилаётган табиий газни тежаш имкониятини беради. Бундан ташқари, минтақадаги қўшни мамлакатлардан беҳожат бўлиб қолади. Ҳар ҳолда, Тўдакўл Марказий Осиёдаги биринчи АЭС бўлиши кутилмоқда.

Сен менинг ёдимда қоласан доим

Москвада ҳам олий даражадаги учрашувга яхшигина тайёргарлик кўрдилар. Путиннинг Тошкентга ташрифи арафасида Россия пойтахтининг марказида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга ёдгорлик ҳайкали ўртатдилар. Монумент на санъатшуносларга ва на москваликларга ёқди. Кўпчилик Каримовни”русофоб” ҳамда “энг қонхўр диктаторлардан бири” деб ҳисоблайдилар, шунинг учун ҳам унинг хотирасини Россияда абадийлаштиришга қарши чиқдилар. Фаоллар ва муниципал депутатлар бу масалада референдум ўтказишни режалаштиргандилар, бироқ расмийлар бу таклифни рад этишди.

Экспертлар ва томошабинлар ёдгорлик ҳайкалининг бадиий қийматини жуда паст баҳоладилар. Улар таниқли британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй ўзи учун хос бўлмаган заиф ва оригинал бўлмаган, собиқ СССРнинг кўплаб шаҳар қабристонларидаги тўқсонинчи йиллар ўғрибошларининг қабрларини безайдиган ёдгорликларга ўхшаш композицияни яратди деб ҳисобламоқдалар. Ҳуқуқ ҳимоячилар ҳайкалтарошдан бу асарни яратишга киришмасликни илтимос қилдилар, лекин мўмай даромад илинжи устун келди. Ёдгорлик учун пулни Ислом Каримов фонди тўлади, бу жамғармани собиқ президентнинг кенжа қизи, пуллари ошиб-тошиб ётган Лола Каримова-Тиллаева бошқариши кўпчиликка маълум.


Ислом Каримов ҳайкалининг очилиши. “Фарғона” фотоси

Президент Мирзиёев ўзининг россиялик ҳамкасбига қарата сўзлаган нутқида ёдгорлик ҳайкали ҳақида эслаб ўтди ва Путинга миннатдорчилигини билдирди. Россия президенти ҳам ҳам ўз навбатида монумент очилишини шарҳлаб ўтиб, Ўзбекистон собиқ раҳбарининг аҳамиятини таъкидлаб ўтди.

Айтгандек, Владимир Путин ташрифи давомида гулларни Каримов ҳайкалининг пойига эмас, балки мустақиллик ва инсонпарварлик монументига қўйди.


Инсонпарварлик монументи пойига гул қўйиш. Kremlin.ru сайти фотоси

Ҳисобли дўст айрилмас

Путиннинг Тошкентга сафарини олдиндан самарали бўлади дея қўрқмай айтса бўларди, негаки президентнинг расмий ташрифи доирасида икки мамлакат делегацияларининг бир неча учрашувлари давомида турли қўшма лойиҳаларнинг муҳокама қилиб олиниши режалаштирилганди.

Асосий тадбир – Минтақалараро ҳамкорликнинг Биринчи форуми бўлиб қолди – унда умумий қиймати $27,1 млрдга тенг 785 та битим тузилди. Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги аниқлик киритишича, қиймати $1,76 млрдга тенг 600 та шартнома савдо-иқтисодий ҳамкорликка тааллуқли, қиймати $25,3 млрдга тенг 185 та ҳужжат - инвестициявий шерикликка.

Таққослаш учун қайд этамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида амалга оширилган АҚШга давлат ташрифи якуни бўйича томонлар қиймати $4,8 млрдга тенг шартномалар туздилар.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги баъзи лойиҳаларни алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. “Росатом” Тўдакўлда атом электр станциясини қураётган пайтда аҳолини электр энергияси билан таъминлаш кўпи янгиланишга муҳтож бўлган гидроэлектр станциялари ва иссиқлик электр станцияларининг ҳисобига амалга оширилади. Шу ерда олигарх Алексей Мордашовга қарашли “Севергрупп” компанияси таркибига кирувчи “Силовые машины” концерни ҳаракат қилиб қолди. “Силмаш” Сирдарё ИЭС энергия блокларини замонавийлаштириш ишларини амалга ошириб берадиган бўлди. Лойиҳанинг умумий қиймати $187,34 млн. Бундан ташқари, мазкур саноат гиганти Фарҳод ГЭСининг модернизацияси билан шуғулланадиган бўлди. Ушбу лойиҳанинг техник иқтисодий асосланиши 58,27 млн еврога баҳоланмоқда. Иккала лойиҳани молиялаштириш Россиянинг “Внешэкономбанк” кредитлари эвазига амалга оширилади.

Энергетика соҳасида яна битта – “РусГидро” ва “Ўзбекгидроэнерго” давлат компанияси ўртасида муҳим битим тузилди. Шартномага биноан Ўзбекистон ҳудудида қуввати 240 МВт бўлган Муллалак ГЭС ҳамда қуввати 200 МВт бўлган Юқорипскем ГЭС қурилишининг техник-иқтисодий асосланиши ишлаб чиқарилади. Ҳужжатлар 2019 йилнинг биринчи чорагида тайёр бўлиши кутилмоқда. Бир оғиз сўз билан гапирадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги келажаги кўп жиҳатдан Россияга қарам бўлиб қолади.

Йирик саноатчилардан ташқари икки мамлакатнинг вилоятлардаги корхоналари ҳам фаоллик кўрсатдилар, улар форум доирасида умумий қиймати 2 млрд доллардан зиёд шартномаларни имзоладилар.

Икки мамлакат президентлари ҳам Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий шерикчилик ҳақида гапирдилар. Йил бошидан бери ўзаро товар айланмаси 30 фоизга ўсгани ва у йил якуни бўйича 6 млрд долларни ташкил этиши қайд этилди. Яқин йиллар ичида бу кўрсаткични 10 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилган. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2018 йилнинг учта чораги давомида республика билан Россия ўртасидаги савдо ҳажми 4.17 млрд долларга тенг бўлган. Бу ерда Россия фақат Хитойдан ортда қолди ($4,43 млрд).

Путин инвестиция соҳасида ҳам фаол ҳамкорлик давом этаётганини таъкидлаб ўтди. “Ўзбекистон иқтисодиётига Россиянинг тўпланган инвестициялари ҳажми 9 млрд долларга яқинлашди. Мен буни ишнинг бошланиши деб ҳисоблайман”, - деди президент. У Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги мингдан зиёд корхонаар рўйхатга олинганини қўшиб қўйди. “ЛУКОЙЛ”, “Газпром”, “Вымпелком» (Beeline савдо белгиси), “КамАЗ”, “Россельмаш”, “Ростех” каби йирик ширкатлар ўзбекистонлик шериклар билан ишлаяпти.

Тил топишиб олдилар

Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Тошкентда “Янги иқтисод учун янги кадрлар” дея аталувчи форум бўлиб ўтди, унда Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларининг 80 та раҳбари иштирок этди. Тадбир давомида 100 дан зиёд ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди. Таълим соҳасида шериклик мавзуси Мирзиёев томонидан кўтарилди: “Россия олий таълим муассасаларида МДҲ мамлакатлари орасида чет эллик талабалар сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринлардан бирида эканлигини қайд этиб ўтмоқчиман”, деди у ҳамда Ўзбекистонда бу йил Москва Пўлат ва қоришмалар институтининг филиали очилганини, шунингдек, Москва Давлат Халқаро муносабатлар институти, МИФИ, Бутунроссия давлат кинематография институти, Москва энергетика институти, Россия Кимё-технология институтларининг филиаллари очилишини эслатиб ўтди.

Путин таълимнинг бошқа жиҳатига тўхталиб ўтди. У Ўзбекистонда рус тилига кўрсатилаётган кўмак ва эътибор учун миннатдорчилик билдириб, ўзбекистонликларнинг 70 фоизи рус тилида эркин сўзлаша олишини ва Россия бу йўналишда Ўзбекистонга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтиб ўтди.


Россия президентининг Тошкентда кутиб олиш бўйича расмий маросим. Kremlin.ru сайти фотоси

Қўшимчасига Мирзиёев Россия билан боғлиқ яна иккита маданий-маърифий лойиҳани анонс қилиб ўтди. Биринчидан, 2020 йилда Ўзбекистон Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб кутиб олмоқчи. Шу муносабат билан Тошкентда “Ғалаба” истироҳат боғи мажмуаси барпо этилади. Иккинчидан, Ўзбек тилида 100 жилдлик “Рус классикасининг дурдона асарлари” тўплами нашр этилади.

“Анъанавий ўзаро ишонч руҳида”

Путин ва Мирзиёев кенг доирадаги масалаларни муҳокама қилиб олдилар. Айни ҳолатда бу журналистларга хос қуруқ расмий гап эмас, президентлар чиндан ҳам кўплаб мавзуларни, шу жумладан, ҳарбий-саноат комплекси, Афғонистондаги вазият ва ҳатто коинот соҳасидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиб олдилар. Ташриф давомида 13 та ҳужжат имзоланди, уларнинг орасида иқтисодий ҳамкорлик режаси, “Суффа” обсерваторияси базасида илмий-тадқиқот ташкилотини тузиш бўйича “йўл харитаси”, тўқимачилик саноатида, нефть ва газ секторида, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида битимлар бор.

Биргина меҳнат мигрантлари муаммоси четда қолиб кетди, ҳолбуки норасмий маълумотларга кўра, Россиядаги ўзбекистонликларнинг сони уч ярим миллиондан ошиб кетган.

Олий даражадаги мулоқот қанақа ўтганини Ўзбекистон президентининг сайтида қолдирилган хабарга қўйилган шўролар матбуотига хос сарлавҳа айтиб бериши мумкин: “Музокаралар анъанавий тарзда ўзаро ишонч, очиқлик ва конструктив руҳида ўтди”. Айтгандек, Ўзбекистон ССР мадҳиясининг иккинчи сатрида қуйидаги сўзлар битилган: “Барҳаёт доҳиймиз Ленин, жонажон!” Ленин фамилиясини Путинга алмаштирса бўлди, ўзбек-россия муносабатларини қисман характерлайдиган жумла ҳосил бўлади.

Азиз Яқубов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги