14:54 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москва илтифотидан қўрқавер. Ўзбекистон пахта хўжалигида нега болалар меҳнати устун келгани ҳақида

22.10.2018 12:56 msk

Артем Космарский

Ўспирин қиз пахта теримида. Antislavery.org сайти фотоси

Яқиндагина АҚШ меҳнат вазирлиги болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда етиштирилаётган ўзбек пахтасини “қора рўйхатдан” ўчириб ташлади. Пахта терими чоғида болаларни ишлатишни алоҳида ҳолатлари учраб турса ҳам, кўп аломатлар мамлакат қишлоқ хўжалиги тарихининг ушбу қора саҳифаси тез орада узил-кесил ўчириб ташланашига ишора қилмоқда. Бироқ Ўзбекистонда аёллар ва болалар меҳнати пахтачиликнинг асосий, ўзига хос хусусиятига айланиб қолганининг сабаби нимада? Бу саволга америкалик тарихчи Шошана Келлер парадоксал жавоб бермоқда: маълум бўлишича, гап ўрта асрларга хос қолоқликда эмас, балки Хрушчевнинг Ўрта Осиё деҳқонларининг ҳаётини яхшилаш ва қишлоқ хўжалигини замонавийлаштиришга қилган ҳаракатларининг маҳсули экан.

Турган гап, ўрта асрларнинг бошларида ҳам, Амир Темур даврида ҳам, Оқ Пошшо даврида ҳам – умуман олганда, қишлоқ хўжалигининг замонавий шакли жорий этилгунга қадар аёллар ва болалар вақти-вақти билан далалардаги ишларга жалб этилган.

Парадокс шундан иборатки, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш 1950-чи йиллар бошидан қўллана бошлаган. Айнан ўша даврда СССРда пахта соҳасининг фаол механизацияланиши бошланган, Хрушчев Ўрта Осиёга каттагина молиявий ва техника ресурсларини йўналтириб, стратегик жиҳатдан ўта муҳим пахтанинг ҳосилдорлигини кўтаришга уринганди. Нега энди айнан ўша даврда болалар ва аёллар меҳнатидан фаол фойдаланиш кучайиб кетди? Бу саволга жавоб бериш осон иш эмас: бунинг учун гендер муносабатлари, демография ва иқтисодий стимулларга аниқлик киритиб олиш зарур.

“Таёқчалар” ёки пул

Минтақада пахтани фаол етиштириш XIX асрда бошланганини кўпчилик билади. Сталин даврида давлатнинг пахта толасига эҳтиёжи кучайиб кетди: каналлар тармоғи кенгайди, пахта учун деярли миллион гектар суғориладиган майдонлар ажратилди. Далаларга фақат қўл меҳнати билан ишлов бериларди. Гарчи Марказий Осиёга 484 та трактор юборилган бўлсада, минтақа механизациялаш сурати бўйича сўнгги ўринда эди. Иккинчи Жаҳон уруши қишлоқ хўжалигини механизациялаш жараёнига янада қаттиқ зарба берди: минглаб тракторлар ишғол этилган ҳудудларда қолиб кетди, уларни ишлаб чиқарувчи заводлар эса танк ишлаб чиқаришга ихтисослашиб кетди.

Вазият фақат Сталин ўлимидан кейин ўзгарди, ўшанда Москванинг янги хўжайинлари Георгий Маленков ва Никита Хрушчев деҳқонларнинг юкини енгиллаштириб, сиёсий ютуқларни қўлга кирита бошладилар. Хрушчев 1955 йилдан 1965 йилгача пахта терим машиналарини жорий қилди ва натижада республикада уларни ишлаб чиқариш 555 тадан 7449 тагача етди. Бироқ шунча машиналарда ҳосилнинг бор-йўғи 10 фоизи териб олинарди.

Мантиқан олиб қараганда, бу каби фарқланиш қаердан келиб чиқди деган савол туғилиши табиий. Афтидан бунинг сабаби – Хрушчевнинг бошқа ислоҳотларида бўлиши мумкин. Мисол учун, у 1958 йилда машина-трактор станцияларини тугатди. МТС техник ремонт станцияларига айлантирилди ва колхозлар мустақил равишда трактор ва машиналарни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлди. Майда ва қашшоқ хўжаликларни Хрушчев йириклаштирди. Шунингдек, деҳқонларга пул ўрнига “таёқчалар” (меҳнат кунлари) ҳисобланадиган колхозлар ўрнига реал иш ҳақи тўлайдиган совхозлар тузила бошланди.

Назарий жиҳатдан олиб қараганда, бу чора-тадбирлар кучли мустақил хўжаликлар тармоғининг яратилишига олиб келиши керак эди. Унда бахтли фуқаролар меҳнат қилишар, уларнинг маошини ўзбошимча колхоз раислари эмас, балки давлат назорат қилиб турарди. Бироқ амалда ислоҳотлар чалкашликлар ва тартибсизликлар келтириб чиқарди: ўнта қашшоқ хўжалик биттага бирлашди ва натижада техника сотиб олишга қурби етмайдиган хўжалик пайдо бўлди. Ёки колхознинг пахта терадиган машинаси бор, лекин унга ёқилғи сотиб олгани маблағи йўқ. Бундан ташқари, завод директорлари колхоз ва совхозларга барча зарур жиҳоз ва машиналарни етказиб бўлдик, деган баҳона билан қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришни қисқартириши мумкин эди.


Совет колхозида чигит экиш. Maxpenson.com сайти фотоси

Хрушчевнинг колхозчиларга “таёқчалар” ҳисоблашни тўхтатиб, ўрнига пул тўлаш, яъни қуллик меҳнати тизимини тугатишга қаратилган қарорини фақат қарсаклар ила кутиб олиш керак. Бироқ бу ерда кутилмаган қўшимча самаралар тўпланиб ўзини намоён этди.

Биринчидан, Москва кутганидек нақд пул тўлаш ишлаб чиқаришнинг ўсишига олиб келмади, маъмурий чалкашликлар ҳамда бесўнақай ҳисоб- китоб тизими боис ишчилар кутилганидан кам иш ҳақи ола бошладилар. Расмийлар меҳнат самарадорлигини кўтариш ва механизациялаштиришни жорий этиш учун моддий рағбатлар яратишга уриниб, коллективларга режани ошириб бажарганлик учун мукофот тўлай бошладилар. Бироқ бу пуллар шунақанги ҳисобланар эдики, деҳқонларда яхшироқ ишлашга иштиёқни бутунлай сўндириб қўйди. Мисол учун, 1966 йилда Поп тумани “Ленин” колхозида учинчи бригада бир гектар ердан 35,1 центнердар пахта етиштирди, тўққизинчи бригада эса бор-йўғи 26,8 центнер. Бироқ учинчи бригада учун режа 35 центнер белгилаб берилган, тўққизинчи бригадага эса 16. Шундай қилиб, учинчи бригада режани бажарган бўлса, тўққизинчи бригада ошириб бажарди ва самарасиз ишлаган колхозчилар кўпроқ маош олдилар. Келлерга кўра, бу каби ҳолатлар ишлаб чиқариш меъёрларини тақсимлашда парда ортидаги битимлар ва коррупциянинг мавжудлигини кўрсатмоқда.

Иккинчидан, марказ рағбат сифатида пахтанинг ҳарид нархини кўтарган тақдирда ҳам пулларни аввалига колхозчилар эмас, балки колхозларнинг ўзлари олишарди. Улар СССРда ўз ходимларининг ижтимоий таъминоти учун масъул эдилар (болаларга қараш, соғлиқни сақлаш ва ҳоказо). Шундай қилиб, ҳатто энг ҳасис бўлмаган колхоз раисининг ортиқча маблағларни сарфлайдиган соҳалари бўлиб, улар бунинг учун ҳар доим ойлик иш ҳақидан тежашга тайёр эдилар.

Афсуски, худди шу механизм республика миқёсида ҳам амал қилиб келган. Хрушчевнинг совет фуқароларининг ҳаёт кечириш сифатини оширишга қаратилган чақириқларига жавобан Ўзбекистон ССР расмийлари мактаб, болалар боғчалари, маданият муассасаларига кўпроқ пул сарфлар эди.

Ушбу харажатлар учун кўзда тутилган бюджет маблағлари эса республика марказга етказиб бераётган маҳсулотга тўғридан-тўғри боғлиқ эди. Бошқача қилиб айтганда, пахтага талаб йилдан-йилга ўсар, механизацияни кучайтириш ва меҳнат самарадорлигини ошириш юқоридаги сабабларга кўра ижобий натижаларга олиб келгани йўқ. Бу ерда гендер мезони ҳам ўз таъсирини кўрсатди: аёллар колхозларда эркакларга қараганда камроқ иш ҳақи олишар (1965 йилда баъзи маълумотларга кўра бир йилга 150-300 сўм, эркаларга худди шунақа иш учун 600-900 сўм тўланган) ва бунинг устига, юқори малака талаб қилмайдиган оғир ишларни қилишарди. Тошкент колхоз ва совхоз раисларидан харажатларни тежаган ҳолда ишлаб чиқиришни кўтаришни талаб қилар, улар ўз навбатида ишчи кучига кетадиган харажатларни имкон қадар қисқартиришарди. Айнан шунинг учун ҳам улар аёллар ва ўспиринларнинг арзон меҳнатига мурожаат қилардилар.


Ўзбекистон ССРда пахта терими. Maxpenson.com сайти фотоси

Эркак учун меҳнат - ҳақорат

Яхшилик ёвузликка айланишининг якка ҳолати эмасди бу. Ўзбекистон аҳолиси ХХ асрда замонавий медицина ва соғлиқни сақлаш тизимига эга бўлди ва бу совет даврининг чинакамига эришган кам сонли ютуқларидан саналади. 1913 йилдан 1964 йилгача республиканинг қишлоқ жойларида яшайдиган аҳоли сони деярли икки баробарига – 3,3 миллиондан 6.3 миллионгача ўсди. СССР аҳолиси 1939-1964 йилларда 18 фоизга ўсган бир пайтда Ўзбекистон аҳолиси 51 фоизга ўсди. Бироқ қишлоқда бўш қўллар етарлигидан ҳам ортиқ бўлганига қарамай, чигит экиш ва пахта ҳосилини йиғиштириб олиш ишларига доим ташқаридан ишчиларни, шу жумладан, болалар ва ўспиринларни жалб қилишарди.

1959 йилда Москва “иттифоқчи республикалар марказий қўмиталари ва министрлар советларини пахтачиликни механизациялаш ишларига беэътибор қолмасликка” чақирди. “Кетмонларингизни ташланг ва пахта етиштиришнинг механизациялашган услубларига ўтинг!” Тарихчи иқтибос келтирган бу ҳужжатда республика расмийларида ғар йили ишчи хизматчиларни ва шаҳарлик ўқувчи ёшларни пахта теримига жалб қилмасликни талаб қилишар, негаки бу давлат учун қимматга тушаётгани, пахтанинг таннархини кўтараётгани ва колхозларга зарар етказаётгани қайд этилганди. Келлерга кўра, бу ҳужжат партиянинг тўғридан-тўғри кўрсатмасига зид равишда болалар меҳнатидан очиқдан-очиқ фойдаланиш ҳамда механизациялаштиришга қаршилик мавжудлигига ишора қилмоқда.

Ҳолбуки СССРда меҳнат фаолияти учун энг кам ёш 16 га тенг эди. Пахта терими пайтида қонунларга панжа ортидан қаралган: ҳатто 1966 йил расмий маълумотларига кўра Ўзбекистон колхоз далаларидаги ишчи-ходимларининг 8,6 фоизи ўспиринлар ва болалардан иборат эди. Адолатли мукофот ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмасди: Келлернинг ўша тадқиқот маълумотларига кўра, ёши катта колхозчилар 49% умумий иш кунлари эвазига ойлик иш ҳақининг 91,3 фоизини олишган, ҳолбуки қолганлар (ўспиринлар, болалар, қариялар ва шаҳарлик хизматчилар) 51 фоиз иш кунлари ҳисобига иш ҳақи фондининг 8,7 фоизини олишган.


Бугунги Ўзбекистонда болалар пахта теримида. Antislavery.org сайти фотоси

Келлерга кўра, механизацияга пассив қаршилик кўрсатиш кўлами ҳақида Москванинг республика партия қўмиталари олдига қўйган пахта терим комбайнларини таъмирлаш талаби далил бўлади. “Комсомолец Узбекистана” 1958 йилда ёзганидек, республикадаги 5565 та комбайндан бор-йўғи 1915 таси ишлайдиган ҳолатда бўлган. Тарихчига кўра, бу ҳолат механизациялаштиришга нисбатан лоқайдлик ёки ҳатто онгли равишда саботажнинг нишонаси эди: деҳқонлар машиналардан фойдаланиш қишлоқ ҳудудларидаги ишсизлик даражасини кўтариб юборади дея қўрқишарди.

Пахта монокультурасига нисбатан пассив қаршилик кўрсатишнинг яна бир воситаси эркакларнинг далага чиқишдан бош тортишлари бўлиб қолди. Ҳатто Сталин ҳаётлик чоғида ҳам Ўзбекистон ССР колхозчилари 15-40% иш кунларининг минимал миқдорини ҳам ишламасдилар. Советлар даврида ишламайдиган одамни текинхўрлик учун жиноий жавобгарликка тортишлари мумкин эди. Шунинг учун ҳам кўп эркаклар пахта даласидаги ишлардан қочиб, номига хизматчи лавозимига жойлашиб олардилар. Хрушчев 1955 йилда Тошкентда Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси Муҳиддин Нуриддиновнинг ҳисоботини тинглади: ҳисоботда маълум қилинишича, битта туманда 68 та ташкилот 548 та ходими билан 14 та колхозга хизмат кўрсатарди. “Биз “Қўш ҳайдаган битта, қошиқ кўтарган еттита” деган мақолдан ҳам ўзиб кетдик. Бу ерда қўш ҳайдаган битта, қошиқ кўтарган ўттизта бўлиб чиқяпти!” дея луқма ташлади Хрушчев Муҳиддиновнинг гапини бўлиб. Афтидан, ушбу маърузадан сўнг аҳвол ўзгармади, боз устига, Брежнев даврида аҳвол бундан ҳам баттар бўла бошлади. Мисол учун, 1972 йилда пахта теримига шаҳарлардан 60 минг кишини жалб этишга тўғри келди, холбуки ўшанда пахта теримида 20.000 колхозчи иштирок этганди.

Механизацияни ёқтирмаслик ва шу билан бирга далада ишлашни хоҳламасликнинг сабаби нима эди? Қишлоқ ҳудудларида аҳоли зичлиги ва пахта топшириш бўйича меъёрларининг ўсиши мавжуд гендер иерархиясининг кучайишига қарата “отилган ўқ” бўлди. Эркаклар далада жисмоний меҳнат билан шуғулланишни ор деб билардилар. “Бу иш билан аёллар, болалар ва қариялар шуғуллансин”. Эркаклар қўлда пахта терими билан шуғуллангандан кўра, ишсиз қолишни афзал билардилар.

Бироқ муаммо биргина эксплуататор эркакларда эмас. Агар Хрушчев чигит экишдан пахта теримигача бўлган бутун жараённи механизациялаштиришга эришганида ҳам унга юз минглаб деҳқонлар учун янги иш жойларини қидиришига тўғри келарди. Бордию, совет давлати Ўрта Осиёда қишлоқ ҳудудларидан миграцияни ва урбанизацияни фаол қўллаганида, ўзбеклар ўз ихтиёрлари билан одатий турмуш тарзидан воз кечмасдилар, дея тарихчининг ишончи комил. Ишсизлик, оғир меҳнат, аёллар ва болалар меҳнати эксплуатацияси – буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон иқтисодиёт ва жамиятдаги йирик кўламли ўзгаришлардан қутилиш учун тўлашга тайёр бўлган баҳо эди.

Шундай қилиб, СССР пахта хўжалигида болалар меҳнатининг устун келиши дўзахга олиб борадиган йўл кишини ўзига ром қиладиган жозибалар билан зийнатлангани тўғрисидаги иборанинг иллюстрациясига ўхшаб кетади. Хрушчев колхозчиларга нақд пул тўлашга амр этди – бироқ бу тўловларнинг ноаниқ ва кўп ҳолларда фириб аралашган ҳисоб-китоблари меҳнат самарадорлигини оширишга қаратилган ҳар қандай истакларни сўндириб ташлади. Москва республикалардан ижтимоий соҳаларга харажатларни кўпайтиришни талаб қилди, - маҳаллий ҳокимият органлари, колхоз раислари бунга маблағни иш ҳақи фондидан олишарди.

Маҳаллий анъаналарга ҳурмат, замонавийлаштиришга енгил тарзда ундаш, пахта етказиб беришга буюртмаларнинг ошиши – буларнинг ҳаммаси ўзбекистонлик партия ходимларига ва колхоз раисларига “заифларни”, яъни аёллар ва болаларни оғир ва беобрў ишни қилишга мажбурлашга имконият берарди.

Ушбу тарих ўзининг самарасизлиги билан танилган биргина СССР учун муҳим бўлган деса бўладими? Ўйлашимча бундай эмас – бу тарих эзгуликка қаратилган ислоҳотларни бошламоқчи бўлган ҳар қандай давлат арбоби учун муҳимдир.

Артем Космарский, РФА Шарқшунослик институти

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги