14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тез ёрдам, ҳой тез ёрдам! Ўзбекистонда тез ёрдам ислоҳоти нечоғли сезиларли бўлгани ҳақида

17.10.2018 11:37 msk

Азиз Яқубов

Тошкентдаги тез ёрдам бригадаси. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати фотоси

Деярли ўн йил олдин, 2009 йилда “Фарғона” сайтида Ўзбекистондаги тез ёрдам хизматининг фаолиятига бағишланган материал чоп этилган бўлиб, мақола “кўпчилик тошкентликлар тез ёрдам хизматининг фаолиятидан норози: узоқ кутиш керак, шифокорлар пул таъма қилишмоқда”, деган сўзлар билан бошланганди. Ўшандан бери мамлакатда, шу жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида катта ўзгаришлар содир бўлди. Биз ҳозирги кунда пойтахтда ва республиканинг бошқа шаҳарларида тез ёрдам қандай ишлаётгани, ўзбекистонликлар тез ёрдам хизматида амалга оширилган ислоҳотларни сездиларми ёки йўқлигини аниқлашга қарор қилдик.

Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг март ойида “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида” фармонини имзолади. Ҳужжатда қайд этилишича, аҳолига тез ёрдам кўрсатиш хизмати фаолиятининг самарадорлиги замон талабларига жавоб бермайди. Қайд этилган муаммолар қаторида тизимнинг деярли барча унсурларида: малакали кадрлар, транспорт воситалари, дори ва махсус жиҳозларда етишмовчилик мавжудлиги кўрсатиб ўтилган. Турган гап, масъул органларга тайёрлаш, тўлдириш, ҳарид қилиш ва ҳоказо вазифалар белгилаб берилган.

Бироқ ислоҳотлар унчалик жадал суратларда оширилмаганга ўхшайди. Шунинг учун ҳам Мирзиёев шу йилнинг бошида “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорини имзолади ва унда яна бир йил олдин тилга олинган муаммолар ҳақида сўз юритилди.

Ҳужжатда тиббий ёрдам сифатини кўтариш бўйича режа батафсил баён қилинган. Мисол учун, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси ва РШТЁИМ ҳудудий филиаллари тез тиббий ёрдам станциялари негизида бутун республика ҳудудида тез тиббий ёрдамни шошилинч чақиришга мўлжалланган туну-кун ишлайдиган ягона телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этиш кўзда тутилган. Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар ҳисобига икки мингдан зиёд автомобилларни, шу жумладан, 231 та реанимобилни зарур мосламалар билан жиҳозлашни режалаштирмоқда. Тез тиббий ёрдам бригадаларини замонавий алоқа воситалари билан жиҳозлаб нормативларга биноан дори-дармонлар билан таъминлаш таклиф этилмоқда. Боз устига, хориждаги етакчи клиникаларда шифокорларнинг малакасини ошириш вариантларини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш учун салмоқли маблағлар: 37.45 млрд сўм ($4,6 млн) ва $10,34 млн ажратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, хусусий клиникаларга бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мажбурияти юкланганди. Умуман олганда, республика расмийлари бир вақтнинг ўзида сон ва сифат кўрсаткичларини кўтаришга қарор қилдилар.

Мигалкали машиналар

Худди ўша президент қарорига мувофиқ, 2017 йилнинг ўзида Ўзбекистон 1269 та тез ёрдам автомобилларини сотиб олиб, вилоятларнинг эҳтиёжини тўла ҳолда қоплади. Бироқ, автопаркнинг кенгайтирилиши давом этмоқда. Жаҳон банки шошилинч тиббий ёрдам тизимини яхшилашга $100 млн кредит ажратди. Халқаро молиявий тузилма ажратиб берган маблағ эвазига бутун мамлакат бўйлаб диспетчерлик марказлари барпо этилади ҳамда 60 та замонавий махсус автомобиллар сотиб олинади. Айтгандек, ЖБ маълумотига кўра, Ўзбекистонда битта тез ёрдам машинаси 18300 кишига тўғри келади, бу эса миллий стандартларга мос келмайди (13000 фуқарога битта машина). Боз устига, транспортнинг техник жиҳатдан жиҳозланиши ҳам жуда зўр эмас.

Тошкентда 2018 йил сентябрда ўтган тез ёрдам шифокорлари қурултойида 2019 йилда 200 та махсус транспорт воситалари ҳарид қилиниши ҳақида маълум қилинганди.

Шу билан бирга, республикага шериклар ҳам ёрдам беришмоқда. Мисол учун, Туркия яқин уч йил давомида 150 та реанимобиль совға қилишни ваъда қилган, улардан 50 таси Туркия парламенти раиси Бинали Елдиримнинг Тошкентга ташрифи давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди.


Самарқанддаги янги тез ёрдам автомобили. STV телеканалидан олинган кадр

Ўзбекистон пойтахти ҳокимлиги тез ёрдам кареталари паркини замонавийлаштириш ва кенгайтириш бўйича улкан режаларни тузмоқда. Шаҳар қўшимчасига 100 та экипаж сотиб олмоқчи, улардан 90 таси стандарт бўлса, қолган 10 таси реанимобиль мосламалари билан жиҳозланади.

Қизиғи шундаки, тез ёрдам кареталари паркини кенгайтиришга жидду-жаҳд билан киришган Ўзбекистон шу билан бир вақтнинг ўзида махсус транспорт экспорти билан шуғулланмоқда. Мисол учун, ўтган ой давомида Самарқанднинг “СамАвто” заводи Афғонистонга Isuzu русумли 100 Ambulance машиналарини экспорт қилди, уларнинг салонларида аравача, юмшоқ замбар, тиббий мебель ва жовонлар, сув томизгични ўрнатадиган мосламалар, кислород баллонлари учун жой, вентилятор ва кондиционер, монитор ва камералар, дори-дармон учун сейф ва бошқа жиҳозлар бор. Ҳолбуки, мамлакат ичкарисида тез ёрдам машиналари эски “Дамас”лардан иборат бўлиб турибди. Улар доим ҳам кичкиналиги боис шошилинч ёрдам кўрсатишга ярамайди. Умуман олганда, GM Uzbekistan корхонаси ишлаб чиқарган автомобиллар орасида бу аварияга энг кўп учрайдигани туридан саналади.

Бухоро: мозий каретасида…

Ўзбекистон шошилинч тиббий ёрдам тизимига холис баҳо бериш учун биз мамлакатнинг учта шаҳрида фуқаролар ва соғлиқни сақлаш ходимлари ўртасида сўров ўтказдик. Шундай қилиб, сўровимизни Бухородан бошлаймиз. Бу ерда тез ёрдамдан тез-тез фойдаланиб туришади, яъни, беморлар тезда шифохонага ётқизилишни ният қилмайдилар. Респондентларнинг аксарияти чақирув билан етиб келган докторлар “фақат укол қилишни, истимани ёки қон босимини туширишни биладилар, холос”, деган фикрда. Ҳолбуки, 2009 йилда ишлаб чиқарилган ҳамда “Тез ёрдам врачи мутахассислиги учун малака характеристикаси” дея аталувчи ҳужжатга мувофиқ мутахассилар травматология, неврология, гинекология, фармакология ва медицинага оид бошқа “логияларда” етарли билим ва кўникмаларга эга бўлишлари керак.

Бухороликлар орасида шифокорнинг сумкасида энг кўпи анальгин, димедрол ёки яна қон босимига қарши бирорта таблетка бор деган фикр кенг ёйилган. Ҳолбуки, нормативга кўра, умумий бригада юкхонасида 36 та ва махсус бригадада 41 та турдаги дори воситалари бўлиши шарт. Лекин кўҳна шаҳарда эски Дамаслардан фойдаланишаётганига қарамай, машиналар етиб келиши вақти 15-20 дақиқага тенг. Бу машиналарда ҳатто конденционерлар ҳам йўқ, уларда юриш ноқулай. Чақирувга асосан ёш шифокорлар, баъзида ҳамшира ҳам қўшилиб келади. Беморни замбарда кўтариш керак бўлса, ҳайдовчи ёрдам беради, бунинг учун унинг маошига 30% қўшимча ҳақ берилиши кўзда тутилган.

Тез ёрдам шифокорлари учун белгиланган маош тўғрисида сўз юритиладиган бўлса, Андижон вилоятида 690 минг сўмни ($85) ташкил этади, бошқа вилоятларда ҳам вазият бундан фарқ қилмаса керак. Тошкентда иш ҳақи бироз юқорироқ, бироқ республика бўйича ўртача маошга ҳам етмаса керак (Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2018 йил биринчи ярим йиллиги давомида ўртача ойлик иш ҳақи 1,6 млн сўм ёки 200 АҚШ долларига тенг). Шу муносабат билан респондентларимизга “тез ёрдам шифокорларига чойчақа берасизми?” деган савол берилди. Маълум бўлишича, илгари урф бўлгани учун шаклланган амалиёт аста-секин йўқолиб бормоқда.

Тез ёрдам касалхонага ётқизишдан бош тортиши мумкин деган миш-мишлар сўровда иштирок этаётган одамларни, шу жумладан врачларни ҳам ажаблантириб қўйди. Айтгандек, беморни касалхонага асоссиз қабул қилишдан бош тортган тиббиёт муассасаси раҳбарлари маъмурий жавобгарликка тортилишлари мумкин.

Қайд этиш жоиз, Бухорода ҳам, республиканинг бошқа шаҳарларида ҳам тез ёрдамга ўзбек ва рус тилида мурожаат қилиш мумкин. Ҳеч ким сиздан фақат давлат тилида гапиришни талаб қилмайди (Журналистика университетининг ректорига салом).

Умуман олганда, сўров Бухорода тез ёрдам хизмати фаолиятини қониқарли деб баҳоласа бўлади, бироқ унинг ишида сўнгги йилларда қандайдир ўзгариш ёки яхшиланиш бўлганини шаҳарликлар сезганлари йўқлигини кўрсатди.

Шифокорларга нисбатан ишонч даражаси етарлича юқори. Бироқ аҳолининг тез ёрдам ишини яхшилашга қаратилган қонунлар ва расмийларнинг ҳаракатлари борасидаги хабардорлиги жуда кам ёки деярли йўқ ҳисобида.

Самарқанд: ишончсизлик телефонлари

Бошланишида қайд этадиган бўлсак, Самарқандда тез ёрдам машиналарининг сони анчага кўпроқ. Шаҳар тез ёрдам станциясидагилар таъкидлашича, ўтган йилнинг бошланишида тез ёрдам хизмати ихтиёрида 90 та транспорт воситаси бўлган бўлса, бугунги кунга келиб чақирувларга 250 та машина чиқмоқда. Уларнинг орасида нафақат одатдаги “Дамаслар”, балки 11 та Nissan, 18 та Hyundai русумли машиналар ҳам бор. Тез орада бу ерга Туркиядан махсус мосламалар билан жиҳозланган олтита реанимобиль келиши кутилмоқда. Бу машиналарда ишлайдиган врачлар, фельдшерлар ва ҳайдовчилар Тошкентга бориб, турк мутахассислари қўлида малака ошириб қайтдилар.


Самарқанддаги поликлиника учун янги “Дамас”лар. 24post.uz сайти фотоси

Сўнгги пайтларда шаҳарда тез ёрдам бригадаларини оилавий поликлиникаларга бириктириб қўйиш амалиёти қўлланмоқда. Бу каби интеграция чақирувларга чиқиш вақтини қисқартиради, негаки чақирув сигнали манзили ҳудудга яқинлаштириб қўйилган. Бунинг устига, беморнинг аҳволи тўғрисидаги маълумот уни қабул қиладиган участка врачига топширилади.

“Фарғона” манбасига кўра, Самарқанд тез ёрдам хизмати барча зарур дори воситалари билан таъминланган – “доктор” сумкасида қирқдан зиёд препаратлар ўрин олган. Тез ёрдам станциясининг ўзида бўлса ишлар қайнаб ётибди – учинчи қават таъмири ниҳоясига етиб қолди, уни қайта жиҳозлаб call-марказга айлантирилади. Бундан ташқари, бу ерда янги ишчи ўринлари яратилади, негаки унда юздан зиёд операторлар ишлайди. Диспетчерлар учун қулай шароитлар яратилади – тревога сигналларини қабул қилаверингу, мигалкали автомобилларни “ишга” жўнатаверинг. Рацияларга оид муаммолар ҳал этилмоқда, шифокорлар ҳозирча ўзларининг уяли алоқа телефонларидан фойдаланишмоқда. Бу масалани вилоят ҳокими ўз назорати остига олган.

Лекин биз ўтказган сўров Самарқанд аҳолисининг аксарияти тез ёрдамга ишонмаслигини, бундан кўра таниш дўхтир ёки учатска врачини чақиришни афзал кўришини кўрсатди. Эҳтимол бу шаҳарликларнинг “оилани даволовчи дўстга” эга бўлишни афзал кўриши билан боғлиқдир. Ҳар ҳолда ижтимоий тармоқларда “ишончли педиатр ёки терапевт танишларингиз бўлса айтиб юборинг” деган ёзувлар тез-тез учраб туради. Оқибатда, бемор табибига ишонади, оқ халат кийган одам эса қўшимча даромадга эга бўлади.

Самарқандликлар 03 рақамини иложсиз қолганда терадиган бўлиб қолишган. Ҳолбуки Ўзбекистон расмийлари айнан шу шаҳарда битта 112 рақамида ўт ўчирувчилар, милиция, тез ёрдам, газ тармоқларининг авария хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бирлаштириш бўйича синов лойиҳасини жорий қилишни режалаштирганди. Ҳукумат қарорига биноан синов лойиҳаси 2018 йил 1 октябрда, 2019 йилдан бошлаб эса бошқа вилоятларда ишга киритилиши керак эди. Гарчи октябрнинг иккинчи ўн кунлиги ниҳоясига етиб қолай деса ҳам, на оддий самарқандликлар ва на тиббиёт ходимлари 112 хизмати ҳақида эшитганлари йўқ. “Бу каби хизмат тури керакми, у амалда иш берадими?” деган саволга соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари “бу яхши ўйлаб топилган, бироқ тиббий ёрдам муаммоларини ҳал қила олмайди”, деб жавоб бердилар.

Тошкент: тез ёрдамни милиция орқали чақиртириш осонроқ...

Пойтахтда турган гап, машиналар парки янгироқ, бригадаларнинг дори-дармон билан таъминланганлиги яхшироқ. Шунинг учун ҳам аҳолининг тез ёрдамга ишончи бошқа шаҳарларга қараганда юқори. Бироқ, иккита жиддий муаммо мавжуд. Биринчиси – машиналарнинг чақирувга етиб бориш вақти. Кимгадир омад кулиб боқиши мумкин, бироқ аксарият ҳолатларда Ambulance бригадалари 30 дақиқа ва ундан кўпроқ вақтда етиб борадилар.


Тез ёрдам Тошкентдаги поликлиника ёнида. Nuz.uz сайти фотоси

Муаммо бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ўтган йил ёзда берган интервьюда гапирганди. “Мавжуд қоидага кўра, тез ёрдам бригадаси шошилинч ва оғир вазиятларда белгиланган манзилга 15-20 дақиқа ичида етиб бориши керак. Агар беморнинг аҳволи оғир бўлмаса, улар чақирув фурсатидан бошлаб 30 дақиқадан бир соатгача бўлган муддатга етиб келадилар. Амалда тез ёрдам кечикиб келадиган ҳолатлар бўлиб туради ва бунинг объектив сабаблари бор. Булар – йўлдаги тиқинлар, манзилни аниқ кўрсатмаслик, ёлғон чақирувлар...”, - дея тушунтирди вазирлик раҳбари. Ўшанда Шодмонов вазиятдан чиқиш йўлини кўрсатиб ўтди: оилавий поликлиникалар қошида шошилинч тиббий ёрдам станцияларининг ишини йўлга қўйиш. Мақсад – тез ёрдам чақирилганда масофа билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, бундан ташқари, шифокор йўлда кета туриб беморнинг амбулатория картаси билан танишиб олиши мумкин. Бу унинг кейинги ҳаракатлари учун жуда муҳим. Тошкентнинг нечоғлик катталигини эътиборга олган ҳолда, бу каби ёндашувни оқилона деб аташ мумкин. Бироқ одамлар тез ёрдам машинасини ҳанузгача узоқ кутишига тўғри келмоқда. Бу ерда тизим мукаммал эмаслиги роль ўйнамоқда: қўнғироқ ягона 103 рақамига бош марказга келиб тушади, бу ердан энг яқин подстанцияга тақсимланади. Бош марказ, шунингдек, чақирувга оператив равишда чақирувга тўла жиҳозланган ва ихтисослашган медиклар, мисол учун, кардиологлар бригадаси билан реанимобиль чиқарилишини ҳал қилади. Ушбу ички коммуникациялар боис баъзан қимматли сониялар бой берилади.

Иккинчи муаммо – кўпчилик тошкентликлар телефонда қўнғироқ қилиб, тез ёрдамга туша олмаслиги одатий ҳолга айланган. Телефон гўшагини ё кўтаришмайди ё симнинг нариги учида “банд” деган қисқа гудоклар эшитилиб туради. Кўпинча рақам теришга бир-бир ярим соат вақт кетади. Буларнинг ҳаммаси ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиниб келмоқда. Биз тошкентликларда қандайдир қарор ва маслаҳатлар борлигини аниқлаш учун Фейсбукни бир айланиб чиқишга қарор қилдик.

Биринчидан, энг осони – пуллик хизматга мурожаат қилиш. Шарҳловчиларнинг ёзишича, баъзида ҳатто call-марказ операторларининг ўзлари ҳам аччиқланиб: “машина тез етиб келишини истасангиз, пуллик клиникага мурожаат қилинг”, дея тавсия қиладилар. Шарҳловчиларнинг қайд этишича, хусусий тез ёрдам чиндан ҳам жуда тез етиб келади, бироқ уларнинг нархлари ҳам арзон эмас. Мисол учун, оддий тиббий кўрик ёки ҳароратни тушириш камида 100 минг сўм ($12) туради. Иккинчидан, тошкентликларга ўз подстанциясининг телефон рақамини билиб олиш ва тўғридан-тўғри уларга қўнғироқ қилиш тавсия қилинади. Кўп ҳолларда бу яхши натижа бермоқда. Агар бирорта ҳокимлик мутасаддисининг телефон рақами бўлса, янада яхши – ўша орқали тез ёрдам чақиртириш осон кечади. Ваниҳоят, учинчидан, баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тиббиёт ходимларини тезроқ чақириш учун 103 рақамига эмас, балки 102 рақамига телефон қилиб, милицияга тиббиёт ходимларининг сусткашлиги борасида шикоят қилишни тавсия қиладилар. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўзлари сизнинг манзилингизга тез ёрдам каретасини жўнатадилар, тажрибали фуқароларнинг ёзишича, бунақа ҳолатларда тез ёрдам 15 дақиқада етиб келади. Бу услуб бехато ишлайди.

* * *

Бир сўз билан айтганда, ҳозирча шошилинч тиббий ёрдам соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли учун сезилмаяпти. Шифокорлар малакаси ошгани, транспортда мослама ва жиҳозларнинг ҳамда дори воситаларининг тўлиқ комплектацияси пайдо бўлиши ҳамманинг кўзига ташланадиган вақтни кутиб қоламиз.

Азиз Якубов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги