16:21 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Наманган Юнайтед”. Ўзбек клубига “қизил шайтонлар”нинг собиқ лидери нега керак бўлиб қолгани ҳақида

11.10.2018 15:24 msk

Александр Троицкий

Андрей Канчельскис. Planetfootball.com сайти фотоси

Андрей Канчельскис 2018 йил 7 октябрь куни ўзбек заминига қадам қўйди. Наманган аэропортидан чиқаверишда қадрли меҳмонни карнай садолари билан кутиб олдилар. Андрей Канчельскис профессионалларга хос хотиржамлик билан ўзини ҳар томондан қуршаб олган футбол ишқибозларига қарата эътиборини жамлади. Кимдир Канчельскисга клуб кепкасини илиб қўйди, Андрей Антанасович қунт билан уни тўғрилаб кийиб олди. Оталар ўғилларини қачонлардир Эрик Кантон ва Райн Гиггз билан шерикликда тўп сурган Канчельскисга яқинроқ суришар, у эса кичкинтойлар билан фотосуратга тушиб, узоқ вақт давом этган парвоздан толиққанига қарамай табассум қиларди. Андрей Антанасович Ўзбекистонда мураббийлик карьерасини қайта тиклашга уриниб кўради ва агар натижалар яхши бўлса, бу мамлакатда узоқ вақт қолиб кетиши ва эҳтимол маҳаллий “Навбаҳор” учун ўзига хос Алекс Фергюссонга айланиши мумкин бўлиб қолади.

Усмоновнинг қўли борми?

Канчельскиснинг гарчи сифатли бўлса ҳам, сара бўлмаган Наманганнинг “Навбаҳор” клубини танлаши ажабтовур кўринади. Постсовет майдонининг энг муваффақиятли футболчиларидан бири саналган одам кутилмаганда жомадонларини йиғиштириб Ўзбекистонга қараб йўл олди. Боз устига, ардоқланган Тошкентга эмас, провинциал Наманганга. Гарчи шаҳар кўркамлигига, ўз тарихига эга бўлишига ҳамда клуб мамлакат чемпионатининг медаллари учун кураш олиб бораётганига қарамай, мақоми барибир юқори эмас. Афтидан, Россия ва Буюк Британия фуқаросининг ўйинга қайтиш иштиёқи шунчалик кучлики, у Намангандаги жамоа сингари энг экзотик вариантлар билан тажриба ўтказишга тайёрга ўхшаяпти.

Бироқ, Наманган вилояти таниқли миллиардер Алишер Усмоновнинг туғилган юрти саналади. “Навбаҳор” раҳбарияти бизнесмен билан ҳамкорлик ришталарини боғлашга жуда умидвор, бироқ Канчельскис билан шартномага Усмоновнинг алоқаси йўқ деб таъкидламоқда. Айни пайтда келишувнинг кўриниши қуйидагича: клуб мутахассис билан ўзи мустақил равишда алоқа ўрнатган, жамоа олдида турган мақсад ва вазифаларини тушунтирган, ўртача маош таклиф қилиб, мураббийни ҳамкорлик қилиш зарурлигига ишонтира олган. Пировардида, Канчельскис ўзбекча зарчўпон ва дўппини кийиб, карнай садолари остида клубни қабул қилиб олди.


Алишер Усмонов. Kremlin.ru сайти фотоси

“Навбаҳор” қандай ресурсларга эга, у янги мураббийга муваффақиятларга эришиш учун нимаси билан ёрдам бера олади? Ҳар ҳолда Канчельскис ўта амбицияли спортчи бўлган ва ҳозир ҳам шундай одам бўлиб қолмоқда, дея тахмин қилиш керак.

Тўқсонинчи йиллар одамлари

Канчельскис ҳам, “Навбаҳор” ҳам ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ўртасида шуҳрат чўққисига чиққан. Ўшанда Андрей Антанасович “Манчестер Юнайтед” ва “Эвертон” таркибида “туманли Альбионни” забт этган, Италиянинг “Фиорентина” таркибида бир мавсум ўйнаган, “Навбаҳор” эса республика чемпионатида кучли ўйинлар ўтказиб, мунтазам равишда медаллар ва мамлакат кубогини қўлга киритиб келаётганди. 2000-чи йиллар бошида наманганликлар таназзулга юз тута бошладилар, жамоа қаторасига уч йил давомида медаллардан қуруқ қолди. 2003 ва 2004 йилларда “Навбаҳор” мамлакат чемпионатининг бронза медалларини қўлга киритди ва шундан сўнг сояга ўтиб, турнир жадвалининг ўртасида мустаҳкам ўрнашиб олди.


Андрей Канчельскис «Манчестер Юнайтед» клуби учун ўйнаб юрган пайти. Planetfootball.com сайти фотоси

Канчельскис карьерасида ҳам чўкиш бошланиши икки мингинчи йилларнинг бошланиши тўғри келади. Футболчи 1998 йилда Шотландиянинг “Рейнжерс” клуби билан шартнома тузади ва у ерда тўрт йил ўтказади. Унинг “Манчестер Сити”га унчалик катта бўлмаган хизмат сафари деярли омадли бўлмайди. 2002 йилда Канчельскис инглизларнинг “Саутгемптон” жамоасига ўтади ва унинг таркибида бутун мавсум давомида бор-йўғи бир ўйин ўтказади.

Канчельскис ўйин карьерасини Россияда тамомлайди: 2004-2005 йилларда аввалига Москва вилоятининг “Сатурн” жамоасида ва ундан кейин Самаранинг “Крылья советов” жамоалари учун ўйнайди. Андрей Антанасович сўнгги ўйинни 2006 йил 30 ноябрь куни ўтказади.

Ўша пайтда Канчельскиснинг ҳаётида жуда қизиқ ва экзотик учрашув содир бўлади. 2003 йилда футболчи Саудия Арабистонига “Ал-Ҳилол” жамоасига жўнаб кетади ва барча турнирларда бор—йўғи тўққизта ўйин ўйнайди, бироқ мамлакат Суперкубогини қўлга киритади. Канчельскис футбол майдонида кам ўйнагани билан Саудия шаҳзодаси билан шахмат ўйнаб вақт ўтказарди. Эҳтимол нард ўйинига ишқибозлиги боис Канчельскис Ўзбекистонни танлаган ва карьерасини давом этган бўлиши мумкин. Балки чиндан ҳам наманганлик футболчиларнинг кўпи нард ва шахмат ўйнашни яхши кўришар.

“Навбаҳор” нима ўзи

Ўзбекистон чемпионатининг тугашига еттита тур қолди. Наманган жамоаси учинчи ўринни эгаллаб Тошкентнинг “Локомотив”идан олти ва “Пахтакор”дан уч очкога ортда қолмоқда.

Канчельскис олдига қўйилган вазифа аниқ – пойтахт грандларига қарши жангавор ўйин ўтказиб, XXI асрдаги биринчи чемпионатда ғолиб бўлиш.


“Навбаҳор” ўйинчилари. Sports.uz сайти фотоси

Умуман олганда, “Навбаҳор” бу мавсумда яхши ўйин кўрсатишга эриша олди. Медаль зонасига жойлашиб олишида “Навбаҳор”нинг собиқ мураббийи Илҳом Мўминжоновнинг хизмати жуда катта. Наманганликлар уйда бирорта ҳам ўйинни ютқазмадилар, бироқ сафардаги ўйинлар кўп ҳолларда омадсиз кечди. Афтидан, Мўминжоновнинг ишдан кетишига “Навбаҳор” тўрт ўйин давомида бирорта ғалабага эриша олмагани расмий сабаб қилиб кўрсатилганга ўхшайди: жамоа сафардаги иккита ўйинда мағлубиятга учраб, уйдаги учрашувларда дурранг натижага эришган. Агар бу ўйинларда очколар бой берилмаганида, наманганликлар турнир жадвалида етакчилик қилган бўлардилар, бироқ футбол шунақа ўйин, унда энг кучли жамоаларнинг ўйини ҳам қовушмаслиги мумкин. Ҳолбуки, “Навбаҳор”га қарши Суперлиганинг энг кучли жамоалар, чемпионат медалларига даъвогарлар ўйнагандилар.

Наманган жамоасининг бугунги нархи немисларнинг Transfermarkt сайти томонидан 5,4 млн еврога баҳоланмоқда. Россия Федерацияси Биринчи дивизионида тўп сурадиган ўртача жамоаларнинг нархлари ҳам шу атрофда: мисол учун, Ярославлнинг “Шинник” (5,65 млн евро), “Тюмень” (5,55 млн) ёки Владивостокнинг “Луч” (5,1 млн). Бироқ Осиё футбол клублари зонаси учун унинг таркиби жангавор саналади. Суперлигада Наманган жамоасидан қимматроқ баҳоланган жамоалар “Пахтакор” (13,1 млн), “Локомотив” (11,93 млн) ва “Бунёдкор” (6,13 млн), шунингдек россиялик ҳомийга эга Бекободнинг “Металлург”и (5,83 млн), холос.

“Навбаҳор”нинг энг қиммат ўйинчиси – россиялик ҳимоячи Игорь Голбан (700 минг евро). Россия терма жамоасининг мураббийлари миллий жамоанинг ҳимоя чизиғидаги перманент муаммоларини ҳисобга олган ҳолда унга эътибор қаратмай яхши иш қилмаяпти, деб ўйлайман. Футболчи жорий мавсумда “Навбаҳор”га Қаршининг “Насаф” жамоасидан ўтган. Ҳимоячи Ўзбекистонга афтидан мутлақо тасодифан 2015 йилда келган. Москванинг “Локомотиви” ўйинчини мунтазам равишда ижарага бериб келган ва кунлардан бир куни уни Ўзбекистоннинг “Қўқон-1912” жамоасига жўнатган. Голбанга ёқиб қолди шекилли, у Марказий Осиёда қолиб кетишга қарор қилди. Унинг ўйини “Навбаҳор”га маъқул келиб қолди ва у жамоада мавсумнинг ярмини ўтказди. Бироқ ўша йили наманганликларнинг омади келмай, сал бўлмаса олий лигани тарк этишига оз қолди, Голбан эса ўз ўйини билан бошқалардан ажралиб турарди. Шунинг учун ҳам “Насаф” уни 2016 йил ёзида ўзига таклиф қилиб ўша йилда бронза медалини қўлга киритди. Голбаннинг “Навбаҳор”га қайтиши мухлислар учун ҳақиқий совға бўлиб қолди.

Жамоа таркибида шунингдек, Сербия ва Черногориядан келган легионерлар ҳамда жуда яхши маҳаллий ўйинчилар, шу жумладан, мамлакат терма жамоасининг аъзолари бор. Булар – терма жамоанинг асосий дарвозабони Ботирали Эргашев, ярим ҳимоячи Азизбек Турғунбаев, Давронбек Ҳошимов ва қатор бошқа футболчилардир. Жамоанинг таркиби кучли ва бунда Мўминжоновнинг хизмати катта. Ўйинчиларнинг ўртача ёши – 26,2 га тенг, мамлакат чемпионатининг ўртача ёши 26 га тенг.

Бундан ташқари, Алишер Усмонов “Навбаҳор” жамоасини ўз ҳомийлигига олиши эҳтимоли борлиги маълум бўлди. Миллиардер Лондоннинг “Арсенал” жамоаси акцияларини сотиб юборди. Албатта “канонирларнинг” ўрнини Ўзбекистоннинг бутун чемпионати ҳам боса олмайди, бироқ Шавкат Мирзиёев мамлакатга президент бўлиб сайланганидан сўнг Алишер Бурханович ватанпарварлик ҳислари ҳақида кўп гапира бошлагани – жиддий дастак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам олигархнинг ҳомийлигига умид қилган жамоа раҳбарияти мамлакат Футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг “жамоалар мустақил равишда пул ишлаб топишни ўрганишга уринишлари керак” деган гапларини эътибордан чиқармаслиги зарур.

Маркетингнинг ўзи, холос

Канчельскисни бош мураббий этиб тайинлаш нафақат жамоага кўтаринки кайфият бағишлайди, балки бу Наманган клубининг маркетингга оид амалга оширган жуда аъло қадами бўлиб қолди. Гап шундаки. Ўзбекистонда “Манчестер Юнайтед”нинг мухлислари жуда кўп. Эҳтимол уларнинг сони маҳаллий жамоаларининг барча мухлисларидан ҳам кўп бўлиши мумкин. “Қизил шайтонлар” таркибида нафақат ўйнаган, балки уларнинг лидерларидан бири бўлган одамнинг жамоага бош мураббий этиб тайнинланиши янада кўпроқ футбол ишқибозларини стадионга жалб қилиши муқаррар. Ҳолбуки, Soccerway маълумотига кўра, Наманган стадиони футбол ишқибозларини жалб қилиш бўйича Суперлигадаги энг яхши мақомга эга бўлиб, ҳар бир ўйинга ўртача 10 минг футбол ишқибозлари кирадилар. Клуб ўзига пул ишлашни бошлаши учун клуб макетингни яхшилаши қолди, холос. Мисол учун, Канчельскисни қўллашга бағишланган футболкаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Мураббийга ҳам бу ёқиши, аҳоли эса бунақа харажатга пулни аямаслиги мумкин


Андрей Канчельскисни “Навбаҳор”да кутиб олишмоқда. Футбол клуби матбуот хизматининг фотоси

Канчельскис мураббийлик соҳасида машҳурликка эришганича йўқ. Футбол ўйнашни тарк этган Андрей Антанасович “Носта” клубининг бош директори бўлиб 2009 йилгача ишлади. Ўша йилнинг ўзида у Москванинг “Торпедо-ЗИЛ” жамоасига бош мураббийлик қила бошлади. Шундан сўнг у куч жиҳатидан Россия дивизионининг учинчи клуби саналган “Уфа” жамоасига мураббийлик қилди. Унинг даврида жамоа ФМЛга йўлланмани қўлга киритди. Олий лигада у бир йил давомида Нижний Новгороднинг “Волга” жамоасининг бош мураббийси Гаджи Гаджиевга ёрдамчилик қилди. 2014 йил августда мустақилликка қайтди ва Латвиядаги “Юрмала” клубини бошқарди, мавсум охирига келиб клуб олий лигани тарк этди. 2016 йилда Канчельскис Москвадаги ёш клуб “Солярис”га бош мураббийликка келди, бироқ у ерда бир неча ой ишлади, холос. Шундан сўнг Андрей Антанасович бирмунча вақт давомида Россиянинг талабалар терма жамоасига мураббийлик қилди, бироқ бу лавозимни профессионал деб бўлмайди.

Шундай қилиб, “Навбаҳор” раҳбарияти натижа борасида таваккалчилик қилмоқда. Бироқ бренд масаласига келганда, Канчельскис кўплаб номзодлардан устунлиги аниқ. 20 октябрь куни “Навбаҳор” ўз майдонида “Бухоро”ни қабул қилади ва наманганликларнинг ютиш эҳтимоли катта. Канчельскис учун ҳақиқий синовлар кейинроқ бошланади. “Навбаҳор” сафарда учта ўйин ўтказиб, жуда кучли бўлган рақиблар – “Локомотив”, “Пахтакор” ва “Металлург” жамоаларига қарши ўйнайди. Мавсум охирида Наманганда Андрей Антанасович шарафига дутор садолари яна янграйдими ёки йўқми, буни бир ойдан кейин биламиз.

Ўз вақтида, Манчестерда у ҳақда қўшиқ куйлашган.

Александр Троицкий

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги