19:55 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини хорижга жўнатиш билан бизнес шуғулланадиган бўлди

08.10.2018 09:50 msk

Екатерина Иващенко

Ўзбекистондан Россияга ташкилий ёлланиш орқали келган ишчилар. Nuz.uz сайти фотоси

Ўзбекистон Сенати сентябрда хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Энди мигрантларни чет элларда ишга жойлаштириш билан нафақат давлатга қарашли Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, балки тадбиркорлар ҳам шуғулланишлари мумкин бўлади. Парламент аъзоларига кўра, хусусий агентликлар мигрантларни чет элда ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш ишини сезиларли даражада кенгайтириши мумкин.

Ўзбекистонда миграция масалалари билан қонун чиқариш органлари миқёсида шуғуллана бошладилар, мамлакатда чет элда ишлайдиган фуқароларни қўллаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фонд тузилди. Давлат ушбу фонд эҳтиёжи учун бюджетдан 200 млрд сўм ($25 млн) ажратди. Бу каби чоралар президент Шавкат Мирзиёев 5 июль куни имзолаган ташқи меҳнат миграциясини тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Фонд бирор одам касалланиши ёки жароҳат олиши ортидан даволанишга пули бўлмаса, тиббий ёрдам билан таъминлайди, бунақа аҳволга тушган фуқаролар тузалгандан сўнг уларга сарфланган харажатларни қоплаб бериши лозим бўлади. Бундан ташқари, фонди ватандан йироқда вафот этган мигрантларнинг жасадларини ёки иш пайтида мажруҳ бўлиб қолганларни уйга етказиб бериш бўйича харажатларни тўлашга мажбур бўлади. Фонд, шунингдек, депорт қилинган фуқароларни ёки иш берувчилар томонидан шартномада кўзда тутилган шароитлар билан таъминланмаган фуқароларнинг Ўзбекистонга қайтишини молиялаштиради.

Олий Мажлис Сенати 27 сентябрь куни “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги қонунни маъқуллади. Қонунга кўра, эндиликда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан бир қаторда хусусий бандлик агентликлари ҳам фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича фаолият билан шуғулланиши мумкин.

Хусусий бандлик агентликлари (ХБА) реестрини юргизиш ва уларнинг фаолияти устидан назорат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги зиммасига юкланади. Депутатларга кўра, ХБА фаолияти меҳнат бозоридаги чинакам аҳволни яхшироқ билиш ҳамда ишсизлик бўйича аниқ маълумотларга эга бўлиш имкониятини беради.

Чет элда иш билан таъминлаш бўйича фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи лицензия хусусий бандлик агенликларига нафақат ҳуқуқлар беради, балки зиммасига мажбуриятларни ҳам юклайди. Мисол учун, лицензия эгалари Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига чет элдаги мигрантларнинг меҳнат ва маиший шароитлари, тузилган меҳнат шартномалари, фуқароларнинг почта орқали жўнатган иш ҳақлари тўғрисидаги ҳамда бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи ҳисоботларни тақдим этиб турадилар.

Кадрларни қўлдан чиқармаслик учун, уларга шароит яратиб беринг

Migranto.ru порталининг раҳбари Светлана Саламова ўзбек ХБАларига меҳнат мигрантларини ташкилий равишда ёллаб хорижда ишга жойлаштириш фаолиятига жалб этиш ташаббусини қўллайди.

Светлана Саламова. Facebook саҳифасидаги фото
— Гап шундаки, ХБАлар бизнеснинг эҳтиёжларини яхшироқ биладилар, - дейди Саламова. – Улар номзодларнинг малакасига сифатли баҳо беришни, яхши ишчиларни қаердан излаш кераклигини биладилар. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида номзодларни танлаш учун қандай ресурс бор? Оммавий ахборот воситаларидан олинган ишчи ўринлари ҳақидаги эълонлар ва уларга қолдирилган муносабатларни қайта ишлаш натижалари, холос. ХБАлар нафақат ОАВдан фойдаланадилар, улар керакли мутахассисларни тайёрлайдиган ОТМ ва ўрта-махсус таълим муассасаларига ҳам чиқадилар, корхоналарга борадилар. Улар ҳатто қаердадир ишлаб турган одамларни ҳам ўзларига оғдиришга ҳаракат қиладилар, шундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Албатта, бу ҳолат корхона раҳбарларининг норозилигини келтириб чиқаради, бироқ бу ерда рақобат, бозор қонунлари амал қила бошлайди. Ходимларингизни қўлдан чиқармоқчи бўлмасангиз, уларга яхши шароитларни яратиб беринг.

Саламовага кўра, Ўзбекистонда одам савдоси муаммосига ҳар доим жиддий муносабатда бўлишган ва бунга қарши қаттиқ кураш олиб боришган. Айнан шунинг учун ҳам хусусий бандлик агентликларига йўл берилмаган.

- Одам савдоси масалалари ҳозирги кунда иккинчи даражага тушиб қолди, деб бўлмайди. Ўзбекистон ҳукумати меҳнат бозори операторлари билан ўзаро ҳамкорликнинг турли шаклларини топишга ҳаракат қилмоқда ва шу билан мигрантларни хорижга жўнатишда иштирок этмоқчи бўлган номзодларнинг сифатини яхшиламоқчи, - дейди эксперт.

Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқига эгалик лицензияси бериш мезонлари ҳақида тўхталиб ўтган Саламова уларнинг рўйхатини кенгроқ қилиш мумкин, деб ҳисобламоқда. Мавжуд қоидаларга мувофиқ, ХБА энг кам иш ҳақининг 5000 баробарида низом капиталига, фуқароларнинг агентликка мурожаатларини ёзиб олиш имкониятига эга бўлган видеокузатув тизими билан жиҳозланган бинога эга бўлиши, шунингдек, мигрантлар юборилаётган мамлакат тилини билувчи юридик маълумотга эга ходимлар ишлайдиган бўлиши керак.

- Мен бу мезонларга яна албатта ташкилотнинг меҳнат бозорида иш стажига ҳамда йирик иш берувчи мижозларга эга бўлишини шарт қилиб қўйган бўлардим. Бу агентликнинг ҳалол ишлаши учун қўшимча кафолат бўларди, - дейди Саламова. – Албатта кўп йиллардан бери кадрлар агентлиги бўлиб ишлаб келаётган, профессионал обрўга эга, номи чиққан агентлик хорижда ишга жойлаш билан машғул бўлгани бутунлай бошқа ва низомдаги капитални шакллантиришга, бинога эгалик қилишга пули бор бўлган ҳеч кимга номаълум номзоднинг бу ишга қўл уриши бошқача бўлади.

Кўпчилик ғалвирдан ўта олмайди

ХБАларни лицензиялаш бўйича белгиланган тартибга мувофиқ, ишчи кучини ташкилий ёллаш ва хорижда ишга жойлаштириш билан фақат энг кам иш ҳақининг 5000 баробарида низом капиталига эга бўлган юридик шахслар шуғулланиши мумкин бўлади. Ҳозирги кунда энг кам иш ҳақининг 5000 баробари 921,5 миллион сўмга ($114 минг) тенг. Шу билан бирга, компания чет элда ишлайдиган фуқароларни қўллаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фондига 50 минг долларни захирага қўйиши зарур бўлади.

“Migrant” порталининг муаллифи, юрист Ботиржан Шермуҳаммад Ўзбекистон ҳукуматининг ХБАларнинг хорижда ишга жойлаш фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш ниятини маъқуллаб, низомдаги капитал миқдори кўпчиликни бу ишдан четда қолиб кетишига сабаб бўлишини қайд этиб ўтди.

Батиржон Шермуҳаммад. News.tj сайти фотоси
— Ишга ташкилий йўл билан одам ёллаш миграция билан ишлашда Ўзбекистон учун янгиликдир, шунинг учун ҳам бу соҳада иложи борича, айниқса вилоятларда кўпроқ компанияларга ишлаш имкониятини бериш лозим, - дейди Шермуҳаммад. – Бизнес ўз хатоларида тажриба орттиради ва ташкилий ёллаш схемасини такомиллаштириб боради, шунинг учун ҳам бу йўналишда қанчалик кўп компаниялар иштирок этсалар, бутун бошли тизим ҳам шунчалик тез ишлаб кетади. Бироқ 100 минг доллардан зиёд низомдаги капитал ва боз устига мигрантларга кўмак берувчи фондга топшириш учун яна 50 минг доллар ҳаддан зиёд катта пул саналади. Кўпчилик тадбиркорлар бу ғалвирдан ўта олмайдилар. Бунақа иш билан ҳар ким ҳам шуғулланишни истамайди, одамларни ташкилий ишга ёллаш ишида бошқа мамлакатда ишлаш ҳисобига кўп таҳликалар мавжуд, шунинг учун ХБАларнинг олдига бажариб бўлмайдиган талабларни қўйиб ғалвирдан ўтказмай, уларнинг ушбу бозорга киришини рағбатлантириш лозим.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятини шарҳлай туриб, юрист бу ташкилот хўжалик ҳисобида эканлигини, “давлат тузилмаси сифатида унчалик яхши ишламаётганини ҳамда тижорат соҳасида ҳам муваффақиятга эришмаётганини” қайд этиб ўтди.

- Уларда бюрократия кўп, пул ва ишлайдиган қўллар оз. Улар ўтган йилнинг ўзида Росссия вилоятларида ваколатхоналарни очиб ташлашлари керак эди, бироқ шу чоққача бу ишни амалга оширганлари йўқ. Уларда Ўзбекистон вилоятларида ҳам ишни йўлга қўйиш, шунингдек, Россияга бориб у ерда мигрантлар қанақа қийинчиликларга дуч келаётганини кўриш ва бу ердаги ишларини шунга қараб мослаш имконияти йўқ.

Бунинг исботи сифатида Шермуҳаммад рақамлар бўйича қатор маълумотларни келтирди, улардан маълум бўлишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўтган йили Россияга 922 кишини ишга юборган, бу йил режадаги 50 минг ўрнига бор-йўғи 500 кишини жўнатган, холос.

Юристга кўра, ҳозир ушбу соҳада учта муаммо мавжуд: мигрантларга нормал меҳнат шароитини кафолатлайдиган иш берувчиларнинг етишмаслиги, иш берувчининг талаби бўйича тезда топиш ёки ўқитиш мумкин бўлган малакали мигрантларнинг етишмаслиги ҳамда ҳужжатларни расмийлаштиришга узоқ вақт сарфланиши. Ушбу учта муаммони, дейди Шермуҳаммад, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳал қилишга эриша олмади. Энди уларни ХБАлар ҳал қилади.

Юристга кўра, бизнесменлар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан фарқли ўлароқ инсофли иш берувчиларни топиш ва мигрантларни тайёрлашдан манфаатдорлар, чунки бу уларнинг оладиган даромадларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Бироқ ҳозирча мигрантларда воситачилар ёрдамида Россияга боришга рағбат йўқ, ёппасига ташкилий тарзда ёлланишга қизиқиш кузатилмаяпти.

- Мигрантлар учун ҳужжатлар масаласи ҳал этилмас экан, ташкилий тарзда одам ёллаш маъносиз бўлиб қолаверади. Мигрантлар ва иш берувчилар ҳужжатлар расмийлаштирилишини 20 кунлаб кутишлари нотўғри. Оқибатда, Ўзбекистонда ариза беришдан Россияда расман иш бошлашгача бир неча ой ўтиб кетади. Россия билан виза тартиби йўқлигида мигрантларда ташкилий ёлланиш орқали ишга бориш учун рағбат йўқ. Бундан ташқари, ташкилий ёлланиш катта маошни кафолатламайди. Бу жараёндан ўтган мигрантларнинг айтишларича, маош 30-35 минг рублдан ошмайди. Танишлари бошқа жойда кўпроқ пул топаётганини эшитган мигрантлар иш жойини ташлаб кетишларидан ҳайрон бўлмайман. Одамларни рағбатлантириш керак. Мисол учун, ҳужжатлар 20 кун эмас, 5 кунда тайёрланса яхши бўларди. Йўлга чиқиш, ўқитиш, ҳужжатларни расмийлаштириш атрофидаги муаммоларни ҳал қилиш лозим, одамлар ташкилий ёлланиш орқали ишга боришга қизиқсин, - дейди Батиржан Шермуҳаммад.

Мигрантларни етказиб бериш учун пора

Хусусий бандлик агентликлари хорижда иш излаётган мигрантлар ҳамда ишчи-ходимларни излаётган хорижий компанияларга пуллик хизмати кўрсатадилар. Хизмат ҳақи энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг деб белгиланган (184.300 сўм ёки $23)

Валентина Чупик. Facebook саҳифасидаги фотосурат
Мигрантлар учун бепул юридик хизматлар кўрсатувчи Валентина Чупик 23 доллар нархни номзодлар учун мақбул деб ҳисоблайди. Унга кўра, Россиядаги кадрлар агентликлари қуйи малакали персонални топиб бериш учун 2000 рублдан 4000 рублгача, яъни 30 доллардан бошлаб хизмат ҳақи оладилар.

Унга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига қараганда хусусий агентликлар орқали ташкилий ёлланиш “ҳар қанақасига яхшироқ бўлади”.

- Мигрантларнинг ташкилий ёлланишига ишонмайман, бироқ Ўзбекистондаги хусусий бандлик агентликлари иш берувчилар билан алоқа ўрнатиб, (Ўзбекистонда қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган) меҳнат миграциясини ташкиллаштириш қоидасига эътибор бермай иш олиб боришларига умид қиламан, чунки бу қоидаларга риоя қилиб бўлмайди.

Бордию, ХБАлар ҳақиқий бўлмаган, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида ишлайдиган мулозимларнинг хотинларига ёки жиянларига қарашли “дўкон”га айланган тақдирда ҳам яхши бўлади, негаки улар ўртасида рақобат бўлади ва мигрантлар учун тўловларни пасайтирадилар. Шундай қилиб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида мигрантлардан Россияда ишга жойлаб қўйиш имконияти учун пора олишга имконият қолмайди, - дейди Чупик.

Юрист, шунингдек, қонун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги зиммасига юкланган вазифаларни яхши бажара олмагани ҳамда меҳнат бозорида обрўсини йўқотиб қўйгани учун қабул қилинди, деб ҳисобламоқда.

- Интернет майдонида 2003 йилда чиққан мақола бор, унда Ўзбекистонда ташкилий ишга одам ёллаш атрофида юзага келган жанжал ҳақида ҳикоя қилинади. 2003 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тузилганида, унинг ходимлари турли мамлакатларга сафарга чиқиб шартномалар туза бошлайдилар. Бироқ улар фақат Корея билан шартнома тузишга эришдилар ва бу воқеа катта тантаналар билан ёритила бошланди. Шундай сўнг Австралиянинг бандлик агентлиги Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан муносабатлари тарихини чоп этди. Маълум бўлишича, ўзбек мутасаддилари у ерга мигрантларни етказиб бериш учун пора таъма қилишган экан. Ишлашга яхши шароитлар ва яхши маош таклиф қилган Австралия пора тўлашга рози бўлмаган ва жанжал кўтарилган, - дейди Чупик.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали ташкилий ишга ёлланиш меъёрлари тўғрисида сўз юритиладиган бўлса, бу мисол учун, мигрантни нафақат иш ва маош билан, балки ётарга жой, уч маҳал овқат ва иш берувчи ҳисобидан медицина хизмати суғуртаси билан таъминлаш тушуналади. Иш берувчилардан камдан-ками бунақа шартларга кўнадилар. Бажарилиши қийин бўлган талаблардан яна биттаси –ўзбек тилига таржима қилинган ҳамда иш берувчи фирмаси таъсис этилган мамлакатдаги Ўзбекистон элчихонасида тасдиқланган шартномадир.

- Британиянинг Exxon Mobil Corporation корпорацияси раҳбари Россиядаги объектига ишчи олмоқчи бўлса, Лондондаги Ўзбекистон элчихонасига бориб, шартномаларни тасдиқлатиши ва ўзбек тилига таржима қилдиришини тасаввур қила оласизми? – дейди юрист.

Ва бу Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан иш берувчига қўйган талабларнинг охиргиси эмас.

Бу каби ажабтовур талаблар қоидага нега киритилгани ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тўғрисидаги қонун нега янгиланмайди, деган саволга Валентина Чупик эҳтимол бунақа шартлар атайлаб бирорта ҳам мигрант, мисол учун, Россияга қонуний тарзда кета олмаслиги ҳамда давлат мигрантлар учун масъулиятни ўзининг зиммасига юкламаслиги учун яратилган бўлиши мумкин, деб жавоб қилди.

- Сиз ўзбек мутасаддиларининг мигрантларга нисбатан ҳаёсизлик даражасини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Нега қонунчилик меъёрлари янгиланмайди? Ўзбекистонда 27 йил давом мустақиллик давр мобайнида 8.864 та қонун қабул қилдилар. Россияда бир йилнинг ўзида кўпроқ қонунлар қабул қилинади! Гап шундаки, Ўзбекистонда ҳамма нарса ўзаро муносабатлар даражасида тартибга солинади, шунинг учун ҳам бу ерда ҳеч ким қонунларни ўзгартиришни истамайди, - дея хулоса қилди юрист.

* * *

Ташкилий одам ёллаб хорижга жўнатиш ишини хусусий қўлларга топширилиши агентликлар ўртасида рақобатни келтириб чиқаради ва оқибатда мигрантлар учун яхшироқ шароитлар яратилишига олиб келади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги йўналиши орқали монополияли ташкилий одам ёллашдан самаралироқ бўлиб қолади. Эҳтимол, хусусий бандлик агентликлари мигрантлар учун ёқимли бўладиган схемани яратиши ва мигрантлар Россияга ўз ҳолича, мустақил тарзда боришдан воз кечишлари мумкин бўлиб қолади.

Екатерина Иващенко

“Фарғона” ахборот агентлиги