16:44 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Салбий сценарий. Спилберг ва Скорсезе нега кино олгани Ўзбекистонга келмаслиги ҳақида

02.10.2018 09:36 msk

Егор Петров

Ўзбекистонда киносъёмка. Instagram dilraborajabova фотоси

2017 йилда Россиянинг “Биринчи канали”да “А у нас во дворе” (“Бизнинг ҳовлимизда”) сериали намойиш этилди, унда Россия телевидениесида илк бор мигрантлар ҳаёти ёритилди. Икки бош қаҳрамон: келиб чиқиши москвалик йигит ва ўзбекистонлик фаррош аёл қарама-қаршиликлар ва жуда ҳам турли бэкраундларга қарамай тасодифан ажабтовур дуэтда бирлашадилар, тил топишган ҳолда бир нечта жиноятларни фош этадалар. Сериал телетомошабинлар эътиборини қозониб, муваффақият қозонди ва ҳатто танқидчиларга ҳам ёқди, бош ролни ўйнаган Сергей Пускепалис эса– “Энг яхши ТВ актёри” номинациясида “Золотой Орёл” Россия миллий киномукофотини қўлга киритди.

“Биринчи канал” “АТВ” телекомпаниясига кинонинг давомини суратда олишни таклиф қилганда компаниядагилар иккинчи мавсумнинг биринчи сериясини Ўзбекистонда суратга олишга қарор қилдилар. Биринчи мавсумнинг сўнгги серияси 2014 йилда айнан Тошкентда суратга олинган бўлиб, киносъёмка гуруҳида энг яхши таассуротлар шаклланганди. Бироқ бу сафар “АТВ” Ўзбекистондан ҳафсаласи пир бўлиб қайтди.


Равшана Куркова ва Сергей Пускепалис «А у нас во дворе» сериалида

Кино соҳасидаги ўзгаришлар

Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистонда барча соҳаларда жадал ўзгаришлар содир бўлди ва киноиндустрияси ҳам бу жараёндан четда қолмади. Президент қарорлари билан кинокартиналар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича режалар тасдиқланди (2018 йилда 20 тадан 2020 йилда 30 тагача). Ҳужжатли фильмлар учун ҳам худди шундай ўсиш суратлари белгиланди, мультфильмлар учун эса бундан-да каттароқ тезлик белгилаб берилди: 2018 йилда 15 тадан 2022 йилда 50 тагача.

Мамлакатда бозор аҳволини қайд этиш учун электрон чипталар тизимининг жорий этилишини кўзда тутган ҳолда ягона кинопрокат тармоғини ташкил этиш режалаштирилган. Расмийлар 2019 йилнинг охиригача махсус намунавий лойиҳалар бўйича 50 дан зиёд кинотеатрларни қуришга ваъда қилмоқдалар. Лойиҳада иштирок этмоқчи бўлган тадбиркорларга 7 фоизли кредитлар ажратилади.

Киносоҳа ислоҳотининг энг муҳим йўналишларидан бири – мамлакатда ишлаб чиқарилган кинофильмларни халқаро бозорга олиб чиқиш. “Ўзбеккино” ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига ҳамда бошқа қатор идораларга энг яхши киноларни етакчи жаҳон фестивалларига тақдим этиш вазифаси юкланган. 2017 йилнинг ўзидаёқ машҳур Канн кинофестивалининг узвий қисми саналган Канн кинобозорида Ўзбекистон миллий павильони очилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда нафақат ўзлари ишлаб чиқарган киноларни бошқа мамлакатларда сотиш, балки республикада кинотуризмни ривожлантириш вазифаси ҳам қўйилди. Мамлакатга хорижий кинокомпанияларни жалб қилиш учун машҳур тарихий обидалар ҳамда манзарали ландшафтлардан фойдаланишга қарор қилинди. Ҳукумат хорижий киносъемка гуруҳларини тарихий объектларда фильмни суратга олиш учун тўловлардан озод қилди, бунинг эвазига улар фильм титрларида мамлакат ва объектнинг номи кўрсатилган алоҳида кадр қўйиб кетишлари шарт қилинди. Расмийлар, шунингдек, дронлар ёрдамида киносъёмкаларга рухсат бериш процедурасини соддалаштириб бердилар.

Президент қарорларидан бирига мувофиқ, кинотуризмни ривожлантириш ҳамда хорижий кинокомпанияларига ишлаб чиқариш ва техник кўмак кўрастиш мақсадида 2018 йилда “Ўзбеккино” қошида нотижорат ташкилот шаклида Миллий кинокомиссия тузилди. “АТВ” Ўзбекистонда киносъёмка ташкил этишга уринган пайтда айнан ушбу янги тузилма билан келиша олмай, анча қийинчиликларни бошидан кечирди.

Монополия билан тўқнашув

Россиялик продюссерлар “Ўзбеккино”дан съёмка учун рухсат олиб, съёмка жараёнига тайёрланишни бошладилар. Улар Ўзбекистонда кинони суратга оладиган жойларни топган, кастингларни ўтказган одамни топдилар ва ҳамма нарса деярли тайёр бўлганида, кинокомиссия вакиллари пайдо бўлдилар ва “АТВ” гуруҳига қатор талабларни қўйдилар. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, съёмкага берилган рухсатнома бекор қилинишини ҳам эслатиб ўтдилар.

“АТВ” бош директори Анатолий Малкин “Фарғона” агентлигига айтиб беришича, кинокомиссия раҳбарияти россияликлар маҳаллий фуқароларни ишга ёллаш, техникани ижарага олиш ва локация жойларини танлаш ишларини фақат кинокомиссия воситачилигида амалга ошириши, шу билан бирга, нархларни ҳам фақат кинокомиссия белгилаб бериши шарт бўлишини маълум қилган. Қизиғи шундаки, кинокомиссия белгилаб берган нархлар Москва нархларига қараганда икки-уч баробар юқори бўлиб чиқди. “АТВ” вакиллари актёрлар билан бир смена учун 50 доллардан иш ҳақига келишгани ҳам кинокомиссияга маъқул келмай, нархни 200 долларга кўтарди.


Анатолий Малкин. АТВ телекомпаниясидан олинган кадр

Ўзбекистон томони талабига кўра, “АТВ” ҳисоб рақами очиши ҳамда кинокомиссия съёмкаларни ташкил этишга сарфлайдиган пулларни ўша ҳисоб рақамига ўтказиши, шунингдек, кинокомиссияга съёмкага сарфланадиган маблағлар сметасини тасдиқлаш учун тақдим этиш шарт қилинган. Бундан ташқари, ташкилотдан съёмка гурҳига ижрочи продюсер ва бухгалтер бириктириб қўйилиши зарур деб билдирган. Бухгалтернинг ўн кунлик ишига москвалик ҳамкасбининг бир ойлик иш ҳақига тенг маош белгиланиши лозимлиги кўрсатилган, дея таъкидлайди Малкин.

“Мен комиссияга улар нотижорат ташкилоти бўлгани учун улар билан шартнома туза олмаслигимни айтдим. Чунки мен пулларни каналдан оламан, бу бюджетнинг маблағи, мендан ҳисобот талаб қилишади. Мен бу ердаги нархлар бизникига қараганда икки-уч баробар қимматлигини қандай тушунтираман? Ўзбекистонда шунақа экан, дейманми? Бунақа эмаску”, - дейди “АТВ” бош директори.

Шу билан бирга, съёмкаларни ташкил қилиш жараёнининг бошланишида россияликлар кинокомиссия шартларига кўниш ҳамда ўзбек томони таклиф этган барча мутахассисларни ёллашга рози ҳам бўлиш имкониятини кўриб чиқдилар. Бироқ кейинроқ маълум бўлишича, киносъёмка гуруҳининг барча аъзолари, шу жумладан, буфетчи аёл ҳам фақат Тошкентда ёлланиши ва Самарқандга россияликлар маблағи эвазига олиб борилиши шарт қилинган. Кинокомиссия билан музокараларда иштирок этган “АТВ” продюссери Кристина Лежанскаянинг айтишича, буфетчи аёлни Самарқанддан топиб бўлмайдими деган саволга, самарқандлик буфетчи аёл ишдан вақтли кетиб қолиши ёки умуман ишга чиқмай қолиши мумкин, тошкентлик буфетчи аёл эса бундай қилмайди, деган жавобни олган.

Кинокомиссия вакили қўлида сценарий билан киносъёмка майдончасида туради, агар сценарийдан арзимас даражада оғиш бўлса, съёмка тўхтатиб қўйилади, деган талаб қўйилганди, пичоқ суякка бориб қадалди. Шундан сўнг Малкин “Ўзбеккино” раҳбари Фурқат Зокировга бир нечта мактуб йўллаб, кинокимиссияни тузиш тўғрисидаги қарорда комиссия хорижий киногуруҳларга кўмак беришга ваколатли бўлиб, у ҳеч қанақасига кўрсатма берувчи орган эмаслиги айтилганини кўрсатиб ўтди. Бунга жавобан Зокиров “АТВ” учун киносъёмкага берилган рухсатнома бекор қилинганини маълум қилди.


Ўзбекистонда Россия сериалининг съёмкалари. Kinopoisk.ru сайти фотоси

Қонунлардан нажот излаб

Қизиғи шундаки, ўзбекистонлик кинотўраларининг баъзи талаблари қонунларга асосланади. Мисол учун, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 2012 йилги қарорида хорижий кионогуруҳ суратга олаётган материал тасдиқланган сценарийдан фарқ қиладиган бўлса, фильмни суратга олиш тўхтатиб қўйилиши мумкинлиги айтиб ўтилган. Агар киногуруҳ ушбу фарқланишни бартараф этмаса, рухсатнома бекор қилинади.

Бироқ Ўзбекистон кинокомиссияси вакиллари молиявий назорат ва барча ходимларнинг номзодлари ва уларнинг маошлари бўйича қўяётган талаблари нималарга асосланиши тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Биз кинокомиссияга бу каби ваколатлар берилгани борасида бирорта меъёрий ҳужжат топа олмадик. Умуман олганда, миллий кинокомиссия тилга олинган расмий ҳужжатлар ичида биргина президентнинг 2017 йилги қарори бўлиб, унда ҳам кинокомиссияга биргина жумла ажратилган, холос.

“Фарғона” таҳририяти кинокомиссияга мурожаат қилиб, бўлиб ўтган ишларни шарҳлаб берилишини сўради, бироқ на ёзма мурожаатга ва на ташкилотга қилинган телефон қўнғироқларига жавоб бўлмади. “Ўзбеккино” раҳбарининг муовини Шуҳрат Ризаевнинг билдиришича, у кинокимиссия тузилгани ҳақида эшитган, бироқ унинг фаолияти бўйча ҳеч қандай маълумотга эга эмас. “Ўзбеккино” раҳбари Фурқат Зокировнинг ўзи телефон орқали “АТВ”га берилган рухсатнома бекор қилингани, негаки Россия компанияси зарур ҳужжатларни, хусусан, постановка-календарь режаси тақдим этилмаганини маълум қилди. У шунингдек, оширилган нархлар ҳақидаги шикоятларни рад этди. Унга кўра, шу йилнинг ўзида бўлиб ўтган Ўзбекистонда Россия киноси ҳафталигида Россиядан келган продюссерлар республикада киносъёмкаларни ташкил этилишига белгиланган нархлардан мамнун бўлишганини айтди. “Биз ҳар қанча истасак ҳам ҳечқанақасига нархларимизни Россияникидан юқори қўя олмаймиз”, - деди кино мутасаддиси. “Қайси норматив ҳужжатга таяниб “АТВ” компаниясига смета тақдим этиш ва ҳисоб рақами очиш талабини қўйдингиз?” – деган саволга жавобан Зокиров телефон гўшагини ташлаб юборди.


Фурқат Зокиров. Ўзбекистон Халқаро пресс-клуби фотоси

Хорижий киногруппаларнинг республикадаги фаолиятини тартибга солувчи Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилги қарорига мувофиқ, рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиш мумкин. Агар суд мазкур қарорни асоссиз деб топса, “Ўзбеккино” хорижий кинокомпанияга моддий зарарни қоплашга мажбур бўлади.

Малкинга кўра, киносъёмка гуруҳининг аъзоларига йўлга чипта сотиб олиш учун деярли бир миллион рубль сарфланган ($15 минг). Шунга қарамай, “АТВ” судга мурожаат қилмоқчи эмас. “Мен юристга ҳужжатларни кўрсатдим. У рухсат асоссиз бекор қилинган, бироқ сиз Ўзбекистонда судлашиш нималигини тушунсангиз керак, деб айтди. Мен, ҳа тушунаман, Кушчевкада ҳам судлашганман (Россиядаги Кушчевка станицаси, у ерда кўп йиллар давомида кучишлатар тузилмаларининг ҳомийлиги остида жуда қудратли криминал мафия фаолият юритиб келган. – “Фарғона” изоҳи), дедим. “Суд шунақанги ўтганки, у ердан мухбирни зўрға олиб чиқиб олганман, судья сал бўлмаса бу одамни қамаб қўймоқчи бўлди. Ўзбекистонда ҳам аҳвол шунақа. Мен у ерга бормайман, менга кераги йўқ. Тағин мени хатларимдан бирортасида кимнидир ҳақорат қилди, деган айблов билан жавобгарликка тортиб қўйишмасин, у ерда бунақа ишларни амалга ошириш осон”, - дейди продюсер.

Бой берилган имкониятлар

Чет эллик кинематографистларни съёмкалар учун жалб этиш баъзи мамлакатларга мўмай даромад келтирадиган соҳа саналади. “Тахтлар ўйини” (Game of Thrones) cериали суратга олинган Шимолий Ирландияни ёрқин мисол сифатида келтириш мумкин. Ушбу лойиҳа мамлакат иқтисодиётига 200 млн доллардан зиёд даромад келтирди, 2,8 минг ишчи ўринларини яратишга имкон берди ҳамда 2016 йилнинг ўзида кионфильм суратга олинган жойларни томоша қилмоқчи бўлган 100 мингдан зиёд туристларни жалб этди.

“Узуклар ҳукмдори” трилогиясининг съёмкаларидан кейин Янги Зеландия ҳам худди шунақанги даромадларга эга бўлди. Мамлакат 200 млн доллардан кўпроқ пул ишлаб олди ҳамда кинотуризм бозоридаги позициясини анча мустаҳкамлаб олди. Лойиҳа томонидан жалб этилган туристлар маҳаллий иқтисодиётга йилига 30 млн доллар даромад келтиришмоқда. Марокаш ҳам хорижий компанияларни таклиф этиш ортидан яхшигина пул ишлаб оляпти. Иқлими Ўзбекистонникидан унча фарқланмайдиган бу мамлакатда “Лоуренс Арибистоний”, “Гладиатор”, “Александр”, “Осмон салтанати”, “Мўмиё” каби машҳур фильмлар суратга олинган. 2016 йилда мамлакат хорижий съёмкалар ортидан $40 миллионга яқин пул ишлаб олган.

Ўзбекистонда ҳам хорижий кинокомпаниялар учун жозибали майдончага айланиш учун барча имкониятлар мавжуд, бу мамлакатда машҳур тарихий обидалар, дабдабали меъморий мажмуалар жойлашган, мамлакатда манзарали ландшафтлар кўп бўлиб, йилнинг аксарият вақтида қуёш порлаб туради. Бироқ хорижий мамлакатларни жалб этиш учун бошқа омиллар ҳам зарур: бюрократиянинг йўқ бўлиши, тартибга солиш қоидаларининг шаффофлиги, ёқимли нархлар ва маҳаллий мутахасссисларнинг профессионаллиги. Бу соҳада муаммолар қолар экан, Ўзбекистон пул ишлаб олиш, янги ишчи ўринларини яратиш ва мамлакатни туризм бозорида илгари суриш имкониятини қўлдан бой бериб келаверади.

“Ахир биз Самарқанднинг бутун кўркини кўрсатмоқчи эдик. Сериалимизнинг биринчи мавсуми сценарий бўйича айнан ўша ерда ниҳоясига етган, - дейди Кристина Лежанская. – Бизнинг гуруҳимиз бу сафарни интиқлик билан кутганди, фильмнинг бош қаҳрамони Равшана Куркованинг ўз ҳам Ўзбекистонда туғилган. Томошабин фильм билан таниш, сериални ёқтириб, давомини кутган. Биз бу шаҳарни қаерда ўхшатиб кўрсатиш ҳақида узоқ ўйладик ва Боғчасаройга боришга қарор қилдик. Бу ишлардан кинокомиссия вакиллари қанақа фойда олганлари биз учун қоронғи бўлиб қолди”.

Егор Петров

Международное информационное агентство «Фергана»