16:22 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Кун-кундан баттарми? Москвада миграцияга оид қонунчилик муҳокама қилинди

26.09.2018 17:28 msk

Екатерина Ивашченко

Ишчи-мигрантлар. Molbulak.ru сайти фотоси

Москвада 20-21 сентябрь кунлари “Миграция ва халқаро ҳуқуқ” дея аталувчи халқаро конференция бўлиб ўтди. Европада 2015-2016 йилларда авж олган миграциявий инқироз халқаро ва миллий ҳуқуқ меъёрлари, миграциявий қонунчилик ва ҳуқуқ меъёрларини қўллаш, шунингдек, қабул қилувчи давлатларнинг миграцияга оид сиёсатида ахлоқий меъёрлар ва прагматик кўрсатмалар ўртасидаги коллизияларни очиқлаб қўйди. Экспертлар Россияда ҳам худди шу каби вазият кузатилмоқда деган ягона фикрга келдилар: мигрантларнинг ҳуқуқлари иккинчи даражага тушириб қўйилмоқда, Россия қонунлари эса халқаро қонунлар билан мос келмаяпти.

Ҳаммада қочоқ бўлса, бизда – ноқонуний мигрант

Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг Назарий ва амалий сисёсатшунослик маркази директори Владимир Малахов қайд этишича, миллий қонунчилик халқаро ҳуқуқ устиворлигини тан олади, бироқ унинг фойдаланиш қисмида муаммолар мавжуд. Эксперт “қочоқ” тушунчасини мисол тариқасида келтирди: халқаро ҳуқуқ соҳасида ушбу тушунча остида таъқибдан қутилмоқчи бўлаётган, урушдан қочаётган одам назарда тутилса, Россия миллий қонунчилигида “бошпана излаётган шахс” тушунчаси қўлланади ва бу шахс токи бошпана бериш тўғрисида ариза бермагунча қочоқ саналмайди, одатдаги ноқонуний мигрантлигича қолади.

Экспертга кўра, кўп ҳолларда миграция масалалари сиёсийлаштирилади, бу масалани ёритиш билан шуғулланадиган медиа эса “алармистик кун тартибини” шакллантирмоқда. “Агар биз кўриб турган манзарадан келиб чиқадиган бўлсак, унда бугунги кунда Европадаги қочоқлар атрофидаги вазият 2015 йилдан бери ҳеч қанақасига ўзгармаган деган хулосага келишимиз мумкин. Бироқ фактлар Европага келган одамлар сони ўша пайтга қараганда икки баробарига камайганини кўрсатмоқда. Муаммони ҳал қилса бўлади, бироқ популистларнинг вайсашига ишониладиган бўлса, муаммонинг ечими йўққа ўхшаб қолади”, дея қайд этади Малахов.

ИИВ ташкиллаштирилган ишга қабул қилишни ёқтиради

РФ ИИВ Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Валентина Казакова Россиядаги аҳвол ҳақида сўзлаб берди. Мигрантларнинг миқдорига Украинадаги воқеалар таъсир қилган олдинги йилларга нисбатан миграция оқими сўнгги икки йилда анча барқарорлашди. Казакова тақдим этган маълумотларга кўра, бугунги кунда Россиядаги 17,5 млн чет эл фуқароларидан 65 фоиздан кўпроғи МДҲ фуқаролари бўлиб, бор-йўғи 8,6 фоизи Европа Иттифоқи фуқароларидир. Кўпчилик Россияга кириш сабабини хусусий сафар қилиб кўрсатмоқда, 22% - ёлланиб ишлашни мақсад қилиб олган.


Валентина Казакова. Russiancouncil.ru сайти фотоси

Ишга ташкиллаштирилган тартибда ёлланмоқчи бўлган биринчи мигрантлар ҳамда мигрантлар билан ишлашнинг ушбу схемаси ҳақида “Фарғона” ўзининг “Тракторчи чеварга айланмоқда. Ўзбекистондан Россияга мигрантларни ташкилий тарзда ёллаш қандай кечмоқда” мақоласида ўқишинингиз мумкин.

Казакова қайд этишича, патент олиб ишлайдиган меҳнат мигрантларининг сони 1,7 млн кишини ташкил этади, яна 135 минг киши (Вьетнам, Хитой, Туркия фуқаролари) меҳнат рухсатномалари бўйича ишлайдилар.

- Миграция масалаларида замон билан ҳамнафас бўлишимиз кераклигини тушунамиз. Бугунги кунда мигрант ҳужжатларни расмийлаштириш учун бир ой овора бўлади, шу давр мобайнида у расмий равишда ишлашга ҳаққи йўқ. Ушбу йўналишда ташкиллаштирилган ҳолда ишга ёллаш бўйича халқаро битимларнинг тузилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Мазкур йўналишдаги биринчи битимни Ўзбекистон билан туздик. Бу схема бўйича мигрант қайси иш берувчига боришини билади, тиббий кўрикдан, рус тили имтиҳонидан ўз юртида ўтади, - дейди мутасадди амалдор.

Мигрантлар билан иш олиб боришнинг иккинчи муҳим йўналиши сифатида Валентина Казакова Россияга келаётган одамларнинг интеграциясини кўрсатиб ўтди. “Ҳозир ушбу масалани ҳал қилиш учун мослашув ва интеграция тўғрисидаги федерал қонун ишлаб чиқарилмоқда, унда мамлакатга турли мақсадлар билан келаётган чет эллик фуқароларнинг мослашуви учун шароитлар яратишни давлат ўз зиммасига олиши кўрсатилади. Агар бу меҳнат мигранти бўлса, мослашуви кифоя. Бордию, инсон узоқ муддатни кўзлаб келса, унда бу интеграция бўлади”, - дея қайд этди мутасадди.

Янги миграция кодекси ҳақида сўз юритиладиган бўлса, у ҳозирча ишлаб чиқариш жараёнида, деди Казакова. ИИВ Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси раҳбари Ольга Кириллова сентябрда ТАСС ахборот агентлигига интервьюда мазкур ҳужжат 2025 йилга қадар тайёрланади деб айтганди.

Казакова шунингдек, миграция ва миллий хавфсизлик мавзусида ҳам тўхталиб ўтди. Унга кўра, “миграция терроризм ва экстремизм таҳдидларини келтиради ва агар миграцияни тартибга солишнинг имконияти бўлмаса, Европада кузатаётганимиз каби офатга дуч келишимиз мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун дактолоскопия, ИИВ маълумотлар базаси бўйича текширув ҳамда халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик каби белгиланган фильтрлар жорий этилади”, - дея аниқлик киритди РФ ИИВ Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси раҳбарининг ўринбосари.

Мигрантлар қабул қилинаётган қарорларга таъсир кўрсата олмайдилар

“ПСП-Фонд” хайрия жамғармасининг (Санкт-Петербург) ходими Андрей Якимов қайд этишича, миграция соҳасидаги миллий қонунчилик талаблари борган сари қаттиққўллашиб бормоқда, бу эса нафақат мигрантларнинг ҳуқуқий аҳволига салбий таъсир кўрсатади, балки иқтисодиётнинг яширин секторга ўтиб кетишига олиб келади.

- Ҳуқуқий меъёрлар тез-тез алмашиб тургани боис мигрантлар уларга қўққисдан тўқнаш келадилар, шунинг учун ҳам охир-оқибат нолегалларга айланиб қоладилар. Россияда миграция миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилгани боис вазият янада мураккаблашмоқда. Бундай кўзқарашлар айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хос бўлиб қолган, - дея қўшиб қўйди Якимов.

Эксперт халқаро битимлар ва миллий қонунчилик ўртасида зиддиятлар муаммосига алоҳида тўхталиб ўтди. Муаммо нафақат халқаро конвенциялар, балки мамлакатлараро битимларга ҳам тегишлидир. Мисол учун, Евросиё иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномада ушбу ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ҳамма фуқароларига тенг ижтимоий кафолатлар, шу жумладан, ижтимоий суғурта тизимидаги кафолатларни тақдим этилиши кўзда тутилган. Бироқ амалда Россия ЕОИҲ мамлакатлари фуқароларининг фарзандларини россиялик болалардан фарқли ўлароқ ижтимоий суғуртадан маҳрум этиб қўйган, чунки Россия қонунчилигида тегишли қонуности акти йўқ.

Якимов шунингдек, миграцияга оид қонунлар ишлаб чиқариш жараёнида турли субъектлар манфаатларининг устиворликлари ҳақида сўзлаб берди. ИИВ, Меҳнат вазирлиги, ФАДН (Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлиги) манфаатлари биринчи ўринда туради. Шунингдек, “миграцияни тартибга солиш бўйича ваколатлари борган сари кўпайиб бораётган” Москва ва Москва вилояти каби РФ субъектларининг фикрлари инобатга олинади.

- Мигрантларнинг ўзлари қарорларнинг қабул қилинишига қанчалик таъсир ўтказа олишлари тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Айни пайтда уларнинг манфаатларини ким ҳимоя қилмоқда? – дея риторик савол беради эксперт.


“Миграция ва халқаро ҳуқуқ” конференцияси Екатерина Ивашченко фотоси «Фарғона»

Ҳозирча мамлакатда мигрантларга муносабат кўп қиррали, яъни ҳам салбий, ҳам ижобий бўлиб қолмоқда, интеграцияга ксенофобия, интституционал дикскриминация халақит бермоқда, миллат ва мигрантнинг ҳуқуқий мақоми ишга ёллаш ёки ижара пайтида устивор жиҳатга айланмоқда.

- Шунга қарамай, Россияда миллий қонунчиликни ислоҳот қилиш учун кураш кетмоқда. Унга, шу жумладан, мигрантларнинг ҳимоясига отланган жамоатчилик ташкилотлари қўшилган, экспертлар фикрига қулоқ солинмоқда, ҳатто ИИВ томонидан таклиф этилган миграция сиёсатининг концепцияси қабул қилинмади ва бу некбин бўлишимизга асос бўлмоқда, - дея хулоса қилди Андрей Якимов.

Ҳар йилги чекловлар

Россия миграциясига оид қонунчилигига ўзгартиришлар киритиш мавзусини мигрантлар учун бепул юристлик қилувчи Валентина Чупик давом этди. Унга кўра, қонунлар “жуда тез суратларда ва фақат қаттиққўллаштириш тарафига ўзгармоқда”. Мисол учун, мигрантларнинг ҳуқуқий аҳволи тўғрисидаги қонунга 2002 йилдан бери 91 та ўзгартириш киритилган( улардан саккизтаси шу йилнинг ўзида). Миграциявий ҳисоб тўғрисидаги қонунга 2006 йилдан бери 49 та ўзгариш киритилган (олтитаси шу йилда).

Шундан сўнг Чупик киритилаётган ўзгартиришлар мисолида қонунлар нечоғлик қаттиққўллашганини кўрсатиб берди. Мисол учун, 2003 йилгача Россияда мигрантлар учун миграция учёти тушунчаси йўқ эди, 2003 йилда ҳақиқий яшаётган жойида рўйхатга олиш зарурати туғилди. 2007 йилдан 2012 йилгача рўйхатга олиш расмиятчилик характерига эга эди, бироқ 2014 йилдан бошлаб вазият ёмонлаша бошлади.

Олий суд рўйхатга олинган жойни ўқиш, иш ёки жойига боғлаб қўядиган қарорини чоп этди. Жорий йилнинг июнида ўқиш ёки иш жойида рўйхатга олиш имконияти йўқ қилинди, мигрант фақат амалда яшайдиган жойдагина рўйхатдан ўтиши мумкин, деган меъёр қолди, холос.


Валентина Чупик тақдимотидан кадр

- Бу фожианинг ўзгинасидир, мигрантларни миграция учёти механизмлари йўқ бўлган Россияда рўйхатдан ўтиш имкониятидан маҳрум қилдилар. Ижара берувчини мигрантларни рўйхатдан ўтказишга мажбурлайдиган механизм йўқ. Одамлар легаллашув имкониятидан махрум бўлдилар, бу уларнинг патент ололмаслигини, Россия бюджети эса даромаддан қуруқ қолишини англатади, - дея қайд этди юрист.

2014 йилда мигрантларнинг мамлакатга киритилишига чекловлар пайдо бўлди. Чекловлар икки ёки ундан зиёд маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда қўллана бошланди. Мигрантлар асосан Россия ҳудудида бўлиш муддатларини бузганлари ҳамда ишлаш ёки яшаш жойида рўйхатдан ўтмаганлари учун тақиқ остига олинмоқда. 2014 йилда мигрантлар учун 90/180 дея номланган чеклов киритилди, унга кўра, “визасиз тартибдаги” мамлакатлар фуқаролари Россияда 180 кун давомида фақат 90 кун бўлишлари қонуний саналадиган бўлди.

Шундан сўнг агар мигрант мамлакат хавфсизлигига таҳдид қилаётган бўлса, уни умрбод мамлакатга киритмаслик тўғрисидаги моддалар қўшилди. Мисол учун, Валентина Чупикнинг номаълум сабабларга кўра Россияга 99 йил давомида киритилиши тақиқланган мижози бор. Худди шунақа номаълум сабабларга кўра тақиқ остига олинган мижоз Россия фуқаросига ўйланган бўлиб, унинг олтита фарзанди бор.

Бундан ташқари, 2007 йилдан бошлаб мигрантлардан мажбурий тиббий суғурта (ОМС) полисларини талаб қила бошладилар. Бу полисларни мигрант иш берувчининг Ижтимоий фондга ўтказмалари ҳисобига расмийлаштириши мумкин бўлиб қолди. Бироқ 2011 йилдан бошлаб ОМСга пул ўтказишлар тўхтатиб қўйилди, 2015 йилдан бошлаб эса ижтиёрий тиббий суғуртани (ДМС) олиш мажбурий бўлиб қолди. 2016 йилда Чупик маълумотига кўра, “коррупция механизмлари бор кучи билан ишлай бошлагани боис 600 рубллик ДМС полислари беш мингдан сотила бошланди. Бироқ бу полис ҳеч нарсани қопламайди, мигрант бошқа полисни сотиб ололмайди, негаки уни патентни расмийлаштириш учун қабул қилишмайди”.


Валентина Чупик тақдимотидан кадр

Қонунлар қатиққўллаша бошлаган яна битта соҳа – чет эллик фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинилиги бўлиб қолди. 2007 йилгача бу соҳада чекловлар йўқ эди. Кейин уни Россия субъекти чегаралари билан чеклаб қўйдилар. 2014 йилдан бошлаб “коммендантлик соати” қўллана бошланди – тунги соат 23.00 дан кейин мигрант яшаш жойидан бошқа ерда қўлга олинса, депорт қилина бошлади. Чупик қайд этишича, сўнгги фурсатгача у суд тартибида ушбу амалиётга қарши муваффақиятли равишда курашиб келган, бироқ сўнгги иккита судда ютқазиб қўйган.

- Шундан сўнг рўйхатдан ўтилган жойда яшамаган ёки патентда кўрсатилган иш билан шуғулланмаётган мигрантларга нисбатан репрессия тўлқини бошланди. 2018 йилдаги депортацияларнинг энг кўп учраган сабабларидан бири – мигрантни тўхтатиб текширувдан ўтказилганда ёнида ҳужжатлари бўлмаган. 2016 йилда Олий судда биз ютган ишда ҳужжатларнинг чўнтакда бўлмагани ҳужжатларнинг умуман йўқлигини исботламаслиги, бу одамни маълумотлар базаси бўйича текшириш ва қўйиб юбориш зарурлиги борасида тўхтамга келинган эди. Бироқ одамларни ҳамон худди шу сабаблар билан мамлакатда ҳайдашмоқда.

- Ҳар бир мигрант 7-8 ойлик миграция давомида ўртача 14 марта ноқонуний қўлга олинишларга дуч келади, кам деганда тўрт марта ундан очиқчасига пора таъма қиладилар, - дея тажрибасига таяниб хулоса қилади Валентина Чупик. – Қўлга олинган мигрантларнинг учтадан биттаси қийноқли шароитларга тушиб қолади: унга овқат, сув беришмайди, ҳожатхонага олиб чиқишмайди, тор, иситилмайдиган ёки ҳавоси дим хоналарда сақланади. Одамларни участкада саккиз соатдан ортиқ вақт давомида ушлаб турадилар, ҳолбуки бу ерда уларни қонунга кўра фақат уч соат ушлаб туришлари мумкин. Бизга мурожаат қилган мигрантларнинг бирортасига ҳам таржимон, юрист ёки консуллик ҳимоя таклиф этилмаган.

- Шундай қилиб, мигрантларнинг аҳволини тўғридан-тўғри ёки билвосита тартибга солувчи қонунлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига, Россия Конституциясига, бошқа қонунларга ва бир-бирига зид келади. Ноқонуний миграцияга қарши кураш шиорлари остида олиб борилаётган Россия миграциявий ҳуқуқ ислоҳотлари амалда мигрантларнинг нолегаллашувига таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг ҳар йили қатиққўллашуви оқибатида мамлакат малакали ишчилардан, бюджетга тушумлардан маҳрум бўлмоқда ҳамда бошқа мамлакатлар томонидан душманлик муносабатларини шакллантирмоқда, - дея хулоса қилди Валентина Чупик.

Екатерина Ивашченко

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги