16:21 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўлим водийсидаги Ажал фурсати. Қозоғистонда ёниб кетган автобус иши бўйича судда гувоҳлар сўзлай бошладилар

24.09.2018 10:03 msk

Рисжан Тулегенов

Қозоғистонда ёниб кетган автобус. 24.kz сайти фотоси

Давлат рақами Х335РСМ, 1989 йилда ишлаб чиқарилган KassbohrerSetra русусмли автобус 2018 йил 17 январида Қозоғистоннинг Жибек Жоли қишлоғидан йўлга чиқди. Салонда 57 киши бўлиб, улардан 54 нафари Ўзбекистон фуқаролари, учтаси қозоғистонлик эди. Сафардан олдин Қозоғистон фуқаролари бўлган ҳайдовчилар Барат Танатов ва Максат Пернебеков одатга кўра тиббий кўрикдан ўтдилар - ҳамшира уларни бир неча бор ўтириб-туришни сўради, қон босимни ўлчади ҳамда алкоголь тестини ўтказди. Шундан сўнг рейсга рухсат берилиши тўғрисида журналга қайд этиб қўйди. Механик транспортнинг техник созлигини текшириши керак эди, бироқ у автобусни кўрикдан ўтказдими-йўқми, номаълум. Ҳар ҳолда, ҳайдовчилар ва йўловчилар келишилган вақтда Россиянинг Қозон шаҳрига йўл олдилар.

650 литр солярка йўл охиригача етиши керак эди, акс ҳолда йўлда заправка қилиб олиш мумкин эди. Бироқ иш бунгача етиб бормади – 18 январь куни эрталаб тонгда, соат 7 га яқин автобус Ақтўбе вилояти Иргиз тумани Қалибай қишлоғи яқинида тўхтаб қолди. Бакка қуйилган “ёзги” солярка қотиб қолди ва йўлни давом эттиришнинг иложи бўлмади. Ҳайдовчилар ўткинчи машиналардан ёрдам сўрай бошладилар.


Ёниб кетган автобус. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар департаменти фотоси

Ўмишда дальнобойшиклар Иргиздан Қарабутаққача бўлган йўл кесмасини “ўлим войдийси” деб атардилар. Йўлнинг дабдабаси чиқиб кетган, бордию машина бузилиб қолса, ёрдам етиб келиши амри-маҳол эди: ҳайдовчилар ушбу йўл участкасини бошқа манзиллар орқали айланиб ўтишни афзал кўрардилар. Ҳозирги кунда йўл таъмирдан чиқарилган ва етарли даражада серҳаракат трассага айланган. Лекин ўша куни уларнинг ёнидан ўтган ҳайдовчиларнинг бирортаси ҳам Пернебеков ва Танатовга ёрдам бера олмади. “Ўша куни эрталаб соат еттида Иргиздан Ақтўбега йўлга чиқдим. Йўлда қўлларини кўтариб ёрдам сўраётган одамларни кўрдим, нарироқда йўл четида автобус тўхтаб турарди. Улар бензин сўрашди, бироқ менда бензин йўқ эди, йўлимда давом этдим”, - дея эслайди такси ҳайдовчиси Бисен Еркинбек.

“Улар ёнғинни кузатишарди, холос...”

Бир неча соат ўтиб автобусдаги йўловчилар совуқ қота бошладилар, ташқарида минус йигирма даражали изғирин ҳукм сурарди. Иккинчи қаватда сафар қилаётган ўзбекистонликлар совуқдан бир-бирларининг пинжига кириб кетдилар. Ҳайдовчи Пернебеков ухлаб қолди. Машина моторини қиздириш учун кавшарлаш лампасини ёқишга қарор қилдилар. Унинг ичига Иргизда сотиб олинган бензиндан озроқ қуйдилар (жами 5 литр бензин сотиб олинганди). Бироз ўтиб Нуржан Қирғизбаев (ёнган автобуснинг учинчи ҳайдовчиси) Танатов билан бирга йўлдан ўтаётган автобусни тўхтатиш учун йўлга югуриб чиқдилар. Улар KassbohrerSetra салонида қуюқ тутунни кўриб қолишганда ҳайдовчидан буксирга олишни сўрадилар.


Автобусда ҳалок бўлганларнинг қариндошлари суд залида. Муаллиф фотоси

Қирғизбаевнинг кўрсатмаларига кўра, автобуснинг биринчи қаватида у, Пернебеков ва Танатов билан бирга яна икки Ўзбекистон фуқароси келаётган эдилар. Барат Танатов тахмин қилишича, ўзбекистонлик йўловчилардан бири кавшарлаш лампасига тегиб кетган бўлиши мумкин, негаки Пернебеков бу пайтда қаттиқ уйқуда бўлган. Аҳвол шундай бўлганми-йўқми – буни суд аниқлайди. Расмий айбловга кўра, лампа қулаганда бензин қуйилган баклашкани ағдариб юборган ва бунинг ортида кучли ёнғин бошланган.

Пернебеков ва бошқа икки ўзбекистонлик – Аҳрор Исақов ва Исроилжон Мирзахметов автобусдан ташқарига чиқиб олишга эришдилар.

Олов саноқли сониялар ичида йўловчи сумкалари билан тўлиб кетган автобуснинг бутун биринчи қаватини қамраб олди.

Қизиғи шундаки, салондан отилиб чиққан икки йўловчи – Исақов ва Мирзахметов тўхтаган автобуснинг ичига кириб олдилар. Бу пайтда Танатов ва Қирғизбаев тўхтаган автобуснинг ҳайдовчиси билан гаплашиб туришганди. У автобусда 22 йўловчи бор эди. Уларнинг ҳаммаси Нуржан ва Барат KassbohrerSetra автобусининг ойнакларини синдираётганларини кузатиб турардилар. Пернебеков ҳушидан кетиб қолгани боис қорда ётарди.

“Биз автобус дераза ойналарини синдириб “Сакраб чиқинглар!” деб қичқирардик. Одамлар дод-фарёд қилишар, қору тутун тўлиб кетанди”.

Автобуснинг иккинчи қаватида қолиб кетган одамлар тириклайин ёниб кетдилар. 52 нафар йўловчилардан бирортаси ҳам ташқарига чиқа олмади.


Ёниб кетган автобус иши бўйича суд залида. Муаллиф фотоси

Гувоҳлар – суд залига!

Ҳозирча судланувчилар қора курсисида автобуснинг уч нафар ҳайдовчиси – Нуржан Киргизбаев, Максат Пернебеков ва Барат Танатов ўтиришибди. Айблов шунингдек, Бахадир Бердибаев ва Нурлан Телепбаевга ҳам қўйилган. Булар – носоз автобусни рейсга чиқарган механик ва транспортнинг эгаси бўлмиш “Азия Транзин Сервис” компаниясининг муассиси. Автобус ҳайдовчиларини ёнғин хавфсизлиги талабларини ҳамда икки киши ва ундан кўпроқ шахсларнинг ўлимига олиб кетган транспорт эксплуатацияси қоидаларини бузишда айлашмоқда. Телепбаевни – юридик шахс сифатида ўз вазифасини керакли тарзда бажармагани ҳамда ҳужжатларни сохталаштириб носоз транспорт воситасини эксплуатацияга қилишда айблашмоқда.

Ҳайдовчилар ва “Азия Транзит Сервис” муассиси ўзларига қўйилган айбларни тан олмаяптилар, Нуржан Қирғизбаев бўлса олдинги берган кўрсатмаларини стресс ҳолатида берганман деб олдин гапирган гапларидан воз кечди. Боз устига, судланувчилар ва уларнинг адвокатлари омон қолган икки йўловчи судга нега чақирилмади ва улар нега ишда гувоҳ мақомида қолдилар дея тушунмай туришибди.

“Аҳрорнинг айтишича, у оёғи билан кавшарлаш лампасига тегиб кетган. У кийган шимнинг пойчалари ёнганда, қор билан ўчирганди”, - дея таъкидлади судда Қирғизбаев.

Давлат қораловчиси Осман Оринбасарули гувоҳларнинг барча кўрсатмалари сақланиб қолган дея ишонтирмоқда. Бироқ бу жавоб ҳимоя томонини қониқтирмади. “Тирик қолган йўлвчилардан бири кавшарлаш лампасини тепиб юборгани боис ёнғин бошланди”, - деб билдирди адвокат Хайрулла Алимагамбетов.

Жавобгарлардан бири, машъум автобусга ижара ҳуқуқи орқали эгалик қилган “Азия Транзит Сервис” компанияси муассиси Нурлибек Телепбаевнинг жавоблари ҳам эътиборга лойиқ: унинг тан олишича, компания тузган барча шартномаларни унинг ходими Жарқинбек Қалиқулов имзолаган. У эса ёниб кетган автобусни айни пайтда қидирувга берилган Ордухан Мехтиевдан ижарага олган.

“Азия Транзит Сервис” номидан ўзингиз шартнома тузганмисиз? – сўради раислик қилувчи Ақтўбе вилояти Иргиз туман судининг судьяси Серик Махамбетов.

- Йўқ, - деди Телепбаев.

- “Азия Транзит Сервис” директори Умбетов экан, у имзолаганми?

- Йўқ. Бошқа ходим – Жарқинбек Қалиқулов имзолаган.

- У сизнинг ёки Умбетовнинг ўрнига имзо қўйишга ҳақлимиди?

- Билмайман...

Телепбаевнинг прокурор саволларига жавоби ҳам деярли шунақа эди.

- Компаниядан бирор киши йўловчи ташиш хавфсизлигини назорат қилганми, яъни масъул шахс борми? – сўради давлат қораловчиси Осман Оринбасарули.

- Йўқ, - дея жавоб берди тадбиркор.

Автобус ҳақида сўз юритиладиган бўлса, тергов босқичида ҳам унинг техник ҳолати юзасидан саволлар бор эди, боз устига унга йўловчи ташиш бўйича мунтазам бўлмаган рейслар учун лицензия ҳам расмийлаштирилмаганди.


Автобусда ҳалок бўлганларнинг қариндошлари суд залида. Муаллиф фотоси

“Товон пули талаб қиламиз!”

Аввалига суд Иргиз туман судининг биносида ўтиши керак эди, бироқ адвокатлар Иргиз ва вилоят маркази ўртасидаги масофа 400 километрдан ошиқ бўлгани ҳамда ҳимоячилар учун йўлкира оғир келгани боис уни Ақтўбега ўтказишни сўрадилар. Шу билан бирга, ҳалок бўлганларнинг қариндошлари биринчи суд мажлисидаёқ Ақтўбеда қолмасликка қарор қилдилар, негаки уларга ўзбек тили таржимони тақдим этилмади. Боз устига, улар процесс вақтида турар-жой ижарасига ҳамда адвокат хизматига пуллари етмаслигини билдирдилар.

“Биз Фарғона вилоятининг Тошлоқ қишлоғидан келдик, - дейди жабрланувчилардан бири Юлдузхон Ғаниева журналистлар билан суҳбат давомида. – Мен Ақтўбега келган 11 нафар юртдошларим орасида рус тилини тушунадиган ўзим, холос. Бироқ юридик тилни, атамаларни барибир тушунмайман”.

Жабрланганларнинг аҳволини ҳисобга олган ҳолда суд уларга икки адвокат ва икки таржимон тақдим этди. Улар шунингдек, процессни скайп орқали масофадан туриб кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Бунинг учун уларга Ўзбекистон чегарасига яқин бўлган Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариағаш туманидаги заллардан бири ажратиб берилди. Айтгандек, Туркистон вилоятидаги бошқа гувоҳлар ҳам скайп орқали кўрсатма беришмоқда. Мисол учун, “Азия Транзит Сервис” компанияси ходимлари.

Шу чоққача 11 нафар жабрланганлар судланувчилардан моддий ва маънавий зарарни ундириб берилишини талаб қилдилар.

“Туғишган акам Абдумалик ва ўғлим Элмурод ўша оловда тириклайин ёниб кетдилар”, - дейди жабрланувчи Абдуғаффор Ҳасанчиев. Юлдузхон Ғаниева ўз навбатида товон пули миқдори борасида бир тўхтамга келмаганини қайд этиб ўтди. Ёши улуғ аёлнинг ўғли ва набираси ёнғинда ҳалок бўлдилар. Унга кўра, ўшандан бери бир неча бор уларнинг телефонларига қўнғироқ қилган... ва узун гудокларни эшитган. “Одамлар ёниб кетгану, телефонлар қолган бўлиб чиқяптими? Буни қанақа тушуниш мумкин? Бизга ҳалок бўлганларнинг рўйхати керак”, - дея талаб қилди Ғаниева. Ҳайдовчилар судда билдиришларича, рўйхат куйиб кетган.

Процесс давом этмоқда…

52 нафар Ўзбекистон фуқароларининг ҳалокати Қозоғистон йўловчи ташиш соҳаси тарихида энг мудҳиш фожиа бўлиб қолди. У бу соҳадаги лицензиялашдан тортиб то хавфсизликни таъминлашга қадар кўплаб муаммоларни очиб берди. Бунга содир бўлган ҳодисадан сўнг амалга оширилган рейдлар гувоҳлик беради. Расмий органлар таъкидлашича, йўл ва транспортларнинг назорати илгари ҳам бўлган, бироқ амалда бунинг тескарисини кўриб турибмиз. Бўлган бўлса ҳам жуда ночор аҳволда.

Рисжан Тулегенов, Актобе – “Фарғона” учун махсус