19:55 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Уйдан узоқлашмай туриб. Ўзбекистондаги хорижий олий таълим муассасалари филиалларида ўқиш қандай кечаётгани ҳақида

19.09.2018 13:41 msk

Наврўз Мелибаев

Ўзбекистонлик талабалар. Uztag.info сайти фотоси

Ўзбекистонда бир йилга етмаган давр мобайнида бир нечта хорижий олий таълим муассасаларининг (ОТМ) филиаллари очилиши эълон қилинди. Уларнинг қаторида Москвадаги бешта етакчи университетлари ва институтларининг, АҚШ Вебстер университети ҳамда иккита Жанубий Корея – Ёжу Техник университети ва Пучин университетининг филиаллари бор.

Баландпарвоз баёнотлар билан чекланиб қолинмади. Ўтган йилнинг декабрь ойи охирида ҳукумат хорижий ОТМларнинг беш йил давомида барча турдаги солиқлар ҳамда давлат жамғармаларига мажбурий тўловлардан озод этилиши ҳақида эълон қилди. Бундан ташқари, уларни ягона ижтимоий тўлов ҳамда чет эллик ходимлар иш ҳақига тегишли жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилинди.

Мана шу ўқув йилининг ўзида учта ОТМ: Олмалиқда МИСиС Миллий тадқиқотчилик технология университети, Тошкентда Ёжу Техника инстиути ва Пучон университети ўз эшикларини абитуриентлар учун очиб қўйди. Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллик тарихи давомида хорижий ОТМларнинг бор-йўғи 7 та филиал очилганини эътиборга олсак, таълимнинг “чет эл стандартларига” ўтиш суратлари чинакамига кучайганини тушуниш мумкин.

Ўзбекистон олий таълим соҳаси ғарб ва Россия стандартларини жорий этиш тажрибасига эга. Ўзбекистонда таълим хизмати бозори ҳамда унинг маҳаллий давлат ОТМларидан асосий фарқи нимада экинлигини аниқлашга уриниб кўрайлик.

Ўқиш нархи қимматроқ бўлиб чиқмоқда

Тошкентдаги Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети (Россия) ва Халқаро Вестминстер университети (Британия) Ўзбекистон олий таълим бозорининг пионерлари саналади. Улар 2001-2002 йилларда, мустақиллик қўлга киритилганидан деярли 10 йил ўтиб очилган. Аввалига яхши ишлар бошлашга қўл урилгандек кўринди. Бироқ кейинги 15 йил давомида (2002 дан 2017 йилгача) Ўзбекистонда хорижий ОТМларнинг бор-йўғи 5 та филиали очилди, холос.

Бугунги кунда республикада хорижий ОТМларнинг 10 та филиали фаолият юритмоқда, уларнинг учтаси сўнги йил давомида очилди. Уларнинг дастурлари иқтисодиёт, молия, бизнес, менежмент ва иқтисодий ҳуқуққа қарата йўналтирилган. Шунингдек, техник-муҳандислик ва гуманитар соҳасида таълим берадиган дастурлар бор.


Ўзбекистонда хорижий ОТМ филиаллари тўғрисида маълумот

Тошкентда Сингапур институти тузилган фурсатдан бошлаб Вестминстер университетига норасмий равишда рақобатчи саналган. Қайд этиш жоиз, Сингапур институтига киришга қўйилган талаблар бироз пастроқ. Мисол учун, Вестминстерга кириш учун IELTS (инглиз тили имтиҳонлари)дан 5,5 баллга эга бўлиш керак, Сингапурда эса ярим балл пастроқ. Бундан ташқари, Сингапурга кириш учун математика бўйича талаблар нисбатан енгилроқ.

Кўриб турганимиздек, хорижий ОТМ филиалларида талабалар рус (Россия ОТМларида) ва инглиз тилларида (қолган барча ҳолларда) таҳсил оладилар. Шу билан бирга, инглиз тилида таълим берувчи ОТМларга кириш учун IELTS сертификатига эга бўлиши ва ундаги баллар даражаси 5,0-6,0 дан кам бўлмаслиги керак.

Хорижий ОТМлар филиалларида ўқиш нархи давлат ОТМларига қараганда бир неча баробар юқори. Губкин номидаги Нефть ва газ Россия давлат университети бундан мустасно.


Ўқитиш квоталар ва нархи

Таққослаш учун Ўзбекистоннинг давлат ОТМларида шартнома асосида ўқитиш нархларини кўриб чиқамиз. Нарх 8.293.500 сўмдан ($1.055) бошлаб 11.058.000 сўмгача ($1.407). Чет тилини билишга талаб ва контракт нархи хорижий ОТМ филиалларига танловнинг пастроқ эканлигини изоҳлаб турибди. Хорижий ОТМ филиалларига бир ўринга 2 тадан 7 тагача абитуриент талабгор бўлса, пойтахтдаги давлат ОТМларга бу кўрсаткич бу йил 4-12 кишини ташкил этган.

Барча хорижий ОТМ филиаллари бўйича квоталар сони давлат ОТМларига умумий квоталар сонининг 5 фоизини ташкил этади.

Хорижда ўқиш

Ўзбекистонда нафақат хорижий ОТМларнинг маҳаллий филиалларида, балки чет элнинг ўзида таълим олиш нуфузли саналади. Мисол учун, 2017 йилда Россия ОТМларида 24 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олган. Бу маълумотлар Тошкентда бўлиб ўтган “Таълим ва касб - 2017” кўргазмасининг очилиши маросимида Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика томонидан билдирилган. 2015 йилда бундай талабаларнинг сони 16 мингдан сал кўпроқ бўлганини эътиборга олсак, хорижий мамлакатларда таҳсил олишга қизиқиш қанчалик кучайганини кўриш мумкин.

Ўша 2015 йилда бутун дунё бўйлаб қанча ўзбекистонлик талабалар таҳсил олаётганини билиш қизиқ.


Ўзбекистонлик талабаларнинг дунёнинг турли мамлакатларидаги сони

Ўзлаштириш даражаси давоматга қарши

“Фарғона” мухбири Вестминстер Университети ва Турин политехника университети ҳамда Сингапур менежементни ривожлантириш институтининг битирувчилари билан хорижий ОТМ филиалларида таълим жараёни қандай кечаётгани ҳақида суҳбатлашди.

- Сиз таҳсил олган ОТМда маҳаллий ва хорижий ўқитувчиларнинг нисбати тахминан қандай?

Шерзод, 26 ёш (Вестминстер университети) “Саноқли ўқитувчлар – инглиз. Қолганлари хорижий ОТМ диплом эгалари бўлмиш Ҳиндистон ва Покистондан таклиф қилинган ўқитувчилар. 90 фоизга яқини – асосан Англия ва чет эллардаги бошқа ОТМларда ўқиган, шунингдек, Тошкент Вестминстер университетини тамомлаган маҳаллий ўқитувчилардан иборат. Билишимча, бу университетда ўқитувчиларга қўйиладиган асосий талаб – хорижий ёки Тошкент Вестминстер университетининг дипломи”.

Манзура, 23 ёш, (Турин политехника университетининг битирувчиси): “Маҳаллий ўқитувчилар фақат биринчи курсда дарс ўтадилар. Профиль предметлари киритиладиган иккинчи курсдан бошлаб италияликлар ёки хорижий ОТМлардан таклиф қилинган ўқитувчилар дарс ўтадилар”.

Наргиза, 20 ёш (Сингапур менежментни ривожлантириш институти): “Бизнинг институтда лекцияларни чет эллик ўқитувчилар ўқишади, семинар ва амалий машғулотларни хорижий (ғарб) ОТМлари дипломларига эга маҳаллий ўқитувчилар олиб борадилар”.


Инха университети филиали талабалари. Uit.uz сайти фотоси

- Сизнинг ОТМда таълим сифатини қандай баҳолаган бўлардингиз?

- Шерзод: “Бир неча йил олдин Вестминстер университетидаги таълим сифати ҳозиргига нисбатан бир поғона баланд бўлган. Менимча, таълим сифатининг пасайишига иккита сабаб бор. Биринчидан, 6-7 йил олдин инглиз муаллимларининг сони ҳозирга нисбатан кўпроқ, талабаларнинг умумий сони эса бир неча баробар озроқ эди. Иккинчидан, сўнгги пайтда университетда аста-секин Ўзбекистоннинг давлат ОТМларида амал қилаётган тартиб ва қоидалар жорий этилмоқда. Натижада, университет инглиз ОТМга хос жозибасини йўқотмоқда. Шунга қарамай, Вестминстер университетидаги таълим даражаси мамлакатнинг давлат таълим муассасаларига нисбатан юқорилигича қолмоқда”.

- Манзура: “Турин университетида таълим Европа стандартлари негизида олиб борилади. Гарчи бу ерда дарсларга иштирок этиш мажбурий бўлмаса ҳам, талабаларнинг ўзлари дарсларни қолдирмасликка ҳаракат қиладилар. Гап шундаки, ҳар бир курснинг ниҳоясида талабалар тест имтиҳонларини топширадилар, қолдирилган дарслар эса салбий таъсир кўрсатади. Университетда тақсимотнинг жуда қулай тизими қабул қилинган, унга асосланиб талабалар иккинчи курсдаёқ яъни улар бир йил ўқиб бўлганларидан ҳамда ўқув жараёнини ва бўлажак мутахассислик спецификасини чуқурроқ тушуна бошлаганларидан сўнг мутахассисликни танлашлари мумкин бўлади”.

- Наргиза: “Бизда ҳамма нарса талабаларнинг ўзига боғлиқ. Ким ўқиб нафақат диплом, балки билимга ҳам эга бўлмоқчи бўлса, ҳаракат қилади. Ўқишни истамаган эса ўқиш тамом бўлиши билан фақат дипломнинг ўзига эга бўлади”.

- Сизнингча, хорижий ОТМ давлат ОТМларидан нимаси билан фарқ қилади?

- Шерзод: “Тажрибамдан ҳамда дўстларимнинг айтиб берганларидан келиб чиқиб асосий бўлган иккита фарқни айтишим мумкин. Биринчиси. Вестминстер университетига ёки бошқа ОТМга кириш қийин иш эмас. Бироқ у ерда ўқиш учун анча меҳнат қилиш керак. Давлат ОТМларида бунинг тескарисини кузатасиз: ўқишга кириш қийин, аммо у ерда таълим олиш анча осон. Иккинчи фарқ – эркинлик даражаси. Ҳар сафар Вестминстер университети дарвозасидан кирар эканман “эркинлик ҳудудига” киргандек ҳис этаман ўзимни. Бу ерда бирор нарсага мажбурланмайди, мажбурий форма кийиш деган гап йўқ (Ўзбекистоннинг кўплаб ОТМларида дресс-код татбиқ этилган, оқ кўйлак, қора шим ва галстук. – “Фарғона” изоҳи), шанбаликлар йўқ, ҳудудларни чиқиб тозалашлар йўқ ва ҳоказо. Ҳар бир талаба мустақил машғулотлар ўтказиш учун лекциялар, семинарлар ва кутубхоналарни ўз ихтиёри билан танлаш ҳуқуқига эга. Асосийси – натижа, яъни ўзлаштириш даражаси. Давлат ОТМларида эса бунинг аксини кузатасиз. Бу ерда ўқув жараёнидаги асосий омил – давомат. Давлат ОТМда талабанинг асосий шавкати – саботлилик, қунт: эрталаб дарсларга келиб кечгача аудиторияларда ўтириш муҳим”.

- Меҳнат бозорида хорижий ОТМ битирувчиларга талаб яхшими?

- Шерзод: “Вестминстер университети битирувчиларига талаб бор дея ишонч ила айта оламан. Иқтисодиёт соҳасида Вестминстер университетининг нуфузи энг кучли деб ҳисобланади. Университетнинг кўплаб битирувчилари хорижий компанияларда юқори маошли лавозимларни эгалламоқда. Давлат муассасалари, шу жумладан, вазирликлар, ҳукумат муассасалари ва Марказий банкда ҳам кўплаб раҳбарлик лавозимларни Вестминстер битирувчилари эгаллаган. Бир оғиз сўз билан гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон меҳнат бозорида Вестминстер университети дипломининг баҳоси жуда юқори.”

- Манзура: “Одатда, Турин университети битирувчиларининг деярли учдан бир қисми турли грант дастурлари ҳамда ўз ҳисоби эвазига Италиядаги магистратурада ўқишни давом эттиради. Қолганлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, машинасозлик факультети битирувчилар тўппа-тўғри автосаноатга йўл оладилар, бошқа факультетлар битирувчилари ҳам ҳеч қандай қийинчиликларсиз ишга жойлашадилар. Ҳар ҳолда, университиетни ўтган йили битирганларнинг ҳаммаси компанияларда ишлаяптилар (Италияга магистратурага ўқишга кетганлардан ташқари). Бу йилги битирувчиларнинг ярми қўлига диплом олмай туриб, ишлайдиган жойлари тайин бўлган”.


Тошкентдаги Плеханов номли Россия иқтисодиёт университети талабалари. Reu.uz сайти фотоси

Сингапур институтининг Тошкент филиали ҳақида гапирадиган бўлсак, 2016 октябрга қадар 1503 нафар битирувчилардан 69 фоизи ишга жойлашган. Уларга айниқса хусусий секторда талаб катта бўлди.

Лекин давлат хорижий таълим муассасаларнинг филиалларига диққат эътибор билан қарамоқда. Мисол учун, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур ОТМларнинг нафақат битирувчиларини, ҳатто талабаларини ҳам юқори давлат лавозимларига тайинлаш тарафдори бўлиб қолмоқда. Сингапур университетининг 22 ёшли битирувчиси Алишер Саъдуллаев таълим вазирининг ўринбосари бўлди, Турин политехника университетининг Тошкентдаги филиали магистранти Олимжон Тўйчиев Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги бош директорига ўринбосар, Вестминстер университетининг тўртинчи курс талабаси Саидакбархон Акбаров эса Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси раисига ўринбосар этиб тайинланди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда хорижий ОТМларда худди уларнинг битирувчиларида каби жиддий истиқболлар мавжуд.

Наврўз Мелибаев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги