21:02 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Археологлар кифоя қилишди. Ўзбекистонда давлат саҳийлик қилиб қазишма ишларига пул ажратадиган бўлди

13.09.2018 11:55 msk

Сид Янишев

Кўҳна шаҳар Қаршаул-тепадаги қазишмалар. Сид Янишев фотоси, «Фарғона»

Тошкентдаги Икуо Хирояма номидаги Халқаро Маданият Карвон-саройида Тошкент вилоятида жойлашган Қаршаул-тепа қўҳна шаҳридаги қазишмалардан келтирилган нодир топилмаларнинг катта кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Археологлар томонидан кўҳна шаҳарда ўн йилдан бери олиб борилаётган қазишмалар давомида топилган VI-VIII асрларга оид деярли икки юзта артефактлар иккита залда намойиш учун қўйилган. Бироқ чуқурроқ қазиладиган бўлса, археологлар эрамизнинг I-II асрларига оид қатламга ҳам дуч келишлари мумкин. Ана ўшанда Қаршаул-тепа Тошкент вилоятидаги ёши икки минг йилдан зиёд шаҳарлардан бири эканлиги тасдиқланади.

Қаршаул-тепа ҳудудидаги кашфиётлар ва умуман олганда, шу кунларгача давлатнинг ҳеч қандай ёрдамисиз олиб борилаётган қазишмалар ҳақида “Фарғона” ахборот агентлигига археологик экспедиция раҳбари, Халқаро Маданият карвон-саройининг илмий ходими Константин Шейко сўзлаб берди.

Бир шаҳарда барча динлар мужассам

Қаршаул-тепа қўҳна шаҳри Сирдарёнинг ўнг соҳилида, унчалик катта бўлмаган Чиноз шаҳарчасига кираверишда, олти гектар майдонда жойлашган. Шейкога кўра, унинг номи ортида икки хил маъно яширинган бўлиши мумкин: “сарой” ва “қарама-қарши турган” (нимани қаршисида тургани номаълум). Ушбу ёдгорлик ҳақида ўзбек археологлари илк бор XIX аср охирида сўз очишган, XX асрнинг охирида эса таниқли самарқандлик археолог Георгий Васильевич Григорьев (1898-1941) бу ерда разведка ўтказиб, ёдгорлик Каунчин маданиятига тааллуқли эканлиги аниқлаган. Шу билан XXI бошларига қадар Қаршаул-тепада чинакамига кенг кўламли қазишмалар олиб борилмаган.


Константин Шейко. Сид Янишев фотоси, «Фарғона»

– Бу шаҳарни тасодифан 2008 йилда кўриб қолганман ва қазишма ишларини бошлашга қарор қилдим, - дейди Шейко. – Биринчи мавсумдаёқ шов-шув кўтаришга арзийдиган топилмалар: насронийларнинг бўйинга тақадиган ҳочини топдик. Бу бизга буерда қачонлардир несториан оқимига мансуб насронийлар яшаган деган хулоса қилишимиз учун далил бўлди. Ўшанда иш жараёнида ёдгорликнинг юқори қатлами VI-VIII асрларга тааллуқли эканлиги маълум бўлди.

Насронийликдан ташқари биз бошқа дин вакилларининг садолари – ҳозирги замон ўбеклари анъаналарида намоён бўлиб турадиган ўтмиш аждодларнинг руҳига сиғинувчилар динининг асоратларига дуч келдик. Чуқурроқ қазиганда, манихейлик издошларинг аломатларини топдик. Бу ердаги топилмаларнинг баъзилари бу шаҳарда зардўштийлар вакиллари ҳам истиқомат қилганига далил бўлмоқда.

Бошқача қилиб айтганда, Қаршаул-тепада биз бир нечта дин изларини топмоқдамиз, улар бу шаҳарда VIII аср охиригача давом этган диний бағрикенглик ҳукм сурганига далил бўлади. Ўшанда афтидан бу шаҳар араб фотиҳлари зарбалари остида қулаган ва бу ердаги ҳаёт шу билан қайта тикланмаганга ўхшайди.

Араблар кўҳна шаҳардан эллик-олтмиш метр шимолроқда ўз шаҳарларини қурдилар, бугунга келиб ундан ҳеч вақо қолгани йўқ. Бу ерда қачонлардир тураргоҳ манзили бўлганига сирланган сопол ва ғишт парчаларининг кўплаб топилмалари далил бўлмоқда.

Бугунги кунда қазишма ишлари кўҳна шаҳарнинг учта объектида олиб борилмоқда. Улардан бирида биз фортификация ва дарвозаларини, иккинчисида – сарой мажуасини ўрганмоқдамиз. Учинчиси – тахминимизча ибодатхонага ўхшаяпти. Бизнинг фаразга кўра, бу ерда нечта динга риоя қилинганига қарамай, муқаддас ибодатхона учун жой ўзгармай қолган.

Бу ерда ўн йилдан бери бевосита Қаршаул-тепанинг ўзида давом этаётган қазишмалар давомида кўп сонли сопол буюмлари, тош сўрилар, мунчоқ кўринишидаги безаклар, сўғд муҳри, шунингдек, юзлаб тангалар топилган. Шуни назарда тутиш жоизки, шунча йиллик қазишмалар давомида биз фақат шаҳар ҳаётининг энг сўнгги асрлари қатламида қолдик. Қуйироқда бешинчи, тўртинчи, учинчи ва эҳтимол иккинчи ва биринчи асрларга оид қатламлар бўлишига ишончим комил. Шунинг учун кўҳна шаҳардаги бўлғуси қазишмалар бизга қандай кашфиётларни очиши мумкинлиги борасида ҳозирча тахмин қила оламиз, холос.


Кўҳна шаҳар Қаршаул-тепадаги қазишмалар. Сид Янишев фотоси, «Фарғона»

Қазишмалар учун ким пул тўлаяпти?

2010 йилдан бери шу бугунги кунгача Қаршаул-тепадаги қазишмалар Марказий Осиё Евросиё фонди томонидан молиялаштирилмоқда. Ҳар йили одатда бир-бир ярим ой давом этадиган битта дала мавсуми учун фонд саккиз минг доллардан пул ажратмоқда. Шейкога кўра, бу пуллар тўла ҳолда илмий ходимларга ҳамда ишчиларга маош сифатида тўлашга, экспедиция аъзоларининг транспорт ва яшаш учун ижарасига сарфланмоқда. Овқатланишга пул етмаяпти, бунга экспедиция аъзолари ўз маошларидан пул сарфлайдилар.

2008-2009 йилларда қазишмалар Икуо Хирояма номидаги Халқаро Маданият Каравон-саройи орқали ўзбек томонидан молиялаштирилган. Қаршаул-тепадан ташқари, 2002 йилдан бошлаб Ўзбекистон ўша Каравон сарой орқали Тошкент ва Сурхондарё вилоятларидаги бошқа археологик ишларни ҳам молиялаштириб келган. Булар Қанқа, Мунчоқ-тепа, Шўроб қўрғон, Ҳудайдот тепа ва Дабил-қўрғон каби кўҳна шаҳарларга тегишли. Бироқ 2009 йилдан бошлаб қазишмаларни давлат томонидан Каравон сарой орқали молиялаштириш тўхтади. Негалиги борасида марказдан бирор киши айта олгани йўқ.

Умуман олганда, қайд этиш жоиз, Ўзбекистон мустақиллигининг биринчи кунларидан бошлаб одатда археология ва санъатни ўрганиш институтлари орқали амалга оширилган археологик қазишмаларни давлат томонидан молиялаштиришга жуда кам пул ажратган. Бу ишларга салмоқли маблағлар грантлар кўринишида чет эллардан келарди. Шу билан бирга, давлатнинг катта маблағлари тарихий ёдгорликларини реставрациясига ажратиларди.


Қаршаул-тепа кўҳна шаҳар топилмалари кўргазмасида. Сид Янишев фотоси, «Фарғона»

Лекин бу йил ушбу масалада чинакамига олға силжиш кузатилмоқда: республика президенти Шавкат Мирзиёев қатор археологик ёдгорликлар қазишмаларининг беш йил давомида молиялаштириш бўйича фармонини имзолади. Бугунги кунда 4308 та объект расман рўйхатга олинди. Уларнинг айнан қайсиниси молиялаштириши тўғрисида ҳозирча аниқ маълумот йўқ, бироқ Қаршаул-тепанинг бу борада омади келгани маълум.

- Президентимизнинг қарорига мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб Фанлар академияси ва Маданият вазирлиги орқали қатор археологик объектларнинг реставрацияси ва қазишмаларига маблағ ажратилади ва бизнинг кўҳна шаҳримиз бу рўйхатга киритилди, - дейди Константин Шейко. – Бериладиган маблағ унчалик кетта эмас – беш йилга 250 миллион, яъни йилига 50 миллиондан (ҳозирги курс бўйича $6200). Бироқ бунинг ўзи ҳам жуда катта ютуқ!


Кўҳна шаҳар Қаршаул-тепадаги қазишмалар. Сид Янишев фотоси, «Фарғона»

Санъатшунослик доктори, Москвадаги “Рерихлар музейи” (Россия Давлат Шарқшунослик Музейи) директори Тигран Мкртичевга кўра, “Қаршаул-тепадаги артефактлар кўргазмаси – археологларнинг кўп йиллик меҳнатининг қонуний натижасидир”.

“Менинг англашимча, археология Ўзбекистон брендларидан биридир. Албатта “Ўзбекистон археологияси” ибораси Самарқанд ёки Бухоро меъморчилик ёдгорликлари каби саёҳатчилар ҳамда гуманитар фандан йироқ бўлган одамларнинг тасаввурини лол қолдирадиган даражада баландпарвоз эмас. Бироқ қайд этиш жоизки, Самарқанд ва Бухоро ҳам Ўзбекистон археологиясининг узвий қисми саналади, - дейди Тигран Мкртичев. – Қаршаул-тепада ўтказилаётган қазишмалар Марказий Осиё Евросиё фонди томонидан молиялаштирилмоқда. Кимдир эҳтимол европаликларни пул қутуртиряпти, дейиши мумкин, лекин бунақа эмас. Биринчи навбатда бу олис Европадагилар “Марказий Осиёда содир бўлаётган ишларга эътибор бераётганига далил бўла олади. Археологик тадқиқотлар натижаларидан алалоқибат минтақа тарихи шаклланади. Қаршаул-тепа – Ўзбекистондаги минглаб археологик ёдгорликлардан биридир. Мен Тошкент воҳаси археологияси мутахассиси эмасман ва мен Шошнинг қадимий ва ўрта асрларга оид тарихида Қаршаул-тепанинг роли ва ўрни ҳақида бирор нарса дея олмайман. Бироқ мен ушбу ёдгорликда ишлаётган мутахассисларни биламан – улар Константин Шейко, Жангир Мльясов, Геннадий Иванов.

Уларнинг профессионаллик даражаси борасида менда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Боз устига, уларга кўп йиллардан бери пул ажратиб, эвазига фақат илмий ҳисоботлар олиб келаётган Европа ташкилотида ҳам уларга нисбатан ҳеч қандай гумонлар йўқ. Таъкидлаш жоиз, Қаршаул-тепада топилган бирорта сопол парчаси Ўзбекистонни тарк этаётгани йўқ. Қаршаул-тепада ишлайдиган мутахассислар билан менинг дўстона муносабатларимни ҳисобга олган ҳолда, Тошкентга ташрифларим чоғида уларнинг қазишмалар бўйича материалларига олдин ҳам кўзим тушган, уларнинг илмий ҳисоботларини қисман ўқишга тўғри келган. Кўп йиллик қазишмалар натижалари мавжуд ёдгорликнинг мураккаб манзарасини шакллантирмоқда.

Ибодатхоналар каби объектлар билан қизиқувчи инсон сифатида мен учун ибодатхона комплексига нисбатан қизиқишим алоҳида аҳамият касб этади. Шу билан бир вақтда Қаршаул-тепада манихейлар бўлгани тўғрисидаги фаразларни тасдиқлашга шошмасдим. Ҳолбуки, ўрта асрларнинг аввалги даврида Шошда манихейлар жамоаси бўлганини аниқ биламиз. Қазишма муаллифларида менга номаълум бўлган қандайдир дастаклари бўлиши мумкинлигини истисно этмайман.

Ваниҳоят, Ўзбекистондаги археология фанининг жуда ҳам яхши ҳолатда эмаслиги тўғрисида рисола ёзиш мумкин ва мен, Тошкент Давлат университетининг Ўрта Осиё археология кафедраси битирувчиси сифатида бу тўғрида гапиришга ҳақлиман. Ўзбекистоннинг бугунги раҳбарияти археологияга яна юз бургани ҳамда бу фан учун пул сарфлашга тайёрлиги қувонарли ҳол. Археология замонавийликдан йироқ деган тушунча нотўғри. Аслида эса Ўзбекистон археологияси – бу унинг тарихи ва келажагидир. Бу маданий мероснинг асраб қолинишидир, бу – бутун дунёдан саёҳатчиларнинг мамлакатга оқиб келиши ва мамлакат археологиясининг жаҳонга танилишидир”.

Сид Янишев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги