14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Мени дуо қилиб туринглар». Ўзбекистонда нега бир вақтнинг ўзида бир неча блогерлар ҳибсга олингани ҳақида

05.09.2018 21:46 msk

Фарғона

Тошкентлик блогер Миразиз Аҳмедовни 2 сентябрь куни участка нозирига суҳбатга таклиф қилишади. Миразиз 24 соат олдин “Фейсбук”даги ўзининг саҳифасига: “Мени чақиришяпти милицияга. Дуо қилиб туринглар” деган ёзувни қолдирган. Ушбу мақола чоп этилаётган пайтга келиб у тармоққа чиқмаган эди. Унинг дўстлари участка нозири хонаси олдида деярли ярим кечагача кутишган, Миразиз чиқавермагач оиласига хабар беришган. Участка нозиридан Миразиз ҳақида сўралганида, уни маҳаллий вақт билан соат 19.30 атрофида орқа эшикдан олиб чиқиб кетишганини маълум қилдилар. Айни пайтда у Тошкент шаҳар ички ишлар бўлимларидан бирида қолмоқда.

Аҳмедов 15 йилдан зиёд вақт давомида интерьер дизайни билан шуғулланиб келади. У Miraziz Design Group ширкатининг муассиси ва эгаси. Кузда бу студия Ўзбекистоннинг бир неча шаҳарларида дизайн мактабларини очишни режалаштирганди. Ўзининг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги боис у полициянинг назарига тушиб қолди. Facebook ижтимоий тармоғида у кўп маротаба диний мавзулар бўйича ўз фикрини билдириб келган. Мисол учун, ҳукуматнинг мактаб формасига оид №666 қарори эълон қилиниши муносабати билан у ўзининг коллежда таҳсил олаётган қизига мурожаат қилганини, агар унга рўмолни ечишга мажбурлашса, ўқишга бормай қўйиши мумкинлигини айтгани ҳақида гапиради. “Бир неча кун бормай қўйсанг, ўзлари келиб ўқишга чиқинг деб ялинишади”, - дейди у. У шунингдек, тармоқ фойдаланувчиларини Ўзбекистон мусулмонларининг топталган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган гуруҳ очишга чақиради.

Миразиз Аҳмедов. Miraziz.uzсайти фотоси
Аҳмедовни нимага асосланиб ушлаб туришгани ҳозирча номаълум, бироқ бу хабар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаол тарқалмоқда. Фойдаланувчилар “Ислом душманларига ён босаётган” Ўзбекистон мусулмонлари идорасини танқид қилишмоқда, содир бўлаётган ишларни “президент бошлаган либерал сиёсатга қарши зимдан бошланган саботаж очиқ майдонга чиқди” дея баҳолашмоқда ҳамда чет эллик инвесторларни мамлакатга нисбатан муносабатларини қайта кўриб чиқишга чақиришмоқда.

Бу каби муносабатнинг сабаби маълум – Аҳмедовни олиб кетишганидан бир неча кун олдин диний-маърифий мавзулар бўйича мақола ва шарҳлар ёзиб келган Адҳам Олимов (Мусанниф Адҳам), Зиёвуддин Раҳим (Зиёвуддин Кабиров) ва Отабек Усмонов панжара ортига ташланган эдилар. Яна икки блогер – наманганлик Дилшодбек Ҳалилов ва Тўрабек Баймирзаевнинг тақдири номаълум қолмоқда (мақола таржима қилинаётган пайтга келиб Дилшодбек Ҳалилов Наманган шаҳар ички ишлар бўлимида сақланаётгани, унинг соч ва соқоли мажбуран қириб ташлангани маълум бўлди.-таржимон изоҳи.).

Ким ҳибсда-ю, ким бедарак

Мусанниф Адҳам номи билан танилган тошкентлик Адҳам Олимов расмий уламоларининг сиёсатини ҳамда ҳижобнинг тақиқланишини танқид қилиб келган (ҳижобга қарши кураш Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида 2009 йилда содир бўлган портлашларидан сўнг фаоллашиб кетган. Ўшанда жамоат жойларида ибодат либосларида юриш учун жарима ва маъмурий ҳибсга олишлар қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган). Адҳам Олимов 28 август куни қўлга олинган. Унинг уйига ўнга яқин ички ишлар ва ДХХ ходимлари гувоҳномаларини кўрсатмаган ҳолда кириб келадилар ва уйни тинтув қилиб, компьютер ва уйдагиларнинг барчасини телефонларини йиғиштириб оладилар. Олимовни дастлаб милиция бўлимига олиб борадилар, у ердан судга элтадилар. маълумотларига кўра, блогерни олдиндан тайёрлаб қўйилган айбловлар - “ҳуқуқ-тартибот органига бўйсунмаганлик” ва “милициянинг қонуний талабларини бажармаслик”да айблаганлар. Олимовга нисбатан 15 кунлик маъмурий ҳибсга олиш жазоси қўлланилиб, 184,3 минг сўм (24 долларга яқин) жарима солинган. Олимовнинг қариндошларига кўра, ИИБ ва ДХХ ходимлари уларга ҳибсни овоза қилмасликни айтиб, таҳдид қилганлар.

Болаларнинг масжидга қўйилмаётгани учун расмийларни танқид остига олган Отабек Усмоновни унинг ишхонаси - General Motors корхонасида қўлга олишган. Уни милиция бўлимига олиб боришган (нима айб биланлиги номаълум) ва енгил табиатли аёллар билан бирга битта камерага тиқиб қўйишган. Аёллар жанжал кўтариб, Усмонов устидан шикоят ёзадилар. Шундан сўнг Отабек Усмонов ҳам 15 кунлик маъмурий ҳибсга олинади.

Зиёвуддин Раҳимнинг ҳибсга олиниши бўйича тафсилотлар йўқ, бироқ уни ҳам худди шундай жазо – 15 суткага қамаб қўйишгани ҳақида айтилмоқда.

Расмий уламоларга нисбатан фаол позицияда бўлган наманганлик Дилшодбек Ҳалиловнинг Фейсбукдаги сўнгги ёзувлари 1 сентябрда қолдирилган. Бу Адҳам Олимовнинг ҳибсга олинган хабари бўлиб қолган. Ўшандан бери Ҳалилов алоқага чиқмай қўйди.

“Фарғона” маълумотига кўра, у 2 сентябрь куни Наманган кўчаларидан бирида қўлга олинган ва айни пайтда Наманган шаҳар ИИБ биносида сақланмоқда. Кеча кундузи ДАН ходимлари унинг машинасини тўхтатдилар ва бир оз вақт ўтмай бир нечта формасиз одамлар келиб уни ҳақоратда айблай бошладилар ва дастлабки суриштирув ўтказиш мақсадида ўша жойнинг ўзида қўлга олишган, дейди Дилшобекка яқин бўлган манба. Бизда содир бўлган ишларнинг тафсилотларни қайд этган овозли ёзув бор, лекин хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳозирча эълон қила олмаймиз.

Наманганлик блогер Тўрабек Боймирзаевнинг Фейсбукдаги саҳифаси 27 августдан бери янгиланмаяпти. У ҳам ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарган мактаб формаси тўғрисидаги қарор бўйича ўзининг танқидий фикрларини билдирган. Бундан ташқари, блогер вояга етмаган болалари билан жума номозига келганда навбатчи милиционерлардан иборат тўсиққа дуч келгани боис судга шикоят қилгани билан танилган. Ариза берилганидан 50 кун ўтганида унга ички ишлар бошқармасидан қўнғироқ қилиб, тушунтириш хати ёзиб беришларини талаб қилишган. Ушбу мурожаат бўйича маъмурий суд мажлиси ўтган-ўтмаганлиги борасида хабар берилмаган. Боймирзаевни қўлга олишганми ёки у бошқа сабаларга кўра тармоққа кирмай қўйдими, тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

Тўрабек Боймирзаев. Унинг Facebook тармоғидаги саҳифасидан олинган фотосурат
Қорилар танлови аслида тузоқ бўлиб қолди

“Ушбу ҳибсга олишлар ортида Давлат хавфсизлик хизмати турганига шубҳа йўқ, - дейди ҳукумат доираларига яқин “Фарғона” манбаси – Бунга яқиндагина Намангандаги Хўжа Амин масжидининг собиқ имом-хатиби Жобирхон Ортиқовнинг ҳибсга олиниши яққол далил бўла олади. Уни рафиқаси билан бирга уйида болаларга Қуръон ўқиш бўйича лицензияга эга бўлмаган ҳолда таълим беришда айбладилар”.

Ҳолбуки Ортиқов диний маълумотга эга, мадрасада талабаларга дарс берган мутахассис саналади. Уни жавобгарликка тортиб шаҳардаги №4 мактабда ҳаммага ибрат бўлсин дея суд қилдилар. Шу маҳалла ҳудудида истиқомат қиладиган халқ маслаҳатчиларидан бири суд мажлисидан олдин Ортиқовни юпатиб, унга нисбатан арзимаган миқдордаги жарима ёки огоҳлантириш кўринишида жазо берилиши судья билан келишиб олинганиги айтган. Бироқ суд кутилмаганда унга нисбатан Маъмурий кодексда кўзда тутилган энг катта жазо – 15 суткага ҳибсга олиш ва хотинига энг кам иш ҳақининг 10 баробарида жарима солиш бўйича қарор чиқарди.

Кейинроқ маълум бўлишича, ушбу қатъий ҳукм вилоят ҳокимининг маънавият бўйича ўринбосари Ҳабибулло Маткаримнинг босими остида чиқарилган экан. Манбага кўра, мулозим Маткаримов аввалроқ Наманган вилояти Учқўрғон тумани бўйича МХХ раиси лавозимида ишлаган бўлиб, ҳозир Хоразм вилоятига кўтарилиб кетган.

Марказий Европа Университетининг филология факультети докторанти Серафин Маэрц ўзининг “Ўзбекистонда маънавият: совет ўтмишидан қолган мерос?” дея аталувчи мақоласида Ўзбекистондаги “маънавият” тушунчаси ва унинг совет мафкураси билан ўхшашликлари борасида фикр юритади.
Ўзбекистонда дин узоқ йиллар давомида махсус хизматлар томонидан қатъий назорат остига олинган бўлиб, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида МХХ кураторлари, масжидларда эса “қулоқлар” фаолият юритарди. Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбари бўлганидан кейин вазият ўзгарди – Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан куратор ҳайдалди, мамлакатда қорилар мусобақаси ўтказилди. Бундан ташқари, вояга етмаганларнинг масжидга боришига тақиқ олиб ташлангани эълон қилинди.

Тўрабек Боймирзаевнинг бошидан кечирганлари мазкур тақиқ яширинчасига амал қилишда давом этаётганини кўрсатмоқда. Августнинг охирида ДХХ офицери Дилшод Ҳошимов Мусулмонлар идорасига ДХХ вакили сифатида қайтарилгани маълум бўлди, ИИВдан чиққан Нуриймон Абулҳасан эса муфтийга ўринбосар этиб тайинланди.

Қорилар танлови ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Катта муваффақият билан ўтган ушбу тадбирда жами 5366 нафар қори иштирок этди. Мусобақалар бир неча босқичда ўтди (туман, шаҳар, вилоят ва республика). Вилоят мусобақалари масжидларда ўтди, унга жуда кўп одамлар томошабин бўлиб келдилар, бироқ тез орада уларга Қуръон мусобақаси диний маросим эмас деган тушунча сингдирилди.

“Қизиғи шундаки, одамлар Қуръон ўқиётган қориларнинг сеҳрли овозларидан таъсирланиб “Аллоҳу Акбар!” дея ҳайқирганларида, Наманган вилоятининг бош имоми Абдулҳай Турсунов ўрнидан туриб жеркиб берди ва бундай қилишни тақиқлаб қўйди, - дейди “Фарғона” манбаси. – Айни пайтда кўпчилик Қуръон танловидан ўзига хос тузоқ сифатида фойдаланишган деб ҳисоблашмоқда. Мисол учун, ўтган йилда қорилар учун ўзига хос анъанавий мактаб сифатида хизмат қилган ҳужралардан қирқтага яқини “фош” қилинган бўлса, бу йил бундай ҳужралар сони 120 тага етиб қолди”, - дея қайд этади манба.

Гап шундаки, Ўзбекистонда хусусий тартибда Қуръон ўқитиш тақиқлганган. Фақат рўйхатдан ўтган ташкилотлар диний таълим муассасаларини ташкил этишлари мумкин. Шу билан бирга, уларда фақат ўрта таълим муассасаларини тамомлаган ва балоғат ёшига етган фуқаролар таълим олишлари мумкин.

Август ўрталарида “Ўзбекистон-24” телеканали яширин ҳужралар сони кўпайиб бораётгани ҳақида кўрсатув тайёрлаб, шундай ноқонуний таълим муассасалардан бирини террорчилик ташкилотлар билан алоқадорлиги учун 2002 йилдан 2017 йилгача ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг назорати остига бўлган Муҳаббат Рўзиева тузгани кўрсатилади. Ўтган йилда Мирзиёевнинг ташаббуси билан бу аёл бошқа 18 минг нафар одамлар билан гўёки давлат хавфсизлиги учун таҳдид солувчи фуқаролар киритилган “қора рўйхат”дан чиқариб ташланган эди.

Ҳозир эса негадир давлат диний-маърифий мавзуларга ёзаётган блогерлар унга нимаси биландир таҳдид солмоқда, деган хулосага келган. Демак, кузатувчилар Ўзбекистонда Ислом ренессанси бошланди дея эълон қилишга шошилганга ўхшайдилар. Расмийлар бу масалада олдин синовдан ўтган йўлдан боришни афзал кўрдилар.

***

P. S. Биз ушбу мақолани тайёрлаётган пайтда Қўқонда блогер Хуршидбек Муҳаммадрозиқовнинг қўлга олингани ҳақида хабар етиб келди. Унинг қўлга олиниши атрофидаги тафсилотлар ҳозирча йўқ. Бугунга келиб Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда диний-маърифий мавзуларни фаол иштирок этган ва шу сабаб ҳибсга олинган блогерларнинг сони тўққизтага етди.


Хуршидбек Муҳаммадрозиқов. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги