20:56 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов қандай вафот этган? Нега биринчи президентнинг ўлими бир ҳафтага чўзилган?

03.09.2018 12:33 msk

Даниил Кислов

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 26 йил тахтда ўтирди ва бундан икки йил олдин, август ойи сўнггида оламдан ўтди. Унга нима бўлган, врачлар қандай ташхис қўйган ва врачларнинг ўзи ким бўлганди? Нега Ислом Каримовнинг ўлимини узоқ вақт сир сақладилар, мамлакат, жаҳон аҳлини алдадилар? Мазкур воқеани маҳаллий ва халқаро ОАВ қандай ёритган эди?

Ўша кунлари Ўзбекистон бўйича ахборотларнинг асосий манбаига айланиб қолган “Фарғона” халқаро ахборот агентлигининг бош муҳаррири Даниил Кислов 2016 йилги воқеаларни хотирлайди.

Маълумотлар қандай текширилган? Уни тақдим этган манбалар омон бўлсин

Каримовга "нимадир" бўлгани тўғрисида дастлабки миш-миш 2016 йил 27 август, шанба куни эрталабки соат саккизларда пайдо бўлди. Менга Ўзбекистондан қўнғироқ қилишиб, “президент жиддий касал ва бу гал у аввалгидан анча оғир аҳволда” дейишди. Гап шундаки, Каримовни аввалари бир неча бор “у дунёга” кузатишганди. Баъзида хориждаги мухолифат кучлари “ваниҳоят қутулдик” деб ёзишган бўлса, айрим Москва газеталари президентнинг бевақт вафотини қандайдир “расмий маълумотлар”га таянган ҳолда бергандилар.

Аксари кекса ёшдаги одамларда бўлгани каби, Ислом Каримовда ҳам бир гулдаста касалликлар бўлган ва унинг сўнгги ҳукмронлик даври хавотирли якун ҳиссиёти билан чарчамбарс эди. Лекин, минг афсуслар бўлсинким, осиёлик ҳукмдорларнинг шахсий ҳаёти доимо омма учун шаффоф бўлмаган: одатда “миллат отаси”нинг бетоблиги тўғрисида бозорларда, чойхоналарда миш-мишлар тўқилади, мамлакат раҳбарларига доир расмий хабарлар жудаям кечикиб ёритилади, баъзида улар воқеликка тўғри ҳам келмайди. Бу гал ҳам ҳудди шундай бўлди.

Ислом Каримовнинг навбатдаги "тоби қочиб қолгани" сигнали мени ўзбек матбуотини синчиклаб кузатишимга мажбур қилди, лекин у оғзига сув солволганди. Бунинг устига дам олиш кунлари эди, “қабристондек жим-жит” ахборот сайтлари бу кунлари бундан баттар жим бўлади. UzA, Газете.Уз, мухолифат сайтларига кўз югуртиргач, Facebookни ковлаб кетдим, зеро у бугунги кунда ОАВларга қараганда анча тезкор манба масканидир. Лекин ижтимоий тармоқларда ҳам жим-житлик ҳукм сурарди.

Миш-мишлар тубига яширинган ҳақиқатга етиб бориб, улардан профессонал янгилик ярата олиш - журналистиканинг тамал тошларидан бири ҳисобланади. Миш-мишларга ишониб бўлмайди, лекин уларни беэътибор ҳам қолдириб бўлмайди. Демак, Тошкентдаги амалдорлар, уларнинг қариндошлари, орган ходимлари, нари борса, президент атрофидагилардан маълумот қидириш лозим.

Москвадан, таҳририятнинг ўзидан, телефон, мессенжерлар орқали, доимий МХХ диққат эътиборида бўлган тошкентлик мухбирларни четлаб ўтган ҳолда хабарлар қидириш лозим эди. Биз керакли аниқ маълумотларни берадиган манбаларни тополдик. Кейинги бир неча кун ичида айрим одамлардан олган маълумотларимизни бошқа одамлар ёрдамида элакдан ўтказдик, учинчи томон ёрдамида уларни умумлаштириб, таҳлил қилдик, чоп этишга қарор қабул қилдик.

2016 йилги август-сентябрь тажрибаси шуни кўрсатдики, энг қаттиқ цензура босимида бўлган, интернет тотал текшириладиган, чор-атроф “қулоқлар”га тўлиб кетган энг ёпиқ мамлакатда ҳам ахборот агентлиги фаолият юрита оларкан. Давлат машинаси халқ онгига ёлғонни сингдирмоқчи бўлган бир пайтда, одамлар ҳақиқий маълумотларни тарқатишга қодирдирлар.

27 август. Эзгу ниятдаги ёлғонмиди?

Бир кундан ортиқроқ, яъни шанбадан якшанба куни тушига қадар Ислом Каримов саломатлигига доир қўшимча маълумотларни қидирдик ва уларни таҳлил қилдик. Шанба куни Тошкентга дунёга машҳур бир нечта врачлар ташриф буюргани, уларнинг орасида ўзбек президенти саломатлигидан яхши хабардор россиялик кардиохирург Лео Бокерия ҳам борлиги ҳақида маълумотни ахтариб топдик.

Лео Бокерия ва Ислом Каримов. 2011 йил ноябрда олинган сурат (Ўзбекистон президенти матбуот хизмати)
Биз профессорнинг қўл телефони рақамини тополдик. Қўнғироқ қилганимизда унинг мобил телефони роумингда экани, робот операторнинг ўзбекчалаб "абонент жавоб беролмаслиги" жавобидан сўнг Бокериянинг Ўзбекистонда эканига мутлоқ амин бўлдик.

Лекин эртаси куни Москвага қайтиб келган Лео Антонович бизларга Ўзбекистонга бормагани, Каримов касали борасида “ҳеч нарса билмаслиги”ни айтди. Шунингдек, у “Интерфакс”га ҳам шу маънода интервью берди.

Турган гап, оламга машҳур профессор ёлғон гапирарди. У тошкентлик дўстларга “жим бўлишга” ваъда берган кўринади. Нафақат у, балки ўша куни Каримов ҳолидан хабар олган барча шифокорлар ҳам сукут сақлардилар.

Кейинчалик 4 сенябрда, яъни президент дафн этилгандан сўнг икки кун ўтиб, консилиумда иштиок этган бир врач ҳақиқатни гапирди. Бу машҳур фин нейрохирурги, бош мия артериялари аневризми касаллиги бўйича дунёдаги етакчи мутахассислардан бири - Юха Хернесниеми эди. Доктор фин журналистларига Ўзбекистонга келганида президентга ёрдам бериш имконсиз бўлганини айтиб берганди.

«Бундай ҳолатда операция қилишга ҳожат йўқ, даволаш муолажасини давом эттириш маъносиз эди. Бемор жисмонан ўлик эди, унинг мияси ўлган эди. Мутахассис шифокорлар ўз хулосаларини бердилар, кейин сиёсий ўйинлар бошланди», – деди у.

28 август. «Стационарда - даволанишда»

Юка Хернесниеми

Каримовнинг биринчи «инсульти» тўғрисида биз якшанда куни хабар бердик. Орадан бир неча дақиқа ўтиб Вазирлар Маҳкамаси хабари пайдо бўлди. Унда Ислом Каримов шифохонада экани, “маълум вақт даъволаниши лозимлиги” маълум қилинганди. Марказий телевидениенинг кечки ахборотларида ҳам шу мазмундаги хабарлар берилди.

Шу куни “Ўзбекистон халқ ҳаракати” мухолифати ҳам ўз тахминини ёритди. Маълумки, унинг етакчиси Каримовнинг азалий рақиби - Муҳаммад Солиҳ Туркияда истиқомад қилади. Uzxalqharakati.com маълумотига кўра, 26 август жума куни Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинчиларида иштирок этган ўзбек спортчилари шарафига уюштирилган зиёфатда Каримов кўп спиртли ичимлигини истеъмол қилган ва шу туфайли кечга яқин инфарктга дучор бўлган.

Бу ҳақиқатга тўғри келмаса керак. “Фарғона” маълумотларига кўра, Каримов спортчилар билан қисқа вақт учрашган, кечки овқат пайти рафиқаси ва президент ишлари бошқарувчиси Зилемхан Ҳайдаров билан бирга бўлган. Ичишига келсак , у соғлиги сабаб анчадан бери ичмай қўйган. Эртаси кун эрталаб мияга қон қуйилиш юз берган, инфаркт эмас, айнан мияга қон қуюлиши - президент ўлимига сабаб бўлган.

29 август. Шахсий ҳаётга ҳурмат

Душанба куни Каримовнинг инсультга учрагани ва оғир аҳволда экани тўғрисида берган хабаримизни унинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева тасдиқлади. Ижтимоий тармоқларда ўз пиари билан фаол қатнашувчи Лолахоним кутилмаганда Instagramда қуйидаги хабарни берди:

"Турли хил гап-сўзларнинг олдини олиш мақсадида, бизнинг оилада ўтган хафтанинг охирида содир бўлган қайғули воқеа ҳақида ушбу саҳифам орқали сизга маълумот бермоқчиман. Шанба куни адамлар мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага олиб келиндилар. Ҳозир улар реанимация бўлимида тиббий муолажалар олмоқдалар. Ҳозирги пайтда ҳолатлари шифокорлар томонидан стабил деб баҳоланмоқда. Айни пайтда келгусидаги соғлиқлари борасида қандайдир тахминлар қилиш анча эрта. Мен сизлардан турли хил гап-сўзлардан йироқ бўлиб, оиламизнинг шаҳсий ҳаётига хурмат билан муносабатда бўлишингизни илтимос қиламан. Ушбу дамларда отамни ўз дуолари билан қўллаб-қувватловчи барча инсонларга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни изҳор этаман" – деб ёзганди Лола.


Instagramдан скриншот

Чорак аср мамлакатни бошқарган давлат раҳбари қизининг ўттиз икки миллион инсоннинг тақдири қўлида бўлган давлат раҳбарининг на “шахсий ҳаёт” ва на “шахсий макон”га эга бўлолмаслиги ҳатто ҳаёлига ҳам келмаган.

Албатта, Лола аввало отасидан кейинги ўз тақдири борасида қайғурган, чунки у Instagramда ҳақиқатни эмас, ундан нимани сўрашган бўлса, шуни ёзган.

Шу куни Кремлда ҳам Каримов бетоблигига муносабат билдирилди. У ерда ҳеч нарса билмасликларини айтдилар. Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ўзбек президенти саломатлигига доир маълумотларни фақат оммавий ахборот воситалари ва дипломатик каналлар орқали олаётганларини айтган. “Бизда бошқа маълумотлар йўқ”.

Facebookда дарҳол “Каримовга саломатлик тилаймиз” гуруҳи тузилди. «Қадрли юртдошлар, барчангизни президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовни қўллаб-қувватлашингизни сўрайман. Келинг, улар учун дуо қилайлик! Саҳифамизга уларнинг суратини жойлаштирайлик! #REPOST қиламиз. Хештеглар чиқарамиз # Каримовни қўллаб қувватлаймиз#Каримовга саломатлик тилаймиз», – деб ёзганди гуруҳ администратори. Гуруҳ бир пасда ўн минглаб одамларни ўз атрофига бирлаштирди.

Айнан шу куни ижтимоий тармоқларда Ислом Каримовдан кейин вазият қандай бўлишини башорат қиладиган экспертларнинг хулосалари пайдо бўла бошлади. Россия ва халқаро оммавий ахборот воситалари таҳририятимизни саволларга кўмиб ташладилар. Улар биздан изоҳлар талаб қилардилар. Шахсан мен сайтимизда ёзган нарсаларимиздан бошқа бирор гап қўшимча қилолмасдим. Энг муҳими, биз олган маълумотларга кўра, шу куни Каримов танаси сунъий ҳаёт билан таъминловчи аппаратдан узилганди. Бу воқеа 2016 йил 29 август Тошкент вақти билан соат 15:30 да юз берганди.

30 август. Таҳдидлар, инкор ва табриклар

Ўзбек президенти вафотига доир берилган биринчи маълумотимизни Россиянинг машҳур РБК портали ўз саҳифасида ёритди. Кейинги бир неча соат ичида РБК орқали сайтимизга миллионлаб одамлар ташриф буюрдилар. Интернет, айниқса ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқлар “ари уяси”га айланганди.

Ўзбек ҳукумати президент стационарга ётқазилгани тўғрисида хабар бериб турган бир пайтнинг ўзида одамлар Telegram ва WhatsApp каналлари орқали бизнинг Каримовнинг ўлгани тўғрисидаги маълумотларимизни бир-бирига тарқатардилар. Хабар яшин тезлигида тарқалиб, кимнидир қувонтирди, кимнидир қайғуга солди.

Facebookдаги жуда кўплаб постлар бизга қарши ёзилганди. «Сизлар ўлинг, Ислом Каримов яшасин!». «Кислов – инсульт бўлган, мутлоқ ақлдан озибди!». Хабаримиз бу каби муносабатларни туғдириши табиий эди. Шахсан мен электрон почта, телефон, мессенжер орқали таҳдидларга учрадим. Менга юборилган ёзувларда мени ҳатто ўлдиришмоқчи ҳам бўлишди.

Кремлдагилар оғзига сув солволганди. Лекин айрим давлат раҳбарлари инерция ортидан Ислом Каримовни мустақиллик байрами билан табриклай бошладилар. Барак Обама, Си Цзиньпин, Йоахим Гаук, Анжей Дуда, Гурбангули Бердимуҳамедов, Эмомали Раҳмон, Муҳаммад Ашраф Ғани, Александр Лукашенко ва бошқалар табрик телеграммаларини юбордилар.

Шунда мен бир нарсага тўлиқ амин бўлдим: давлатнинг ташвиқот машинаси нафақат рақибларни енга олади, у ҳатто ўлимдан ҳам устун кела оларкан! Инсон моргда ётибди, уни эса табриклаб ётишибди. Дунё ақлдан озмадимикан?..

Бу пайт Тошкентда, Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида деярли ҳеч нарса ўзгармаган, ҳаёт ўз йўриғида давом этарди. Тошкентлик журналист Алексей Волосевич бу кунларни яхши ёритганди. Одамлар 1 сенябрь куни нишонланадиган Мустақиллик байрамига тайёргарлик қўрардилар. Бу байрам 25 йилдан бери бирор марта бекор қилинмаган. Президент ҳам бу байрамни бирор марта ўтказиб юбормаган. У одамлар олдида “Андижон полка”сига рақсга тушишни, қўриқчилар изн берган “халқ” билан саломлашишни яхши кўрарди.

Ҳамма кутарди.

31 август. Командор қадами ва Гамлет отасининг сояси

Бу кунни ҳукумат тарғиботи кўзбўямачилигининг “юлдузли они” дейиш мумкин. Ўша куни бўлажак президент ўзининг биринчи қадамини ташлаган эди. Айнан Бош вазир Мирзиёев эрталаб президент ўрнига Мустақиллик майдонидаги монументга гулчамбар қўйди. Авваллари Мустақиллик байрамининг таркибий қисмига айланган гулчамбар қўйиш маросими Ислом Каримов иштирокида ўтарди. Унинг бу гал иштирок этмаётгани ҳам нималардандир дарак берарди.

Лекин ҳукумат одамларни президентнинг ўлмагани, у шифохонада даволанаётганига ишонтириш билан овора эди. Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмонов мажлисда Каримовнинг соғлиғи “анчагина дуруст” эканини айтган. Интернет блогларида Каримов ҳатто “ўрнидан тургани”ни ёздилар. Шу билан бирга милицияга “президент тўғрисида миш-мишлар тарқаётган” одамларни қўлга олиш топшириғи берилади. Ҳукумат троллар ёрдамида ижтимоий тармоқларда Каримовнинг шифохонада ётгани тўғрисида фотошоп суратни тарқата бошлади.



Давлат телевидениесининг диктори кечки янгиликлар кўрсатувида Ислом Каримовнинг шифохона палатасидан ўзбек халқига “йўллаган табриги”ни ўқиб эшиттирди. Ундан одатдагидек “ўзимизга хос, ўзимизга мос” каби жумлалар ўрин олганди. Лекин президентни ҳеч бир алфозда кўрсатишмади.

Нега ўшанда ёлғон гапиришган, ҳанузгача тушунолмайман. “Катталар” ўзаро маслаҳатлашиб, ким ворис бўлишини ҳал қилиш учунми? Йўқ, менимча, бу ишлар олдиндан ҳал этилган. “Юртбоши” вафотидан бирдан халқнинг тўлқинланиши мумкинлигидан хавотирга тушганмидилар? Андижон воқеасидан сўнг одамларнинг намойиш қилишидан ҳайиқмаса ҳам бўларди.

Хуллас калом, кўзингизга лўқ қараб ёлғон гапиришарди. Лекин шу пайтнинг ўзида Самарқанднинг энг қадим қабристонида дафн маросимига тайёргарлик авжида чиққанди.

1 сентябрь. Эски қабрлар ўрнида янги қабр қад кўтарди

Август ойи сўнггида Каримовни унинг она шаҳри - Самарқандда дафн қилиш қарорига келишган бўлсалар, ажабмас. Мухбиримиз 1 сентябрь куни олган суратлар Шоҳи Зинда ёдгорлиги ёнидагидаги қадим қабристонда ўнлаб қабрлар бузилиб, Каримов учун келгусида мақбара қуриш ишлари бошланганидан дарак берарди.


Самарқанд қабристонида бошланган Ислом Каримов учун мақбара қу-риш ишлари. 2016 йил. 1 сентябрь. “Фарғона” фотоси

Кечга яқин юқорида номи тилга олинган “Каримовга саломатлик тилаймиз” гуруҳида Самарқандда қандайдир тантана ёки мотамга тайёргарлик борасида суратлар пайдо бўлди. Унда одамлар кўча, ҳиёбонларни супурардилар. Гуруҳ администратори “сунъий қонайлантириш аппарати бугун ўчирилгани”ни ёзганди.

“Мангу ҳаёт Каримов”ни ёқловчилар ховури бироз пасайди. Ижтимоий тармоқларда журналистларни сўқиш ва тиранни кўкларга кўтариш деярли тўхтади. Менимча, одамлар онги Каримовнинг ўлгани хабарини хазм қилолди ва уларни шариатга кўра, майитни тезроқ, кун ботгунча дафн этиш хаёллари чулғаган бўлса ажабмас. Лекин буни қандай амалга ошириш мумкин, агар одам бундан бир неча кун олдин оламдан ўтган бўлса?..

2 сентябрь. Ўлган, ўлмаган, ниҳоят ўлган

Ўша кунги чоп этган мақолаларимиз сарлавҳасидан нималар бўлаётганини англаш қийин эмас. Ҳақиқат барибир қарор топади, тўсиқларни ёриб ўтади. Ҳукумат энди ҳар нарсага тайёр эди, оммага намойишнинг сўнгги қисмини ҳавола этишгина қолганди. Биз ўша куни чоп этилган мақолалар сарлавҳаларини рус тилида келтирамиз:

Правительственная газета сообщила о «критическом состоянии Ислама Каримова» . «Дорогие соотечественники, с большой тяжестью в сердце сообщаем вам, что в минувшие сутки в состоянии нашего Президента произошло резкое ухудшение и, по мнению врачей, оно оценивается как критическое».

Президент Казахстана прерывает визит в Китай и летит в Узбекистан.Внезапное изменение его планов может свидетельствовать о том, что правительство Казахстана готовится к неминуемому объявлению о смерти президента Узбекистана Ислама Каримова.

Reuters: Информацию о смерти Ислама Каримова подтвердили три дипломата. Это сообщение пришло как бы стесняясь, огородами, в полузакрытом Твиттере «Немецкой волны», и его тут же расхватали агентства и газеты.

Имамам запретили упоминать Ислама Каримова на пятничной молитве. «Мулла во время проповеди ни разу не упомянул руководство республики, в том числе Ислама Каримова», – рассказал источник «Ферганы». Темой проповедей были денежные долги: говорилось о том, что в последнее время много людей берут в долг, но не возвращают деньги вовремя.

Премьер-министр Турции выразил соболезнования в связи со смертью Ислама Каримова. «Пусть Аллах упокоит его душу. От лица Турецкой Республики выражаю народу Узбекистана глубокие соболезнования», – сказал Йылдырым на заседании правительства, которое транслируется в прямом телеэфире.

Президент Таджикистана и премьер Киргизии летят в Узбекистан. Собеседник агентства «Азия-плюс» не уточнил причину незапланированного визита таджикского президента в соседнюю республику, но очевидно, что она связана с кончиной Ислама Каримова.

В Самарканд доставили тело Ислама Каримова (видео). В распоряжении «Ферганы» оказалась любительская съемка передвигающегося по городу траурного кортежа.

Правительство Узбекистана: Президент Ислам Каримов скончался.Об этом было заявлено в экстренном выпуске гостелеканала в 21.45 по местному времени (19.45 мск). Официальная дата смерти – 2 сентября 2016 года.

Обнародовано медицинское заключение о причине смерти Ислама Каримова. «Неврологическое состояние больного с самого начала характеризовалось как атоническая кома».

Атоник кома

Ислом Каримовнинг “ўлимдан кейинги ҳаёти” тарихи ҳам якунига етди. Бу кунлар сукут сақлаш ва раҳбарлар номидан берилган дезинформациялар билан кечди ва ниҳоят ҳукумат буни тан ҳам олди. 27 август куни кома ҳолатига тушиб қолган президент қандай қилиб кейин “ўрнидан туради”, ҳаттоки халққа “табрик” йўллайди?

Яна бир савол. “Атоник кома” тўғрисида тиббиёт фанида нималар ёзилган?

«Кома чоғида инсоннинг марказий мия тизими ўз функциясини бажаролмай қолади, шунинг учун организмдаги орган ва тизимларнинг ўзаро таъсири тўхтайди, ички органлар фаолиятини доимий таъминлаб туриш фаолияти пасаяди», – деб ёзади олимлар бу борада.

Бироқ, барча ҳолатларда “сиртга чиқиб кетган” ёки тўртинчи босқичдаги комага учраган инсонга ёрдам бериш имконсиздир. Бу ҳолатда инсоннинг мияси ярим соатда қайта ишга туширилмаса, у ўлади. Фин нейрохирурги Юка Хернесниеми касални жонлантиришга бўлган ҳар қандай уриниш бефойда эканини айтганда шуни назарда тутган бўлиши керак.

Мен бугун Ислом Каримов айнан 27 август куни вафот этганига ва айнан шу куни бу ҳақда барча аниқ тафсилотларга эга бўлганимизга мутлоқ аминман. Лекин уларни ўшанда чоп этолмаганмиз. Чунки таҳририятга келаётган хабарларни ҳақиқат эканини тўлиқ таҳлил қилиш учун журналистлар тилида айтилгани каби - “пруфлар - исботлар” камлик қиларди. Бахтга қарши, ўша воқеаларнинг айрим тафсилотларини бугунги кунда ҳам айтолмайман, зеро, айрим ишончли мухбирларимизга зиён етказишни, мени фантазёр дейишларини хоҳламайман.

Бугун шу нарсага аминманки, Ислом Каримов даврида 25 йил кома ҳолатига тушиб қолган Ўзбекистон қайта жонланмоқда. Таъбир жоиз бўлса, давлатнинг мия тизими ва халқнинг танаси оғир аҳволга тушиб қолгани билан ҳали тирик. Балки, ҳукуматнинг ўзини, халқини алдамагани маъкулдир?

Агар ёлғонларга чек қўйилса, у ҳолда жамиятнинг тузалиб кетишига умид қилса бўлади.

Даниил Кислов, «Фарғона» бош муҳаррири

Международное информационное агентство «Фергана»