20:55 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Олдингда оқмай қўйган сувнинг қадри ёҳуд Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг тушкун аҳволи

28.08.2018 16:44 msk

Татьяна Зверинцева

Thedailybeast.com сайти фотоси

24 август куни Туркманистонда кейинги тўққиз йил ичида биринчи бор Оролни сақлаб қолиш халқаро жамғармасининг саммити бўлиб ўтди. Марказий Осиёнинг бешта республикаси раҳбарлари иштирок этган мазкур анжуманда кўплаб тантанали сўзлар жаранглади. Бир нарсада барча раҳбарларнинг боши бир ёқадан чиқди: Орол тақдирини жаҳон жамоатчилиги қўлига ишониб топшириш мумкин. Аввали аъзоликдан четда бўлган Қирғизистон раҳбари ташкилотни ислоҳ қилиш зарурлиги борасида қатор аниқ таклифларни киритди.

Шаффоф кўл

Маълумки, Орол денгизи – денгиз эмас, шўр кўлдир. Бундан 21 миллион йил аввал у Касбий денгизи билан туташ бўлган. Қадим юнон тарихчиси Геродот Амударё (юнонлар дарёни “Аракс” деб атаганлар) Каспий денгизига қуйилишини ёзиб ўтган. Лекин тадқиқотчилар Геродот нотўғри маълумотлардан фойдаланини айтадилар. Аслида Амударё у пайтлар ҳозирда Каспий ва Орол денгизи ўртасида жойлашган Сариққамиш кўлига қуйилган.


1989 ва 2014 йили фазо йўлдошларидан олинган Орол денгизи фотосуратлари. NASA фото-суратлари

Асрлар давомида минтақанинг гидрология кўриниши бир неча бор ўзгарган: кўл бир неча бор кенгайиб, бир неча бор торайган. XIV асрда аҳоли пункти жойлашган ер кейинчалик сув остида қолиб кетган. Фақат ХХ асрга келиб. Орол саёзлашгандан кейингина мазкур аҳоли яшаган ерлар очилиб қолади ва бу жой «Орол-Асар» деб аталади. Бу ердаги қазишма ишлари пайтида Олтин Ўрда даврига хос тангалар топилди. Орол-Асар аҳолиси кўлнинг кенгашидан кўчиб кетган кўринади. XVI-XVII асрларда Орол яна саёзлашади ва кўл сатҳида бир неча ороллар пайдо бўлади. Денгиз номи ҳам бежизга “Орол” деб аталмаган.

Орол денгизини муттасил текшириш ишлари 19 асрда бошланади. Кейинги юз йиллик кузатув денгиз сатҳининг ўзгармаганини кўрсатади. Лекин советлар даврида раҳбарият Марказий Осиёда кенг кўламда суғориш ишларини олиб боради, чўллар ўзлаштирилади. Суғориш ишлари Оролга қуйилиб турган Амударё ва Сирдарё ҳисобидан амалга оширилади. Марказий Осиё республикаларида пахта, шоли экинлари майдонлари кенгайтирилади, суғориш ишлари тежамкорсизлик усулида олиб борилади. 1960 йиллардан кейин Орол денгизи аста саёзлаша боради. Лекин у пайтлар келажакда Оролни Сибир дарёлари суви ҳисобига тўлдириш билан боғлиқ улкан лойиҳа ишлаб чиқилганди. 1940 йилдан ушбу мавзу аҳён-аҳён муҳокама марказида бўлган. 1960 йиллар сўнггига келиб, лойиҳа билан жиддий шуғуллана бошлайдилар ва 1985 йилга келиб, лойиҳа амалда ўзини кўрсатиши керак эди.

Бироқ, Сталин даврида маъқулланган лойиҳа қайта қуриш даврига келиб қаттиқ танқид остига олинади. Эколог олимлар лойиҳага қарши чиқдилар. Охир-оқибат Сибир дарёларига тегилмайдиган бўлди. Натижада Марказий Осиё республикаларига қуриб қолган Орол мерос бўлиб қолди.

Мустақилликка эришган Марказий Осиё республикаларининг энг биринчи бош оғриғи - Орол муаммоси бўлгани тушунарли ҳол, албатта. Гарчи иккига бўлиниб қолган улкан кўл Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида жойлашган бўлса-да, 1993 йили бешта республика раҳбарлари Тошкентда йиғилиб, Оролни қутқариш халқаро жамғармасини тузадилар. Чунки, Туркманистон ҳудудидан Амударё оқиб ўтади, Тожикистонни Амударё ҳам, Сирдарё ҳам кесиб ўтади, Қирғизистон ҳудудида эса Орол сувига дахлдор Тохтогул ва “Қамбар-Ота” сув омборлари жойлашган. Орол денгизининг қуриб бориши, унга яқин жойлашган барча республика ҳудудларига таҳдид сола бошлади. Чунки, кучли шамоллар қуриб қолган денгиз сатҳидаги тузли қумларни осмонга кўтариб, чор-атроф экологиясига жиддий зарар кўрсата бошлаганди.


Аралск порти. Wikipedia.org сайтидан Staecker фотоси

Ҳар ким ўзи учун

Бироқ, жамғармани тузиш, уни ишлатишдан осон бўлди. Дастлаб, Оролни қутқариб қолиш учун ҳар бир республиканинг жамғармага пул ажратиши кўзда тутилганди. Лекин амалда республикалар ичида Орол муаммоси билан боғлиқ келишмовчиликлар мавжуд экани аён бўлди. Орол денгизини сақлаб қолиш, аввало Ўзбекистон ва Қозоғистон учун муҳим муаммога айланди. Денгизнинг қуриши нафақат экологияга зарар келтирар, балки балиқчилик соҳасини ҳам жар ёқасига олиб келганди. Шу билан бирга Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон ўз ҳудудларини суғориш, гидроэнергетика соҳасини ҳимоя қилишга мажбур бўлди. Хуллас калом, Оролни сақлаб қолиш муаммоси ўрнини сув ресурсларини тақсим қилиш муаммолари эгаллаб олди. Бордию, бирор республикада Орол лойиҳаси учун қандайдир маблағ топилгудек бўлса, у ҳолда ушбу маблағ қўшнилар билан маслаҳат қилинмай ўз йўлида сарфланадиган бўлди.

1990 - йиллар бошидан Қозоғистон Оролнинг ўзига қарашли шимолий қисмини Ўзбекистондан ажратиб олишга урина бошлади. Дастлаб Шимолий Оролни “Кичик Орол” деб атай бошладилар. Дарҳақиқат, эски хариталарга қаралса, денгизнинг юқори қисмида заводдан бошқа ҳеч нарса кўзга ташланмайди. Лекин айнан шу завод Сирдарё ҳисобидан кун кўрарди. 1989 йили деярли Шимолий ва Жанубий Орол ўртасидан чегара ўтказилди, лекин Сирдарёнинг жанубга оққан ерлари ҳал этилмади. 1992 йили Қозоғистон айнан шу ерга тупроқдан қўрғон қуриб Сирдарёни тўсиб олди. Бу ишлар Жамғарма тузилишидан бир олдин амалга оширилганди. Лекин Сирдарё сувлари дамбани ювиб кетади ва 1997 йили яна дамба барпо этилади. 1999 йили сув яна дамбани бузиб ташлайди. Лекин қозоқ олимлари дамбани ювиб кетган катта сув Шимолий Оролга етиб бормагани, у Ўзбекистон ҳудудида буғланиб кетганини таъкидладилар.

Бу хулоса қозоғистонликларни тўғри йўлдан бораётганига асос бўлди. 2001 йили республика Жаҳон банкидан мустаҳкам дамба қуриш учун кредит беришларини сўраб мурожаат қилди. 2005 йили дамба қурилиб битказилди. Шундан сўнг Шимолий Орол сатҳи бироз кўтарила бошлади, сувнинг шўрлиги пасайиб, бу ерда балиқлар етиштирила бошланди. Денгиз қуриши оқибатида 80 км.га узоқлашиб кетган соҳил қирғоқлари 2014 йилга келиб, 10 километрли масофага қайтди. Бугунги кунда Кичик Орол сақлаб қолинди, дейиш мумкин. Балиқчилик ҳозирча мавсумий характерга эга бўлиб, бу ерда браконьерлик гуллаб-яшнаяпти.

Амударёдан сув ичаётган Жанубий Орол тезликда саёзлаша бошлади. 2003 йили мазкур кўл яна иккига – бу гал Шарқ ва Ғарб қисмга бўлиниб кетди. Ғарбий кўл ерости сувлари ҳисобига ўз сатҳини ушлаб турибди. Иккила кўлнинг суви ўта шўрлашиб кетган. Ғарбий кўлда шўрлик бир литр сувга 70 граммдан тўғри келади, Шарқий кўлда эса бу миқдор -100 граммга боради. Таққос учун: одатда денгиз сувининг шўрлиги бир литрга олти граммдан 35 граммгача бўлади. Машҳур Ўлик денгизидаги сув шўрлиги – бир литрга 300-350 граммдан тўғри келади. Оролдан қолган кўллар Ўлик денгизига ҳали тенглашгани йўқ, лекин мазкур минтақада бирор чорвачилик соҳасини ривожлантиришга имкон йўқ.

Кейинги йиллар матбуотда ҳам Оролни сақлаб қолиш тўғрисидаги гаплар йўқолиб кетди. Бироқ, бу минтақада улкан табиий қўриқхона яратиш мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон қуриб қолган денгиз сатхида нефть ва газ қидириш ишларини олиб бормоқда.


Мўйноқдаги балиқчилар, Қорақалпоғистон. Мансур Мировалев фотоси, “Фарғона”

Қирғизистондаги тўполон

Амударё ва Сирдарёнинг бош тарафида жойлашган Тожикистон ва Қирғизистонни аввало гидроэнергетика масаласи қизиқтиради. Лекин ГЭС га бўлган эҳтиёж Оролни сақлаб қолиш ишларига мутлоқ тескаридир. Қишда электр энергиясига муҳтожлик кучли бўлади, шунинг учун сув омборларида сув тўпланади, ёзда эса уларни оқизиб юбориш ишлари амалга оширилади. Оролга эса айнан ёзда сув керак бўлади. Қишдаги сувлар одатда денгизга етиб бормайди. Асосан сув бесарама ишлатилади ёки у аҳоли пунктларини босиб кетади. Қирғизистон ҳукумати сувлардан оқилона фойдаланишни таклиф этади: ГЭСлардан оқизиб юборилган сувларни йиғиб, қайтадан суғориш ишларига йўналтиришни таклиф қилади. Мана шундай йўл билан суғоришга қўшимча сув ишлатилмайди.

Лекин қўшни республикалар қирғизларнинг ушбу таклифини беэътибор қолдирдилар. 2009 йили Олма-Отадаги Жамғарма анжуманида Қирғизистон делегацияси муаммоларни қаттиқ муҳокама қилди. Жамғарма ишларида ислоҳотлар олиб борилмас экан, Қирғизистон унга аъзоликни тўхтатишини эълон қилди. Лекин бу ариза ҳужжатларда акс эттирилмади. Кейинги йиллар Оролни қутқариш жамғармаси умуман мажлислар ўтказмади. 2016 йили Қирғизистон яна бир бор жамғарма ишида иштирок этмаслигини такрор эълон қилди. Лекин яна ушбу баёнотга эътибор берилмади.

2017 йил жамғармага раислик қилиш Туркманистонга ўтди. Республика раҳбарияти доимо халқаро мисёсда ўз нуфузи устида бош қотиради ва барча анжуманларни тантанали ўтказади. Шунинг учун 2018 йил 24 августда Каспий соҳилидаги Аваза шаҳрида кейинги тўққиз йил ичида илк бор жамғарманинг саммити бўлиб ўтди. Анжуманга Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбеков “фахрий меҳмон” сифатида таклиф этилди.

Расмий баёнотларга кўра, “мажлис ўзаро тушуниш ва ошкоралик руҳида” ўтган ва “саммит иштирокчилари муҳокамадаги масалалар нақадар муҳимлигига урғу берган ҳолда, Жамғарма ишларини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этдилар”. Бердимуҳамедов Орол муаммоси фақат минтақа масаласи бўлмасдан, унда БМТ фаол иштирок этиши кераклигини таъкидлаган. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев эса саммит ишига БМТ, турли халқаро жамғармалар, экология лойиҳаларини молиялаштирувчи халқаро ташкилотларга кўмак сўраб қилинган коллектив мурожаат сифатида қараш кераклигига урғу берди.


Авазада иштирок этган давлат раҳбарлари. Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотоси

Фақат қирғиз матбуотида мазкур анжуман ўзгача ёритилди. Қирғиз ОАВга кўра, “фахрий меҳмон” Сооронбой Жээнбеков яна бир бор Жамғарма фаолиятини танқид остига олган, унинг таркибида ислоҳотлар ўтказиш кераклигига урғу берган. Унинг фикрига кўра, жамғарманинг барча республикалардаги филиалларини йўқ қилиб, унинг ўрнига барча республика вакилларидан иборат ижро қўмитасини тузиш керак. Бошқача сўз билан айтганда, жамғарма фаолиятини марказлаштириш керак. Шунингдек, Жээнбеков жамғарма таркибидаги айрим комиссияларни қисқартириш, аъзолик бадаллари ихтиёрий бўлиши кераклигини айтган. Шуни айтиш керак, Қирғизистон учун халқаро ташкилотларга тўланадиган бадаллар оғриқли мавзу ҳисобланади. Яқинда мамлакат халқаро метеорология ташкилотидан ҳам қарздор бўлиб қолган.

Қирғиз раҳбарининг сўзларига кўра, айрим муаммоларни 1998 йил 17 мартда қабул қилинган “Норин- Сирдарё” дарё соҳилларида сув энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган Келишувга таянган ҳолда ҳам ҳал этиш мумкин. Юридик жиҳатдан ушбу ҳужжат ҳануз амалда, лекин у кейинги йиллар мутлоқ унутилган.

Бу гал қирғиз етакчиси бошқалар эътиборини жалб қила олди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шундай деди: «Бизлар Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ташкилиш ва норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш тўғрисидаги таклифларини кўриб чиқишга тайёрмиз». Шу билан анжуман ўз ишини якунлаган ва ҳозирча матбуотда жамғармадаги ислоҳотларга доир бирорта маълумот берилмади.

Маблағи йўқ, лекин номи бор

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси раҳбарининг ўринбосари Марат Нарбаев “Азаттиқ” радиосига интервью бериб, унда ташкилот ҳаётда деярли фаолият юритмаслигини айтган. «Дастлаб Жамғарма тузилганда Оролни қутқариш учун барча маблағ ажратиши ва бу маблағ ўзаро келишилган ҳолда сарфланиши кўзда тутилганди. Лекин амалда Жамғарманинг номи бор, пули йўқ. Жамғарма асосан қилинган ишлар ҳисоботини тўплаш билан машғул», – деди Нарбаев.


Оролдаги ташландиқ кемалар. Тимур Карпов фотоси, “Фарғона”

Унинг сўзларига кўра, 25 йил ичида Оролни сақлаб қолиш учун $15 млрд маблағ ажратилган. Бироқ, ушбу пуллар Жамғармани четлаб ўтган. Оммавий ахборот воситаларида ушбу маблағлар ҳақида узуқ-юлуқ маълумотларни учратиш мумкин. 2000 йилдан 2010 йилга қадар Ўзбекистон Жанубий Орол минтақасидаги экологик офатларни олдини олиш учун $1 млрд миқдорида маблағ сарфлаган. Шимолий ва Жанубий Орол ўртасида дамба қуриш Қозоғистонга $82 млн.га (жумладан, $60 млн жаҳон банки кредитидан) тушган. Шунингдек, Марказий Осиёда сувни тежаб ишлатишга доир қимматбаҳо лойиҳаларни амалга оширишга уринишлар ҳам бўлган. 2017 йили Россия Фанлар академиясининг География институти бўлим бошлиғи Андрей Птичкин мазкур ишларнинг касодга учраганини айтади. «Лойиҳаларнинг амалга ошмагани - унинг қимматлиги ва мураккаб тизимга эга эканлигидадир. Сув бепул бўлгани туфайли одамлар уни тежашни хоҳламайдилар», – дейди олим.

Нарбаев ҳам берган интервьюсида Жээнбеков фикрларини такрорлайди – Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ислоҳ қилиниши, бешта республика бир ёқадан бош чиқариб ишлаши керак. У Марказий Осиё аҳолиси 2012 йилдан 2018 йилга қадар 50 миллиондан 70 миллион одамга ўсганини эътироф этади. Демак, сувга бўлган эҳтиёж борган сари ортиб боради. Агар бу масала ижобий ҳал этилмаса, бундан кўпгина муаммолар етишиб чиқиши мумкин.

Агар Орол денгизи улкан бир муаммо сифатида қабул этилса, ростдан ҳам бугунги кунда уни ҳал этиш ўта мураккаб иш экани аён бўлади. Гарчи тарихдан денгиз сатҳи бир неча бор кенгайиб, торайиб келган бўлса-да, лекин у ҳеч қачон бугунчалик аянчли аҳволга тушмаган. 1960 йили Орол акваторияси 68,9 минг квардрат километрни ташкил этган, бугунга келиб унинг сатҳи 7,6 минг квадрат километрдан ошмайди. Сув ҳажми 1063 куб километрдан 36 куб километрга тушиб қолган. Бу эса денгизнинг саёзлашаётгани эмас, деярди йўқолиб кетаётганидан дарак беради.

Татьяна Зверинцева

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги