10:43 msk, 13 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Беихтиёр ихтиёрлик. Нега Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилганлиги тўғрисидаги ҳисоботларга ишониб бўлмайди?

27.08.2018 10:29 msk

Азиз Якубов

Ўзбекистонда пахта терими. Ozodlik.org сайти фотоси

«Сентябрь – доимо сен билан бирга бўлгувчи байрамдир», – деб куйлаганди қачонлардир хонанда Борис Гребенщиков. Кўпгина ўзбекистонликлар учун ушбу ойни “меҳнат байрами”, деб аташ мумкин. Чунки Мустақиллик байрами шарафига чалинган карнай - сурнай садолари тиниши, мактабларда биринчи қўнғироқ янграши, институт, университетларда ўқишнинг бошланиши кетидан мамлакатда пахта терими бошланади. Далага нафақат фермерлар, балки ўқувчи ва бюджет ташкилотлари ходимлари ҳам “ошиқадилар”. Ишдан бўшатилиш ёки ўқишдан ҳайдалиш таъқиби остида улар вақтинчалик “пахтакор”ларга айланадилар.

Ўзбекистонда барча мажбурий меҳнат салбий амалиёт, унга қарши бор воситалар билан курашиш кераклигини тушунади. Лекин болаликдан одамлар онгига сингдирилган “пахта - халқ бойлиги, унинг бир мисқолини ҳам увол қилмасдан териб олиш керак” деган “ҳақиқат” юқоридаги фикрни сиқиб чиқаради.

Ўтган йил сентябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан “болалар меҳнатидан фойдаланиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун барча чоралар кўрилаётгани”ни айтганди. Лекин шу пайтнинг ўзида Бош вазир Абдулла Арипов барча ҳокимларга тезда пахта далаларига талаба ва бюджет ходимларини чиқаришга буйруқ берганди. Ҳокимиятнинг юқори доирасидаги эзгу ҳаракатлар таҳсинга сазовор, лекин Бош вазирнинг бундай қарори одамлар пахта терими олдида беихтиёр “ихтиёрсиз” эканликларини яна бир бор исбот қилади.

Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида Халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонга кириши амри маҳол эди. Лекин баъзан улар мамлакатга ташриф буюролганлар, лекин мутахассисларнинг вазиятни объектив ёрита олгани борасида гап бўлиши мумкин эмас. Бироқ, 2015 йил аҳвол ўзгарди: болалар меҳнатига барҳам берилиши шарти билан Жаҳон банки Ўзбекистонга $500 млн миқдорида кредит беришини маълум қилди. Ўзбекистон ҳукумати ҳақиқатан ҳам ўз ваъдаси туришини текшириш учун мазкур ташкилот Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) экспертларидан иборат гуруҳни ёллади.


Тиббиёт ходимлари пахта теримида. Ozodlik.org сайти фотоси

2015 йили ХМТ республиканинг пахта далаларида болалар меҳнати ва катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланилишига оид аниқ далилларни топмаганини маълум қилди. Кейинги йиллар текшируви ҳам шундай натижалар билан якунланди. Бошқа сўз билан айтганда, меҳнат ташкилоти экспертлари Ўзбекистонда одамлар пахта теримига мажбурий ёлланаётганини “кўрмадилар”. Яъни, МХТга кўра, Самарқанд ва Қашқадарёда ҳеч нарса юз бермаган, “тинчлик” ҳукм сурарди.

Турган гап, бу борада бошқа ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларининг маълумотлари ўзгача бўлган. Масалан, “Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-герман форуми” докладида пахта теримига мактаб ўқувчилари ва бюджет ташкилотлари ходимлари жалб этилгани акс этган.

Кўпгина мутахассисларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолияти доир саволлар туғилиши табиий. 2016 йили Ольстер университети (Шимолий Ирландия) нинг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетт “Жаҳон банки ва ХМТ энг қаттиққўл тизимни оқламоқда” деб номланувчи мақоласини эълон қилди. Орадан бир йил ўтиб, профессор яна ХМТ фаолиятини ўрганади ва унинг ишларида йўл қўйилган аниқ ҳатоларни ўз докладида кўрсатиб ўтади.

«От чоптириш»ми ёки тадқиқот?

2018 йил чоп этилган мақола “Авторитар контекстда ўрганилган мажбурий меҳнат кўлами: Ўзбекистонда ХМТ мониторингининг учинчи томондан баҳоланиши”, деб номланади. Мақолани Критиан Ласслетт ўзининг ҳамкасби Ванесса Гстрайт билан ҳамкорликда ёзган.

Ҳужжат мавзуларига тез кўз югуртирамиз. Таҳлил муаллифлари қуйидаги муаммоларга урғу берадилар:

1. сўров иштирокчиларидан розилик олмаганлик;

2. пахта терими иштирокчиларининг ихтиёрий равишда суҳбатга чорланганига доир шубҳалар мавжудлиги;

3. интервью берганларни ошкор этмасликка яхши амал қилинмагани;

4. сўров иштирокчиларининг ҳақиқатни гапириш оқибатида жазога тортилиши эҳтимоли ва бошқа омиллар.

Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан икки турдаги сўров ишлари олиб борилган: телефондаги мулоқот ва шахсан суҳбат ўтказиш орқали. Иккисида ҳам сўровнинг объектив олиб борилганига шубҳа қилиш мумкин.


Ўзбекистонда пахта терими. Protextile.uz сайти фото-си

ХМТ телефон орқали ўтказган сўровларида қанча одам қатнашгани ва бу ишлар техник томондан кимлар орқали амалга оширилганига аниқлик киритишни ўзига лозим топмаган. Докладнинг қаеридадир 1000 нафар одам кўрсатилса, қаеридадир 800 рақами тилга олинади ва айрим саҳифаларда ўзгача “думалоқ” рақамлар бўй кўрсатади. Давлат хавфсизлиги хизмати электрон почталар, ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни диққат билан текшириб турадиган бундай мамлакатда статистика маълумотларига ишониш мумкинми? Саволнинг жавоби тайин – одамлар телефон орқали муҳим мавзуларда “дилдан гаплашиш”га қўрқадилар.

Респондентларни танлаш ишлари ҳам экспертларда шубҳа ўйғотди. Масалан, сўровларда 68 фоиз эркак ва 32 фоиз аёллар иштирок этгани ёзилган. Лекин ХМТ маълумотлари бўйича далада пахта тераётганларнинг 70 фоизидан ортиғини аёллар ташкил этаётган бўлса, улар қандай қилиб телефонда “қўнглини бир бўшатиб” олишга вақт топган эканлар?!

Олиб борилган тадқиқот механизмининг ўзи ҳам танқид остига олинади. Сўровга тортилган ҳар бир одам учун ўртача 10 дақиқа вақт кетган. Анкетада 25 та савол борлиги ҳисобга олинса, ҳар бир саволга жавоб 16,8 сонияни (салом-алик, қўнғироқдан мақсадни тушунтиришдан ташқари) ташкил этган. Турган гап, бундай тезликда респондентдан дурустроқ жавоб олиш амри маҳол.

Жойларда ўтказилган интервьюлар ҳам одамда шубҳа уйғотади. Бунга ишчи гуруҳининг таркиби ҳам мисол бўлади: ХМТдан битта вакил, Ўзбекистон Касаба уюшмаси (ЎКУ) дан битта вакил, таржимон ва ҳайдовчи. Доклад муаллифлари ЎКУ “ҳукуматга ён босадиган” квази ташкилот эканига урғу берадилар. Шундай қилиб, касаба уюшмаси вакиллари деярли ҳукумат одами ҳисобланадилар, гарчи расман бу тилга олинмаса-да.

Яна бир муҳим омил: респондентларга ҳукумат ҳужжатлари кўрсатилган. Бу ҳол мониторинг мустақил равишда олиб борилганини шубҳа остига олади. Яъни, сўров қилинган одамлар агар ҳукумат хоҳласа улардан барча жавоблар, персонал маълумотларни олишини яхши тушунганлар. Турган гап, бу ерда респондентларнинг ошкора гапиришига имкон бўлмаган. Ўзбекистонда “ортиқча гап” учун қамоқхонага тушиб қолиш ҳеч гап эмаслигини ҳамма яхши тушунади.

Профессор Ласслетт ва унинг ҳамкасби эътиборини интервьюга ажратилган "замон ва макон" ҳам жалб қилади. 3000 дан ортиқ одамлар билан суҳбат ўтказилган, уларнинг барчаси ҳам фермер ёки пахта даласида ишлайдиган деҳқонлар бўлмаган. Сўров пайтида ҳоким ва бошқа раҳбарлар ҳам суҳбатга жалб этилган. Анкетага келсак, у 63 та саволдан иборат бўлган. Доклад муаллифларининг ҳисобига кўра, ҳар бир саволга жавоб бериш учун 14,3 сония кетган. Бундан савол таржимасига кетган вақтни ажратиб олиш керак. Савол туғилади: бундай “от ўйини, от чопдириш”га асосланган тадқиқотни нақадар жиддий ҳисоблаш мумкин?!

Нафақат олиб борилган сўровлар методи, балки ХМТ хулосалари ҳам шубҳа остига олинади.

«2017 йили сентябрда бошланиб, ноябрь ойи бошигача чўзилган пахта теримига 2,6 миллион одам жалб этилган. Кўпчилик пахта терувчилар қўшимча пул ишлаш ниятида ихтиёрий равишда далага чиққанлар. Айрим терувчилар тушунтириш, босим орқали ва мажбуран пахта даласига чиққанлар. Халқаро меҳнат ташкилоти докладида мана шундай сўзлар ёзилган. Аниқланишича, ўша “айрим терувчилар” сони 336 минг нафар ўзбекистонликлардан иборат. Ҳар қандай стандарт бўйича бу миқдор “айрим эмас”, “талайгина” сўзи билан ифодаланади.

Юқорида келтирилган барча омиллар сабаб, Ласслетт ва Гстрайн ХМТга тадқиқотлар методологияси бўйича қатор тавсияларни берадилар. Улар тадқиқотнинг шаффофлиги, респондентларнинг анонимлигини таъминлашга оид тавсиялардир. Экспертлар келажакда ХМТ Ўзбекистон ҳукуматидан мустақил равишда тадқиқотлар олиб бориши ва маълумотларни йиғиши, уларнинг “бегона кўзлардан” асраш ишларини кўнгилдагидек бажо келтиришига умид билдирадилар.

Қўл учида ёки хоҳламай ишлаганлар

«Инсон ҳуқуқлари ўзбек-герман форуми» раҳбари Умида Ниёзова «Фарғона» таҳририятига Ўзбекистондаги ХМТ фаолияти ва профессор Ласслетт докладини изоҳлаб берди.

«Кристиан Ласслетт доклади Ўзбекистондаги пахта етиштириш секторида болалар меҳнати ва бюждет ташкилоти ходимларини мажбурий меҳнатга ёллаш ҳолатини мониторинг қилаётган Халқаро меҳнат ташкилотининг фаолияти қониқарли эмаслиги кўрсатади ва бу вазият жиддий хавотир уйғотади. Доклад ХМТ методологияси мустақил ва объектив мониторинг талабларига жавоб бермаслини кўрсатади, демак тадқиқотлар натижаси халқаро жамоатчилик томонидан ҳукм чиқарадиган шахсларнинг нотўғри хулосаларга келишига сабаб бўлган.

ХМТ Ўзбекистондаги фаолияти бошидан бироз сиёсий ёнбошишга йўл қўйган. Буни арзимаган ҳақ ёки мутлоқ бепул пахта териб беришга мажбур этилаётган минглаб ўзбекистонликларга нисбатан ҳиёнат, деб қабул қилиш мумкин.

Халқаро меҳнат ташкилоти илк бор Ўзбекистонда 2013 йили мониторинг олиб борди. Ўшанда ташкилот экспертлари текширувларининг якунини кўриб, кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячиларининг тарвузи қўлдан тушганди. Зеро, ўша пайт ҳуқуқ ҳимоячилари ўз жонини таҳликага қўйиб, далаларда болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини текширдилар. Уларнинг айримлари бу фаолият кетидан қамоққа олиндилар, айримлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар. Бунга Дмитрий Тихоновни мисол қилиб келтириш мумкин. Халқаро меҳнат ташкилоти ўз мақоми, нуфузи ва ўзидаги бор ресурслари билан холисона, мустақил кузатувлар олиб бориши мумкин эди, лекин у қандайдир сабабларга кўра бундай йўл тутмади.

2013 йил кузатувига кўра, ХМТ болалар меҳнатидан фойдаланилмаганига оид хулоса чиқарди. Лекин ўша йили 16 ва 17 ёшдаги 500 минг коллеж талабалари пахта теримига жалб қилингани барчага маълум.

ХМТ 2013 йилги пахта терими чоғида 16 ёшли боланинг нобуд бўлганини атайин эътиборсиз қолдирганини ақлга сиғдириш қийин. Ташкилот “Озодлик” радиосига интервью берган ўлган боланинг онаси айнан ўқитувчилар унинг ўғлини пахта даласида яшаб, ишлашга мажбур қилганлари тўғрисидаги сўзларини ва ушбу воқеани ўз ҳисоботига қўшмаган.


Ўсмирлар пахта теримида. “Фарғона” фотоси

Бунинг ўрнига ХМТ “16 ёшли коллеж талабаси бўғилиш кетидан табиий ўлимга дуч келгани”ни маълум қилди. Гўёки ушбу воқеа боланинг амакисини кўришга борганида юз берган. Яъни, боланинг ўлими ва болалар меҳнатидан фойдаланганлик факти ҳам ХМТ позициясига таъсир этмади. Ҳақиқатан содир бўлган воқеани тан олмаслик ростдан ҳам инсонни шок ҳолатига туширади.

ХМТ илк бор Ўзбекистонда иш бошлаганида ташкилот фаолияти мамлакатда ҳақиқий меҳнат стандартларининг жорий этилишига туртки бўлади, маҳаллий раҳбарларга халқаро меҳнат нормалари борасида малака берилади, деган умидда бўлгандим. Лекин ташкилот ходимлари пахта секторидаги мажбурий меҳнат сабабларини аниқлай олмадилар, объектив мониторинг олиб боролмадилар. Бу эса халқаро миқёсда болалар меҳнатидан фойдаланишга доир ноаниқ маълумотларнинг тарқалишига сабаб бўлди. Назаримда бу ҳолат Ўзбекистоннинг пахта етиштириш соҳасида ростмана ислоҳотлар олиб борилишига тўсиқ бўлмоқда.

2016 йилги пахта мавсуми тўғрисида ҳисобот тайёрлаган ХМТ «Reluctant workers» («хоҳламай ишлаганлар») иборасини қўллади. Бу ибора бюджет ташкилотларидан пахта теримига сафарбар қилинган минглаб ходимларнинг мажбурий меҳнатга ёлланганини ифодаламаслик учун ўйлаб топилган. («Reluctant workers», шунингдек, «мажбурий ишчилар» деб ҳам таржима қилиниши мумкин. - «Фарғона» изоҳи).

Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатига барҳам беришга ҳаракат қилаётганини тан оламан. Лекин 2017 йилги пахта терими катта ёшдагиларни мажбурий меҳнатга сафарбар қилинганини яққол исботлади. 2018 йил мобайнида президент Шавкат Мирзиёев минбардан бир неча бор пахта секторида мажбурий меҳнатга барҳам бериш кераклигини таъкидлади. Президентнинг бу сўзлари нақадар ҳақиқатга яқин эканини 2018 йилги пахта мавсуми кўрсатади.

Бу йил ҳам Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда кузатув ишларини олиб боради. Агар у ўз фаолиятидаги муҳим нуқсонларни тузатмаса, у ҳолда унинг ишлари ози билан ишончсиз кузатув, кўпи билан мажбурий меҳнатга ёлланаётган одамлар тақдири учун хавфли омил бўлиб қолади.

Машаққатлар мавсуми

Сўнгсўз ўрнида 2018 йилги пахта терими мавсуми қандай ўтишини прогноз қилиш мумкин. Республика қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш дастурида ҳозирда 1224 дона пахта териш машиналари борлиги айтилган. Фермерларга керакли бўлган техника таҳлили пахта териш учун яна 3080 дона терим машинаси кераклигини кўрсатади. Бу вазият ҳосилнинг катта қисми қўлда териш кераклигини кўрсатиб турибди. Демак, маҳаллий ҳоким ва раҳбарларнинг мактаб ўқувчилари, талабалар, врач ва бошқа бюджет ташкилоти ходимларисиз пахта режасини “дўндириши”га ишониш қийин. Бундан ташқари, “конпенсация” тизимидан фаол фойдаланилиши мумкин. Яъни, ўқитувчи пахтага чиқмаслик учун, унинг ўрнига теримга чиқадиган одамга ойлигидан “улуш” тўлашга мажбур бўлади. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият вақт мобайнида яхшигина "тобланган» тажрибадан, яъни «ўз ихтиёри билан Ватан олдидаги режани» бажариш учун далага отланган одамлардан тилхат олишдан фойдаланади.

ХМТ мониторинггига келсак, бу гал ҳам ташкилот экспертлар хулосаларини инобатга олмайди. Пахта терими мавсуми тугагач, ХМТ Ўзбекистон ҳукумати қулоғига мулойим эшитиладиган бир томонлама текширув якунларини баён қилади.

Бир сўз билан айтганда, Халқаро меҳнат ташкилотининг фаолияти яқиндан кўрилса, унинг асл вазиятни таҳлил этаётганини эмас, Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилмаётганини исбот қилишга уринаётганига амин бўлади одам. Агар, ростдан ҳам аҳвол шундай бўлса, у ҳолда мазкур халқаро ташкилотни эришган муваффақияти билан табриклаш мумкин – у ўз ишини қойилмақом қилиб дўндирмоқда. Лекин, буларнинг ХМТ томонидан ташкил этилган Филадельфия декларациясининг мақсад ва вазифаларига қандай алоқаси бор, бу ёғи мутлоқ қоронғу.

Азиз Якубов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги