10:19 msk, 13 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Яна «катта окахон»ми? Ўзбекистонда Бош прокуратура каримовчи МХХ ўрнини боса оладими?

13.08.2018 11:44 msk

Азиз Якубов

Gazeta.uz сайти фотоси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев прокуратура соҳасини коррупционерлардан тозалагандан кейин кутилмаганда унинг сафи кенгайди. Эндиликда прокуратура жамиятдаги инсон фаолияти билан боғлиқ барча соҳаларни назорат қилади: соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, саноат – то кино ишаб чиқиш тизимигача. Авваллари республикада бу каби вазият кузатилган ва буларнинг ортида ҳаммани қўрқувга соладиган бир ташлилот – МХХ турарди.

Миллий хавфсизлик хизматига (МХХ, ҳозирда ДХХ – Давлат хавфсизлик хизмати) кучли зарба берилганидан кейин республика президенти Шавкат Мирзиёев “катта окахон”лик вазифасини Бош прокуратурага беришга шайланган кўринади. Аввалги президент Ислом Каримов даврида МХХ мамлакатдаги барча жараёнга аралаша олар, хоҳласа номақбул ҳокимни ишдан олиб, хоҳлаган ишбилармоннинг бизнесини тортиб оларди. Президент Мирзиёев “миллий манфаат ғамхўрлари” ҳақида жуда тўғри ифодани қўллаган эди - «улар хоҳласа столбани ҳам қаматар эди». Инчунун, прокуратурани ҳам “оппоқ” деб бўлмайди. Биргина собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров қилмиши ортидан ўнлаб юқори лавозимларни эгаллаган амалдорларнинг панжара ортида ўтиргани буни яққол тасдиқлайди.

Лекин шунга қарамасдан, бугунги кунда Бош прокуратура муҳим ташкилот ҳисобланиб, унинг сафи тобора кенгайиб бормоқда. Масалан, 2018 йил бошида унинг таркибида турли соҳа ва йўналишларни назорат қиладиган тўққиста бошқарма ташкил этилди. Прокуратура ёнилғи-энергетика комплексидан тортиб ижтимоий соҳалар билан боғлиқ ташкилотларни ўз назорати остига олди. Кейинчалик ташкилотга мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини ишониб топширдилар.

Бу маънода президентнинг иккита қарори диққатга сазовор: ўтган йил май ойида ташкилот ҳузурида янги тузилма – Мажбурий ижро бюроси (МИБ) тузилди. У коммунал хизматлар бўйича барча қарздорликни ундириш билан шуғулланади. Бордию, Ўзбекистон фуқаросининг қарзи йўқлиги ҳақида МИБдан маълумотномаси бўлмаса, уни мамлакатдан четга чиқармаслиги, шунингдек, каттароқ хажмдаги олди-сотди ишларига йўлатмасликлари мумкин.

Куни-кеча , яъни 2 август куни президент Мирзиёев Бош прокуратуранинг солиқ ва божхона хизмати назоратини ўзгартиришига доир фармонга имзо чекди. Унга кўра, ташкилот сафи 500 нафар ходимга кенгаяди. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида Бош прокурорнинг солиқ ва божхона хизмати билан боғлиқ кенг масалаларни назорат қиладиган ўринбосари бўлади. Бошқа сўз билан айтганда, ислоҳотларни назорат қилиш орқали президент солиқ ва божхона тизимида илдиз отиб кетган коррупцияни йўқ қилиш вазифасини прокурорларга топширди. Бундан икки йил олдин прокуратуранинг ўзи коррупциядан ҳимояланишга муҳтож эди. Наҳотки президентнинг прокуратура тизимини тозалаш ишлари ижобий якунланган бўлса? Ушбу саволга батафсилроқ ойдинлик киртишга ҳаракат қиламиз.

Илдизигача, кейин...

Қизиғи шундаки, бундан роппа-росса икки йил олдин – 2017 йил 2 август куни навбатда видеоселектор мажлисида Шавкат Мирзиёев прокуратурани танқид қилибгина қолмай, унинг асфаласофилини чиқариб ташлаганди. Президент прокурорларни “энг катта ўғрилар” деб атади ва кейинчалик инсоф билан ишламайдиган барча прокурорларни ишдан олиб ташлашини айтди. «Биз янги Бош прокурор тайинлаб, ташкилотни аввалги чиқиндилардан тозаладик, 80 фоиз ходимларни алмаштирдик. Барибир прокуратурада яна ўн беш, йигирма фоиз аввалги ўғри тизимдан қолган ходимлар ишламоқда. Ё прокурор тўғри ишлайди ёки прокуратурага барҳам берамиз. Прокурорлар халқ бошига битган бало бўлди. Агар тўғри ишлашмаса, ҳаммаси ишдан кетади», – деди Мирзиёев тизимни тозалаш ишлари ҳақида гапираркан.

Машҳур фильмда айтилгани каби “ўғри қамоқда ўтириши керак”. Кўпчилик прокурорлар бу қисматдан чоқиб қутулолмадилар: уларга нисбатан порахўрлик, мансабни суиистеъмол қилиш, таъмагирлик бўйича жиноий ишлар қўзғатилди. Статистикага кўра, 2017 йилнинг 11 ойи ичида тизимдаги 7500 нафар ходимга нисбатан маъмурий жавобгарлик ишлари, 201 прокурорга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган.

Прокуратуранинг мутлоқ коррупцияга ботиб кетганини 15 йил давомида Бош прокуратурани бошқариб келган Рашид Қодировнинг ҳибсга олиниши кўрсатди. Текширувлар шуни кўрсатдики, амалдор лавозимида ўтирган йиллари улкан молиявий империяни қурган, чет элларда ўз бизнесини юритган, ишбилармонлардан ундириладиган поралар карвони тузилган. Қодиров иши билан шуғулланаётган терговчилар собиқ Бош прокурор бизнесменлардан ярим миллиард доллар миқдорида пуллар ундириб олгани, талончилик қилганига доир шикоятларни йиққанлар.


Рашид Қодиров. Catoday.org сайти фотоси

Ҳозирги Бош прокурор Отабек Муродов Рашид Қодировнинг “ноқонуний йиққан пуллари” давлатга қайтарилган тақдирда, у эркинликка чиқиши мумкинлигини айтиб ўтди. Одатда бу каби баёнотлар “пиар-қадам»дан бошқа нарса бўлмайди. Мирзиёев айтганидек, собиқ Бош прокурор ўз қилмишларини телевидение орқали ҳалққа айтиб бериши мумкин. Бир сўз билан айтганда мамлакатнинг барча телеканаллар орқали Қодировдан “тавба-тазурру” сўзларини кутиб қоламиз.

Ўрин ўзгаргани билан натижа…

Нафсилармни айтиш керак, прокурорлар нафақат ишдан олиняпти, билакс, улар ҳукуматнинг юқори эшелонларидаги турли лавозимларига ҳам тайинланмоқда. Масалан, собиқ Бош прокурор Бахтиёр Абдуллаев Давлат хавфсизлик хизматини бошқармоқда, собиқ Бош прокурор ёрдамчиси Муроджон Азимов Давлат божхона қўмитасига раҳбар этиб тайинланди. Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ, валюта жиноятлари ва ноқонуний даромадларни ўзлаштиришга қарши департамент бошлиғининг ўринбосари Вячеслав Пак Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари курсисини эгаллади, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Баҳодир Пўлатов Сурхондарё вилоятига ҳоким этиб тайинланди.


Ихтиёр Абдуллаев. Xabar.uz сайти фотоси

«Ўзавтосаноат» акциадорлик компаниясидаги кадрлар ўзгаришига бироз тўхталиб ўтишга тўғри келади. Бу ерда ишдаги камчилик ва соҳадаги коррупциянинг авж олдиргани туфайли ишдан бўшатилган Умиджон Салимовнинг ўрнига Бош прокуратура ходими Шавкат Умурзоқов раис этиб тайинланди.

У телевидение орқали берган биринчи интерьвюсида президент соҳанинг яхши ривожланишига тўсқинлик қилаётган ходимларни “халқ ва ватан равнақи учун жонбозлик кўрсатиб ишлайдиган ташаббускор ёшлар билан” алмаштиришга “алоҳида топшириқ” берганини айтди. Шу ўринда собиқ раис Салимовнинг «Ўзавтосаноат» янги раисига ўринбосар қилиб тайинлаши (унинг нима сабабдан ишдан олингани сабаблари инобатга олинса) - ғалати кўринади.

Майли, Умурзоқовга қайтамиз. Унга, собиқ прокуратура ходимига Facebook-ҳамжамиятида “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш” мақоласи бағишланган. Материалда келтирилган барча фактларни санаб ўтишга ҳожат бўлмаса керак. Блог муаллифининг собиқ прокурор ҳақида унинг касбдошларини сўзларига таянган ҳолда баҳо бериши анчагина ғалати туюлади: «ичидан коррупция билан емирилган, касбий маҳорат ва ижобий хислатларга эга бўлмаган шахс». Агар блогер ёзган сўзларга ишонилса, Умурзоқов одамлар ичида “сариқ тулки” деган лақабни олган ва яқинда $700 мингга уй сотиб олган. Лекин уйнинг манзили келтирилмайди.


Шавкат Умурзоқов. Uzdaily.uz сайти фотоси

Инобатга олса арзийган мисол. Ўзбек ҳукуматининг Бош прокуратуранинг собиқ ва амалдаги ходимлари ёрдамида коррупцияга қарши кураши “асалариларнинг асалга қарши кураши” билан боғлиқ латифани эслатади. Президентнинг ўзи прокурорларни бўйнигача коррупцияга ботиб кетганини айтиб турган бир пайтда, улар мазкур иллатга қарши қандай курашар эканлар-а?

Студент, ўқи, прокурор бўласан

Албатта, прокурор ходимларининг 100 фоизини ишдан олиб, уларнинг ўрнини янги ходимлар билан янгилаш масаласи жозибали кўринади. Лекин бу ишни қилгандан кўра, у ҳақда гапириш осонроқдир. Ҳозирги тизимда қўлланилаётган ягона амалиёт: бу ҳам бўлса жиноий иш қўзғатиб, айбдор амалдорларни қамашдир. Лекин тизимни тўлиқ янгилашга ҳали эрта. Балки шунинг учун яхши прокурорларни талабалик пайтиданоқ тарбия қилишга уринишаётгани бежиз эмасдир.

Бош прокурор Отабек Муродов ташкилотнинг эришган энг яхши ютуқларидан бири деб - Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети ва Қорақалпоғистон давлат университети билан имзоланган меморандумни мисол келтиради. «Меморандумга кўра, олий ўқув муассасаларида “Бўлажак прокурорлар” клублари фаолият юритади. Клубнинг асосий мақсади – талабалар орасидан бўлажак прокурорларни танлаб олишдир. Талабалар прокуратура фаолияти билан яқиндан танишиб, ўз тажрибаларини ошириб боришлари мумкин», – деб бўлажак кадрлар тайёрлаш ишларига урғу берди Муродов.


Отабек Муродов. Gazeta.uz сайти фотоси

У, шунингдек, жорий йилда прокуратура тизимига олий ўқув юртларини тамомлаган 400 нафар инсон жалб қилинишини айтди. Номзодларнинг ҳар бири билан суҳбат ўтказган Бош прокурор уларнинг дунёқараши бошқача экани ва уларнинг яхши мутахассислар бўлиб етишига умид қилади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига оид ҳужжатда ташкилотнинг шаҳар, туман бўлимларидаги давлат ижрочиларини қўшиб ҳисоблаганда 3889 дона штат бирлигига эга экани айтилган. Бошқа сўз билан айтганда, МИБга ҳар йили 500 нафар ёш мутахассислар жалб этилган тақдирда ҳам уни тўлиқ янгиланиши учун бир саккиз йил керак бўлади.

Нима бўлгандаям бир нарса аён: Ўзбекистон мамлакатда асосий назоратни ўрнатадиган орган деб - прокуратурани танлади. Албатта, бу қарорда етарлича хавотирга ўрин бор. Ташкилот қаҳри қаттиқ “Катта окахон” бўлармикан? “Окахон”нинг қудрати ўсиб, унинг ўзи янги суиистеъмолчиликларни келтириб чиқармасмикан? Балки, ҳукумат хоҳлаганидек йиллар ўтиб одамлар прокуратурага ишониб қолар, унинг ёрдамига таянар ҳам. Лекин ҳозирча бу умид мутлоқ утопик кўринади.

Азиз Якубов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги