02:52 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Ўзбекистоннинг юксалиш даврига ўтганини эълон қилди. Бу сўзлар нақадар ҳақиқатга яқин?

10.08.2018 14:43 msk

Егор Петров

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев еттинчи август куни ўзбек адатиётини тарғиб қилишга бағишланган конференцияда сўзлар экан, мамлакат ўз тараққиётининг янги босқичи — миллий юксалиш даврига қадам қўйганини эътироф этди. Бу сўзлар қўшни Туркманистонни ёдга солади, зеро мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам аввали Туркманистонда “Буюк қудрат ва Саодат” даври ҳукм сураётганини, бунга қадар мамлакат “Буюк Тикланиш” даврини кечиб ўтганини айтганди. Лекин бундан туркманистонликларнинг ҳаёти фаровон бўлмади, аниқроғи бунинг акси бўлди.

Туркманистондан фарқли ўлароқ Ўзбекистонда бундан бир ярим йил олдин раҳбар ўзгарганда ростдан ҳам муҳим ўзгаришлар, ислоҳотлар даври бошланди. Ҳукуматнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари мамлакат аҳолиси ҳаётини нақадар яхшилай олди? Бизлар буни статистик маълумотларга таяниб, Ислом Каримов замонидаги тўлик 2015 йил ва Шавкат Мирзиёев давридаги тўлиқ 2017 йилни таққослаган ҳолда ўрганиб чиқдик.

Бу икки даврни таққослаган пайт дунё иқтисодиётида юз берган жараёнларни ҳам инобатга олдик: 2015 йил нефть нархи пастлаб, бир баррели 39 долларни ташкил этганди, ҳозирда у 74 доллар даражасини ушлаб турибди. Бундан ташқари 2015 йил дунё иқтисодиёти тараққиёти 2,8 фоизга секинлашгани кузатилган бўлса, бу йили ушбу кўрсатгич 3, 9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Яна бир нарсага эътибор бериш лозим: Каримов давридаги расмий статистика халқаро ташкилотлар томонидан “сунъий” деб тан олинган ва ҳақиқий ҳолатни акс этмаганлиги сабаб кўп танқидларга учраган.

Макроиқтисодий кўрсатгичлар

2015 йилнинг биринчи ярим йилида ЯИМ кўрсатгичи 72,1 трлн сўмдан иборат бўлиб, саноат ишлаб чиқариш хажми - 40,7 трлн сўм, ташқи савдо айланмаси - $12,6 млрд (экспорт - 6,3 млрд. импорт - 6,2 млрд) ташкил этганди. 2018 йил ушбу кўрсатгичлар куйидагича: Ялпи Ички Маҳсулотлар — 152,5 трлн сўм, саноат ишлаб чиқариш хажми - 39,8 трлн сўм, ташқи савдо айланмаси - $17,7 млрд (экспорт - 7,8 млрд, импорт - 9,9 млрд) ташкил этди. Инфляция 2015 йили 5,6%, 2017 йили эса - 14,4% даражасида бўлган. 2015 йилги ишсизлик даражаси - 5,2%, 2017 йили — 5,8% бўлган. 2015 йили аҳоли жон бошига бўлган ЯИМ - $2,137, 2017 йили эса - $1,500 иборат бўлган. Бу нимани кўрсатади: ҳаёт тарзи пасайганиними ёки ҳақиқий воқеликнинг акс эттирилганини — бу саволга Ўзбекистон фуқаролари жавоб берсин.


Самарқанддаги бозор. Андрей Кудряшов фотоси, “Фарғона”

Давлат ғазнаси

2015 йил Ўзбекистон бюджети ЯИМ 0,1 фоиз профицити ( 203 млрд сўм) билан якунлаган. 2017 йил бюджет профицити ЯИМ 0,2% (498 млрд сўм) ташкил этди. 2015 йилги Ўзбекистон давлат қарзи ЯИМнинг 9,2% (15 трлн сўм) иборат бўлган. 2017 йили эса давлат қарзи ЯИМнинг 24,5%га (61 трлн сўм) тўғри келган.

Хориж сармояси

2015 йили чет элликлар Ўзбекистонга $3,156 млрд миқдорида сармоя киритганлар ва бу ЯИМнинг 5 фозига тенг сумма эди. Ушбу маблағнинг аксарияти қисми - ёнилғи-энергетика секторига (59,1%), иккинчи ўринда - алоқага (19,2%), учинчи ўринда — коммунал хўжаликка (6,1%) йўналтирилган эди. 2017 йили хориж инвестицияси хажми $3,184 млрд ёки ЯИМнинг 6.5% ташкил этган. Энг катта сармоя тоғ-кон саноатига (57%), кейин қайта ишлаб чиқариш саноатига (13%) ва алоқага (10%) йўналтирилган.

Автомобилсозлик саноати

2015 йили Ўзбекистонда 185 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилган. Икки йилдан сўнг бу рақам анчагина пасайиб - 140 минг донани ташкил этди. Бу ердаги иккинчи мухим омил - бу автомобилларнинг Россия бозорида сотилишидир. Агар 2015 йили GM Uzbekistan Россияда 20,4 минг дона автомобиль сотган бўлса, 2017 йили бу кўрсатгич 15 минг донадан иборат бўлди. Жорий йилнинг июнь ва июль ойларида эса автомобиллар сотуви мутлоқ тўхтаб қолган.


Ўзбекистонда тайёрланган концепт-карлар кўргазмаси. “Ўзавтоса-ноат”матбуот хизмати фотоси

Қишлоқ хўжалиги

2015 йил қишлоқ, балиқ, ўрмон хўжаликлари маҳсулотларининг умумий хажми 42,2 трлн сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич 2017 йили - 69,5 трлн сўмни кўрсатди. Лекин бу ўринда аграр секторининг асосий соҳаси — пахта етиштириш камайди. 2015 йили пахтакорлар 3 млн 350 минг тонна пахта етиштирган бўлсалар, 2017 йили 2 млн 930 минг тонна ҳосил олдилар. Экин майдонлари қисқартирилди. 2015 йили 1,29 млн гектарга уруғ қадалган бўлса, 2017 йили 1,22 млн гектар ерга чигит экилди. Пахтадан бўшаган ерларда эндиликда сабзавотлар етиштирилмоқда. Агар 2015 йили 12,5 млн тонна полиз маҳсулотлари етиштирилган бўлса, бу кўрсатгич 2017 йили 23 млн тоннани ташкил этди.


Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўрмоқда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Ўй - жойлар қурилиши

2015 йили 82 мингта уй ёки 11,6 млн.кв.м. майдонга эга 85,7 мингта квартира эксплуатацияга топширилган. 2017 йили эса 11,2 млн кв.м. квартира ва 7,8 млн кв.м. турар-жой қишлоқларда қурилган. 2015 йили қурилиш ишларига жами 25,4 трлн сўм сарфланган бўлса, бу кўрсатгич 2017 йили 34,6 трлн сўмдан иборат бўлган.

Бизнес

2017 йили кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ЯИМ хажмининг 39,6% ташкил этган бўлса, ушбу кўрсатгич 2015 йили - 40,6% иборат эди. Бироқ, Жаҳон банки эътирофига кўра, мамлакатда бизнес олиб бориш учун шароитлар яхшиланган ва Ўзбекистон бу соҳада дунё мамлакатлари ичида 2015 йили 141 ўринни эгаллаган бўлса, 2017 йили 87 ўринга чиқиб олган.

Демография

2015 йили Ўзбекистонда 152 мингта одам ўлган ва 734 минг нафар чақалоқ дунёга келган. 2017 йили 161,5 минг одам оламдан ўтган ва 715,5 минг чақалоқ туғилган. 2017 йили одамлар сони бир йилда 554 мингтага кўпайган ва бу кўрсатгич 2015 йилга қараганда 28 мингга кам миқдорни кўрсатади. 2015 йили одамларнинг ўртача умр кўриши 73,6 йилни ташкил этган бўлса, ушбу рақам 2017 йили - 73,6 йилни кўрсатди. 2015 йили одамлар орасида 287 мингта никоҳ тузилган, 2017 йили эса 306 мингта никоҳ қайд этилган. 2015 йили ажралишлар сони 30 мингтани ташкил этган бўлса, 2017 йили 32 мингта оила ажрашиб кетган.


Шавкат Мирзиёев мактабга ташриф буюрди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Туризм

Халқаро туризм кенгаши маълумотларига кўра, 2015 йили Ўзбекистондаги сайёҳлик сектори бюджетга 1,81 трлн сўм келтирган ва бу ЯИМнинг 1,1% қисми бўлиб, аҳолининг 0,9% туризм билан (141,5 минг ишчи ўрни) банд бўлган. 2017 йили мазкур соҳа ЯИМнинг 0,9% (2,22 трлн сўм) ташкил этган. Туризм соҳаси 98,5 мингта ишчи ўринни яратган ва бу аҳоли бандлигининг 8%ни ташкил этган. Бироқ, Давлат туризмни ривожлантириш қўмитасининг маълумотларига кўра, 2015 йили мамлакатга 2 млн хорижлик ташриф буюрган бўлса, 2018 йилнинг биринчи ярим йилида республикага 2,6 млн чет эл фуқароси кириб келган. Шуни айтиш лозим, Ўзбекистонга визасиз алоқалар ўрнатилган давлатлар (Қирғизистон, Қозоғистон, Грузия, Молдова, Беларусь, Арманистон, Озарбайжон, Украина, Россия) қаторига 2018 йили яна еттида давлат (Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония) қўшилди. 39 мамлакат фуқароларига енгиллаштирилган виза олиш имконияти берилди. Бундан ташқари, 101 мамлакат фуқароларига Ўзбекистондан транзит сифатида фойдаланганда, республикада беш кун визасиз туриш ҳуқуқи берилди.


Ўзбекистондаги туристлар .Uza.uz сайти фотоси

Хулоса

Бизлар ўқувчининг ўзи бирор хулосага келиши учун юқорида келтирилган маълумотларга атайин шарҳ бермадик. Рақамларга таянган ҳолда бирор якунга келишдан олдин америкалик машҳур ёзувчи Марк Твеннинг “Уч хил ёлғон бор: ёлғон, ўта ёлғон ва статистика” деган сўзларини эслатиб ўтамиз. Демак, президент сўзлари нақадар ҳақиқатга яқин экани ҳақида ўзингиз бирорта хулосага келарсиз.

Егор Петров

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги