03:37 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Уилл Смит ва сосискалар яна давлат душманига айланган ёҳуд «Ўзбеккино»нинг томошабинлар ғашига тегиши учун минг бир баҳона

06.08.2018 10:36 msk

Эшонқул Нуртожибоев

Graycell.ru сайти иллюстрацияси

Ўзбекистонда ўзбекона «стоп-лист» ишлаб чиқилган ва унга киритилган фильмларни халққа намойиш қилган телеканаллар жазоланади ва беркитилади. Шунингдек, эфирдан диний мавзудаги фильмлар ҳам йўқолиб бормоқда.

Самарқанд STV телеканали фаолияти номаълум вақтга тўхтатилди, Sevimli канали эса ўз ходимларини ишдан бўшатди. “Ўзбеккино” экспертлар комиссияси фикрига кўра, мазкур телеканаллар “ОАВ тўғрисида”ги, “Давлат ёшлар сиёсати тўғрисида”ги, “Болаларни саломатликка зарар келтирадиган ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Ахборот принциплари ва эркинлиги кафолатлари тўғрисида”ги қонунларни бузган. STV эфирга голливуд блокбастери “Мен - афсонаман” фильми ва “Тўлиқ ҳузур-ҳаловат”, Sevimli канали эса – «Ҳурлиқо» фильмини узатган. Шу билан бир пайтнинг ўзида кўпгина каналларда ислом дини мавзудасиги кўрсатувларни эфирга узатиш ҳам тақиқланди. Турган гап, бундай чоралар билан амалдорлар “тақиқнинг таъми”ни баттар орттириб юборадилар.

Аввали яхши эди

1990-йиллари Ўзбекистонда бармоқ билан санарли миллий телеканаллар мавжуд бўлиб, одамлар асосан Россия телеканалларини томоша қилардилар. Миллий каналлар эса “элак”дан ўтган янгиликлар, футбол ўйинлари ва концертлардан иборат бўларди. Одамлар кабел телевидениеси учун ойига бир неча доллар тўлаб, бемалол Володарский овоз берган голливуд фильмларини томоша қилардилар. Кечалари очиқ-сочиқ эротика фильмларини кўриш мумкин эди. Негадир “кабелчи”ларни (одамлар шундай номлагандилар) ҳеч ким тегмасди ва уларнинг бизнеси ёмон бўлмаган.

Кинопрокатни цензура қилиш масаласи у пайтлар кўрилмаган, чунки кинотеатрларда голливуд фильмлари ўрнига ўзбек кинолари ва “Зита ва Гита” каби ҳинд қиноленталари намойиш қилинарди. Турган гап бундай кинолар “беҳаё”ликдан йироқ эди.

2000-йиллари аҳвол ўзгарди. Кабел телевидениеси йўқ бўлди. ТВда кўрсатув сценарийси ёзилишидан тортиб унинг эфирга узатилишигача бўлган барча босқичларни цензура ўз назоратига олди. Россия каналларининг ноқулай кўрсатувлари кесилиб, ўрнига миллий тароналардан иборат концертлар қўйиладиган бўлди. Турк бизнеси фаолият юритган пайтда мамлакатда турк сериаллари эфир юзини кўрди. Цензурани танқид қилиш Каримов сиёсатига қарши чиқишдек гап эди.

Журналист Илмира Ҳасанова 2003 йили Ўзбекистон телевидениесида кўрсатувлар эфир юзини кўргунча бир неча босқичда цензура томонидан “элакланиши”ни айтганди. Журналист кўрсатув "текширувчилар" томонидан мақулланганидан кейин ҳам ғоявий томондан уни қайта монтаж қилишга мажбур бўлган пайтларини гапиради. Телевидениедаги асосий қоида шундай бўлган: президент аппаратига, демак, шахсан президентга маъқул келмайдиган кўрсатувлар эфир юзини кўрмаслиги керак! Жумладан, Россиянинг “Вести” кўрсатуви туш пайтида ёзиб олинарди. У соат 17.00 да эфирга узатилгунга қадар цензура томонидан синчковлик билан текшириларди. “Вести” кўрсатувидан раҳбариятга ёқмайдиган Ўзбекистон ҳақидаги хабарлар, ўзбекистонликлар билиши мумкин бўлмаган нарсалар қирқиб ташланарди.

У пайтлар мамлакатда интернет яхши ривожланмаган эди, VHS видеокассеталарида хоҳлаган фильмларни топиб кўриш мумкин эди. Кейинчалик DVD-дисклари пайдо бўлди, лекин моҳиятан ҳеч нарса ўзгармади. Бугунги кунда ҳам Янгиобод бозорида хоҳлаган фильмни, шунингдек порно фильмлар дискларини ҳам сотиб олишингиз мумкин.


Тақиқланган “Мен - афсонаман” фильмидан лавҳа

Қора рўйхат

2005 йили Ўзбекистонда “намойиши ман қилинган фильмлар”нинг илк рўйхати пайдо бўлади. 2010 йилга келиб мазкур “қора рўйхат”дан 700 дан ортиқ киноленталар ўрин олди. Жумладан, уларнинг орасида дунёга машҳур “Кенг ёпиқ кўзлар билан”, “Ёрқин дарёлар”, «Ёмон йигит», “Троя” ва “300 нафар спартачилар” фильмлари, «Шрек» ва «Мадагаскар» мультфильмлари киритилганди. «Мен - афсонаман» фильми ҳам ўшанда рўйхатга киритилган бўлса ажабмас.

2012 йили Ўзбекистон ҳукумати Янги йил дастурларида Қорбобо, Қорқиз ва Ялмоғиз кампир каби рус халқ эртаклари қаҳрамонлари номларини камроқ ишлатишни маслаҳат беради. Бундан саккиз йил олдин, яъни 2004 йили Тошкент шаҳар Маориф бошқармасининг бўлим бошлиғи Анвар Зокиров мактабларда Янги йил байрамини нишонлашни ман қилади. У ўз ташаббусини мамлакат аҳолиси фақат битта янги йил — «Наврўз”ни нишонлаши кераклиги билан изоҳлаган. 2009–2010 йиллари мактабгача таълим вазирлиги Янги йил нонушталарини ўтказишни, болаларга совғалар учун пул йиғишни бекор қилди. Қулоқ солмаганларнинг “қулоқларидан тортилиши” айтилиб, огоҳлантирилди.

Фильмлардан портлаш каби кадрлар кесиб ташланадиган бўлди, 2011 йилдан эса кино ва кўрсатувлардан одамларнинг чекаётган, спиртли ичимлик ичаётган, салла ўраётган лавҳалари олиб ташланадиган бўлди.

Ўзбекистонда истиқомат қиладиган одамларнинг бу борадаги фикрлари хилма-хил. Айримлари болаларни эротик саҳналар, ҳаётдаги ичимлик ва гиёҳвандлар моддалар борлигини кўрсатишдан узоқроқ сақлаш кераклигини ёқласалар, баъзилари эса дунёда жўнгина “хазм” бўлаётган саҳналарни кесиб ташланишига қарши чиқадилар. Масалан, STV каналининг ёпилишига сабаб бўлган Уилл Смит иштирокидаги “Мен - афсонаман” фильмини олиб кўрайлик. Дунёда донг таратган бу фильм негадир ўзбек цензорларининг норозилигига сабаб бўлади. Бу фильмдаги эротик саҳналар, зўравонлик, алкоголь, сигарет чекилишининг намойиш этилиши аслида режиссура ва сценарийнинг ажралмас бир қисми ҳисобланади.

Россия телеканалларида 18+ маркаси билан намойиш этиладиган “Тўлиқ ҳузур- ҳаловат” мультфильми STV ёпилишига сабаб бўлган иккинчи баҳона бўлди. Катталар учун ишлаб чиқилган бу мультфильм - супермаркетдаги диний сосиска ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг қонли жангларига қурилган комедиядир.


«Тўлиқ ҳузур-ҳаловат» анимация фильмидан лавҳа

Эрамиздан кейинги ишлар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга президент бўлиб сайланганидан кейин «цензура» деган нарса бартараф бўлса керак, деган умид пайдо бўлди. Лекин июль ойида нусхалар кўчириб, уларни мамлакат ҳудудида тарқатилиши ман этилган икки юздан ортиқ "ноўрин" киноленталар рўйхати тузилди. Кейинчалик аниқланилишича, мазкур фильмлар аввалги рўйхатни тўлдирган холос.

Тақиқланган фильмлар рўйхати ҳам қўл учида тузилган. Бу ерда нима сабабдан кинолар ман этилиши борасида ҳеч нарса дейилмайди, фақат кинокартина мазмуни келтирилади. Кино мазмуни ҳам интернетдан кўчириб олинган бўлса ажабмас.

«Қора рўйхат»дан ўрин олган “Ботқоқлик” («Venom») фильмининг мазмуни «Киноқидирув» (“Кинопоиск”) сайтида қандай ёзилган бўлса, шундайлигича манбаси кўрсатилмаган ҳолда берилган. Бу ерда “Ўзбеккино” ўзига нисбатан ҳеч қанақа цензурани тан олмасдан, давлат ташкилоти нуфузига тўғри келмайдиган (яъни кўчирмачилик) ишни қилади: «Рей кўприкдаги йўл ҳодисаси пайтида негр кампирга ёрдам берганида, қариян жомадонидаги илонлар уни чақиб олади…». Шу ўринда “Ўзбеккино” ўзига раъво кўрган иборалардан ёқа ушлайсан (“негр кампир”, “қария” ва ҳ.к)!

Кўпгина тақиқланган фильмлар бу — кам ҳаражатли, даҳшат фильмларидир. Бу каби картиналарни кинотеатрлар олмайди, телеканаллар эса уларнинг ёнига ҳам йўламайди.

2014 йили “Ўзбеккино” миллий агентлигининг лицензия бериш, аудиовизуал маҳсулотларни баҳолаш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Рустам Шарипов “Нуҳ” фильмининг мамлакат кинотеатрларида ўзбошимчалик билан намойиш этилаётгани билан боғлиқ саволга барча фильмлар киношунос ва кинотанқидчилардан иборат бадиий кенгаш томонидан баҳо берилгандан кейингина уларнинг намойиш этилишига рухсат берилишини айтади. Демак, мазкур мутасадди ходимлар тақиқлашдан олдин “Зомби - қундузлар”, “Қўрқ ёки алвидо айт”, “Қонхўрлар қуршовида” каби фильмларни кўрган бўлишлари керак.

Бу фильмларни кўрган мутахассисларнинг нима сабабдан фильм яроқсизлигини тушунтириб бериш ўрнига, афишадаги кино мазмуни билан чекланишлари одамни ҳафа қилади.

Ўзбекистонда тақиқланган фильмларнинг сони мингдан ортиб кетгани аниқ. Жазоланган телеканаллар раҳбарлари бу рўйхатдан бехабар кўринадилар. Бечоралар қайдан ҳам билсин, ахир “Ўзбеккино” сайтида тақиқланган фильмлар рўйхати, шунингдек, керакли меъёрий ҳужжатлар ҳам келтирилмаганку! Фильм тақиқланганми ёки йўқ, буни фақат ички ҳиссиётга таянган ҳолда билишдан бошқа йўл йўқ.

Google ёрдамга келади

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев ҳукуматдаги сафдошларини яқин келажакда мамлакат аҳолисининг аксари қисми тезкор интернет тармоғи билан таъминланишидан огоҳлантириб қўйса ёмон бўлмасди.

Мамлакатда минглаб чиқирим махсус оптик толалар тортилиб, 2020 йилга бориб интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатларидан ортда қолмаслиги учун фаол ҳаракатлар бошланган. Демак, кўпчилик ўзбекистонликлар жаҳон интернет тармоғига уланадилар. Маҳаллий телевидение цензурадан ташқари, ҳозирда Россияда юз бераётгани каби кучли рақобатга ҳам дуч келади. Телевидениеда чекиш билан боғлиқ саҳналар тақиқланиши, телеканалларнинг эндигина душманларини болта ва пичоқ билан чавақлаб ташлаган кино қаҳрамони оғзидаги сигаретни бўяб кўрсатишига тўғри келади.

2016 йили “Спорт” каналининг Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларининг оғир атлетика бўйича олтин медали соҳиби Руслан Нуриддиновнинг жонли эфирдаги нутқидан “Аллоҳга шукр” сўзини олиб ташлаши нақадар кулгили ва қайғули чиққанини “доно мутасаддилар” тушунармикан?!

Наҳотки “қора рўйхат” ҳозирда Ўзбекистонда анъанага айланган жамоат сўрови орқали тузилган бўлса? Йўқ, бундай йўл тутилмаган. Кино дисклари билан савдо қилувчи бир йигит билан суҳбатлашганимизда у сотувда дунёнинг аксари мамлакатларида машҳур бўлган “Викинглар” ва “Тахтлар ўйини” сериаллари жуда харидоргир эканини айтди. Бу ерда эса қонлар дарё бўлиб оққани каби, сериалнинг бошидан оёғигача эротик саҳналар тўлиб ётибди.

Тақиқ билан ҳеч қачон мақсадга эришилмаган: одам нимани хоҳласа , албатта уни кўришга ҳаракат қилади. Шу ўринда фильмларни “қора рўйхат”га тиқиш, телеканалларни ёпиш ишлари “тақиқнинг таъмини ширин” қилиб бораверади. Бу эса мутасаддиларнинг “қош қўяман деб, кўз чиқариши”дан бошқа нарса эмас!

Эшонқул Нуртожибоев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги