14:52 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Разведканинг янги маълумотлари. Полковник Маҳмуд Худойбердиев Ўзбекистонни тарк этганми?

27.07.2018 14:58 msk

Александр Рибин

Полковник Маҳмуд Худойбердиев

Тожикистон махсус хизматлари негадир бирдан 1990 йиллари Марказий Осиёнинг энг машҳур дала қўмондонларидан бири бўлган – қўзғолончи Маҳмуд Худойбердиевни эслаб қолдилар. Хатлон вилоятининг ички ишлар бошқармаси бошлиғи Искандар Солиҳзода полковник тирик экани, Ислом Каримов вафот этганидан сўнг Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганини таъкидлайди. Тан олиш керак, Ислом Каримовнинг вафоти нафақат айрим ўзбек махсус хизматлари ходимлари, балки Марказий Осиёда нимадир қурмоқчи бўлган, лекин қуролмаган қўзғолончи ўзбеклар учун ҳам кутилмаган ҳодиса бўлди. Солиҳзоданинг таҳминларига кўра, Худойбердиев Туркияга кўчиб ўтган. Энди полковник умрининг охиригача у ерда дам олиб ётса керак, чунки унинг қолган-қутган кучларни йиғиб, яна Марказий Осиёга қайтиши ақлга сиғмайди. Кўринишидан, минтақада қўзғолончилар даври тугаганга ўхшайди.

Совет байроғи ва «дўстумча» мўйлов билан

Маҳмуд Туронович Худойбердиев – асли ўзбек, Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳрида 1964 йил октябрь ойида туғилган. 1992 йили Тожикистонда фуқаролар уруши бошланганда Худойбердиев айни куч-қувватга тўлиб-тошган пайт эди. Унинг ҳарбий билими ва унвони бирорта шаҳарни ишғол этиб, у ерда назорат ўрнатолишига имкон берарди. Зеро, у ўз пайтида алоҳида 70 - гвардия мотоқуролли бригада таркибида Афғонистондаги ҳарбий операцияларда иштирок этган ва анчагина ҳарбий тажрибага эга шахс эди. Мазкур бригада Қандахорда жойлашган бўлиб, Афғонистон жанубида мужоҳидларга қарши доимо жанглар олиб борган.

1990-йиллари Қўрғонтепада Россиянинг 201-мотоқуролли дивизияси жойлашган бўлиб, у де-факто Тожикистоннинг ҳукуматга қарашли асосий кучи – «Халқ фронти»ни қўллаб-қувватлар эди. Худойбердиев 201 - дивизия таркибидаги махсус бригаданинг қўмондони этиб тайинланади. Шуни таъкидлаш керак, Тожикистондаги фуқаролар уруши зарба бериш, уни қайтариш, қуршовга олиш каби операциялар замирида кечарди. Ҳукуматга қарашли кучлар ва Бирлашган тожик мухолифати (БТМ) ўртасида доимий фронт чегараси бўлмаган. Ўша пайтдаги воқеаларга гувоҳ одамларнинг сўзларига кўра, Душанбедан 100 километр олисда бўлган Қўрғонтепага бориш учун ҳукумат ва мухолифатга қарашли ўнлаб блок постларни кесиб ўтишга тўғри келган. Фуқаролар урушидаги одатий ҳолат: бугун биттаси ҳукмронлик қилса, эртага иккинчиси, лекин иккиси ҳам тиш-тирноғигача қуролланган. Бундай шароитда инсондан тезкорлик, сезгирлик, “сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги” учун ақл талаб қилинади.

1995 йили Эмомали Раҳмонов (у бугунги кунда Раҳмон, у пайтлар - Раҳмонов бўлган) етакчилик қилган “Халқ фронти” ҳаракатида Худойбердиев энг кўзга кўринган дала қўмондони бўлган. Шунинг учун полковник бутун Қўрғонтепа устидан ўз назоратини ўрната олади. У ўзига хослиги билан одамлар ёдида қолган: полковник советларнинг қизил байроғи остида курашади, бошқа бир машҳур ўзбек генерали, Афғонистонда ўзининг “Дўстумистон” ини қуролган Абдул Рашид Дўстум каби мўйлов қўяди.


Полковник Маҳмуд Худойбердиев (марказда) 1997 йили. Rus.ozodi.org сайти фотоси

«Оғалар» ва жанглар

1992 йил Тожикистондаги фуқаролар уруши - Днестрбўйи, Босния, Тоғли Қорабоғдаги урушлар янги палласига кирган, Владикавказда осетин ва ингушларнинг жанжаллари, Афғонистонда мужоҳидлар советларнинг вассали бўлган Нажибулла ҳукуматини мутлоқ тор-мор қилган даврига тўғри келади. Кейинчалик Афғонистонда “барча - барчага қарши” урушлари бошланиб кетади. Агар ушбу воқеалар жамланиб тасаввур қилинса, Худойбердиев оддийгина “йил одами” эди: у бировларни кутмасдан, ўзи тез ва тўғри қарорни қабул қила оладиган шахс эди. Шунинг учун 1992 йили полковник 201-дивизия танларини чиқариб, Қўрғонтепа шаҳрини қуршаб олган БТМ кучларини улоқтириб ташлайди.

Шу каби усуллар билан кўпгина “қайноқ нуқталар”даги қўмондонлар “халқ етакчиси” га айланганлар. Шунга ўхшаш воқеаларни 2014 йилги Донбассда ҳам кузатиш мумкин. Бундай халқ қаҳрамонларининг тақдири бир хил бўлади: ё улар уруш даврида ҳалок бўладилар ёки уруш тугагандан сўнг «анархист-бандит-қўзғолончи»ларга айланиб қоладилар.

Худойбердиев назарий жиҳатдан Қўрғонтепани пойтахт қилиб “халқ совет республикаси”ни тузиши мумкин эди. Лекин у пайтлар полковник БТМ билан уруш тугагидан сўнг, кураш унинг “халқ республикаси”га қарши бошланишини яхши тушунган чоғи. Шунинг учун Худойбердиев бировлардан ўзиб кетишга, яъни – шахсан ўзи “Душанбедаги ҳукумат” бўлиши учун ҳаракат қилади.

1996 ва 1998 йиллари полковник пойтахтдаги ҳукуматни ағдариб ташлаш учун уч марта қўзғолон кўтаради. 1996 йилги қўзғолон қисман муваффақият келтиради – Рахмонов Худойбердиевга ёқмаган айрим министрларни ишдан олишга рози бўлади. 1997 йилги қўзғолон эса президент гвардияси томонидан тор-мор этилади. Худойбердиев ўз тарафдорларининг бир қисми билан Ўзбекистонда яширинишга улгуради.

1998 йили 4 ноябрда Худойбердиев мингга яқин аскарлари билан Хўжандга бостириб киради ва уни Душанбе билан боғлайдиган Шаҳристон тоғ йўлини эгаллаб олади. Шундай қилиб, Тожикистоннинг бутун шимолий ҳудуди полковник назорати остида бўлади. Худойбердиев Тожикистонда “Адолатли тинчлик ўрнатиш Харакати” тузилганини эълон қилиб, ҳукуматдан 40 фоизи мазкур Харакатдан иборат ”каолиция ҳукумати”ни тузишни талаб қилади. Лекин қўзғолон узоққа чўзилмади. Ҳар томонлама яхши қуролланган ва сон жиҳатидан устун бўлган Раҳмонов кучлари полковник отрядларини бир ҳафтага қолмай тор-мор қилади.

Полковник яна Ўзбекистонга қочиб ўтади. Кўзғолон пайти Ислом Каримов билан ғалати муносабат юзага келади. Бир томондан Каримов розилигисиз Худойбердиев кучлари Хўжандда пайдо бўлолмаслиги кундек равшан. Лекин иккинчи томондан, Ўзбекистон ҳукумати Раҳмонов кучларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали Хўжандга ўтишига рухсат беради.

«Ўлим» ва Андижон

Худойбердиев Хўжанддан қочиб кетганидан сўнг Тожикистон Бош прокуратураси бир неча бор ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбариятидан полковник ва унинг тарафдорларини қайтариб беришни сўради. Лекин сўровлар жавобсиз қолади.

Полковникнинг кейинги тақдири аввалгисидан кўра қизиқроқ кечади. 2001 йил кузида АҚШ Афғонистонда толибларга қарши кураш бошлаганида, гўёки Худойбердиев генерал Дўстум томонида курашиш учун музокаралар олиб борган. Бу қизиқ ва ёрқин бир мисолга ўхшайди. Унинг тафсилотлари Давлат хавфсизлик хизмати архивида сақланаётган бўлса ажабмас.

Айрим таҳминларга кўра, Худойбердиевнинг ўлими айнан мана шу музокаралар билан боғлиқ бўлган. Гўёки полковник ва унинг ўринбосари – рус офицери Сергей Зваригин ўртасидан “қора мушук” ўтган ва отишма пайтида иккиси ҳам ҳалок бўлган. Полковникнинг ўлими билан боғлиқ бошқа таҳминлар ҳам мавжуд. Лекин тожик махсус хизматлари Худойбердиевнинг тирик экани ва қаерда яшаётганини аниқ билишини таъкидлайдилар.

2005 йили содир бўлган Андижон воқеалари туфайли полковник номи яна юзага балқиб чиқади. Гўёки полковник армия бўлинмаларидан бирига бошчилик қилиб, намойишчиларни бостирган экан. Тинч намойишчиларни даҳшатли бостириш оқибатида расман 187 нафар одам ҳалок бўлган, лекин норасмий манбалар қурбонлар сони мингга яқин бўлганини маълум қилади. 2009 йил 1 сентябрда Ўзбекистондан қочиб, Европа мамлакатларининг биридан сиёсий бошпана қидирган ўзбек чекисти Икром Ёқубов “Озодлик” радиосига интервью бериб, жумладан “Андижон фожиасида айнан Маҳмуд Худойбердиев ва унинг одамлари Ислом Каримов истагини бажо қелтирган”ини айтади. Бу ҳақдаги ҳақиқий маълумотлар фақат ДХХ да бўлиши мумкин.

Тожикистон ҳукумати қўлига тушган полковник одамлари узоқ муддатга қамалганлар. 2006 йили январда Тожикистон ҳарбий ўқув юрти раҳбарига суиқасд уюштирилади. Шу муносабат билан республика Олий суди Маҳмуд Худойбердиев гуруҳидаги икки одамни узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум қилади. Норасмий маълумотларга кўра, Тожикистонда 200 га яқин полковник тарафдорлари қамоққа олинган.


Полковник Маҳмуд Худойбердиев, 2013 йил. Rus.ozodi.org сайти фотоси

Шундан сўнг Марказий Осиёда полковникнинг сояси кўринмай қолади. Энди эса, Хатлон вилояти милицияси бошлиғининг сўзларига кўра, Худойбердиев Туркияда гаштини суриб юрибди экан.

Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Абдураҳим Қаҳҳоров “Радио Озоди”га берган интевьюсида Маҳмуд Худойбердиевга нисбатан қўйилган давлат хоинлиги ва ҳукуматни ағдаришга бўлган уриниш билан боғлиқ айбловлар ҳанузгача ўз кучини йўқотмаган. «Маҳмуд Худойбердиевга нисбатан ҳеч қачон амнистия берилмайди, чунки у террорчилик ва давлат тўнтариш ҳаракатларини амалга оширган», - деган Қаҳҳоров.

Тожикистон милицияси яна Худойбердиев ишини қўзғагани қизиқ туюлади. Наҳотки бу ҳанузгача қўзғолончи полковникни кечиролмаган Раҳмонов - Раҳмон ташаббуси бўлса? Хатлон вилояти милицияси раҳбари Солиҳзода Худойбердиевнинг Ўзбекистонни тарк этгани ҳақидаги хабарига қўшимча қилиб “Ўзбекистон билан ўрнатилаётган дўстлик алоқаларига Худойбердиев ҳам, унинг одамлари ҳам тўсқинлик қилолмайди”, дейди. “Президентларимиз саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасида барча соҳаларда алоқалар ўрнатилди ва уларнинг мустаҳкамланишига ҳеч ким ғов сололмайди”, - деб қўшимча қилади Солиҳзода.

Турган гап, полковник одамлари “ғов сололмайди”, лекин Раҳмон улардан ўч олишни жуда хоҳласа керак. Ахир, 1997 йили у Душанбеда ўтирганида қизил байроқли, “дўстумча” мўйловли полковникнинг отрядлари пойтахтга яқинлашиб колганидан чакана ҳавотирга тушмаганмиди!

Гўёки, “полковник қочиб борган” мамлакатга ҳам баъзида қойил қоласан киши. Туркия тожик ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмайди. Айниқса, бу иш тожик мухолифатчиларига бориб тақапса. Эслатиб ўтаман, 2015 йил март ойида “Гуруҳ 24” мухолифат ҳаракатининг етакчиси Умарали Қувватов Стамбулда отиб ўлдирилади. Кейинчалик Душанбе илтимосига кўра турклар мухолифатчиларни ушлаб берадилар.

Александр Рибин

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги