20:35 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Қўрқувнинг нариёғида». Муҳаммад Бекжон — китоб, ҳибс ва қамоқдаги сўроқлар ҳақида

17.07.2018 13:19 msk

Фарғона

Муҳаммад Бекжон

«Эрк» газетасининг собиқ бош муҳаррири Муҳаммад Бекжон 1999 йилдан 2017 йилга қадар умрини қамоқда ўтказди ва шу кунлари у АҚШга, оиласи олдига учиб кетди. АҚШ сафаридан бир неча кун олдин унинг «Қўрқувнинг нариёғида» деб номланган китоби нашрдан чиқди. Икки жилдли бу китоб Туркияда 1000 тиражда чоп этилди.

Муҳаммад Бекжон – Ўзбекистон халқ ҳаракати мухолифат партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг акаси бўлади. 1999 йили уни Тошкентдаги портлашларда айблаб, қийноққа соладилар ва “конституциявий тузумга тажовуз қилиш, “тақиқланган ташкилотларга аъзо бўлиш” ва бир қатор сохта айблар билан 15 йилга озодликдан маҳрум этадилар. У доимо ўзининг айбсиз эканини таъкидлаган.

Сиёсий махбусни амнистия туфайли озод қилишмоқчи бўлишади, лекин 2011 йили сохта уюштирилган “қамоқҳона маъмуриятига бўйсунмаслик” айби билан унинг жазо муддати яна беш йилга узайтирилади. 2013 йили Муҳаммад Бекжон “Чегара билмас репортёрлар” ташкилотининг мукофотига сазовор бўлади. Ваниҳоят, 2017 йили у озодликка чиқарилади.

АҚШ сафари олдидан ёзувчи билан унинг китоби ҳақида суҳбатлашдик.

- Қачон китоб ёзишга киришдингиз?

- Эркинликка чиққанимдан сўнг икки ой ўтиб. «Эркинлик нафаси»ни туйганимдан сўнг, «бетон деворлари ортида» қолганларни ўйламасликнинг иложи йўқ эди.

- Қамоқда ўтирганингизда бирор нарса ёзишга имконият бўлганми?

– 2008 йилга қадар менга ҳатто дафтар тутиш ҳам мумкин эмасди. 2009 йили нималарнидир ёзишга имконим бўлди, қисқа ҳикоялар ёздим, лекин уларни ташқарига олиб чиқишнинг иложи бўлмаган. Бу 51 зонада (УЯ 64/51, Қашқадарёдаги қамоқхона- «Фарғона» изоҳи) эди

- Китобингиз нима ҳақида?

– Менинг билишимча. устоз Шукрулло романидан ташқари Ўзбекистон тарихида сиёсий репрессиялар ҳақида бошқа асар ёзилмаган. (Шукрулло Юсупов — ўзбек ёзувчиси. 1949 йили миллатчилик ва советларга қарши фаолият юритишда айбланиб, Сибирдаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаган. Ёзувчи ҳибс, тергов ва лагердаги ҳаётини “Кафансиз кўмилганлар” қиссасида тасвирлаган. Асар фақат 1991 йили чоп этилган. - “Фарғона”изоҳи)

Табиий, мен бу «бўшлиқ»ни тўлдиришга даъвогар эмасман. Ёзганларимни роман деб ҳам бўлмайди. Бу Каримов режими остида қамоқхоналарда ўтказган ҳаётим хроникасидир.

Илҳом эмас, мажбурият мени бу китобни ёзишга ундади: мен минглаб бегуноҳ инсонларнинг даҳшатли қисматларининг шоҳиди бўлдим. Мен жамоат эътиборини тоталитар бошқарувнинг жиноий моҳиятига қаратиб, шу билан бироз бўлса-да, зоналардаги биродарларим ҳаётига енгиллик киритмоқчи бўлдим.

Дарҳақиқат, китобнинг нима ҳақида, кимлар учун ёзилган деган саволга жавоб иккинчи китобнинг кириш қисмида берилган:

«Бир куни эски танишларимдан бири китобимга танқидий назар билан шундай деди:

- Дўстим, китоб яхши ёзилган, лекин негадир унда лирик чекинишлар йўқ. Ахир қамоқхоналарда ҳам қизиқарли воқеалар содир бўлиши мумкинку?! Масалан, яқинда танишимнинг ўғли 8 йил ўтириб қайтди. Унинг сўзларига кўра, сен ёзган қийноқларни у мутлоқо кўрмаган. Бунинг акси бўлган, у қамоқхонада эркинликдан кўра яхшироқ ҳаёт кечирган: байрам кунлари палов берилган, спорт мусобақалари, концертлар ўтказилган...Сен бўлса қийноқлар ҳақида жар соласан. Бу билан китобингни зерикарли қилиб қўйгансан. Бундан чекиниш учун, сенга лирик чекинишлар керак эди...

Тўғрисини айтсам, ўшанда «дўстимдан» ҳафа бўлгандим. Ўзимча ўйлагандим: «Ўқимишли ва интеллигент одам шундай деб турса, қолганларидан нима кутиш мумкин?»

Шуни айтишим керак: бу китоб лирик чекинишларга иштиёқманд, кибрли, лаганбардор ва ташвиқотчилар учун ёзилмаган. Бу китоб турмадаги ҳаёти эркинликка қараганда «яхшироқ» кечганлар учун ҳам эмас.

Бу китоб 27 йил давомида деспот режими барпо қилган тизим, сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган инсонлар ҳақида. Китоб 159 - модда (Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159 - моддаси: “Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш”, 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси берилади. - «Фарғона» изоҳи.) билан қамалган маҳкумнинг бошидан кечирганларини омма эътиборига ҳавола этиш мақсадида ёзилган.

Китоб ёзишни бошлаганимда қамоқхонадаги ҳаётимнинг барча тафсилотларини ёзолсам керак, деб ўйлагандим. Кейинчалик билдимки, бу менинг руҳий ҳолатим учун ўта оғир нарса экан. Шунинг учун, нафақат менинг, балки асаблари бўш китобхонларнинг ҳам қайфиятига «зарар» бўлгувчи айрим эпизодларни тушириб қолдирдим.


Муҳаммад Бекжон китоби

- Бу китоб - ҳибсга олиниш, тергов, суд ва қамоқхонадаги ҳаётингиз тарихими?

- Бу ерда нафақат менинг ҳаётим, балки камерадошларимнинг ҳам ҳаёти гавдалантирилган. Каримовнинг деспот режимига доир қисқа давр ҳақида қўлимдан келганича қалам тебратдим, деб ўйлайман Биринчи китоб 1990 ва 2006 йилларни, иккинчиси 2006 ва 2017 йилгача, мен озодликка чиққан давргача вақтни ўз ичига олади.

- Нега китобни «Қурқувнинг нариёғида» деб атадингиз?

- Эркинликда юрган кезларим бошқа мухолифатчилар қатори замон зайли билан қамоққа тушиб қолишим мумкинлигини назардан соқит қилмасдим, унга хаёлан тайёрланиб турардим. Лекин доимо қийноқларга чидолмай, синаман, деб қўрқардим. Лекин Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин, ул буюк зот даҳшатли қийноқлар, хўрликларни бошдан кечиришга, инсоний қиёфамни сақлаб қолишга мададкор бўлди. Кўриб турганингиздек, мен ҳатто тирик қолдим. Мен ўлишга ҳам тайёр эдим, лекин қўрқоқлик қилиш мен учун азоб эди. Яна бир бор такрорлайман: Аллоҳ менга бу имтиҳондан ўтишимга, қўрқувларни енгиб ўта олишимга мададкор бўлди. Энди мен қўрқувнинг нариёғида яшаяпман.

- Нега китобни Туркияда чоп қилишга қарор қилдингиз?

- У ерда китобимни чоп қилишни хоҳловчи одамлар топилиб қолди. Улар менинг ҳаётим билан қамоқдалигим пайтида ҳам қизиқишган, эркинликка чиққадимдан ҳурсанд бўлишди. Айтиш мумкинки, китобимни чоп этиш уларнинг туфҳасидир. Бундан ташқари, Ўзбекистонда бундай «адабиётни» чоп қилувчилар топилиши амри маҳол. Ким билсин, замонлар ўзгаряпти, балки топилар ҳам...

- Китобингизни рус тилида ҳам чоп қилишни режалаштиряпсизми?

- Ҳа, ҳозирда уни таржима қилишяпти. Таржимоним август охиригача китобнинг биринчи қисмини тугатишга ваъда қилган.

- Шу йилнинг февраль бошида ОАВ да четга чиқиш визасини олиш, пенсияни расмийлашириш, Тошкент пропискангизни тиккалаб, мусодара қилинган мулкингизни қайтариб олиш ниятида эканингизни ёзганди. Булардан қай бирини амалга оширолдингиз?

- Чиқиш визасини ололдим. Мен буни катта ютуқ ва олдинга силжиш, деб биламан! Қолган муаммолар ҳозирча ҳал бўлгани йўқ. Иншааллоҳ, вақти келиб улар ҳам хал бўлажак. Ҳар ҳолда мен бунга умид қиламан...

* * *

«Фарғона» Муҳаммад Бекжоннинг «Қўрқувнинг нариёғида» китобидан парча ҳавола этади.

«ОХИРГИ МАНЗИЛ»

2000 йил 24-апрел. УЯ 64/71. ЖАСЛИҚ

Соат тонгги 4:00 да иккита зековоз 80 нафар маҳбус билан Жаслиқ зонасига кириб келди. Бизнинг олдимизда келган машинадаги маҳбусларни туширишни бошлашди.

– Первый пошёл! Второй пошёл!..

Қий-чув, бақир-чақир, қийқириқлар...

Мен чиққан зековоздаги маҳбуслар ҳам машинадан тушишга ҳозирлик кўра бошлайдилар.

Яхшиям менда ҳеч нарса йўқ. Қолганлар ашқол-дашқолини боши узра кўтариб олган, кимлардир сумкасини қидирган...

Тушиш навбати бизга келди.

Мен Устознинг қайси машинага чиққанини билмай қолган эдим.

Бу ғала-ғовурда бақиришдан ҳам фойда йўқ. Ҳар ким “ўзинг учун ўл етим” бўлиб ётибди.

Ҳамма эшик олдига сурилади. Гўё олдинроқ чиқса, улуғ мукофот кутиб тургандай. Фамилиясини ўқиганда чиқса ҳам бўларди. Йўқ, эшикни тўсиб туриши керак. Бошқаларнинг ўтишига халақит бериши шарт қилиб қўйилган буларга.

– Бегжанов! Бегжанов! Қани Бегжанов? – бақиради пастдан.

– Шу ерда! Мен Бегжанов! – бақираман мен ва эшик олдида тиқилиб турган оломонни ёриб ўтиб, пастга тушаман.

Тушишим билан “Нимага имиллайсан ҳайвон, курортга келдингми?!” деб елкамга, белимга беш-олти марта резина тўқмоқ билан аямасдан уришади. “Дело” бўйича текширувдан ўтказаётган зобитнинг олдига боргунимча ҳам 10-15 марталаб дуч келган жойимга уришади.

– Фамилия, имя, отчество!?– деб бақирди офицер.

– Бегжанов Муҳаммад Мадаминович, 1954 йилда туғилганман!

– Статья, срок!?

– ЖКнинг 158, 159, 216, 242 - моддалари билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилганман!

– Йўқол! – ўшқиради офицер.

Бу ёғида мени нималар кутаётганини билмайман ва билишни ҳам истамас эдим.

Ўзимни “тирик коридор”га урдим.

Икки томондан дубинкалар дуч келган жойимга ёғила бошлади. Оғриқни сезишни унутиб, жон-жаҳдим билан мўлжалга интилавердим. Мўлжал – тезроқ бу “тирик коридор”дан қутулиш.

Бироқ, “коридор”нинг чеки-поёни йўқдай эди.

Қаерга боришинг лозимлигини ҳам ўша “тирик коридор” кўрсатиб турарди.

“Коридор” бўйлаб иккинчи қаватга тармашаман. Дубинка ёмғири ҳамон тўхтовсиз ва беаёв ёғар эди.

Бу не бахтки, иккинчи қаватга чиққанимда “коридор” тугаб, қаршимда стол пайдо бўлди.

“Ҳайрият-э, қутулдим” деган ўй ўтди хаёлимдан.

Столнинг орқасида уч офицер ўтирибди.

Улар:

– Бизга қандай шикоятинг бор? Биз врачлармиз. Шикоятинг борми? – деб сўрашди.

– Шикоятим йўқ, – деб жавоб қилдим мен.

– Шикоятинг бўлмаса, ечин! – деди биттаси.

Булар мазах қилмоқчи, устимдан кулмоқчи шекилли, деб ўйлаб туриб қолдим.

– Нима, тушунмадингми? Ечин дейиляпти сенга! – бақиришди бараварига.

Мен ечина бошладим.

– Ҳамма нарсангни еч, қип-ялонғоч бўл! Ҳаммасини анави уюмга ташла! Тезроқ бўл, имиллама! Камерага чоп, тез бўл!

Яна ўша “коридор”, яна дубинкалар ёмғири.

Қип-яланғоч ҳолда, уялиш нималигини унутганча “мўлжал”ингиз томонга чопасиз.

“Тирик коридор” камера эшиги олдида тугайди.

Эшик олдида алоҳида-алоҳида полга бир кишилик кийим-кечак, бир жуфт читоз[1] тахлаб қўйилган бўлади.

Шу тахламлардан бирини олиб, камерага ўқдай отилиб кириб оласиз ва дубинка ейишдан қутуласиз.

Буни “Жаслиқ” зонасига киришнинг “ломка”си, яъни “синдириш” маросими дейилади.

Мендан кейин яна ўнтача маҳбусни бизнинг камерага киритишди.

Эшиклар қулфланди.

Коридорда жимлик.

Камерамизда ҳам жимлик ҳукм сурарди.

Ҳаммамиз “бу ёғида нима бўлар экан” деб кутаяпмиз.

Бир соатлар сўнг бошқа камераларнинг эшиклари очилиб-ёпила бошлади. Навбат биз ўтирган камерага ҳам келди.

Эшиклар очилиб, уч-тўртта фамилияни ўқишди. Фамилияси чиққанларни камерадан опчиқиб кетишди.

Бир оздан сўнг яна эшиклар очилди ва мен билан яна икки кишини камерадан чиқариб, қарама-қарши тарафдаги камераларидан бирига киритишди.

Камерадагилар сони биз билан бирга 16 кишига етди. Шконкалар сони ҳам шунча, демак бу ерга энди одам ташламайди. Камерадаги барчамиз бугунги этап билан келтирилганлармиз.

Бу ерда ҳам худди олдинги камерадагидек, кутиш бошланди. Ҳамма ўзининг хаёли билан банд. Жим-житлик.

Бир оздан сўнг камера эшиги шарақа-шуруқ очила бошлади.

Ҳаммамиз ўрнимиздан турдик. Камерага қорақалпоқ лейтенант ва учта войсковой кириб келишди.

– Бугундан бошлаб мен сизларнинг отряднигингизман,– деди ва исм-фамилиясини айтиб ўзини таништирди.

– Бу ёғига мен сизларнинг ҳам онангиз, ҳам отангиз бўламан. Нима камчилик, нима гапингиз, нима етишмовчилик бўлса, менга мурожаат этасизлар. Қаерга келганларингни биласизлар, деб ўйлайман. Билмаганлар бўлса, айтай: бу ер сизлар учун охирги станция (“манзил” демоқчи). Шу ерда ўласизлар, шу ерда кўмиласизлар. Бу гапларни шахсан ўзимдан тўқиб чиқараётганим йўқ, бошлиғимиз шундай деган. Тушунарлими? Кимда қандай савол бор менга? Қаранглар, тартиб-интизом бўлсин,– деб ёнидаги шотирлари билан камерани тарк этди.

Отрядник чиқиб кетганидан кейин камерага “хозбарак”дан[2] ёши қирқлардан ошган киши (маҳкум) ни киритишади. У ўзини таништиришни бошлади.

[1] Читоз – бир йилда бир марта бериладиган қамоқхона оёқ кийими (ботинка).

[2] “Хозбарак”– зонанинг хўжалик ишлари билан шуғулланувчи маҳкумлар ётоқхонаси. “Хоз” қисқачаси.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги