14:52 msk, 18 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ташрифни узоқ кутган меҳмон. Ўзекистонда Lada Chevrolet билан рақобатлаша оладими?

16.07.2018 14:33 msk

Азиз Яқубов

Lada Vesta. «АвтоВАЗ» матбуот хизмати фотоси

Автомобилсозлик саноатини ривожлантираётган Ўзбекистон ўзоқ йиллар ўз бозорини ташқи рақобатдан ҳимоя қилиб келди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон йўлларида хориж автомобиллари жуда кам кўзга ташланади, чунки четдан машина олиб келиш учун шундай божхона тўлови ва йиғимларни тўлаш керакки, оқибатда олиб келинаётган машинанинг нархи 150-200% ортиб кетади. Бу нафақат четдан машина олиб келмоқчи бўлган истеъмолчилар, балки хориж бренд машиналари делерлари учун ҳам катта тўсиқ эди.

Яқинда россиялик автогигант «АвтоВАЗ» экспорт савдоси борасидаги маълумотларни эълон қилди. Шуниси қизиқки, Ўзбекистонда Lada русумли автомашиналар ўтган йилга қараганда уч баробар кўп миқдорда сотилган, яъни 785 дона машина сотилган. Компанияга кўра, бу МДҲ давлатлари ичидаги энг катта кўрсатгичдир.

Тольятти корхонаси Ўзбекистон бозорида ўз маҳсулотлари хажмини оширишга бел боғлайди. Апрель ойида Ўзбекистонда тўртта россиянинг дилерлик марказлари фаолият юритаётгани таъкидланган. Улардан иккитаси Тошкентда, Самарқанд ва Нукусда биттадан марказ иш олиб бормоқда. Бироқ, йил сўнгги қадар Тольятти корхонаси яна тўртта автосалон очиш ниятида. Ҳозирнинг ўзида Lada.uz сайтида юқорида айтилган марказлардан ташқари, Бухоро, Урганч, Жиззах ва Қашқадарёнинг Қамашидаги марказлар ҳам кўрсатилган. «АвтоВАЗ» тез суръатлар билан Ўзбекистон бозорига кириб келмоқда.


Тольяттидаги «АвтоВАЗ» заводи. Компания матбуот хизмати фотоси

«Фарғона» нима учун «АвтоВАЗ» Шарққа қараб интилаётгани, Россия машиналари нимаси билан ўзбек харидорлари кўнглини олаётгани сабабларини ўрганмоқчи бўлди.

Кичкина савдо уруши

Бундан бир неча йил олдин Ўзбекистон бозорида рақобат учун ўрин йўқ эди. Номи тилган олинган «АвтоВАЗ» ҳаражатларини камайтирган ҳолда, маҳсулотлар экспортини камайтирар эди. Ўзбек томони отнинг калласидек божхона тўловларини жорий қилиб, валюта конвертациясига турли тўсиқлар қўйиш билан сунъий равишда бозордаги рақобатчилар илдизини қуритарди. Албатта, буни ҳозирги пайтда ўзаро санциялар эълон қилиш билан олиб борилаётган АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо урушига қиёслаб бўлмайди.

Глобал иқтисодий кризис дунё аҳолисининг истеъмол имкониятини чеклади ва автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар ўз манфаатлари йўлида кескин курашлар олиб боришга мажбур бўлдилар. 2009 йили Ўзбекистон четдан олиб келтирилаётган машиналар учун шундай божхона тўловларини жорий қилдики, оқибатда дунёда энг сифатли саналмиш “Мерседес” ва “Тойота” каби автогигантларнинг маҳсулотлари нархи бир неча баробарга ортиб кетди. Турган гап, қиммат чет эл машиналарига бўлган эҳтиёж кескин тушиб кетди.

Лекин шунга қарамасдан «АвтоВАЗ» Ўзбекистонда ўз маҳсулотларини сотиш борасида муаммоларга эга бўлсада, барибир ҳаракатини сусайтирмади. Компаниянинг ўша пайтдаги раҳабари Игорь Комаров ГАЗ ва УАЗ корхоналари раҳбарлари билан биргаликда РФ президенти Владимир Путинга ўзбек автомобилсозларини салгина “тизгинлаб” қўйиш илтимоси билан чиқди. «Ўзбекистонда Россия автомошиналари сотаётган фирмалар усун валютани конвертациялаш ишлари мутлоқ тўхтатилди. Чет эл машиналари учун истеъмол кредити бериш тўхтатилган, импорт машиналар қўшимча солиқларга тортилади», - дея ҳукуматга шикоят қилди раҳбарлар. Бир хил имкониятлар яратиш учун, ўзбек автомобиллари импорти учун қўшимча акциз солиқлари солиш таклиф этилди. Лекин кардинал чеклаш чоралари кўрилмади. Россия, жумладан нефть ва газ соҳасидаги қўшма лойиҳаларини инобатга олган ҳолда, Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкори билан алоқаларни бузмасликка ҳаракат қилганга ўхшайди.

Албатта, бундан «АвтоВАЗ» га осон бўлмади. 2009 йили Ўзбекистондаги машиналар сотуви 24 баробар тушиб кетди – 8920 автомобилдан 320 донага тушиб қолди. Кризис аста-секинлик билан ортга чекинди, лекин машиналар сотув хажми тикланмади. Масалан, 2011 йили ўзбек дилерлари 444 дона Lada русумли машиналарни сотди. 2012 йили россияликларни сабр косаси тўлди, чунки мамлакатда фаолият юритаётган тўққиста автосалон бор-йўғи тўрт дона машина сотгандилар.

«Автостат» аналитик агентлиги директори Сергей Целиков «Ўзбекистон ҳукуматининг ўз автомобиль бозорини ҳимоя қилиш учун жорий қилган қаттик протекционли сиёсатини» тушунтириб берди. Мутахассиснинг фикрига кўра, 2012 йили Ўзбекистон 150 минг дона автомобиль ишлаб чиқарган, божхона солиғи 60 фоизни ташкил этган, сотилган автомобилларнинг 97 фоизи – GM Uzbekistanга тўғри келган.

Божхона солиғи машинадан қиммат

Молиявий йўқотишларга қарамасдан, «АвтоВАЗ» савдо шериклари рўйхатидан Ўзбекистонни ўчиришга шошилмади. Зеро, 30 миллионли мамлакатда вақтлар келиб божхона тўловлари камайиб, бошқа тўсиқларга барҳам берилиши эҳтимолини назардан соқит қилмаслик зарур.

Ўзоқ кутишга ҳожат қолмади. Биринчидан, 2013 йил охирида ўша пайтдаги президент Ислом Каримов МДҲ давлатлари билан эркин савдо ҳудудини барпо этиш шартномасига имзо чекди. Ҳозирги кунгача, ўша пайтдаги шартномага асосан имтиёзли божхона тўловлари Озарбайжон, Арманистон, Белорусь, Молдова, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Украина ва Россияга нисбатан амалда. Иккинчидан, 2014 йил 1 январдан Украина ва Россияда ишлаб чиқарилган автомобилларни олиб кириш учун акциз тўлови 5 фоиздан 2 фоизга қисқартирилди. Тўғри, уша йил апрель ойидан ўзбек ҳукумати машина нархининг 3 фоизи миқдорида йўл жамғармаси солиғини жорий қилди. Бу тўлов ҳам импорт, ҳам маҳаллий машиналарни сотиб оладиганларга солинди. Шу йилнинг апрель ойидан украиналик ва россиялик автомобилсозлар бошқаларга нисбатан рақобат бўйича айрим имтиёзларга эга бўлдилар.

Айтганча, имтиёзди акцизлари бор мамлакатлар қаторига 2017 йил 1 октрябрда Қозоғистон ҳам қўшилди. Бу ҳол уларнинг россиялик ҳамкасблари қилган ҳийлани такрорлаганларидан сўнггина юз берди: Қозоғистон миллий иқтисод вазиридан Ўзбекистондан олиб кирилаётган машиналарга нисбатан тўсиқлар қўйиш таклифи берилди. Бу гал таҳдид иш берди.


Божхонадаги автомобиллар. Mytopgear.ru сайти фотоси

Ўзбекистонга машина олиб кирмоқчи бўлган давлатларга акциз солиғи двигатель хажми ва машинанинг ишлаб чиқилган санасига боғлиқ бўлади. Масалан, 1000 куб сантиметрли двигателга эга машинани олиб кириш учун ҳар “куб”и учун $2,4 дан тўланади, 3000 куб.см. - $3,1 ҳар кубига. Минилган эски машиналар учун акциз солиғи янада юқори.

Божхона солиғидаги яна бир нозик ҳолат. Эркин савдо ҳудудига аъзо мамлакатлар учун СТ-1 сеттификатига эга мамлакатларга бож тўлови нолли ҳисобланади. Бундай ҳужжат маҳсулот тайёрловчи завод ёки экспортчи давлат савдо палатаси томонидан агар хорижга юборилаётган автомобиллар локализацияси 50 фоиздан кам бўлмаса ва машиналарни йиғиш тўлиқ циклда олиб борилган ҳолатлардагина берилади. Шундай қилиб, ўз брендлари остида ишлаб чиқараётган украиналик ва россиялик автомобилсозлар реал фойда кўришлари мумкин.

Олиб кириш имтиёзига эга бўлмаганлар учун божхона тўлови двигатель хажми ва машина санасига боғлиқ бўлади. 1000 куб.см. авто учун солиқ миқдори унинг божхона қийматининг 30 фоизини ташкил этади + $1,8 бир «куб»и учун, 3000 куб.см.двигателли машина учун – ўша 30% + $3 бир «куб»и учун. Эски иномаркалар учун божхона солиғи экспорт нархининг 40 фоизини ташкил этиб + двигателнинг ҳар куб сантиментри учун $3 дан тўланади.

Лекин божхона солиғи ва акциз имтиёзларнинг йўқлиги ўзбек автосаноатига рақобат бўлади, дейиш нотўғри. Гап шундаки, хориж машиналарининг нархи бир неча солиқлар йиғиндисидан ташкил топади – 20% қўшимча солиқ қиймати, божхона ҳужжатлари расмийлаштириш машинанинг $25 кам ва $3000 дан кўп бўлмаган миқдорда 2 фоиз божхона қийматига тўғри келади плюс юқорида тилга олинган республика йўл жамғармасига ўтказиладиган 3 фоизли тўлов. Autostrada.uz портали ҳисоб-китобига кўра, агар жисмоний шахс Ўзбекистонга Росияда $11.340га сотиб олинган Lada Vesta машинасини олиб кирадиган бўлса, божхона тўлови машина нархининг 24 фоизини ташкил этаркан. Бу ерда (Россиядаги қўшимча солиқ қийматисиз) ҳисобдаги божхона қиймати $9500 ташкил этади. Шу ерда РФ машина ишлаб чиқарувчиларига бериладиган имтиёзларни қўшиб ҳисобланг. Барибир божхонада $2000 дан ортиқ суммани тўлашга тўғри келади. Бу узоқ хориждан олиб келинаётган машиналарга солинадиган солиқлар олдида тенгиздан томчидек гап. Масалан, 2010 йилда ишлаб чиқилган 1,8 литрли двигателга эга, $12500 Mercedes-Benz C-classe божхона тўлови билан $26000 га айланади, яъни «отдан эгар» 210% га қимматга тушади.


GM Uzbekistan саноати автомобиллари. Uznews.uz сайти фотоси

Маҳаллий автомобилсозлар зарарига бўлган таққос

Истеъмолчи учун асосий мезон - бу товарнинг нархи ва сифатидадир. Шу нуқтаи назардан «АвтоВАЗ» маҳсулотлари ўзбек автомобилларига нақадар рақобатбардош бўлишини кўриб чиқамиз.

Ўзбекистондаги «отнинг калласи»дек божхона тўловлари ташқи савдо бозоридаги рақобат нархларини шакллантириш билан тушунилади. Дарҳақиқат, бу парадокс нарса. Россиядаги GM Uzbekistan автомобиллари Ўзбекистондаги бозорга қараганда анча паст нархда сотилади. Муқобил вариантлар йўқлиги боис, ўзбекистонликлар барибир ўзида ишлаб чиқарилаётган машиналар ҳисобига эҳтиёжини қондиришга мажбурдирлар. «АвтоВАЗ» бозор қонунига биноан ўзбек харидорларига имконли нархларда маҳсулотларини таклиф этади.

Ўзбекистон бозорида бир классдаги иккита моделни таққослаб кўрайлик. Chevrolet Lacetti ва Lada Vesta русумли машиналарни олиб кўрамиз. Шундай қилиб GM Uzbekistan сайтидаги маълумотларга кўра, республика автосалонларидаги мазкур машинанинг нархи 103.469.370 сўмни ($13.100) ташкил этади. «АвтоВАЗ»нинг расмий дилери Vesta ни 84.900.000 сўмга ($10.745) таклиф этади. Яъни, россиялик машина $2355 га арзон.

Энди кроссоверларни таққослаб кўрамиз – Chevrolet Captiva ва Lada XRAY. GM Uzbekistan маҳсулотининг бир устунлик томони бор, унинг двигаль хажми 2,4 литр, XRAYники 1,8 литр. Шунингдек, двигател қувватида ҳам фарқ бор: ўзбек машинаси 167 от кучига эга бўлса, русларнинг машинаси 122 от кучига эга. Ўзбек машинаси 229.859.905 сўм ($29100) бўлса, унинг рақобатчиси таклиф этаётган энг қиммат русумли Luxe/Prestige машинаси нархи – 127.900.000 сўм ($16190) туради. Ўртадаги $13000 ли фарқ Lada ҳисобига тўғри келяпти.

Энди сифатни олиб кўрамиз. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг Chevrolet ва Lada ҳақидаги фикрларини ўргандик: «LADA VESTA техник параметрлар бўйича Gentra (Chevrolet Lacetti Россияда Ravon Gentra русуми остида сотилади. – «Фарғона» изоҳи). Фақат Lada нинг эҳтиёт қисмлари бизларда қиммат туради», - деб ёзади Facebookдаги «Водители Ташкента» (“Тошкет ҳайдовчилари”) гуруҳи аъзоси. «Кеча Веста Кроссни кўрдим, машина чиройли, олмоқчи бўляпман», - деб ёзади бошқа бир одам «Қўшним ўзининг Ласеттисини Икс рейга алмаштирди, жуда ҳурсанд», - деб ёзади яна бир гуруҳ аъзоси. Иккила машина сифати борасида одамлар ижобий фикрда. «Жигули»нинг мероси бўлмиш Lada машиналарига нисбатан фикрлар ижобий томонга бурилганини кўрамиз. Айрим одамлар, агар Ўзбекистон ҳукумати божхона тўловларини пасайтирса, у ҳолда «АвтоВАЗ» маҳсулотларини сотиб олиш истакларини билдирганлар.

Эслатиб ўтамиз, Россия авттогигантининг экспорт бўйича менежери Илья Симакин шу йилнинг охиригача Ўзбекистонда 3-4 минг рус автомобиллари сотилиши режалаштирилаётганини айтиб ўтган. «Тошкент ҳайдовчилари» гуруҳининг кайфиятига кўра, бу нарса амалга ошиши мумкин.


Lada Vesta. «АвтоВАЗ» мабтуот хизмати фотоси

Нега Lada Ўзбекистонда ўз ўрнини топа бошлади? Биринчидан, бу божхона солиғи ва акциз тўловларининг пасайтирилгани учун. Иккинчидан, харидорлар чўнтагига мос келадиган нарх ва сифати учун. Учинчидан, рақобат вазиятининг юмшоқлиги учун. Тўғри, Ўзбекистон бозорида «АвтоВАЗ» учун асосий рақобатчи GM Uzbekistan мавжуд. Лекин у ягона рақобатчи. Украина автокомпанияларига ҳам имтиёзлар берилган, лекин у ерда кризис сабаб украиналиклар ўзбек бозорига кира олмаяптилар. Украинадаги маълумотларга кўра, шу йилнинг апрель ойида Украинада 675 дона Skoda автомобиллари ишлаб чиқарилган. Бу ерда экспорт ҳақида гап бўлиши мумкинми?!

Ҳар қандай соҳа ривожи, жумладан автомобилсозлик «теплица» шароитида ривожлана олмайди. Бизнесдаги ютуқлар учун соғлом рақобат бўлмоғи даркор. Ўзбекистондаги амалдорлар буни тушуниб етишганмикан, воажаб?

Азиз Якубов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги