18:45 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўтириш»га хуш келибсиз! Мирзиёев гапларига ишониб қайтган одамларни Тошкент аэропортида кишан билан кутиб олишмоқда

11.07.2018 15:00 msk

Михаил Осокин

Ботиржон Иброҳимов Тошкент аэропортида. Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистонда икки ой ичида республиканинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида қидирилаётганлар рўйхатига киритилган тўртта одам қўлга олинди. Уларнинг барчаси президент Шавкат Мирзиёевнинг ватанга қўрқмасдан қайтишлари, иш қайта кўрилиб, улар ҳибсга олинмаслиги тўғрисидаги ваъдаси ишониб қайтган инсонлар. Уларнинг учтасига аэропортнинг ўзидаёқ қўлларига кишан тақишади, биттасини онасининг уйига келгандан сўнг орадан бир соат ўтиб олиб кетишади. Нималар бўляпти ўзи?

Экстремистлар, олға!

Ислом Каримов даврида муҳолифатчиларни экстремистлар билан қориштириб ташлагандилар. “Конституциявий тузумга тажовуз қилиш” моддаси ҳукуматни танқид қилган хоҳлаган инсонга нисбатан қўлланиши мумкин эди. “Жамият хавфсизлиги ва жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тарқатиш” остида муҳолифатчилар, Каримов кўрсатмасидан ташқари бирор нарсага ишонган инсон шубҳа остига олиниб, исталган пайт Жиноят кодексининг 244-2 моддаси, яъни “Диний эстремистик, фундаментал ва бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларни бошқариш” айби (20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади) билан қамалиши мумкин эди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда президент бўлиб сайланди. Орадан ярим йил ўтиб, 2017 йил 15 июнда имомлар билан бўлган мажлисда у “қора рўйхат” қайта кўрилиб, диний мотивда ноҳақ айбланаётганларга нисбатан адолатли ҳукм чиқаришни ваъда қилади. Август ойида ҳукумат минглаб одамларни ушбу рўйхатдан чиқаради. 2017 йил сентябрда Мирзиёев в Нью-Йоркда бўлганда ватандошларни уйга қайтишга чорлади ва уларнинг ҳеч нарсадан қўрқмаслиги кераклигини айтди. Президент жиддий гапирди ва унинг сўзлари ОАВ орқали тарқатилди ва бу одамларга таъсир қилди.

Отахонов иши

Бу чақириққа ишониб ватанга қайтган биринчи инсон - ёзувчи Нурулло Муҳаммад Рауфхон бўлди. Унинг Каримовга нисбатан қарши ёзилган “Бу кунлар” романи Ўзбекистонда тақиқланди ва ёзувчи Туркияда икки йил яшади. Мирзиёевнинг Америкага қилган сафаридан сўнг, у 2017 йил 27 сенбярь куни президент сўзларига ишониб Ўзбекистонга қайтаётганини маълум қилди. Отахонов Тошкентга келиши биланоқ аэропортда ҳибсга олинди. Яшнабод ИИБ бошлиғи уни кишанда милиция участкасига олиб кетди. Орадан беш кун ўтиб ёзувчи эркинликка “тилхат” билан чиқади ва милиция бошлиғининг ўзи уни машинасида уйига келтириб қўяди. Ҳозирда ёзувчи Мирзиёев ислоҳотларига “мафтун” бўлиб, қишлоғида шафтоли, узум таъмидан тортиб юрибди. Ёзувчи исҳом париси келмаётганидангина нолийди холос.


Нурулло Муҳаммад Рауфхон. Унинг Facebookдаги саҳифаси сурати

Ёвузчи президентни ҳар томондан тўсиқлик қилишга тайёр кучлар ичида сиёсий жараёнларни бошқариб бораётган локомотивга ўхшатади. У одамларни икки тоифага бўлади, президентга ёрдам бераётганлар ва унга тўсиқлик қилаётганлар. Масалан, у сўроқ пайти аёлни ялонғоч қилиб ечинтирган милиционер тарихини президент учун “хавфли ҳолат” деб билади: «Бу Шавкат Мирзиёев ислоҳотларига қаршилик қилаётган кучлар томонидан “Бизларни бир кўриб қўйинг!” деган сигналдир». Отахонов сиёсат ҳақида кам ёзади, кўпроқ ёзгани - фарзандлар, набиралар, шафтолилар ҳақида...

Марғилонлик «наъмунали» қочқин

2017 йил ноябридан бошлаб Тошкент аэропортида террористларни “яхшироқ саралаш” учун махсус гуруҳ ташкил этилган ва уларни оддий тилда “ИГИЛ-назорат» деб аташади. 2018 йил февраль ойида “қора рўйхат”дан 18 минг одам чиқарилди, кейин ўз ихтиёри билан қайтган қидирувдаги фуқароларнинг қамалмаслиги ҳақида ваъдалар берилди.


Ботиржон Иброҳимов. Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати фотоси

2014 йил диний мотивда айбланиб қидирувга берилган марғилонлик Ботиржон Иброҳимов 22 март куни Ўзбекистонга қайтиб, ўзини ҳукумат қўлига топширди. “Диний мотивлар билан айбланиб қидирувда бўлган шахсларнинг оила аъзолари билан тушунтириш ишлари олиб борилганидан кейин” қайтган “биринчи қочқин” билан суҳбатни Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг раҳбари Умиджон Солиев ўтказди. Турган гап, бунда ватанга қайтган фуқаро қўлларига кишан тақишмади ва уни “қариндошларининг қўлига” топширишди.

Баҳордан бери «Озодлик» радиоси ватанга қайтаётган ҳар бир ўзбекистонлик тақдирини сичковлик билан кузатади ва яхши етиб олганлар ҳақида ҳам маълумотлар бериб боради: 3 апрель куни кейинги тўрт йил Қирғизистонда яшаган наманганлик Бахтиёр Ҳамроев қайтиб келди. Ватанга қайтаётганлар ҳақида ИИБга аниқ қўрсатмалар берилган. 2018 йил май ойи бошида дастлаб Қирғизистон, кейин Россия ва Туркияда яшаб, Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган андижонлик Маъмура Раҳматова ҳақида Асака милициясидаги зобит “Озодлик” га шундай деган: «Бу аёл қидирувдагилар рўйхатида. Агар ватанга қайтса, ҳеч ким уни қамоққа солмайди. Бу аёлга менинг телефон номеримни беринг, қўнғироқ қилсин. Мен ўзим бу аёлни аэропортда кутиб оламан, чунки президентимиз шундай сиёсат қилган».

Кишанланган уч одам

Бу каби ваъда 2012 йилдан бери қидирувда бўлган ака-ука Дўстмуҳаммедовларга ҳам берилган. Улар Тошкентга қайтишдан олдин бу масалани бир неча бор прокуратура ходимлари билан муҳокама қилганлар. Тошкент шаҳар прокуратурасининг 16-бўлим прокурори Жаҳонгир Исмоилов ака-укалар ҳибсга олинмаслиги, тергов пайти очиқликда бўлишларини ваъда қилади. 56 ёшли Аброл ва 53 ёшли Шуҳрат Дўстмуҳаммедовлар 28 май куни Стамбулдан Тошкентга учиб келишади. Уларга аэропортнинг ўзидаёқ кишан тақилиб, шаҳар милицияси идорасига олиб кетишади. Орадан бир кун ўтиб, ака-укалар ИИВ ертўласига, сўнг Зангиотадаги қамоқхонага юборилади. Ҳибсга сиртдан чиқарилган ҳукм асос бўлган. Давлат ака -укага адвокат ажратади, ҳимоячи тергов уларнинг ишини кўриб чиққандан сўнг авф этилиши ёки ҳукм бекор қилинишини айтади.

Июль ойи бошида 46 ёшли Дилафруз Зариповани аэропортда ушлаб, Самарқанд вилояти Каттақўрғон милициясига олиб кетишади. Диний мотивлар билан таъқибга учраган аёл эри ва учта боласи билан дастлаб Россияга кетадилар, сўнг у ердан Туркияга кўчиб ўтадилар. Дилафрузнинг эри Туркияда қолади, аёл учта боласи билан ватанга қайтмоқчи бўлади. Самарқандликлар 12 мартда ҳоким Туроб Жўраев ва орган ходимлари томонидан таклифномалар оладилар. Ҳоким Жўраев 2008 йилдан бери Ўзбекистоннинг турли вилоятларида маъмурият раҳбари бўлиб ишлаган. У Сурхондарё вилоятига ҳоким бўлганида пахта режасини бажармаган бир фермернинг ўз жонига ўзи қасд қилишигача олиб боргани билан овоза бўлган. (Балки, бу эслатма прокурорлар қатори унинг ваъдалари ҳам нақадар қимматга эга бўлишини англатса, ажабмас.)

Америкаликка бошқача муносабат

Америкалик бизнесмен Зокир Алиевга нисбатан либерал муносабат қўрсатилди. У асли ўзбекистонлик бўлиб, 2014 йилдан АҚШ фуқароси саналади. Америка фирмасининг бошлиғи ўзбек консуллигидан 90 кунга виза олиб, 16 июнь куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида истиқомат қилаётган онасининг олдига келади. Уйга кириб келгандан сўнг орадан бир соат ўтиб, Алиевни Давлат хавфсизлик хизмати изоляторига олиб кетишади. Махсус хизмат ходимлари Зокир Алиев 2005 йили унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш юзасидан ҳибсга олинганини айтадилар. У 2000 йили “Ўзбекистон ислом ҳаракати” ташкилотига хизмат қилишга онт ичганлик, 2000-2002 йиллари Афғонистонда ҳукумат қўшинларига қарши мазкур ташкилот томонида туриб курашганликда айбланган. Алиев ўзининг диндан йироқ инсон экани, умрида Афғонистонда бўлмаганини айтади. Унга нисбатан жиноий иш 2005 йили Андижон воқеаларидан сўнг қўзғатилгани, терговларда “туя эмас, инсон экани”ни исбот қилишдан чарчагани учун айбловларга бўйин экканини таъкидлайди.


Зокир Алиев онаси билан Қашқадарёда. Facebookдаги Саид Камол саҳифасидан сурат

Таъкидлаш жоизки, ака-ука Дўстмуҳаммедов ва Зариповалар Туркиядан учиб келган бўлсалар, Алиев АҚШдан учиб келади. Маълумки, ушбу мамлакат билан ўзбек ҳукумати яхши алоқалар ўрнатолди. Алиевни ҳисбга олишдан бир ой олдин Америка билан катта миқдордаги инвестия шартномаларига қўл қўйилди, ўзбек томони америкаликларни мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар жиддий ва узоқ муддатга кўзланганини ишонтира олдилар. Ҳаттоки, “Америка овози” ахборот агентлиги рўйхатдан ўтказилди, халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари олдида ўзбек қамоқхоналари бор-йўғи 80 фоизга тўлганлиги ҳақида ҳисоботлар берилди, турмалардан барча сиёсий маҳкумлар озод этилди.

Бундай ҳолатда америкалик бизнесменни қамаш ҳеч бир мантиққа тўғри келмасди. 22 июнь куни Алиевни қўйиб юборадилар ва 4 июль куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди америкаликни "конституциявий тузумга тажовуз қилиш" ва "экстремист ташкилот билан алоқадорлик"да айблаб, 15 йил озодликдан маҳрум этиш ўрнига унга $135 миқдорида жарима солади. Судя «гуманизм принциплари»га содиқ қолгани ва Алиевнинг 18 йилдан бери жиноий иш билан шуғулланмагани боис шундай камтарона жарима солиш ҳақида ҳукм чиқарганига урғу беради.

«Эзгулик» ва «Ёвузлик» жанги

Оддий одамлар кўз ўнгида Мирзиёев президент-ислоҳотчи бўлиб кўринади. У ҳар куни бир неча фармонга қўл қўяди, кўпчиликни танқид қилади, хориж давлатларига бориб, сармоялар ундириб келади. Президент омма олдида амалдорларни танқид остига олади, «мен бундай одам билан ишлолмайман» ёки «ислоҳотлар олиб боролмайман» каби ибораларни кўп ишлатади. Аввалги тизимдан мерос бўлиб қолган амалдорлар ислоҳотлар йўлидаги тўсиқларга, айрим орган ходимларининг ҳаракатлари бошланган хайрли ишларга завол келтираётгандек туюлади. Президент айрим муаммоларни шахсан аралашиб ҳал қилмоқда.

Америкаликка нисбатан чиқарилган суд ҳукми юқоридан келган буйруқни амалга ошириш билан изоҳланади, наинки, суд гуманизмга берилиб, қамоқ жазоси ўрнига жарима жазосини қўллади. Бошқача буйруқ бўлса, ижро ҳам шунга қараб бўлади. Лекин ватанга қайтмоқчи бўлганлар кўп, пайти келиб Мирзиёев ҳар бирининг танқидирини назорат қилолмайди. Мана шунда, «эски ҳаммом эски тос» бўлиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Хавфсизлик органларининг хотираси кучли ва улар қасд олмасдан қўймайдилар. Ватанга қайтганда «ўтиришга» маҳкум бўлиши мумкин бўлган одамлар қатори, «ўтирганлар»нинг муддати қандайдир баҳоналар билан узайтирилиб, уларнинг уйларига қайтмаслиги эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Масалан, Навоийдаги колонияда диний мотив билан ўтирган Бахтиёр Туробовнинг жазо муддати 2018 йил март ойида тугади. Лекин қамоқ мулозимлари уни ўтирган жойида «Хизб ут-Тахрир ал Исломия» ташкилотини тузиб, эстремизмни тарғиб қилганликда айблаганлар. Бундай айб Навоий ДХХ бошқармаси бошлиғи томонидан ўйлаб топилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукм қарорида Туробов айбини исбот қиладиган бирорта далилни тополмаганлар ва улар прокуратура ва ДХХ ходимлари президент ислоҳотларини пайсалга сопмоқда, деган ҳулосага келганлар. Айрим муддати тугаган маҳкумларга ички тартибни бузганлик айби қўйилиб, жазо муддати узайтирилмоқда.

Ҳануз «Тошкент» халқаро аэропорти Ислом Каримов номи билан аталар экан, унинг паспорт назаратидан ўтаётган одамларда муаммолар юз бериши давом этиши мумкин. Мазкур аэропорт 2017 йил Мирзиёев фармонига кўра Ўзбекистоннинг биринчи президенти номига қўйилганди. Токи, ислоҳотчи президент байрам кунлари Каримов қабрини зиёрат этаркан, террорчи, диссидент ва шунчаки тақводорларни фарқламайдиган, “ислоҳотларга” қийин ёнбосадиган ёпиқ органларнинг реванш олиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Михаил Осокин

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги