18:28 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Калий минералидан иборат қарздорлик ботқоғи… Россия компанияси таназзулида ўзбек томонининг ҳиссаси борми?

09.07.2018 14:45 msk

Азиз Яқубов

«ЗУМК-Инжиниринг» биноси. Dayperm.ru сайти фотоси

Машҳур русларнинг иборасига кўра, "Шарқ" нафақат "нозик", балки "айёрликларга бой иш" ҳамдир. Айниқса, гап катта пул тўғрисида кетганда. Яқинда “Фарғона” таҳририяти белорусларнинг «Белгорхимпром» компанияси Туркманистонда қандай муаммоларга дуч келгани ҳақида материал берганди. Бу ерда европаликлар калий рудини қайта ишловчи тоғ-кон бойитиш комбинатини қурадилар, лекин ҳанузгача бажарилган меҳнат учун иш ҳақини ололмаганлар.

Шунга ўхшаш калий ўғити биснеси билан боғлиқ жанжал Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. Ғарбий Ўрол машинасозлик концернига (Западно-Уральский машиностроительный концерн (ЗУМК)) қарашли «ЗУМК-Инжиниринг» корхонаси яқинда ўлка арбитраж суди орқали банкрот деб топилди ва комапния ўзининг бундай аҳволга тушиб қолишига Деҳқонобод калий ўғити заводини айблайди. Россияликлар ҳисобига кўра, ўзбек томони 2011 йилдан бери $34 млн миқдорда қарздор бўлган. Ўз навбатида «ЗУМК-Инжиниринг» 1,1 млрд рубль миқдорида «Промсвязьбанк», «Росэксимбанк» ва «Бинбанк» дан олинган кредит ҳисобига қарздор бўлган ва бу аҳвол суд томонидан корхонани банкрот деб топишга асос бўлган.

Ўзбек томони заводнинг бош директори Хамидулла Шерматов бошчилигида россиялик шерикларнинг норозилигига тезкор жавоб берган. Унинг сўзларига қараганда, деҳқонодоблик корхона тўлиқ қарзини узган. «Ўзбекистонда «ЗУМК-Инжиниринг» фаолият юритган давр ичида завод $177 млн олган ва ундаги даромад $40 млн ташкил этган», - дейди Шерматов. Бундан ташқари, ўзбек томони иддасига кўра, рус корхонаси таназзулга тушмаслиги учун қўлидан келган барча ишни қилган – уларнинг кредиторлари билан учрашган, Ўзбекистонда бизнес олиб бориши учун қулай шароитлар яратиб берган. «ЗУМК-Инжиниринг» таназзулида компаниянинг раҳбарияти айбдор.

Аслида ҳақиқат ким томонда бўлган?

Шонли ишлар интиҳосида

2007 йили Ўзбекистон ўзида калий ўғитларини ишлаб чиқармоқчи бўлади. Мамлакат иқтисодиётининг улкан қисмини қишлоқ хўжалиги эгаллайдиган ушбу давлатда минерал ўғитларни ишлаб чиқарадиган завод қуриш эҳтиёжи катта эди. Фермерларга йилига 70 минг тонна ўғит керак бўлар ва бу маҳсулот асосан Россиядан сотиб олинарди. Калий ўғитининг бир тоннаси 450 АҚШ долларида бўлганини ҳисобга олсак, давлат бюджети йилига 30 млн долларга “озиб” борарди.

Ўзбекистон ҳудудида Менделеев жадвалидаги барча моддаларнинг борлиги ҳисобга олинса, бу мисли кўрилмаган исрофгарчилик эди. Калий моддаси Қашқадарёнинг Тубегатон ҳудудида топилди. Айнан шу ерда Деҳқонобод калий заводини қуриш режалаштирилди. Режага кўра, йиллар ўтиб, мазкур заводда йилига 200 минг тонна минерал ўғит ишлаб чиқарилиши керак эди. Бу нафақат ички эҳтиёжни қоплар, балки маҳсулотни экспорт қилишга ҳам имкон яратарди.

Лойиҳанинг умумий қиймати $123,7 млн бўлиб, ундан $99,9 млн тоғ-кон ва қайта ишлаш мажмуаси тайёр бўлганда берилиши кўзда тутилганди. Биринчи йўналиш бўйича $54 млн қийматидаги шартнома Россиянинг «Западно-Уральский машиностроительный концерн» (ЗУМК), аниқроғи унинг филиали «ЗУМК-Инжиниринг» билан тузилди, моддани қайта ишлаш билан CITIC Pacific Ltd (Хитой) шуғулланиши режалаштирилди. Молиялаштириш ишлари Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси ($61,9 млн), хитойликларнинг «Эксимбанк» ($41,7 млн) ва “Ўзкимёсаноат”нинг ҳусусий маблағи ҳисобидан амалга ошириладиган бўлди. Россиялик пудратчилар ишни ўз вақтида тамомладилар ва 2010 йили Ўзбекистон Марказий Осиёда калий минералини ишлаб чиқарадиган ягона давлатга айланди.


Деҳқонобод калий ўғити заводи. Narodnoeslovo.uz сайти фотоси

Шуниси қизиққи, “нарх-сифатда” қабилида дастлаб лойиҳани амалга ошириш бўйича ўтказилган тендерда Перм компанияси ютиб чиқади, лекин кейин негадир “Ўзкимёсаноат” ушбу тендерни бекор қилади, буюртмани россиялик ва хитойликлар ўртасида бўлиб беради.

Овқат пайти иштаҳа очилади

Ўзбекистонда Деҳқонобод комбинатини кенгайтириш азалдан режалаштирилганди, чунки калий захираси жуда бўлиб, уни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга имкон туғдирарди. Балки, бу ерда дунёдаги нархлар динамикаси ҳам ўз ролини ўйнаган бўлиши мумкин. 2008 йилги кризисга қадар калий нархи йилдан-йилга ортиб борган ва ҳозирги ўлчамга кўра, фантастик нарх - тоннаси $800-1000 етиб келганди.

2011 йили президент Ислом Каримовнинг заводнинг иккинчи қисмини ишга тушириш бўйича қарори эълон қилинади. Лойиҳа қиймати - $254,7 млн баҳоланади. У асосан Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси ва хитойликларнинг “Эксимбанк”и орқали молиялаштириладиган бўлди. Ўзбек мулозимлари бошқа пудратчиларни изламадилар – эски схема бўйичапо «ЗУМК-Инжиниринг» ва CITIC корпорацияси бўлинмаси билан алоқалар давом эттирилди. Хориж компаниялари керакли ускуналар олиб киришда тўланадиган ва бошқа солиқлардан озод қилинди. Россияликлар билан $122,3 млн қийматга эга шартнома тузилди. Янги комплекс йилига 1400 тонна руда қазиб чиқариши керак эди. Унинг ўзига хослиги - 30 километрдан ортиқ саноат арқон йўлига эга бўлишида эди.

Бироқ, мана шу ерда ўзбек мулозимларининг рус раҳбарлари билан муаммолари бошланади. Рус томонининг фикрига кўра, бу ерда муаммо “Ўзкимёсаноат” томонидан келиб чиққан. 2010 йили ташкилот раҳбари Ғуломжон Иброҳимов ўрнига Ҳамидулла Шерматов келади (ҳозирда у завод бош директори лавозимида ишламоқда). 2010 йилга қадар, яъни Иброҳимов даврида ҳужжатларни расмийлаштириш, тўлов ўтказиш, нарх ва иш шартлари билан боғлиқ барча муаммолар бир пастда ҳал этиларди. Шерматов даврида эса аҳвол мутлоқ ўзгаради. ЗУМК вакилларининг таъкидлашича, айнан Шерматов раҳбар бўлганидан кейин “Ўзкимёсаноат” тизимида бюрократия авж олади. Тезда ҳал бўлиши керак бўлган масалалар ўзоқ вақт ҳал қилинмай қолиб кетади, имзоланиши керак бўлган қоғозлар чанг босиб ётаберади. Айниқса, қилинган ишлар бўйича тўлов ўзбеклар томонидан пайсалга солинади.

Хавотирли “қўнғироқлар”

2010 йил июль ойидан ЗУМК Ўзбекистон ҳукумати томонидан калий рудасини қазиб чиқаришга рухсат олади. Калий заводи мазкур руда қазиб чиқариш ишларига жаҳондаги нархлардан кам миқдорда, яъни тоннаси $21,8 ҳақ тўлайди. Таққос учун Бразилияда бу нарх тоннасига $36,36 миқдорда тўланган.

Биринчи хавотирли “қўнғироқ” 2012 йили янграйди: ўзбек томони россияликлар билан калий қазиб чиқариш бўйича шартномани Вазирлар Маҳкамасида ўрганилаётгани, яқин орада тасдиқланишини айтади. «ЗУМК-инжиниринг» раҳбари Александр Поздеевнинг тасдиқлашича, Шерматов «бизлардан хавотир олмасдан, ишни давом эттиришимизни сўради», лекин ҳужжатлар имзоланмаган эди. Қизиғи шундаки, томонлар руда қазиб чиқариш учун 2013 йил учун шартнома имзолайдилар, лекин 2012 йилги шартнома имзоланмаган эди.

Натижада россияликлар 2010 йил июль ойидан 2014 йил март ойигача Деҳқонобод заводи учун калий рудасини қазиб беради, заводга 880 минг тонна руда етказиб берилади. Ўзбек томони бажарилган ишлар учун қисман ҳақ тўлайди, яъни 2010 йил учун тўлиқ тўланади, 2011 йил учун қисман, 2013 йил учун бир тийин ҳам тўланмайди. 2012 йил ва 2014 йил дастлабки икки ойи учун шартнома тузилмаганлиги сабаб, бу муддат учун ҳам ҳақ тўланмайди.

Иккичи “қўнғироқ” қаттиқ ва аниқ жаранглайди. 2012 йили Деҳқонобод заводида авария содир бўлади. Кон ҳудудини ер ости суви боса бошлайди ва у кунига 5000 кубометрга боради. ЗУМК ходимлари таъкидлашича, ўзбек томони ер ости суви ҳақида нотўғри маълумот беришган. Вазият руда қазиб олинаётган конга $2,5 млрд миқдорида зарар келтириши мумкин эди. Аварияга барҳам бериш ишлари билан Александр Поздеев бошчилигида ЗУМК концерни шуғулланади. Рус томони техник носозликларни бартараф этиши учун икки йил вақт кетади ва ўзбек томони тасдиқлаган хизмат иши $4,2 млн ташкил этади. Бу ерда ҳам бир қарорга келиш қийин кечади.

Россия компанияси таъкидлашича, бу ерда ҳам ўзбек томони аварияни бартараф этиш учун ҳақ тўламаган.

Бирданига учра йўналишда – иккинчи босқич қурилиши, аварияни бартараф этиш ва тажриба-саноат ишларининг кетиши даврида ҳужжат ишлари ойлаб тасдиқланмай қолади, русларнинг ўз ходимлари ва ўзбек ишчилари олдидаги қарзлари кўпайиб бораверади.

2014 йил бошида «ЗУМК-Инжиниринг» Деҳқонобод заводидан аввалги қарзларни тўлиқ тўлашни сўраб, калий қазиб олиш ишларини тўхтатади.

«Ҳукм»га таклиф

2014 йил май ойида «ЗУМК-Инжиниринг» компанияси бош директори Александр Поздеев Ўзбекистон ҳукумати томонидан Деҳқонобод заводининг иккинчи навбатини ишга туширишга бағишланган мажлисга таклиф қилинади. Мажлисда Поздеев қарз масаласини кўтаради. Кейинги кун у Бош прокуратурага чақирилади ва у ердан дарҳол чиқмайди.

Бизнесмен ўзбек мулозимлари томонидан иқтисодий жиноятлар содир этганликда айбланиб ҳибсга олинади. Жумладан, унга Деҳқонобод заводидаги объект қурилиши ва жихозлар келтирилишида нархлар сунъий равишда бўрттирганлик айби қўйилади. Россия ОАВ маъулумотларига кўра, ЗУМК раҳбарига ўзбек банкига ўтказилиши керак бўлган валютани яшириш, давлат маблағини талон-тарож қилиш айблари ҳам қўйилади. Умумий ҳисобда Поздеевга 29 йил қамоқ жазосини беришлари мумкин эди.


Александр Поздеев. Newsko.ru сайти фотоси

Иш Бош прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирда ДХХ) томонидан олиб борилади. Ўзбекистон Бош прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Ҳуррамов терговчилар гуруҳини бошқаради. Бугунги кун Улуғбек Ҳуррамов собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров жиноятларига алоқадорликда ҳибсда ўтирибди.

Поздеев сўзларига кўра, орган ходимлари уни нафақат рсепубликанинг иқтисодий муаммоларида айбдор санашган, балки ҳамкорлик қилиш учун вариантларни ҳам таклиф қилишган. Улар “Ўзкимёсаноат”дан қарзларнинг ундирилиши эвазига ўзбек ҳукумати раҳбариятига қарши компраматлар бериш таклифини қиладилар. Ҳисбдаги Поздеевга кучли босим ўтказишади, сўроқлар кунига 12 соатлаб давом этади. Уни хотирлашича, терговчилар унинг бу “зиндондан омон чиқмаслиги”ни вада қиладилар.

Бу ишни кузатган кўпгина экспертлар Поздеев иши сохталаштирилганини айтадилар. Ўзбек мулозимлари “инсон йўқ, демак муаммо ҳам йўқ” шиори остида иш қилмоқчи бўлганлар. Тергов ишлари қонунга зид равишда олиб борилади, Поздеевга адвокат ва РФ консуллиги ходимлари билан учрашишга рухсат беришмайди, унинг очиқликда ушлаб туриш илтимосномаси қондирилмайди, айбланувчига тиббий ёрдам беришдан бош тортишади. ЗУМК раҳбарининг озод этилишига Россия Ташқи ишлар вазирлиги қўшилади, компания ходимлари Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказишни режалаштирадилар. Россиялик дипломатлар ва шахсан президент Ислом Каримов аралашувидан кейин Поздеев ўн кунлик ҳибсдан сўнг озод этилади, ватанига қайтиб келади.

Суддаги «фокуслар»

2014 йил сўнггида «ЗУМК-Инжиниринг» 2001 ва 2013 йиллар учун олиб борилган тажриба-саноат ишлари учун қарзларнинг тўланиши учун Тошкент хўжалик судига даъво аризаси беради. Бунга нисбатан Деҳқонобод калий ўғити заводи ҳужжатларда нархлар кўпайтирилганини асос қилиб, Россия компанияси билан тузилган шартнома лаёқатсизлиги борасида қарши даъво аризасини беради.

Ўзбек томонининг асосий аргументи 2007 йили калий рудасининг тоннага $15,26 нарх берилганлик борасидаги президент қарори бўлди. Бундан келиб чиқиб, «ЗУМК-Инжиниринг», заводга қазиб олинган руда тоннасини $21,8 нархда етказиб бериш орқали нархни орттирган бўлиб чиқади. Шундай қилиб, Россия компанияси сметасини тасдиқлаган ўзбек мулозимлари ўз вақтида президент қарорини инобатга олмаганлиги жумбоқ бўлиб қолмоқда.

Биринчи инстанция суди орқали даъвогар аризаси инкор қилинди, жавобгарлик талаби қисман қондирилди, яъни қатор шартномалар лаёқатсиз деб топилди.

«ЗУМК-Инжиниринг» апелляция бериш ҳуқуқидан фойдаланади. Тошкент шаҳри хужалик судининг апелляция бўлими россияликларнинг даъво аризасини қондиради. Суд мажлисида 2011 йил қилинган ишлар учун Деҳқонобод заводи россияликлардан $3,4 млн ва 2013 йил учун - $7,1 млн қарздор экага аниқлик киритилади.

Лекин суд ёзма равишда ҳукмни тақдим этганда, унинг матни таҳрир қилингани маълум бўлади. Ҳукм якунида келишилган миқдорда ўзаро қарзнинг кечиктирилгани оқибати, ҳаттоки ЗУМК Деҳқонобод заводи олдида қарздор ҳам бўлиб чиқади.

ЗУМК апелляция қарорига норози бўлади. Биринчидан, суд 2011 йили президент Ислом Каримов қарорида ДКЗ иккинчи навбати қурилиши учун калий қазиб олиш ишлари тоннасига $26,16 нархда белгилангани инобатга олинмаган. Демакки, бу ерда ЗУМКнинг талаб қилаётган $21,8 нархи асосли бўлиб чиқяпти. Иккинчидан, тергов ишлари пайтида Ўзбекистон президенти қарори, республика ҳукуматининг протокол қарорлари, халқаро консалдинг компанияларининг нарх таҳлиллари, республика Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳужжатлари инобатга олинмаган.

Нима бўлгандаям, суд қарори бу - суд қарори. Деҳқонобод заводи раҳбарияти суд қарорини тўғри деб баҳолайди.

Ким айбдор ёки нимадир қилиш керак

Қизиғи шундаки, суднинг бундай қарорига қарамасдан Перм компанияси Деҳқонобод заводи билан ҳамкорликни давом эттиради. Ўтган йили икки мамлакат ҳукуматлараро комиссияси “йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Фақат оради бир нарса қолган, бу ҳам бўлса - қарз масаласи. «ЗУМК-Инжиниринг» ҳеч вақо олмайди, деҳқонобод заводи “бир тийин қарзим йўқ” фикрида қолади.

Май ойида ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси режалаштирилганди. Бунда ҳар икки томон молиявий даъволарни муҳокама қилиши керак эди. Лекин учрашув кузга қолдирилади. Шу сабаб, арбитраж суди «ЗУМК-Инжиниринг»ни банкрот деб топади. Молиявий тортишувлар оқибатида эндиликда икки минг нафар мутахассислар янги иш қидиришга мажбур бўладилар.

Бўлиб ўтган барча ишларда ЗУМК ўзбекистонлик ҳамкорларни айблайди. «Қарзларни бартараф қилиш ишлари ўзбек мулозимларининг “ЗУМКга ҳеч нарса тўламаймиз”, деган иддаосига учради», - дейилади компания баёнотида.

ДКЗ раҳбарияти битта сўзда туриб олганлар: биз ҳаммасини тўлаганмиз ва ҳеч кимдан қарзимиз йўқ.

ЗУМК ўтказган геологик разведка маълумотларига кўра, калий рудаси захирасини қазиб олиш максимум икки йилга етади. Кон ишлари тўхтаб қолган, россияликлар иш олиб борилган иккинчи навбат қурилиши молия йўқлиги боис тўхтатилган, ишлаб чиқариш ҳаражатларини қисқартирадиган ягона арқон йўли қурилмай чала қолган.

Деҳқонобод заводи раҳабарияти эса, ишлар жойида экани, яқин уч йилда хлорли калий ишлаб чиқариш 600 минг тоннага (режадаги 200 минг тонна ўрнига) етказилишини таъкидлайди. Бундан ташқари, корхона 2020 йили сульфат калий минерал ўғитларини ишлаб чиқарувчи объект ишга туширилишини маълум қилади.

Хўжалик объектларининг бахс-мунозаралари нима билан якун топиши ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Турган гап, икки томон ҳам ютқазган: бир томон тануззулликка юз тутган, иккинчи томон эса янги конларни ишга тушириш, мураккаб калий ўғитларини ишлаб чиқариш учун янги инвесторларни қидиришига тўғри келади.

Бу мажородан фақат бир томон ютиб чиққанга ухшайди — бу ҳам бўлса Деҳқонобод заводининг хитойлик ҳамкорлари. Улар билан ҳеч қандай қарздорлик муаммоси пайдо бўлмаслиги аниқ.

Азиз Яқубов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги