18:27 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тўйдан олдин чалинган ноғора. Ўзбекистондаги тўйлар машмашаси

25.06.2018 13:10 msk

Таҳририят

Ўзбекистонда тўй маросими. Eurokurort.by сайти фотоси

Мана бир йилдан бери Ўзбекистонда тўй мавзуси қизғин муҳокама қилинмоқда. Энди тақдирини туташтирмоқчи бўлган ёшлар устидан давлат органлари, жамоат ташкилотлари, маҳалла ва ЗАГСлар (Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи) бош қотиради.

Ёшлар Никоҳ саройига етиб боргунларига қадар айрим муаммоларга дуч келмоқда. Булардан бири - Загс учун маҳалла қўмитасидан маълумотнома олишдир. Аввали бундай справка сўрашмаган, лекин аввали шундай бўлган. Қизиғи шундаки, ёшларнинг ота-оналари тўйга рози бўлган тақдирдагина маҳалла қўмитаси бундай маълумотнома бера олади. Бу ерда ҳақли бир савол туғилади: агар ота-оналар тўйга розилик беришмасачи? У ҳолда икки ёш эр-хотин бўла оладими?

Кетишга тўғри келади

Тошкентнинг Сергелий туманидаги “Нур ҳаёт” маҳалласида шекспирона бир воқеа содир бўлган. Комилбек исмли (исми ўзгартирилган) бир йигит “Фарғона” таҳририятига ғазабланиб мактуб юборади.

«Янги ташкил бўлган маҳаллалар 160 ёки 161 моддага биноан, яъни ота-оналар розилигисиз Загс учун маълумотнома бермайди. Яъни 22 ёшдан ўтган ёшлар ота -оналар розилигисиз уйлана олмайди! – деб ёзади Комилбек. – Буларнинг барчаси дабдабали тўйларга қарши кўрилган чоралардан биридир. Саволимизга бир хил жавоб беришади: «Айб бизда эмас, биларга шундай буйруқ келган, бажармасак бўлмайди».

Йигитнинг фикрига кўра, бундай маълумотномани талаб қилиш ғирт тектакликнинг ўзидир. Ота-оналар шоҳона тўйлар ўтказилишига қарши қандайдир фармон билан танишганини ёзма равишда тасдиқлаши керак.

«Шоҳона тўй»ни ҳар ким ҳар хил тасаввур қилиши мумкин. Кимнингдир дабдабали тўй қилмаса кўнгли жойига тушмайди. Нима бўлгандаям, энди ота-ота розилигисиз маҳалла қўмитаси бир парча қоғозни бермайди, уша қоғозсиз эса ҳеч ким никоҳ қайддидан ўтолмайди. Замонавий Ромео ва Жульетталар замонга қараб қадам босишга мажбурдирлар.

Бундай аҳмоқона вазиятга тушиб қолган Комилбек “салласи деса калласи”ни олиб келишга ундайдиган бундай кўрсатмалардан кимга фойда эканини тушунолмай ҳайрон.

«Президентнинг ўзи яқинда тўйлар билан боғлиқ мажбурий маълумотнома берилишига қарши гапирди, лекин амалдорлар барибир билганидан қолишмаяпти. Балки биз тўй қилмасдан, Загсдан ўтиш билангина кифоялармиз? Лекин бу нарса уларни қизиқтирмайди – муҳрли маълумотнома талаб қилишади. Ота-оналаримиз тўйимизга розилик беришмаса керак. Яхши кўрган қизим билан уларнинг розилигисиз бошқа жойга кетишимизга тўғри келади.Мен – эркакман, бир нави бунга чидайман, лекин бўлажак хотиним учун бу ҳол айни бир имтиҳон бўлади...»


Ўзбекистондаги Загс. Uza.uz сайти фотоси

Чўнтакка оғирлиги йўқ

Маҳаллада тилга олишган мазкур фармон шу йилнинг 30 март куни Олий Мажлиснинг “Тўй, юбилей тантаналари ва ўтганларни хотирлаш маросимларини тартибга келтириш тўғрисида”ги қарори экан. Қарор амалга оширилиши учун маҳаллаларга тарқатилган.

Пойтахтнинг Миробод туманидаги “Банокатий” маҳалла қўмитаси ходимлари ўзаро суҳбатда керакли “мавзу” бўйича бўлажак келин-куёв ва уларнинг ота-оналари суҳбатга чақирилиши таъкидладилар. Уларга ортиқча сарф-ҳаражатларсиз тўй ўтказиш тушунтирилади. Энг қизиғи, ёшлар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам ёзма равишда розилик хатини тўлдириб берадилар. Улар тўй маросимида қанча одам ва машиналар иштирок этишини, қанча пул сарфланиши ва бошқа керакли маълумотларни беришлари керак.

Ота-оналардан бунга розилик бўлмаган тақдирда нима бўлиши мумкинлигига доир саволга маҳалла қўмитаси вакили жавоб беришга ийманди.

«Баъзида шундай ҳам бўлиб туради, – деди котиба. – Бундай ҳолатда уларни яна бир бор ўйлаб кўришларини сўраб, бошқа вақтга суҳбат белгилаймиз. Баъзида бундан ҳам мушкул муаммолар пайдо бўлиб қолади…»

”Ҳамма рақсга туш...масин!”

Сенат қарори шунчаки пайдо бўлмаганига эътибор қаратиш лозим.

2017 йил августда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ўтказилаётган дабдабали тўйларни қаттиқ танқид остига олди.

«Агар тўйлар талаб доирасида ўтказилмаса, у ҳолда ҳоким, Загс мудираси ва ёшлар жавобгарликка тортиладилар. Энди Загс мудиралари нафақат никоҳни қайд қиладилар, балки тўй танталарини ҳам назорат қиладилар»,– деганди давлат раҳбари.

Президент сўзларига кўра, «Бахт уйида 200 одам иштирокида тўйлар ўтказилади. Тўйдан олдин Загс мудираси қаерда тўй ўтказиши, унда қанча артистлар иштирок этиши, қанча спиртли ичимлик ва қанча пул сарфланишидан хабардор бўлади...»

Мирзиёев бундан кейин тўйларда оврупача рақс ва дискотекалар бўлмаслигига алоҳида урғу берди. «Миллий куй-қўшиқларимизга ўйинга тушишсин. Загс бошлиғи тўйга боши билан жавоб беради. Бирор жойда тўй нотўғри ташкиллантирилса, раҳбарни ишдан оламиз. Пора олиб никоҳни қайт қилиш даври ўтди. Янгича тўй Олмалиқда тажриба сифатида ўтказилади», – деди президент.

Ўшанда Мирзиёев тез орада тўйларни ихчамлаштиришга бағишланган қарор чиқишини айтганди.


Ўзбекистонда тўй кортежи. Publika.uz сайти фотоси

Амалдор тўйга бормайди

Айтилган сўз – отилган ўқ. 2018 йил март ойида Сенат тўй ва дафн маросимларни тартибга келтиришга доир қарорни тайёрлади. Унга кўра, дабдабали тўйлар ўрнига ихчам тўйлар ўтказилиши кўзда тутилади. 5 мартдан 25 мартга қадар қарор лойиҳаси омма муҳокамасига тортиқ қилинди. ОАВ маълумотларига қараганда, муҳокамада 400 мингдан ортиқ одамлар иштирок этганлар.

Мирзиёев амалдорларни тўйларга ташриф буюришига қарши чиқди. Энди тўйларга 150 та одам чақирилади. Маросим тушлик пайти ўтказилиши мақсадга мувофиқ, деб топилган. Давлат раҳбарининг фикрига кўра, бундай чоралар коррупциянинг олдини олишга, жамиятда ижтимоий адолат ўрнатилишига хизмат қилади.

Президентнинг бу борада куюнаётгани ҳақли равишда ўринли, чунки одамлар “бировлардан кам бўлмаслик” учун бор кучи, маблағини сарфлаб, дабдадабали тўйлар ўтказишади, ҳаттоки қарзларга ботишади. Айримлар бу йўлда амалини суиисътемол қилиб, ўғрилик йўли билан пул топиш пайига тушади. Лекин тўй борасидаги ислоҳотлар ҳаммага ҳам ёқавермади.

Нега энди ҳукумат аралашади?

Янгича тўй маросимларини ўтказиш билан боғлиқ масалалар ижтимоий тармоқларда кескин бахсғмунозараларга сабаб бўлди. Айримлар, бу соҳадаги ислоҳотларни ёқласа, бошқалари кўрилаётган чоралар ўта кескинлигидан норози бўладилар.

«Ислоҳотлар қатори кўпгина таклифларни эшитяпмиз. Ҳақиқий Шавкат Миромонович ким: конвертацияни вада қилиб, матбуотни маъмурий босимдан ҳимоя қилмоқчи бўлган шахсми ёки инсонларнинг шахсий ҳаётига аралашиб, қандай тўйларни ўтказиш, ҳовлила нима экиб, қандай ҳайвонларни боқиш кераклигини ўргатаётган шахсми?–деб ёзади Facebookда Лондон университетининг Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби илмий ходими Алишер Илҳомов. – Масалан, унинг битта шаблон билан, европача рақс ва дискотекаларсиз тўйлар ўтказиш тўғрисидаги сўзларини олиб қарайлик. Ахир, бу тоталитар тизимни жорий қилмоқчи бўлган навбатдаги диктаторнинг сўзлари эмасми? Ислом Каримов ҳам ўз вақтида бу борада тақиқ кампаниясини ўтказмоқчи бўлганди. “Олма олмадан узоққа тушмайди” дейишади. Ўзбекистон ҳали бери Каримов меросидан қутулолмайди, шекилли...».

Gazeta.uzда чоп этилган айрим блогерларнинг фикларини олиб кўрайлик:

«Кечирасиз, нега энди бу ишларга давлат ва ҳукумат аралашиши керак? Қарз, кредит олиб тўйлар ўтказишга давлат мажбур қилмаяптику? Ҳукумат ва президентга ҳамма нарсани юкламасдан, одамлар менталитетини ўзгартириши керак. Энди бу қандай кўринишга эга бўлади: тўйлар ўтказиши учун битим тузилиб, ҳокимятга смета киритилиши керакми? Бу ерда қандайдир хато бор)))» (Степан Ремаренко).

«Ресторанларга шодиёналар ўтказиш лимитини ажратиш керак! Лимитдан ортиқ ўтказилган тўй учун 100 фоизли солиқ солиш керак. Оддий тўй арзон, қиммати 2,3 баробар қимматга тушади. Қани, кимда қанча пул бор эканини бир кўрайликчи!» (Миршараф Содиқов).

Барчани таксига ўтқазиш керак!

Тўй баҳонасида айрим амалдорлар ўзларини кўрсатишга уринмоқдалар ҳам.

Июнь ойида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси, сенатор Қаҳрамон Қуронбоев ижтимоий тармоқларда бир хабарни тарқатди. Унга кўра, раис Фарғона водийси бўйлаб сафарида йўлда учраган тўй кортежини тўхтатади, келин-куёвни машинадан тушириб, таксига ўтқазиб тўйхонага юборади. Бу воқеа жамиятда портлаган бомба эффектини келтириб чиқарди.


Хивадаги тўй. Flickr сайти фотоси

«Андижон, Фарғона ва Наманганда юрганимда кўчада тўй кортежини кўриб қолдим. Шунда машиналарнинг ҳаммасини тўхтатдим-да, келин билан куёвни тушириб, таксига ўтқазиб, жўнатиб юбордим. Қолган машиналарни эса орқага қайтардим. Шунақанги дабдаба энди, кўчада ҳеч кимга йўл бермайди. Майли, мени ёмон кўрсин, Ёшлар иттифоқининг вилоят бўлими раҳбарини ёмон кўрсин, лекин тартиб керак-ку! Агар ёшларни биз тарбиялай олмасак, Ёшлар иттифоқи тарбиялай олмаса биз жойимизни бўшатиб беришимизга тўғри келади», — деди Қаҳрамон Қуронбоев ва Ёшлар иттифоқи шу йилнинг апрель, май ойларида 288 та наъмунали тўйлар ўтказганини айтди.

Бироқ, Қуронбоевнинг мақтанчоқлиги жамиятдаги кўплаб норозиликларга сабаб бўлди. Унинг “жонбозлиги”ни президент ҳам қўллаб-қувватламади. У яқинда Фарғонага қилган сафарида Ёшлар иттифоқи раиси ҳаракатини қаттиқ танқид қилди.

«Баландпарвоз гаплар, тўйларни йўлда тўхтатиш менга керак эмас. Тўйларни йўлда тўхтатгандан кўра, сенга ўхшаган ёшларнинг катталари, дунёқарашларингни ўзгартиринглар. Мен тўй масаласини, у бир йилда бўлмайди, нима учун чўзяпман, муҳит пайдо бўлиши керак олдин. Президент айтди деб тўйни тўхтатиш, бу Президентга хиёнат,»— деди Шавкат Мирзиёев.

Қуронбоев билан боғлиқ тарих чиройли якун топмади.Eltuz хабарига кўра, ой сўнггида Ешлар иттифоқининг қурултойи бўлиб ўтади. Унда кўриладиган бош масалалардан бири - популист Қаҳрамон Қуронбоевни ишдан олиш масаласидир.

Шуни айтиш лозим, аввали президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмоновни тўй борасидаги ҳаракатларни танқид қилганди. “Агар Усмонов шаҳар ҳокими бўлса, унда менга бошқа душманнинг кераги йўқ” – деганди президент.

Нима бўлгандаям бир нарса кундек равшан: ҳар қандай эзгу-мақсад йўлидан шошилмасдан ҳаракат қилиш лозим. Аввало бу оила қуришдек нозик масалага таалуқли нарсадир.

Таҳририят

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги