18:26 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Итнинг кунига “ тушган итлар ёҳуд Ўзбекистонда қаровсиз ҳайвонларнинг аянчли тақдири

22.06.2018 09:34 msk

Таҳририят

Nuz.uz сайти фотоси

«13 май куни Тошкент аэропорти ҳудудида бир неча ит ва мушуклар йўқ қилинди. Ҳайвонларни отиш пайти унга ҳалақит бериши мумкин бўлган бирорта зот йўқ эди, чунки бераҳм жаллодлар айнан гувоҳлар йўқ пайтни танлаган эдилар. Баъзида улар қайтиб келиб, ҳали жони чиқмаган итларни қайтадан отиб ташлайдилар. Мана бир неча йилдан бери заводда ишлайдиган одамлар бу ҳайвонларни боқиб, касалликларга қарши эмлаб келардилар. Энди бўлса уларга қирон келтирилди. Дам олиш куни бўлгани туфайли ҳайвонларни тўғридан-тўғри отиб кетишди!»

Бу воқеа ижтимоий тармоқларга кенг тарқалиб, одамларни жунбўшга келтирди, тилсиз ҳайвонларга зулм қилганларга нисбатан уларнинг ғазабини чиқарди.

12 калибрли қурол

Аэропорт ходимлари итларни отиб ташлашга «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонасининг режим ва авиация хавфсизлиги хизмати бошлиғи Владислав Сирьянов буйруқ берганига аминдирлар. Айтишларича, айнан унинг ташаббуси билан аҳён-аҳёнда итларга қирон келтирилади, у ҳайвонларни боқишни тақиқлайди. Бундан ташқари, одамлар гапига кўра, у ушалган ёки ўлдирилган ит учун ўз ҳисобидан 10 минг сўмдан тўлармиш. Ҳайвонларни ўз ҳимоясига олган одамларнинг фикрига кўра, итларни ушлаш ва ўлдириш билан собиқ “Аэродельта” кооперативи ва корхонанинг маъмурий хўжалик бўлими шуғулланади.

Зооҳимоячилари воқеага гувоҳ бўлганлар сўзларига таяниб, ҳайвонлар 12 калибрли милтиқдан отилаётганини маълум қиладилар. Айрим гапларга кўра, семиз итлар гўштга пулланар ҳам эмиш.

«Итларни отиш учун сизу-биздан олинган солиқлар ҳисобига ташкил топадиган давлат бюджетидан пул ажратилишини биладими? – дея ғазабланиб гапиради “Фарғона” суҳбатдоши. – Тўғри, аҳоли пунктларида ҳайвонларни қай тарзда боқиш тўғрисида қонун бор, ундаги қоидаларга ит ва мушук эгалари (юридик шахсларни қўшган ҳолда) риоя қилишлари шарт. Коммунал хизмат ва ит отловчилар учун туну- кун хизматга ўтиш борасида йўриқнома бор. Лекин Вазирлар маҳкамасининг қорорида қаровсиз ҳайвонларни отиш қутуриш касаллигини келтириб чиқараётган ҳудудларда амалга оширилиши ҳақида сўз боради. Қачондан бери авиакорхона ҳудуди қутуриш касаллиги тарқалаётган маконга айланган? Одамлар эмлаб, боқиб келаётган ҳайвонлар қутуриб қолганини ким тасдиқлаган?»


Тошкентда қаровсиз итларни ҳимоясига бағишланган плакат. Darakchi.uz сайти фотоси

Ҳар қалай тишлаши мумкин

Авиакорхона ҳудудидаги дайди итлар отиб ташланганидан кейин қаровсиз ҳайвонларни қутқариш жамияти 28 май куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига мактуб йўллаб, унда айбдорларни аниқлаш ва уларга нисбатан чорала кўришни илтимос қилган.

Турган гап, зооҳимоячилар мактубига тезда жавоб олишга илҳақ эмаслар. Аиакорхона ҳудудида қаровсиз ҳайвонларга нисбатан қаттиқ чора кўрилади. Бу ҳужжатлар маҳфий саналади, лекин баъзида ундаги айрим маълумотлар юзага қалчиб чиқади.

Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Марказий давлат эпидемиология назорати станциясининг бош врачининг миллий авиакомпания вакили С.Шоумаров, «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонасининг директори У.Киясовга йўллаган 12.04.2014 йилги хати. Унда “дайди ит, мушук ва бошқа ҳайвонларда қутуриш касаллиги кўпайгани қайд этилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларида ҳам ушбу ҳолатлар кузатилгани, 2013 йили 55379 марта одамларни ҳайвон тишлагани, улардан 5213 таси Тошкентда содир этилгани” ҳақида сўз юритилади.

Санэпидмутахассисининг таъкидлашича, «2013 йили Тошкент халқаро аэропорти ва авиакорхона ҳудудида олти марта номаълум итлар одамларни тишлагани қайд этилган». Шу муносабат билан Шоумаров Киясовга «авиакорхона ва унинг аренда объектларидаги ёввойи, қаровсиз ит ва мушукларни ушлаб, йўқ қилиш» борасида буйруқ беради. Ҳудди шундай мазмундаги буйруқ бундан тўққиз йил олдин Миллий авиакомпания бош директорининг биринчи ўринбосари Э.Полвонов томонидан «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонаси раҳбариятига берилган. Буйруқда “барча кучук ва мушукларни йўқ қилиш” буюрилади. Бунга асос қилиб, “қўшни мамлакатларда чорва ҳайвонлари, қаровсиз ёввойи ит ва мушуклари ичида тепки, бруцеллеза, туберкулез, қутуриш каби касалликлар кенг тарқалгани» кўрсатилади. Ҳулоса шундай якунланади: «Шу муносабат билан профилактик тадбирлар ўтказиш, дайди ит ва мушукларни бартараф қилиш ва иш жойида ҳайвонларни боқиб келаётган ходимларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилсин».

Ҳайвонларни боқиб келган ходимлар сўзларига кўра, аввал ҳам, ҳозирда ҳам ушбу ҳайвонларнинг хавф солиши, касаллакликлар юқтириши масаласи кўпиртирилган. Бу уларга нисбатан ваҳшийлик қилинаётганлигини оқлашдан бошқа нарса эмас.

Албатта, бу воқеага бир томонлама ёндошиб бўлмайди. Қаттиқ қўриқланадиган объектларда яшайдиган ҳайвонлар хавф солиши ҳам мумкин, лекин бу уларни ўлдиришга изн бермайди.

Туну кун овланади

Мана бир неча йилдан бери ижтимоий тармоқларда ҳайвонларга нисбатан кўрсатилаётган вахшийларга доир материаллар кўчиб юради. Зооҳимоячилари мамлакатнинг бурли бурчакларида ҳайвонлар қирғинликка учраётганига доир фото, видеоматериаллар оладилар.

Ўтган йили пойтахт ҳокимиятининг дайди ҳайвонларни овловчи механизациялашган гуруҳлар туну-кун ишлаш режимига ўтгани тўғрисидаги хабари одамларни ғазаблантирганди. Ушбу гуруҳларни одамлар “Шариков отряди”, деб атаганлар.

Ижтимоий тармоқларда ҳайвонларга нисбатан хунхўрликка оид норозиликлар кучайганидан сўнггина мазкур гуруҳлар “жим” бўлиб қолдилар. Бу жимлик вақтинча эканини вақт кўрсатди.

«Ўзбекистонда Вазирлар маҳкамасининг “Қаровсиз ҳайвонларни ушлайдиган ва сақлайдиган хизматлар фаолиятини мустаҳкамлаш чоралари тўғрисида”ги қонунга ҳар тўрт йилда ўзгартиришлар киритилади. Лекин ҳайвонларнинг аҳволи яхшиланмаяпти, – дейди машҳур ҳайвонлар ҳимоячиси Зоҳида Исломова. – Аксари, қаровсиз ҳайвонларни ушлаш (демак йўқ қилиш) йилдан - йилга кучайиб боряпти. Ички ишлар органи ва механизациялашган бригадалар вакиллари ҳайвонларни ушлаш пайтида уларнинг отиб ташланаётгани ҳақида маълумотлар қайд қилинмаган, дейишади. Уларнинг таъкидлашича, ушланган ҳайвонлар замонавий итхоналарга келтирилиб боқилади. Лекин Ўзбекистонда буни орзу қилмаса ҳам бўлади, чунки қаровсиз ҳайвонларни ушлаш ва кейинчалик уларни бир умр боқиш қимматга тушади. Ҳайвонлар учун бирорта расмий турар жой йўқлиги ҳам бунга мисол бўла олади. Итларни отиб ташлаш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Ҳайвонларни кўчага ташлаб юбораётган ит ва мушук эгаларини жазолаш керак. Шулар сабаб дайди ҳайвонлар кўпайиб, жамиятга хавф келтириб чиқармоқда».


Тошкентдаги итлар қароргоҳи. «Ўзбекистондаги қаровсиз ҳайвон-ларни ҳимоя қилиш жамияти» Facebook-гуруҳи фотоси

Зоҳида овланган ҳайвонлар тақдири нима билан тугашини яхши билади. Оч-наҳор, касал итлар тош ва арматуралар билан жойида уриб ўлдирилади. Семиз итлар эса уларнинг гўштидан яширинча экзотик таомлар қиладиган таомхона бошлиқларига пулланилади. Энг ёмони, кўпинча итлар болаларнинг кўз ўнгида уриб ўлдирилади.

Ҳайвонларга нисбатан ёппасига қирғин ўтказилаётганидан кейин шаҳарда қандайдир итлар борлигига ҳақрон қоласан киши. Балки, бу ҳайвонларни ҳимоя қилувчи зооҳимоячилари ва кўнгиллилар меҳнати маҳсулидир?!

Қизиғи шундаки, шаҳар, туман ҳокимятларининг ободонлаштириш, коммунал хизматлари кўпинча 2011 йил 8 июлдаги Вазирлар Маҳкамасининг № 202 “Қаровсиз ҳайвонларни ушлайдиган ва сақлайдиган хизматлар фаолиятини мустаҳкамлаш чоралари тўғрисида”ги қонунига таянадилар. Бироқ, бу “ёмон ўйинда ишлатилган яхши мина”дир. Қарорнинг 5 пунктидагина ҳайвонларни отиб юбориш ҳақида сўз боради. Унда шундай дейилган: «...ветеринар бўлимлар тавсиясига кўра, қутуриш маконлари, қутуриш бўйича доимо ёмон саналган ҳудудларда қаровсиз қолган ва касал ҳайвонларни отиб ташлашни ташкиллаштириш лозим».

Бошқа сўз билан айтганда, ҳокимият хоҳиши билан эмас, қутуриш хавфи аниқланган пайтдагина қаровсиз қолган, касалланган ҳайвонларни отиб ташлашга рухсат берилади. Ҳайвонларни овлаш гуруҳи бригадирларига ўзбошимчалик ҳуқуқи берилмаган. Дайди итларга қарши курашда уларни отиш эмас, ушлаш муҳим омил ҳисобланади.

Ажабланарли томони шундаки, қаровсиз қолган ҳайвонларга қарши курашадиган бригадалар транспорт ва техника воситалари билан таъминланадилар, уларга ёнилғи, махсус инвентар ва жиҳозлар учун маблағ ажратилади. Бу ҳолат зооҳимоячиларини ғазабга келтиради. Табиий савол туғилади: нега энди ҳайвонларни сақлашга, боқишга пул йўқ, лекин уларни қирғин қилишга маблағ топилади?

Муаммони ҳал қилиш – унинг манбасини йўқ қилишдами?

Ўтган йилнинг 9 ой мобайнида пойтахтда ҳайвонлардан 3527 нафар инсон азият чеккан (уларнинг кўпчилиги болалар бўлган). Улардан 1633 нафари дайди итлар ҳамласига учраган.

Инсонларга ҳужум қилган ҳайвонлар статистика номаълум. Бироқ бир савол очиқлигича қолмоқда: итлар ҳуружидан қанчаси қутуриш касаллигини келтириб чиқарган? Бундай ҳисобот юритилмайди ёки жамоатчиликдан сир сақланади. Доимгидай хукумат бу ўринда «кам билсанг - яхши ухлайсан» қабилида иш тутади.

Ҳоким ўринбосари Шуҳрат Акбаровнинг сўзларига кўра, йилда икки марта «кучайтирилган» чоралар қўллангани маъқул - баҳор ва кузда. Айнан шу паллада хонаки ҳайвонлар ёввойилар билан алоқа қилади. Хонаки ҳайвонлар дайди итлардан қутуриш касалликларини юқтиради. Улар эса одамларга юқтириши мумкин. Бу аслида шундай. Лекин бу аҳвол дайди итларнинг барчасини қириб ташлашга изн берадими?

Энг қаттиқ чоралар ҳам қутуриш касаллиган қутулишга имкон беролмайди. Бундан тўрт йил олдин Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида қутурган ит 11 ёшар болани қопиб олади. Бола ота-онасининг бепарволиги, ўз вақтида шифокорларга учрамагани сабаб нобуд бўлади. Бу воқеадан сўнг уйма-уй юриб текширишлар бошланди. Оқибатда шаҳардаги қаровсиз итлар тугул, одамларнинг эмланган, соғлом итлари ҳам отиб ташланди.

2017 йили хонаки ҳайвонларни рўйхатдан ўтказиш бўйича Кўрсатма пайдо бўлди. Бунинг оқибатида кўплаб одамлар ўзларининг ит ва мушукларидан маҳрум бўлдилар. Кўпгина ҳайвон соҳиблари идентифация учун ҳақ тўланиши кераклигини билмаганлар. Натижада одамлар ит ва мушукларини кўчага ҳайдаб юборади. Ит овловчилар яна енг шимариб ишга тушадилар.

Муаммонинг яна бир томони шундаки, бир қарашда касалланган ҳайвонни билиб олиш қийин. Қутурган ҳайвонлар ўзини ҳар хил тутиши мумкин. Масалан, қутурган итларнинг одатда оғзида кўпиклар пайдо бўлади, ўта ғазабли бўлиб, ерни ғажий бошлайди. Лекин касаллик инкубацион даври бундай симптомларсиз ҳам ўтиши мумкин. Бундай ҳолатда касалликни ҳайвон жасадини текширгандан сўнггина аниқлаш мумкин.

Қутуриш касаллиги ит ёки мушукларнинг тишлашисиз ҳам юқиши мумкин. Касал ҳайвоннинг сўлаги инсон терисининг лат еган жойига тегса бўлгани.

Шу сабаб кўпчилик одамлар зооҳимоячиларини қўллаб-қувватламайдилар. Кўпчилик одамлар дайди ҳайвонларни ўта хавфли деб биладилар, шунинг учун уларни отиб ташлаган маъқул, деб ҳисоблайдилар.

Ҳайвонларни овлаш эмас, уларни ҳимоя қилиш зарур

Яқинда ҳайвонларни ҳимоя қилувчи «Mehr va Oqibat» жамияти Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди. Унда зооҳимоячилари қаровсиз ҳайвонларни ҳимоя қилишда давлат қатори, жамият томонидан ҳам кўмак бериш чоралари баён қилинган.

«Қаровсиз ҳайвонларни қириб ташлаш, улар билан боғлиқ муаммоларни одамлар билан муҳокама қилишдан осондир. Илғор мамлакатларда бу масала ҳал этилган, уларнинг тажрибаларини ўрганиш керак ва уни дастлаб шаҳарда, кейинчалик бутун мамлакатда қўллаш керак», – деб ёзадилар ҳайвонлар ғамини ейдиган инсонлар.

Ҳимоясиз ҳайвонларни ёппасига қириб ташлашни бас қилиш, бу борада жиноий жазо қўлланилишини сураб жамоа президент номига мактуб йўллаган. Мактубга 3000 тошкентликлар қўл қўйган.

Зооҳимоячилар сармоя ва туристларни жалб қилмоқчи бўлган давлат цивилизациядан ортда қолмаслиги керак, деб ҳисоблайдилар. Бунда уйсиз ҳайвонларни ҳимоя қиладиган хизматни ташкил этиш айни муддаодир. Бундай хизматлар илғор ғарб давлатларида фаолият юритади.

Фаол инсонлар давлатга дайди ит ва мушуклар учун битта саройни қуриш, уларни қириш бўйича сарфланаётган ҳаражатлардан арзон тушишини ўринли таъкидлайдилар.

Нима бўлгандаям, қаровсиз ҳайвонларни аёвсиз қириб ташлаш замонавий, маърифатли давлат обрзсига тўғри келмайди. Зеро, Ўзбекистон ҳукумати кейинги йиллар айнан мана шундай нуфуз учун интилмоқда.

Таҳририят

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги