07:06 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижон: 13 майдан кейин ўсмирларлар ўртасида жиноят содир этиш ҳоллари кўпайган

29.11.2005 01:51 msk

Муҳсина Ҳамидова

Андижон шаҳар прокуратураси маълумотига кўра, кейинги пайтларда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга ортган. Ҳуқуқбузарларнинг 9 нафари қиз болалар, 5 нафари коллеж ва 5 нафари мактаб ўқувчилари, 45 нафари эса ҳеч қаерда ўқимай, ишламай юрган ўсмирлардир. Ўсмирлар босқинчилик, талончилик, ўғирлик ва бошқа жиноятлар содир этганликда айбланмоқдалар.

Шаҳар прокурори Абдулатиф Аҳмедовнинг айтишича, вояга етмаган жиноятчиларнинг кўпайиб бораётганига катталарнинг бепарволиги ва масъулиятсизлиги сабаб бўлмоқда.

- Халқимизда бир болага етти маҳалла ота-она, деган нақл бор. Афсуски, бугун кўп жойларда бу нақлга амал қилинмаяпти. Маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари, йиғинлар қошидаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари фаолияти жуда суст ташкил қилинган, - дейди прокурор. - Андижон шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли мактаблар муаллимлари ўқувчиларининг оилада қай аҳволда тарбияланиши, уларнинг яшаш шароити, дарсдан кейинги бўш вақтини қандай ўтказишлари билан қизиқмайдилар. Мактабларда ота-оналар йиғилишлари жуда камайиб кетган.

Ўқитувчи Солижон Абдураҳимов ўқув муассасалари билан шаҳар ички ишлар бўлими ўртасида етарлича ҳамкорлик ўрнатилмаётганини таъкидлайди.

– Милиция ходимлари, - дейди у, - факат ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейингина келишади. Унгача биронтасининг қорасини кўрмаймиз.

Андижон шаҳрида яшовчи Гулчеҳра Аҳмедованинг фикрича, содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва вояга етмаганларнинг жиноят кўчасига киришига фақат ота-оналар эмас, атроф-муҳит, жамиятнинг ҳам таъсири кучли. 13 майдан кейин Андижондаги вазият, аламзадалик кайфияти одамларда яшашга бўлган иштиёқни сўндириб қўйган.

- Тирикчилик оғир, иш йўқ, қаёққа қарама етишмовчилик, - дейди Гулчеҳра Аҳмедова. - Андижон воқеаларидан кейин ҳамма асабий бўлиб қолган. Битта гап кам, иккитаси ортиқча. Фожеаларни ўз кўзи билан кўрган ёшлар учун ҳозир икки дуне бир қадам бўлиб қолди-да. Милиция ходимларининг фожеалардан кейинги муомаласи ҳам ёшларнинг асабига таъсир кўрсатяпти.

Аҳоли фикрига кўра, вояга етмаганларни жиноят кўчасидан қайтариш учун уларни аввало доимий иш билан таъминлаш, ҳунар ўрганишга жалб этиш зарур.