08:44 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўзбекистон ўзининг Штази музейига эга бўлиши керак». Стив Свердлоу мамлакат қандай қилиб ўз ўтмишини сарҳисоб қилиши мумкинлиги ҳақида фикр билдиради

23.05.2018 17:52 msk

Егор Петров

Стив Свердлоу. Human Rights Watch сайти фотоси

Ўтган ҳафта Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари олдидан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Вашингтонда давра суҳбатини уюштирди. Унда республикадаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Анжуманда дипломатлар, юқори мансабдаги ўзбек мулозимлари, ҳалқаро ҳуқуқ ҳимоячилари, журналист ва тадқиқотчилар иштирок этдилар. Анжуманда кўрилган масалалар тўғрисида “Фарғона”га Human Rights Watchнинг Марказий Осиё бўлими раҳбари Стив Сервдлоу гапириб берди.

- Давра суҳбати чоғида Ўзбекистон вакиллари сизнинг ташаббусингизга кўра анжуман номини ўзгартирганларини айтган. Шу ҳақда гапириб берсангиз.

Бизлар «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиёт» номини озгина ўзгартириб, «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиёт ва ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар»га ўзгартиришни таклиф қилдик. Ташкилотчилар расман анжуман номини ўзгартиришмади, лекин элчи Жавлон Ваҳобов ва сенатор Содиқ Сафоев HRW таклифини қабул қилганлари ва тадбир нафақат эришилган ютуқлар, балки инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш учун ҳам ўтказилаётганига урғу бердилар.

– Ушбу тадбир, сизнингча, нақадар қизиқ ва фойдали бўлган?

– Мулоқотимиз сифат жиҳатидан ижобий томонга ўзгарганини қадрлаймиз. Икки йил олдин бундан суҳбат бўлишини ҳаёлимга ҳам келтиролмасдим. YouTubeда 2013 йил ўзбек делегациясининг Женевага ташрифи видеосини топиш мумкин. Ўшанда улар қийноқларга қарши Қўмита олдида ҳисобот беришганди. Ёнимда ўтирган Акмал Саидов (Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари миллий Маркази директори - «Фарғона» изоҳи) Ўзбекистонда сиёсий махбуслар борлигини кескин инкор қилганди. Энди эса ўзбек ҳукумати вакиллари реал ва прогматик кўринади. Улар ўзларини эркин тутиб, вазиятни аниқ хис қилган ҳолда, кўз бўямачиликсиз очиқ ва тўғри гапираётганларига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистон элчиси диндорлар, жумладан, иеговачилар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилганини айтди. Шуни айтишим лозим, бундан бир неча ойлар олдин ҳукумат билан учрашувда насронийлар масаласида очиқликни кўрмагандим, бизлар фақат муаммоларни инкор қилинишини кузатгандик. Эндиликда эса ҳалқаро жамоатчилик ва маҳаллий фуқаролар жамияти талабларига қулоқ солинаётганини кўряпмиз. Вазият тезликда ўзгармоқда.

- Сиз тадбирда Андижон мавзусини кўтардингиз. Ўзбек мулозимлари бунга қандай муносабатда бўлдилар?

– Айтишим керакки, нутқим учун ҳеч қандай моънелик бўлмади ва мен Андижон фожиаси ҳақида эркин гапирдим. Бу Ўзбекистон ҳукумати учун энг оғриқли мавзулардан биридир. Мен ушбу мавзуни муҳокама қилолганимиздан ҳурсандман. Гарчи, ҳукумат вакилларидан жиддий жавобларни олмаган бўлсакда, бу ҳақда гапирганимиз, журналистларнинг мазкур мавзу бўйича саволлар беролгани катта гап. Ўтган йилларда ҳукумат вакиллари кескинлик билан Андижон масаласи ёпиқ эканини таъкидлаб келган бўлсалар, ҳозирда ҳақиқатан ёпиқ мавзулар бўлмаслигига амин бўлмоқдалар.

– Оғир ўтмишни сарҳисоб қилиш борасида Берлиндаги Штази музейини (The Stasi Museum – собиқ Германия Демократик Республикасидаги сиёсий тизимга бағишланган тадқиқот ва мемориал мажмуаси) мисол қилиб келтирдингиз. Сизнингча, Ўзбекистонда бундай лойиҳани амалга ошириш мумкинми?

– Бу масалада таклифлар кўп ва уларни умумий бир концепция бирлаштиради: ўтмишдаги инсон ҳуқуқлари поймол бўлган даврларни тадқиқ қилмасдан олдинга интилиб бўлмайди. Жанжалларни бошидан кечирган жамиятларнинг демократия йўлига ўтиш даврида ҳақиқатни ўрнатиш, ўзаро тил топиш, адолатни тиклаш мезонлари муҳимлигини кўрдик. Шунинг учун республикадаги муҳим масалаларни ҳал этиш қатори ўтмишдаги жиноятларни ўрганадиган комиссияни тузиш керак деб ҳисоблаймиз. Токим ўша даврда ноҳақликлар, таъқибларга учраган, ноҳақдан қариндошлари қамалган минглаб одамлар бу ҳақда гапиришга, МХХ материалларини ўрганишга имкон олишсин. Тезкор ходимлардан кўрсатмалар олиш лозим, жавобгарликка фақат одамларни қийноқларга солган ва бошқа жиддий қонунбузарлик қилганларни топтиш керак. Назаримда, бу - жамиятда демократия ва либерал тизимини яратишдаги муҳим омилдир.

Кўриб турибмизки, бу ерда анчагина ўзгаришлар содир бўляпти. Президент Мирзиёев МХХ бошлиғини алмаштирди, Давлат хавфсизлик хизматига доир қонун қабул қилинди. Шунингдек, яна бир муҳим воқеа юз берди: Мирзиёев Бухоро вилоятидаги нутқида тадбиркорларни қийноққа солган МХХ ходимларини қамоққа солишини ваъда қилди. У қийноқларга доир суратлар борлиги ва бундай қатағон 1937 йили ҳам бўлмаганини айтиб ўтди. Буларни кўриб, менда бир фикр пайдо бўлди. Агар ростдан ҳам махсус хизматлар фаолиятини шаффоф қилиб, Ўзбекистон халқи йиллар давомида қўрқув остида яшаганини тан оладиган бўлсак, президент Вашингтонда айтгани каби оғир кунлар қайтиб келмаслиги, ислоҳотлар албатта муқаррар бўлишини жамиятга англатиш учун аниқ, муҳим сигнал бериш лозим.

Штази музейи – ажойиб жой. У ерда бировлар суҳбатини эшитиб, ёзиб оладиган жиҳозлар, президентдан тортиб, оддий одамларнинг досьелари ва бошқа кўплаб нарсаларга кўзингиз тушади. Германиянинг дунёдаги энг илғор мамлакатга айлангани сабабларидан бири шундаки, немислар урушдан кейин ўқув дарсликларига кўплаб жамият учун оғриқли ўтмиш мавзуларни кирита олдилар. Агар Ўзбекистон ҳақиқатан олдингга интилиб, демократик ривожланмоқчи экан, у ҳолда бундай тараққиётга Марказий Осиё ва собиқ иттифоқ маконига советлар қўллаган усулларсиз эришиш мумкинлигини исбот қилиши лозим.


Берлиндаги Штази музейи кўргазмалари. Расмий сайт фото-си

– Ўтмишдаги жиноятлар учун жавобгарликка тортиш деганда, кўпроқ унинг ўтмиш муддати, кимларни жавобгарликка тортиш мумкин, кимларни мумкинмас, деган масала юзага чиқади. Бунга нима дейсиз?

– Ҳозирда бой тажрибалар мавжуд. Бошқа тизимга ўтаётган мамлакатларни олиб кўрсангиз, миллий судлар, халқаро судлар, ҳақиқат ва яраштириш комиссиялари мавжуд. Бу ерда ўзбек экспертлари, аввало юрист ва парламент аъзолари фуқаро жамияти билан қоидаларни ишлаб чиқиши керак. Масалан, узоқ йиллар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари Қўмитаси қийноққа доир жиноятлар тарихи муддати жаҳон нормаларига тўғри келишига эътибор қаратди, яъни узоқ муддатли жиноятларни кўриб чиқиш мумкин. Бундай бахс-мунозарада йўл кўрсатиб бериши мумкин бўлган собиқ сиёсий махбуслар иштирок этишлари лозим . Кейинги 20 ой мобайнида эркинликка чиққан бу одамлар, бошқаларга кўра бу қийин масалани чуқурроқ биладилар. Улар ноҳақ қамалганларни реабилитация қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш масалаларида иштирок этишлари керак. Бу ерда парламентнинг ҳам ўрни муҳим. Бу ҳақда давра суҳбатида сенатор Содиқ Сафоев гапириб ўтди. У парламент ҳақиқатан ҳам халқ манфаатини кўзлайдиган қуролга айланиши лозимлигини таъкидлади. Менимча, Ўзбекистон тарихидаги одамларнинг бу мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган даврларини жамоатчилик ўз назоратига олиши керак. Жараёнда иштирок этиши мумкин гувоҳларни бутун дунё бўйлаб топиш мумкин. Мен кўплаб собиқ сиёсий махбуслар, ватанни тарк этишга мажбур бўлган одамлар билан гаплашганман. Аслида улар Ўзбекистоннинг ҳақиқий ўғлонларидир.

Вашингтондаги давра суҳбати видеоёзуви

– Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни ўқисангиз, Ўзбекистонда консерватив ва Ғарбга қарши кайфиятдаги одамлар кўпчиликни ташкил этишини кўрасиз ва улар фуқаровий эркинлик ва сиёсий рақобатлардан кўпам умид қилавермайдилар. Бу ҳолат жамиятни демократлаштириш йўлида тўғоноқ бўлмасмикан?

– Собиқ иттифоқ ҳудудида Ғарбга, либерал сиёсатга қарши тарғиботларга кўп дуч келамиз. Шуниси қизиққи, Каримов давридаги ёпиқлик Ўзбекистонни мустақил равишда одимлашига имкон беролди бир томондан. Ўзбекистон Россия ташвиқотидан холироқ макон бўлди. Ўзбек ҳукуматининг Европа ва Америка билан алоқаларни мустаҳкамлашга бўлган интилишлари менга самимий туюлади. Ўйлайманки, Тошкентнинг кўп векторли сиёсати йўқолмайди. Бироқ, Россияда авж олган аксилғарб риторикаси Ўзбекистонда ҳам қўлланилиши мумкин деган хавф йўқ эмас. Лекин бундай кайфият Ўзбекистонда бошқа республикаларга қараганда анча паст.

Бу ерда фаол ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш лозим, зеро улар биринчилардан бўлиб қийин масалалар юзасидан ҳукумат билан мулоқотга киришади. Мен яқинда учта собиқ сиёсий маҳкумнинг янги ташкилотни рўйхатдан ўтказмоқчи экани ҳақидаги янгиликни эшитдим. Булар - қамоқда тўққиз йил ўтириб чиққан журналист Дилмурод Саидов, оғир қийноқларга солинган ва 10 йил озодликдан маҳрум бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Ағзам Турғунов ва яқинда эркинликка чиққан ҳуқуқ ҳимоячиси Азам Фармоновдир. Уларнинг ташкилоти ҳозирда нозик масала ҳисобланмиш реабилитация, суд тизими масалалари билан шуғулланади. Менимча, озодик қадрини сизу-биздан кўра яхши англайдиган бу каби инсонлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш керак.

Айтмоқчи, давра суҳбатида бизлар яна бир муҳим масалани кўтардик. Бизлар ҳозиргача Ўзбекистондаги сиёсий махбуслар сонини мингта деб биламиз. Ўзбекистон ЖКнинг 159,244,216 - моддалари, яъни экстремизм бўйича қамалган ҳар бир одам иши билан шуғулланадиган комиссияни тузиш таклифини киритдик. Ҳозирда ўзбек қамоқхоналарида мазкур моддалар билан қанча одамлар борлигини билмаймиз. Лекин тўқсонинчи йиллар охирида Каримов ҳукумати кўплаб одамларни “Ҳизб - ут Таҳрир” ва бошқа ташкилотларга алоқадорликда қамаганини ва ўшанда кўплаб сиёсий махбуслар қамоқларда йўқ бўлиб кетганини биламиз. Бу ерда етти мингдан ўн икки минг одам сони келтирилади. Ўзбекистон ҳукуматига бир неча бор мазкур одамлар иши борасида мурожаат қилганмиз. Биз махсус комиссия ишларни кўриб чиқиши, одамларни озод қилишини таклиф қилганмиз. Зўравонлик қилинган ҳолатлар бўйича халқаро стандартлар асосида янги ҳукумат даврида судлар ўтказиш мумкин.

– Қайсидир бир босқичда ўзбек ҳукумати ҳозирги ислоҳотларни олиб боролмаслиги ёки тўхтаб қолиши мумкин, деган фразни соқит қилиб бўлмайди. Бундай ҳолатда ҳаракат режаси борми?

– Бизлар Ўзбекистондаги энг оғир йилларда ҳам ҳукумат билан мулоқот қила олдик. Доимо алоқада бўлиб, материалларни йиғиб, воқеаларни ёритиб борамиз,ҳукуматга ўз тавсияларимизни бериб борамиз. Нафақат Ўзбекистон ҳукуматига, балки унинг халқаро ҳамкорларига ҳам ўз тавсияларимизни берамиз. Бу ерда машҳур ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўрни жуда муҳим, деб ўйлаймиз. Барча қийинчиликлар, элита орасидаги сиёсий жангларга қарамасдан, Ўзбекистоннинг фуқаровий жамияти ўз ўрнини топиб, мавжуд муаммоларни ҳал этишга интилмоғи керак.

– Сиёсий махбуслар, таъқиб қилинаётган журналистлар ёки диндорлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида янгиликлар озми-кўп пайдо бўлиб турса-да, лекин Ўзбекистондаги ЛГБТ (сексуал озчилик) вакиллари ҳақида ҳеч қандай маълумотни кўрмайсан киши. Бу соҳада нималар бўляпти?

– HRW ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар билан доимо алоқа ўрнатиб келган. Улар катта қурқув остида, яширин тарзда яшайдилар, жамият уларни хазм қилолмайди. Бизлар Каримовнинг бундай тоифадаги одамларга нисбатан кескин гапирган пайтларини эслаймиз. Янги ҳукумат ўз фаолиятида барча тоифадаги одамлар қонун олдида тенглиги, мамлакат қонунида у ёки бу кам тоифага алоқадор одамларни таъқиб қиладиган элементлар бўлмаслиги кўрсатиб ўтиши лозим. Ўзбекистон ва Туркманистон Марказий Осиёдаги эркаклар орасидаги жинсий муносабатларни жазолайдиган давлатдир. Бу мамлакатнинг халқаро мажбуриятларидаги жиддий камчиликдир. Amnesty International Мирзиёевнинг АҚШга сафари олдидан бир жинсли алоқалар учун бериладиган жиноий жазони бекор қилишга чақирди. Умид қиламизки, ҳукумат бу чақириққа қулоқ солади.

– Яқинда Адлия вазири Давлетов ташкилотингиз фаолият юритиши учун тўсиқлар йўқлигини маълум қилди, лекин шунга қарамасдан Олий суднинг HRW фаолиятини тўхтатиш борасидаги қарори ҳамон ўз кучини йўқотмаган. Ҳозирги мақомингиз нима ва бу вазиятни қандай изоҳлаш мумкин?

– Менда мамлакатга кириш учун виза бор. Дарҳақиқат, Олий суд қарори регистрациядан ўтишимизга моънелик қилмоқда. Биз ушбу қарорни жиддий тўсиқ деб биламиз. Аслида, бизларга Ўзбекистонда фаолиятини тикламоқчи бўлган турли халқаро нотижорат ташкилотлари мурожаат қилдилар. Уларнинг айтишича, Олий суднинг HRWга нисбатан қарорини уларга кўрсатиб, бу нарса рўйхатдан ўтказмаслик учун асос бўлишини таъкидлаганлар. Андижон воқеасидан кейин кўпгина ташкилотлар фаолиятини тўхтатиш учун жиддий ҳатоликлар билан ўтказилган суд жараёнларини эслаймиз. Ўшанда бу воқеалар Ўзбекистон нуфузига жиддий зарар келтирганди. Бир пайтлар ўзи йўқ қилиш пайида бўлган Адлия вазирлиги Олий судга қарорни бекор қилиш ёки бу каби қарор HRW ёки бошқа ташкилотларнинг Ўзбекистонга қайтиб, регистрациядан ўтишига моънелик қилмаслиги тўғрисида қўшимча тушунтириш беришинин сўрайди, деган умиддамиз.

Суҳбатни Егор Петров ёзиб олди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги