08:43 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сахароводаги аччиқ ҳақиқат. Чет эл фуқароларини вақтинча ушлаб туриш марказига саёҳат

22.05.2018 16:43 msk

Екатерина Иващенко

Сахороводаги Марказнинг кириш эшиги. «Фарғона» фотоси

Москвада яшаётган Марказий Осиёлик кўнгилли одамлар 15 май куни турли сабаблар билан Сахароводаги Чет элликларни вақтинча ушлаб туриш маркази (ЦВСИГ) га тушиб қолган юртдошларидан хабар олиш учун бордилар. Мақсад - совға саломларни улашган ҳолда, Марказдаги ҳаётдан бохабар бўлиш эди.

!0 кишидан иборат делегация шаклланди. Уларнинг орасида оддий таксичи ва қурувчидан тортиб, диаспора етакчилари ва юристлар бор эди. Саҳаровога бир неча йиллардан бери мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаётган юрист Ботиржон Шерматов, “Ўзбек миллий-маданий автономияси” раиси ўринбосари Дилмурод Исоқов, “Ал Васатия” илмий-маърифий марказ директори Сергей Зязин, “Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги диний-маърифий марказ” раҳбари Рисқулбек Каримбековлар ташриф буюрдилар.

Мен ҳам Сахаровога кўнгиллилар қаторида бордим. Бу ерга биринчи бор бундан ярим йил аввал келгандим. Ўшанда бу ерда ҳибсда ушлаб турилган фуқароларга Халқаро мигрантлар куни шарафи билан мевалар келтиргандик. У пайтлар Марказда 700 нафар чет эл фуқаролари бор эди, эндиликла уларнинг сони 500 кишини ташкил этади. Қанча миқдорда керакли нарсаларни етказишимиз учун ушбу маълумотни олдиндан билиб олдик.

Сен учун шеригинг жавоб беради

Эрталабки соат саккизга қадар учта машинага фотболка, пайпоқ, шахмат, нарда, китоб ва журналлардан иборат юклар ортилди. Москвадан соат тўққизларда чиқиб, соат 11 да Сахаровога етиб келдик. Маъмурият ташрифимиздан огоҳлантирилганди. Тиконли симлар билан ўралган ҳудуд ичига кириш учун паспортни кўрсатиб, рухсатнома олдик. КПП олдида бизларни Марказда сурат ва видео тасвирга олиш таъқиқланишидан огоҳ қилишди. Бу ерда жиноятчилар эмас, оддий мигрантлар ҳисбда ушлаб турилади. Сахарово – режимли объект ҳисобланади.

КПП олдида бизларни Қуёш нурларидан исиниб ётган малларанг мушук кутиб олди. Исми ҳам жисмига монанд экан — Маллавой. Шаҳар четидаги тоза ҳаводан кўкрагимизни тўлдириб нафас оламиз. Бу ернинг советларга мансублигини сариқ рангга бўялган бинолардан билиб олиш мумкин. Аввали бу ерда ҳарбий қисм бўлган.


Марказ қоидалари ва кундалик тартиб. «Фарғона» фотоси

Ташриф Марказ бошлиғи кабинетидан бошланди. Бизга Ирина Березина ҳамроҳлик қилди. Маъмурият раҳбариятининг кайфияти чоғ эди. Марказ бошлиғи Алексей Лагода бизлар билан дўстона саломлашди. Аввали “Фарғона” таҳририяти у билан суҳбат уюштирганди.

Мулоқот бошланди. Лагода “орада ҳал бўлмаган масалалар қолмаслиги учун тортинмасдан саволлар беришимиз”ни сўради.

Ўзбек диаспораси вакили бу ердаги одамларга кийим-кечак ва рўзғор буюмлари олиб келганимизни айтиб, яна нималар кераклигини сўради. Лагода бу ерда энг асосий муаммо - одамларда ҳужжат йўқлигини айтди. Шунинг учун Марказ бошлиғи илотимос қилиб, аввало мигрантларни керакли ҳужжатлар билан таъминланишига ёрдам беришимизни сўради. Шунингдек, у мигрантларнинг жарималарни тўлаши ва ватанига билет олишига имкон даражада кўмак беришимизни илтимос қилди.

– Одамларни қурилиш майдонлари ва кўчалардан тутиб, бирорта ҳужжатсиз тўғри олдимизга олиб келишади, – дейди Лагода. – Айрим мигрантлар сохта хужжатлардан фойдаланишади. Агар юристларингиз бўлса, келишсин, бизлар қандай қилиб судга шикоятлар тайёрлашни ўргатамиз. Кимдир “қандайдир” адвокатни ёллайди. У бечора мигрантдан "30-50 минг рубль эвазига ишни ҳал қилиб бериши"ни ваъда қилади ва пулни олгач тумтарақай йўқолади. Мигрантлар бу ерга келтирилган экан, демак уларга нисбатан мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида суд қарори бор эканини билмайдилар. Айримлар қўлга тушганда айёрлик қилиб, ўзини эмас, қариндошининг фамилиясини айтади. Оқибатда реал ҳужжатлар ва базага киритилган фамилиялар орасида чалкашлик юзага келади. Айрим ҳолларда, уларнинг қариндош ёки яқинлари қўнғироқ қилиб, Россияга кира олмаётганини айтади. Аниқланишича, мигрант ушланган пайт ўзининг эмас, дейлик оғайнисининг фамилиясини айтган. Пировардида у ҳам, унинг ўртоғи ҳам Россияга кириш учун тақиққа учрайди. Раҳбар бўлиб уч йилдан бери ишлаб келаман, қўлимдан 20 минг одам ўтди ва бу давр мобайнида нималарга гувоҳ бўлмадим, дейсиз.

Яна бир муаммо – Россияда ишлаш учун патент олишдан қочиб, сохта Қирғизистон паспортини олишдир. Лагода бу муаммо Марказнинг энг катта бош оғриғи эканига урғу беради. Ҳужжатларни сохталаштириш – бу 327 моддаги жиноят ишидир. Ҳозирда Марказда 70 дан 80 нафаргача мигрантнинг бўйнига мана шу модда илинган.

Марказ раҳбарининг маълумотларига кўра, 2018 йил бу ерга 2000 одам жойлаштирилган, улардан 1870 нафари мамлакатдан чиқариб юборилган. Ҳисбдагилардан 70 нафар фуқаро жиноят ишлари бўйича судланган, 24 инсонда оғир сил касали аниқланган, 12 нафар фуқаро терроризмда гумон қилинади. 17 нафар чет эл фуқаросининг шахсини ўз мамлакати консуллиги тасдиқламаган, яна 15 киши қамоқдан жазо муддатини ўтаб қайтган. Бу ерда ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил этади – 191 одам, 123 инсон Тожикистон фуқароси ҳисобланади, уларнинг орасида 9 нафари аёл киши.

img src=http://news.fergananews.com/photos/2018/05/cvsig1.jpg width=100% hspace=20 border=0 alt="">
Волонтерлар, диаспора раҳбарлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари ми-грантлар билан. Марказ тақдим этган сурат

Кетгим келади, лекин рухсат йўқ

Қабул дафтарига қўл қўйиб, бинога кирамиз. Тўрт қаватли бино пластик ойналар билан қопланган, уларнинг устидан панжара ўрнатилган. Совға-саломларни машинадан туширганмиз. Қирққа яқин мигрантлар бир хонага тўпланишган.

– Сизларга ёрдам бергани келдик, – деди Дилмурод Исаков. – Бошидан айтаман, барча муаммоингизни ҳал қилиб берамиз, деб ваъда бермаймиз. Лекин барчанинг шикоятини эшитиб, ёзиб оламиз.

Юристлар мигрантларга бўш варақ тарқатадилар. Одамлар уларни тўлдира бошлайдилар, айримлар бақириб савол берадилар. Березина барчани тартибга чақиради.

Тартиб ўрнатилди ва биз қайтадан мулоқотни бошлаймиз.


Волонтерлар, диаспора раҳбарлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари ми-грантлар билан. Марказ тақдим этган сурат

Йиғилганлар орасида ўнга яқин аёллар бор. Улар билан суҳбатлашаман. Қизлар бу ердаги тартибдан сўз очадилар: эрталаб соат 6 да уйқудан турилади, кейин нонушта. Тушгача бекор вақт. Саот бирда тушлик бошланади, кейин бир соат ичкридаги ҳовлида сайр. Улар хонада тўрт кишидан яшайдилар. Ҳар уч кунда бир марта 15 дақиқадан гаплашиш учун телефон берилади. Ҳафтада бир марта чўмилишга рухсат бор ва чойшаблар алмаштирилади.

Мигрантлар берилаётган овқатдан норози бўладилар. Айтишларича, асосан перловка ва гречка берилади, тухумлар ҳидланган, балиқли котлеталар бемаза, шакар кам беришади. Хоналарда сув қайнатиш мумкинмас, туалетлар очиқ, беркитилмаган.

Муҳимроқ муаммолар ҳам бор. Айрим мигрантлар инспектор ва қоровулларнинг қўпол муомиласидан шикоят қиладилар.

– ЦВСИГ ходимлари бизни менсимайдилар , – дейди улар, – одам ўрнида кўришмайди. Ахир, биз бировни ўлдирмаганмиз, ўғирлик қилмаганмиз, лекин қамоқхонада қандай бўлса, шундай яшаймиз.

Қизлардан бу ерга келиб қолганлик сабабини сўрайман. Улардан бири Тожикистон фуқароси. Бу ерда 26 январдан бери яшайди. Қўйиб юбормаётганликларининг сабаби - қизнинг 265 минг рубль қарзи бор. Қизнинг айтишича, у қарз қаердан пайдо бўлиб қолганини билмайди. Иккинчи қиз - ўзбекистонлик, унинг 165 минг қарзи бор. Қиз қарзни тўлолмайди, қариндошларининг ҳоли танг, ёрдам беролмайдилар.

Ғуломов дегани қўлини кўтаради. У судланган. Кўрсатмаларида уч марта фамилиясини ўзгартириб айтган. Марказда унга ишонишмайди. Ғуломов 20 йилдан бери ҳужжатсиз яшайди. Ўзбекистон унинг фуқаролигини тан олмайди, чунки у кўп йиллар олдин ватанини тарк этган. Россия ҳам уни тан олмайди. Кейинчалик билсам, унинг сурати ва бармоқ ишлари ўзбек махсус хизматларига текширув учун жўнатилган экан.

Яна бир ўзбекистонлик йигит бу ерда 9 ойдан бери яшайди. Сабаби, “бўлимда бошқа исм беришган”. Бу ҳолат мигрантлар орасида кенг тарқалган. Улар қўлга тушганда бошқа исмни айтишса, Россиядан чиқариб юборишмайди, деб ўйлайдилар. Амалда эса бу каби “алдовлар” вазиятни ёмонлаштиради холос.

Бошқа бир йигитнинг маъмурий жазосига жиноий иш келиб қўшилган. У ҳужжат сохталаштирган ва 20 минг рублли жаримани тўламаган.

Кейинги йигит ўғирлик учун қамоқда икки йил ўтириб, 2017 йил 5 декабрда озодликка чиққан. Регисрацияси йўқлиги учун уни полициячилар дарҳол қўлга олишган. Уни депортация қилишолмайди, чунки у чиқиб кетмаслик ҳужжатига қўл қўйган. Мана сизга ҳуқуқий боши берк кўча!

Бу ердаги юзта одамнинг тарихи юз хил.


Волонтерлар, диаспора раҳбарлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари ми-грантлар билан. Марказ тақдим этган сурат

Болаларни топширганман, алимент тўламайман

Бизга ажратилган вақт поёнига етиб боради. Мигрантлар шикоятларини тезроқ қоғозга туширишга шошиладилар. Марказда тушлик пайти бошланди. Чой учун темир кружкалар....тушликка ош, борш, нон тарқатилди. Бу ердаги шароит қирғиз қамоқхоналарида кўрганларимдан фарқ қилмайди.

Ташқарига чиқиб, мингрантларни қийнаётган энг муҳим масалаларни муҳокама қиламиз. Бизларга маъмурият ходимлари мигрантларда яшаш қоидасини бузганлик учун солинадиган 5 минг рублли жаримани тўлаш имконияти бўлмаса, пировардида бу давлат томонидан тўланиши мумкинлигини тушунтирадилар. Тўғри, бунинг учун пул керакли манзилга етиб олгунича анча вақт ўтади. Лекин жиноий ишлар бўйича солинган жарималарни мигрантларнинг ўзлари тўлашлари керак, бусиз уларни мамлакатдан чиқариб бўлмайди.

– Қарз ва жаримаси бор мигрант тугул, россияликлар ҳам мамлакатни тарк этолмайдилар. Шунинг учун мазкур важ орқасидан бу ерда мигрантларнинг ўтиришидан ҳайрон бўлмаса ҳам бўлади, – дейди маъмурият ходими. – Ҳужжати йўқ одамларга қийин. Қонун бўйича чет эл фуқаросини Марказда икки йил-у 10 кундан ортиқ вақт ушлаб туриб бўлмайди. Шу муддатдан кейин фуқарони эркинликка чиқариш керак. Лекин эркинликка чиққан одамнинг йўли биринчи полициячига учраганда тугайди. Чет эл фуқаросидан ҳужжат сўрайдилар, қарабсизки регистрацияси йўқ, демак яна суд, яна Марказ, яна боши берк кўча...

Мигрантлар қарз устидан шикоят қиладилар. Агар калаванинг учини топсангиз ҳаммаси жой-жойига тушади. ЦВСИГда яшаётган бир аёл фарзандларини Россиядаги болалар уйига топширади. Қонун бўйича у алимент тўлаши керак, лекин у тўламаган. Оқибатда қарз гирдобига тушиб қолган.

Ортга, бош корпусга қайтар эканмиз, Березина бизларга ташриф учун миннатдорчилик билдиради.

– Юртдошпарингизни унутмаганингиз учун сизларга раҳмат, – дейди у табассум билан. – Уларни ҳолидан хабар олганингиз қанчалар муҳим эканини билсангиз эди...Улар ташрифингизни узоқ вақт эслаб қоладилар.

Березина қарамоғидаги мигрантлар ҳақида ёмон гапирмади. “Улар яхши одамлар, ўқишни яхши кўришади. Жиддий китобларни ўқишади: Достоевский, Чехов, Россия тарихи”, - дейди аёл.

– Улар бир-бирлари билан иноқ яшайдилар, – дейди Березина. – Бизларда бирлашган СССР бор, десам ҳам бўлади, лекин у жуда кенг тартибда. Марказда элликка яқин мамлакат фуқаролари яшайдилар. Бир-бирларига ёрдам берадилар. Масалан, бизлар гаплашиб олишлари учун қўл телефони берганимизда балансида пули борлар бошқалар билан уни баҳам қўришади.

Яширмайман, бундай сўзларни эшитиш ёқимли. Аслида, бу инсонлар Россияга ишлагани келганлар. Марказга ўзларининг ношудлиги ёки алдамчи юртдошлари сабаб тушиб қолганлар.

Алексей Лагода кабинетига яна кирдик. У билан муҳокама қилмоқчи бўлган саволимиз бемаза овқат, сув қайнатишга шароит йўқлиги ва хоналарда розетка йўқлиги билан боғлиқ бўлди.

– Хоналарда қайноқ сув учун беш литрли идишлар бор, талабга кўра тўлдирилади, – деб аниқлик киритади Березина.

– Овқат масаласига келсак, афсус бизда ресторан эмас, – дейди Лагода. – Овқатлантириш борасида маълум тартиб бор. Бизлар овқат тайёрламаймиз, бу бошқа пудратчи ташкилот зиммасида. Яқинда овқат сифати бўйича муаммо пайдо бўлгани учун санэпидстанциядан одамларни чақирдик. Агар овқат сифати яхши бўлмаса, биз пудратчиларни алмаштирамиз.

Розетка ҳақида гап кетганда билдикки, хоналарда электр симлари йўқ экан. Бизларга тушунтиришларича, бу ердаги одамлар ҳар хил. Лекин мигрантлар ҳаёти учун Марказ жавоб беради. Айрим мигрантлар ўзларига-ўзлари шикаст етказган ҳолатлари ҳам учраган. Шунинг учун бундай вазиятлар юзага чиқмаслиги учун хоналардаги ойналар ҳам махсус материалдан тайёрланган. Электр симлари эса хавф манбаи бўлиши мумкин.

Ҳуқуқ ҳимоячиларини безовта қилган савол шундай бўлди: жиноят қилмаган инсонларни ҳибсда ушлаб туриш мумкинми?

Марказ раҳбарининг жавоби лўнда бўлди:

– Бу ерда одамлар Росия қонунчилиги бўйича ўтиришибди.

Шунга қарамасдан, ташрифимиз бесамара бўлмади. Мигрантларнинг маъмурий ва жиноий ишлари билан эндиликда юристлар шуғулланади. Улар мигрантлардан аризалар йиғиб олдилар. Марказ маъмурияти ҳам четда турмай юристларга кўмак бериш истагина изҳор қилди. Марказ раҳбари мигрантларни тезроқ ватанларига қайтишларини хоҳлашини айтди.

Кўп масалалар қатори мигрантларнинг бўш вақтини қандай ўтказишини муҳокама қилдик. Маъмурият агар телевизор олиб келинса, уни мигрантлар учун ўрнатиб беришга қарши эмаслигини маълум қилди. Кейинги сафар мигрантлар учун тугмали қўл телефонларини олиб келишни ният қилдик. Бу ҳам арзон, ҳам қулай.

Мана ташрифимиз ҳам поёнига етди. Алексей Лагода Марказнинг ўзига хос фаолиятини бизларга тушунтириб берди, мигрантлар ўзларининг унутилмаганини кўрдилар, юристлар улардан керакли тартибда аризаларни олдилар. Бир сўз билан айтганда ташрифдан кўзланган мақсад тўлалигича амалга ошди.

Марказни тарк этарканмиз рухсатномаларни қайтариб топширдик. Ортда бизларни кутиб олган беғам малла мушук кузатиб қолди.

Екатерина Иващенко

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги