06:03 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Неки юз берган бўлса, барчаси Аллоҳнинг иродаси билан. Акромийларнинг Андижон фожиаси тўғрисидаги фикрлари

15.05.2018 11:06 msk

Фарғона

Андижонда ҳалок бўлганлар, 2005 йил. Денис Синяков фотоси

Бу йил Андижон отишмаларига 13 йил тўлади. “Фарғона” мухбири суҳбатлашган инсон “акромийлар” деб аталган гуруҳга аъзо бўлган инсон ва у ҳозирда Европа мамлакатларининг бирида яшайди. У олдимизга иккита шарт қўйди: биз унинг асл исмини келтирмаймиз ва “ёмон нарсалар” ҳақида гаплашмаймиз.

Суҳбатдошимиз 2005 йил май ойида 40 нафар одам ишлайдиган цехни бошқарган.

- Ташкилотингизни қандай аташ мумкин: «акромийлар», «акромийчилар»?

- Иккала ном ҳам ўйлаб топилган ном, одамлар бизларни шундай деб аташга кўникишган. Биринчидан, бизлар ташкилот бўлмаганмиз, шунчаки жамоат бўлиб, ўзимизни “мўъминлар” деб атаганмиз. Бир-биримз билан “биродар” деб мулоқот қилганмиз. Кўриб турганингиздек, жамоатимиз номи ва бир-биримиз билан бўлган мулоқотда ҳеч қандай тақиқланган тушунча бўлмаган, инглиз ва бошқа европа тилларидаги «brother» сўзи бизнинг «биродар»га ҳамоҳангдир.

- Расмий ва бошқа диний ташкилотлардан нимангиз билан фарқ қилгансиз?

- Бошқалар учун бизнинг таълимот ғалати туюлган. Аслида биз Қуръон нимани талаб қилса, шундай яшашга ҳаракат қилганмиз. Бизнинг “айб” ва “гунох”миз уламоларнинг ўзлари ва мусулмонлар учун лозим кўрган айрим фарзларга қулоқ солмаганимиз бўлди. Биз борлиғимиз билан Аллоҳ йўлида ва мусулмонлар учун яхши амалларни бажаришга уринганмиз.

- Бу нимада намоён бўлган? Жамоангиз қачон пайдо бўлган?

- Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг динга бўлган муносабат ўзгарди ва ўшанда бизнинг фаолият бошланган. Қуръон эзгулик амалларини буюради, лекин одамлар уни ҳар хил тушунадилар. Бизнинг уламолар бу эзгу амалларни бешта фарзда кўрадилар: намоз ўқиш, рўза тутиш ва бошқа амалларда. Бизлар эзгу амалларни бўлмай, барча амалларни Аллоҳ йўлида бажариш керак, деб ўйладик. Бизлар эъьтиқодни тўғри йўлга йўналтириш, савоб ишлар инсонлар ҳаётини яхшилайди, деб ҳисобладик. Бизлар Қуръонга кўра эзгу амалларга элтувчи имонни босқима-босқич мустаҳкамлаб бордик. Ва бу амалда қўл келди..

Агар ҳозир ёлғон ва порасиз яшаш мумкин десам, ҳаттоки, сиз ҳам бунга ишонмайсиз. Чунки, атроф коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботиб бўлган. Лекин бизлар бунинг аксини исбот қилолдик. Бизлар ҳатто давлат мулозимлари билан ҳам солиҳ амаллар орқали муносабат ўрнатолдик ва бунинг уддасидан чиқдик.

Бизларни Каримов ташриф буюрган жойлардаги муҳим қурилиш ишларига жалб қилишди. Биз бажарган ишлар сифати билан ажралиб турарди, шунинг учун одамлар ишончини қозанаолдик. Бизнинг маҳсулотлар, текстиль бўладими, оби-нон бўладими - энг сифатлиси эди. Ҳеч ким биз билан рақобат қилолмасди. Одамлар биз ёпган нонларни сотиб оларди, гарчи улар бошқаларникига нисбатан қимматроқ бўлсаям. Аллоҳ олидадаги қўрқув ва унга итоат туфайли биз ишимизни ҳалол, сифатли бажарардик. Бизлар қўл учида иш қилолмасдик.


Андижон воқеалари давридаги милиция. Денис Синяков фотоси

- Худо олдидаги қўрқув тушунарли, лекин одамлар қандай қилиб ўз малакасини оширганлар? Уларни ўқитишганмиди?

- Бу мўъжиза эди, ҳеч ким уларни ўқитмаган. Масалан мен беш йил дурадгорликка ўқиганман, лекин бизга келиб қўшилган одамлар махсус ўқув дарсларисиз ҳам ишларини аъло даражада бажарадиган бўлдилар. Чунки, одамларда барча нарсага муносабат ўзгарганди. Бизда сиз яхши ишлаш Аллоҳга маъкул эканини билиб туриб, ишингизни ёмон бажаролмасдингиз. Бизлар муваффақиятга эришмаган соҳалар қолмади. Миқ қоқишни билмаган одамлар бизга келиб моҳир усталарга айланарди. Европага келиб шуни тушимдимки, биз сифат бўйича уларга тенг ишларни амаллай олганмиз.

- У ҳолда ҳукумат нимадан қўрққан?

- Бизларда қаттиқ интизом бўлган. Қуръонда мусулмонлар ўзларига раҳбар тайинлаб, унга сўзсиз бўйсуниш тўғрисида айтиб ўтилган. Одамлар ёлғон ва порасиз ҳаёт бўлмайди деганда, бизлар бунинг аксини исбот қилолдик. Бизлар бошқаларни ҳам Қуръон қонунлари бўйича ҳалол яшаш мумкинлигига ишонтиролдик. Дастлаб бу одамларга ҳалати туюлди, кейин ушбу амаллар ҳаммани лол қолдирди . Одамлар жамиятдаги қабиҳ ишларни кўриб кўнгли тушиб кетган бир пайтда, бизлар мисли кўрилмаган ижобий натижаларга эришардик. Бизларга бир марта мурожаат қилган инсонлар кейинчалик бизларга талпинадиган бўлдилар. Бу осон ва содда амаллар эди.

Очган цех ва фабрикаларимиз тез орада даромад келтира бошлаганидан ўзимиз ҳам ҳайрон қолардик. Бизлар тўхтаб қолган ташкилотларни юргиза бошладик. Одамлар буни кўриб, ортимиздан эргаша бошладилар.

Ўша пайтдаги Андижон вилояти ҳокими (2004 йил 25 майдан 2006 йил 12 октябрга қадар вилоят ҳокими Сайдулло Бегалиев бўлган. – «Фарғона» изоҳи) ҳам бизларни қўллаб-қувватлаган, биз унинг уйини қурганмиз. Бизнинг ўз мактабимиз бўлган ва ўқувчиларимиз энг аълочилардан бўлган, бизлар ўз клиникамизни очдик, тиш дўхтирларимиз энг яхши стамотологлардан эди. Ҳамма жойда ойлик маошларини ўз вақтида берардик. Ночор аҳволдаги ходимларимиз оилаларига ёрдам берардик, ҳозирда бу нарса - ижтимоий пакет деб аталади. Бизлар реактив тезлигида ривожландик ва таъсир доирамиз кенгая бошлади. Бу ҳукуматни чўчитиб қўйди, МХХ эса хоҳлаган кимсадан душман ясашга уста ташкилот.


Андижон кўчасидаги БТР. Денис Синяков фотоси

2005 йил февраль ойида Андижонда «Акромия» диний гуруҳига аъзо 23 нафар тадбиркор устидан суд жараёни бошланди. Улар Акром Йўлдошев “Эътиқод йўли” китобида келтирган қоидаларга бўйсунар эдилар. Суд ҳукми ўқиладиган кун шаҳарда судланувчиларнинг яқинлари ва тарафдорлари ҳисбга олина бошланди ва бу одамлар орасида норозилик келтириб чиқарди. Расмий баёнотларга кўра, намойишчилар ҳарбий қисм, йўл патруль хизматига босқинчилик қилиб, қуролларни қўлга киритадилар ва қамоққа ҳужум уюштириб, у ердан тадбиркорларни озод қиладилар. Бу версия “андижон иши” бўйича судланган ва бу воқеанинг (қочишга улгурган) гувоҳлари томонидан тасдиқланмади: улар турмани ишғол қилиш ва қуролларни қўлга киритишни миллий хавфсизлик хизмати уюштирган провокация, деб ҳисоблайдилар. Келаси кун қамоқдагилар қочиб кетганидан сўнг намойишчилар майдонга йиғиладилар ва уларга қарши қўшинлар ўқ узадилар. Андижон воқеасидан сўнг 358 нафар одам узоқ муддатларга қамалади ва суд ёпиқ тарзда ўтади; Ўзбекистон ҳукумати гумондор деб ҳисоблаган юзлаб одамда қидирувга берилади. 2005 ва 2008 йиллари МДҲ давлатларида 125 одам қўлга олинади;

Европа Иттифоқи Андижон воқеалари бўйича халқаро текширув ўтказилишини талаб қилади, бу талаб инобатга олинмаганидан сўнг, ташкилот Ўзбекистон ғукуматига қарши санкция эълон қилади;

Андижон воқеаларида ҳалок бўлганларнинг аниқ сони ҳанузгача номаълум. 2005 йилги Андижон воқеаси тўғрисида мақолалар билан “Фарғона”нинг махсус лойиҳасида танишингиз мумкин.

- Сизлар фақат Андижонда фаолият юритганмисизлар?

- Асосан Тошкент ва Андижонда, лекин Сурхондарё ва Қашқадарёгача кенгайгандик.

- Ҳукуматга муносабатингиз қандай бўлган?

- Ҳеч қандай. Бизда ҳукумат тепасига келиш ва бировлар хуни эвазига илғор жамоа тузиш нияти бўлмаган. Мамлакатда Аллоҳ ҳукми билан давлат тизими, МХХ, ИИВ, армия фаолият юритади. Буни ҳеч ким бузиб, ўзгартириб, ёки уни нималар биландир алмаштиришга қурби етмаслигини билардик. Бу тузилмалар давлат ва жамиятнинг устунларидир. Бизлар ислоҳотлар ўтказилиши, жамиятда ўзгаришлар юз беришини, тизим жамият манфаати учун яхшироқ ишлашини хоҳлагандик. Одамларни бошқариш, кимларнидир ўлдириш...йўқ, бу бизлар қиладиган иш эмасди. Биз одамлар яхши яшашини хоҳлаганмиз ва амалда буни қандай қилишни кўрсата олдик.

- Лекин, бўлган иш бўлиб ўтди...2005 йил фожиасига нима туртки бўлди, ҳатоингиз нимада бўлган?

- Мен ўзимни оқлашни истамайман. Лекин фожиага ҳукумат сабаб бўлган. Кечаси келиб айбсиз болларни ҳисбга олишди, эртаси кун уларни узоқ муддатларга қамадилар. Ҳар қандай зўрлик, зўрликни келтириб чиқаради, лекин бизлар тинчгина норозилик уюштиргандик. Ўшанда юз юерган воқеалар биз учун шок эди.

Ўша куни эрталаб мен одатга кўра ишга жўнадим, кўчада машина йўқ эди. Кейин майдонда митинг бўлаяпти деган оломонни кўрдим. У ерга бориб биродарларимизни, уларнинг яқинларини кўрдим. Улар ўз ҳуқуқларини талаб қилаётганларини айтдилар.

У ерда кўзим олдида нотаниш бир йигит бир мошинани миниб қочмоқчи бўлди. Ундан нима қилаётганини сўрасам, у мошинани олиб кетмоқчиман, деди. Одамлар уни уришмоқчи ҳам бўлишди. Кейин у узоқроққа бориб, бошқа мошинни ўғирламоқчи бўлди. Оломон ичида мана шунақа одамлар бор эди. Лекин турмадан қочганлар бизга ёрдам бермаган.

- Ҳар қалай ўша кунги воқеани айтиб бера оласизми?

- Кўз олдимда одамларни ота бошлашди...Бу қирғин руҳимизни синдирди. Бунгача бизда қурқув йўқ эди. Ҳукумат бизларнинг арзимизни эшитишини хоҳлагандик, холос.

- Яъни, сизлар вазиятни бошқаролмай қолгансизлар, шундайми?

- Ҳа. Умуман нималар содир бўлаётганини англаш қийин эди. Мен буни эслашни хоҳламайман...Одамларнинг қалб яралари эндигина битиб келяпти, уларга туз сепишдан не ҳожат? Бундан ташқари Андижон воқеаси ҳақида жуда кўп нарсалар ёзилган...Бугун Ўзбекистонда жуда яхши ўзгаришлар содир бўлмоқда, кимдир озодликка чиқяпти, одамларнинг ҳаёти изга тушяпти...Бу жараёнга ҳалақит бериш керакмас.

- Ўша куни Путинга мурожаат қилгансизлар...

- Ҳа, йигитларимиз Путинга мурожаат қилишиб, бу қирғинни тўхтатади, деб ўйлагандилар. Лекин у ўша пайтдаги президентимиздан фарқ қилмасди.

- Ҳозирги президент олиб бораётган ислоҳотларга қандай муносабатдасиз?

- Ўзгаришлар жуда кўп, мен янги президент ҳақида ёмон нарса деяолмайман. Албатта, бу бизлар орзу қилган нарсаларнинг барчаси эмас, лекин одамлар ижобий жараённи сезяптилар. Умидлар пайдо бўлмоқда, онахонларимизнинг кайфиятлари кўтарилган. Жамиятда яқиндаги тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган ажойиб ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Президентимизни ўзга мамлакатларда қандай кутиб олаётганлари менга ғурур бағишлайди. Турмадан беайб қамалган инсонлар озод этиляпти. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг амри билан юз бермоқда.

Бугун қамалган биродарларимиз амнистия билан эркинликка чиқаётган бўлсалар-да, аслида улар ўз муддатини тугатиб бўлганлар. Лекин уларнинг муддатини турли баҳоналар билан узайтиришган. Бугун қамоқ зўравонлиги ғилдираги базўр айланяпти, энди муддатни узайтиришга баҳона изланмаяпти. Бу катта гап, бу улкан ютуқдир. Одамларда умид пайдо бўлди, жамиятдаги яхши ўзгаришларни ҳис қиляпмиз.


Андижон марказида ёниб кетган автомобиль. Денис Синяков фото-си

- Шахсан ўзингиз бу воқеани қандай бошдан кечирдингиз?

- Инсоннинг бошига тушган яхши, ёмон кунларни биз Аллоҳдан деб биламиз. Мушкулот биз учун – синовдир. Бошқа томондан, Аллоҳ бир пайтлар Мусо а.с қавмини қутқаргани каби, бизларни ҳам четга чиқишимизга изн бериб қутқариб қолди. Ҳаттоки қамоқдан чиққан одамларни ҳам ҳукумат ҳеч нарса қилолмади...Мен бу ерда (Европа) бўлишимнинг ўзи ҳам Яратганнинг иродаси билан.

Энг асосийси, бизларни қочқин сифатида қабул қилган мамлакатларда биродарларимиз бирорта ёмон иш билан қўлга олинмади. Бу ерда ҳаттоки диний ташкилот аъзолари ҳам ўғрилик ва бошқа номақбул ишлар билан қўлга олинган ҳолатлар юз берган, лекин бизларда эмас. Ўшанда Каримов европаликларни биз ўрнашган жойларимизни портлатишимизни айтиб кўрқитган. Лекин бизлар амалда бундай одамлар эмаслигимизни кўрсатдик. Аллоҳ бизни бу ерда ҳам асради.

- Жамоангиз билан яқин алоқадамисиз?

- Биродарларимиз дунёнинг кўпгина мамлакатларига сочилиб юборган. Кўпчилик Швецияда яшайди, ўзаро скайп, телефонда мулоқот қилиб турамиз. Ташкиллашган анжуман, қандайдир режалар йўқ.

- Уйга қайтишни ўйлаяпсизми?

- Шахсан мен буни ўйламайман, лекин имкон бўлди дегунча уйга қайтаман.

- Бунинг учун нима керак?

- Тўлик оқланиш ва хавфсизлик кафолати. Бизлар ташвиқотга учраб уйга қайтганлар аҳволини кўрдик. ОАВ қариндошлари насиҳати билан уйга қайтган аёлни 10 йилга қамаганларини ёзганди.

- Андижон воқеалари ҳақида ҳақиқат қачон юзага чиқади?

- Ҳозирча ҳукумат мазкур воқеа юзасидан ўша пайтдаги ҳукумат айбдор экани ҳақида бошқа қарор чиқаришига умид қилолмаймиз.


Андижонда ҳалок бўлганларни дафн қилиш мароси. Денис Синяков фотоси

- Адолат қарор топишига ишонмайсизми?

- Ишонаман, ҳатто юз фоиз ишонаман. Йўқса, умид, ишончсиз қандай яшаш мумкин?Бу кунларга оз қолди, ўзгаришлар кўп. Масалан, йигитларимизни сохта айбловлар билан муддатини узайтиришни бас қилдилар. Қамоқда бизларга қарши ҳукм чиқарган прокурорлар ўтиришибди, репрессияга алоқадор орган ходимлари ишдан олинмоқда.

Мамлакатда инқилобий ўзгаришлар юз бермоқда, бунинг учун сиёсий жасорат, ирода керак экан. Мен бугунги ҳукумат тўғрисида бирорта ёмон фикр айтолмайман. Улар қайсидир маънода табдиркорларни қўллаб, оддий инсонлар ғамини еган холда бизлар қилмоқчи бўлган ишларни амалга оширмоқдалар. Бундай вазиятда ўша мудхиш фожиани хотирлашни ноўрин деб биламан. Бир нарса кундек равшан: барчаси Аллоҳнинг иродаси билан содир бўлаяпти ва бор ҳақиқат мана шунда. Бугун бизлар интиқиб кутган ўзгаришлар даври келгани муҳимдир.

Таҳририят

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги