16:58 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Қўполлик ва таҳдидлар». Бўлажак Тошкент-Сити қурилиши жойида нималар бўляпти?

14.05.2018 12:58 msk

Фарғона

Халқаро ишбилармонлар маркази «Тошкент-сити» (Tashkent City) қурилиши сабаб «Ўқчи-Олмазор» мавзеидаги бузилиши керак бўлган уйларни ихтиёрий тарк этмаган аҳолини пойтахт ҳукумати мажбуран чиқариб юбораётгани ҳақида март ойи бошида ёзгандик. Шундан бери ўтган вақт давомида вазият деярли ўзгармаган.

Таҳририятга инсонларнинг қонуний ҳуқуқлари поймол бўлаётгани, пойтахт маъмурияти содда одамлар ҳисобига ажратилган пулларни тежаш пайида экани ҳақида шикоятларнинг келиб тушиши давом этмоқда. Ҳукумат вакилларининг маҳаллий аҳолига нисбатан қўполлиги ва димоғдорлигидан ёқа ушлайсан.

« Ассалому алайкум ҳурматли «Фарғона» таҳририяти. Ушбу видеода бўлажак «Тошкент-сити» жойлашиши керак бўлган Ўқчи кўчаси тасвирга олинган. Беш ой мобайнида арз қилмаган жойимиз қолмади. Жавобан фақат тахқирлар олдик. Кеча ҳокимятдан Авазбек исмли бир инсон қўнғироқ қилиб, уйимизни булдозер билан теккислаб ташлашини айтиб таҳдид қилди», – деб ёзади шу маҳаллада яшовчи М.

Тошкент-сити ҳудудида бузилмаган 25 та уй қолди. Бу 50 та оила ва 100 нафарга яқин одам дегани. Бу одамлар бузиладиган уйи ўрнига дурустроқ квартира берилишини сўраяптилар. Ахир улар танлаш ҳуқуқи ва конституциявий ҳуқуқларига эгалар. Лекин жавоб ўрнига қўпол муомила ва таҳдидларга дуч келмоқдалар. Одамлар ёрдам сўрайдилар. Уйларда газ, свет, сув йўқ. Қариялар ва болалар қийналишяпти. Ёрдам беринг, SOS!», – деб ёзади бошқа ўқувчимиз.

Маҳаллий аҳолининг бош муаммоси шундаки, улар бузилган уй эвазига Тошкентнинг марказий туманларидан хонадон сўрайдилар, лекин уларга шаҳар четидан ер, қандайдир вақтдан сўнг шунга ухшаш мулк билан таъминлаш ваъдалари бериляпти, лекин буларга кафолат йўқ.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Уй-жой қурилиши кодексининг 27-31 моддаларига биноан фуқаолар уйи бузилган пайтда қуйидаги конпенсациялар тақдим этилади:

- ижтимоий нормадан кам бўлмаган майдонга эга бошқа шунга ўхшаш тенг нархдаги бино ва қурилиш нархи тўлови;

- бузилган уй, бошқа иншоат нархи тўлови;

- Шартнома билан Тошкент ҳудуди доирасида қурилиш учун бошқа ер майдони вақтинча яшаб туриш жойи билан биргаликда берилади, бузилган уй, иншоат ва қурилмалар нархи тўлалигича қопланади;

- ер участкаси тортиб олиниши оқибатида келтирилган зарарни тўлиқ қопланади;

- бузилган уй, иншоат, қурилмаларни янги жойга кўчириб ўтқазиш ва тиклаш (қурилмаларнинг бузиш ва кўчириб ўтказишга техник ҳолат юзасидан тўғри келиши шарти билан);

- янги жойда уй, қурилмалар барпо этилиб, улармулк сифатида одамлар ихтиёрига ўтказилади.

Шунингдек, қонунда уйингизнинг бузилиши борасидаги қарордан сизни олти ой олдин ёзма равишда огоҳлантиришлари кераклиги кўрсатилган. Лекин амалда бу ишлар бошқача юз беряпти: кўп ҳолатларда уй соҳибларидан бир неча кунда ёки соатлар ичида уйни бўшатиб қўйиш талаб қилинмоқда.

Андижонда мана шундай усул билан уйларни бузиб, одамларни кўчирмоқдалар

Муаммо нимада? Нега ҳукумат ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажармаяпти? Одамлар бунда маҳаллий амалдорларни айбдор деб ҳисоблайдилар ва улар одамларни алдайдилар, фуқаролар ҳисобига пулларни тежамоқчи бўладилар, деб ўйлайдилар.

«Ўтган йили Тошкент ҳокими «Ташкент-сити» халқини консерватория залига йиғиб, уларга Яшнаобод туманида қурилажак Обод Макон мажмуаси буклетларини тарқатди. Бу буклетда йигирмата беш қаватли уйларнинг сурати бор эди. Масалан, уч хонали квартира 100 квадрат метрга тенг эди. Амалда эса бу хонадон 69 кв.м.га тенг бўлиб чиқди. Улар икки хонали квартирани уч хонага бўлиб, одамларга бера бошлаган. Улар кафолат хати ва вақтинча яшаш учун уйга конпенсация пулини беришади. Бу котлован ҳисобига бўляпти. Кўпчилик кафолат хати ва пулларни олишди, лекин қолганлари марказдан 5 км радиусдаги тайёр квартираларни талаб қилишяпти. Чунки одамлар бир умр шаҳар марказида яшашга ўрганган, четга, бунинг учтига тайёр бўлмаган кам габаритли уйларга кўчиб ўтишни хоҳламайдилар», – деб ёзади мухбиримиз.

«Ҳокимят вакиллари, икки милиционер ва «Ташкент-сити» штаби қўмитаси уйимга келиб, менга ва хотинимга дўқ қила бошладилар. Бизлар тақдим этилган уйларга кўчишимиз кераклиги тўғрисида аризани имзолашимиз керак эмиш. Лекин биз жавобан қонун бўйича уйимизга тенг бўлган уйни беришлари кераклигини айтдик. Комиссия раиси Насиба Қодирава ва комиссия аъзоси Аваз Ғуломов талабимизга тупуришини айтди. Қўшниларимиз ҳам бу масала адолатли ҳал бўлишини хоҳлайдилар», – деб ёзади бошқа бир ўқувчимиз.

Барча қонуний усулларни ишга солиб, жон-жаҳди билан курашган одамларгина бузилган уйига тенг келадиган уйни қўлга киритишга муваффақ бўлмоқдалар.

«Мен оила аъзоларим билан бу азодни бошдан ўтказдим, унга изоҳ беришнинг ўзи даҳшат! – деб ёзади Facebook ижтимоий тармоғида тошкентлик Ирина С. – Ҳа, биз керакли улушимизни қўлга киритолдик, лекин бу бизларга қанча асаб, вақт, кўз- ёшлар ҳисобига бўлганини билсангиз эди! Ким қандай хоҳласа ёки тежаши ва олисдаги ердан эмас, Ўзбекистон Республикаси қонуни бўйича, мен яшаётган ҳудуддан бошқа уй беришлари учун бир йил сарсон-саргардон бўлдим. Ишонинг, бу жуда мушкул иш!»

«Ташкент-сити» га ўхшаш лойиҳаларнинг кўлами кенг ва қимматбаҳо бўлади. Улар бундай қурилишларга пул тиккан тадбиркорларга яхшигина даромад келтиради. Шунинг учун, бир қарашда сармоядор кўчириш ишлари учун давлат органларига керакли конпенсация пулларини осонликча ўтказиши керакдай туюлади. Шундай ҳам бўлаётгандир. Лекин, шунга қарамасдан пуллар аҳолига етиб бормаяпти.

«Келишувга биноан қурувчи ташкилот ҳокимятга одамларни кўчириш учун керакли пулларни ўтказган. Бу билан у кўчирма ишлари бўйича жавобгарлигини тугади, деб ҳисоблайди. Ҳокимят эса одатга кўра, одамлар ҳисобига чўнтагини қаппайтириш учун ушбу пулларни тежаб қолиш пайида бўлади. Бу ерда гап кўчирилаётган одамларнинг саводхонлиги ва ўз ҳақ-ҳуқуыларини ҳимоя қилишида қолган», – деб ёзади Facebook да Helen B.


Ҳануз одамлар яшаётган уйларга яқин жойдаги қурилиш майдони

Бундай ҳулосани бошқа манбалар ҳам тасдиқлайди. «Бизда “Ташкент-сити» директори, олигарх Жаҳонгир Артиқхўжаевнинг шаҳар марказидаги квартиралар учун керакли миқдорда пулларни ажратгани ҳақида ишончли маълумотлар бор. Артиқхўжаев Акфа ва Имзо каби гигант компанияларни ва бошқа бизнесларнинг соҳиби ҳисобланади. Яқинда у Тошкент шаҳри ҳокими этиб тайинланди. У бу мазкур муаммони ҳал этиши мумкин. Лекин нега ҳал қилмаяпти?» – деган саволни ўртага ташлайди мухбиримиз.

Туман аҳолисининг ҳокимят берган ваъдасида турмаётгани, алдаётгани, одамларни аҳмоққа чиқараётганидан жаҳли чиқади.

Шунга қарамасдан, бошпанасиз қолишдан қўрқиб яшаётган одамларнинг уйлари ёнида бўлажак қурилиш учун ҳудудни тозалаш ишлари авжига чиққан. Кун бўйи чанг кўтарилиб, қуёшда исиниш учун вайрона уйлар қаътидан чаёнлар чиқиб келади. Бундай шароитда яшаш азоб.

«Беш ойдан бери Ўқчи ва Олмазор кўчалари аҳли керакли уй-жойини ололмаяпти. Қария ва болалар қийналишяпти. Уйларда сув, газ, свет йўқ. Одамлар жанг ютмоқдалар. Штабга сайёра судни келтиришган ва у билан одамларни қўрқитишмоқда. Бизларга шу тумандан уй-жой беришлари керак!..», — деб фарёд қилади ққувчиларимиздан бири.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги