06:47 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бобомурод Абдуллаев: «Агар Солиҳ ва журналистлар аралашмаганида мени ўлдириб юборган бўлардилар»

14.05.2018 09:47 msk

Тимур Карпов

Бобомурод Абдуллаев

Кейинги ойлар сенсациясига айланган, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди залидан озод этилган журналист Бобомурод Абдуллаев «Фарғона»га видеоинтервью берди. Бу унинг эркинликка чиққанидан сўнг берган биринчи интервьюси: ҳали бир йилу икки ой 20 фоиз ойлиги давлат ҳисобига ундириладиган иш топилмаган, суд қарори апелляцияга берилмаслиги аниқ, қасд олишга ҳожат йўқ, журналистика асосий машғулотга айланади, турган гап «Усмон Ҳақназаров»сиз, чунки унинг миссияси тугаган. Бизнинг штатсиз мухбиримиз Тимур Карпов Бобомурод Абдуллаев хонадонига ташриф буюрди.

- Ҳаммаси ортда қолганига ишонасизми?

- Ҳа, бугун ишонаман. Кеча, суд қарори ўқилгунча бу ишонч 50 га 50 эди. Ижобий якунга ишонч бор эди, лекин ёмонига ҳам тайёр туриш керак эди. Яратганга шукр, ҳаммаси яхши тугади.

Мени 159-модданинг 3-қисми билан айбдор топишди (“Амалдаги давлат тизимини ноқонуний ўзгартиришга оммавий тарғиб қилиш”) (дастлаб 159 модда 4 қисм - «Ҳукуматни эгаллаш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тизимига тажовуз қилиш йўлида тил бириктириш»билан айблови қўйилган. - «Фарғона» изоҳи). Бу айблов гувоҳлар Оллоёров ва Салаевнинг судда эмас, тергов жараёнида берган кўрсатмаларига асосланади. Яъни, улар тергов пайтида берган кўрсатмасига биноан гўёки мен уларни тизимни қулатишга чорлаган эканман. Аслида бу нарса бўлмаган. Агар улар ҳақиқатни айтганларида эди, мен ҳам улар каби оқланган бўлардим. Лекин улар берган кўрсатмаларини ўзгартирмадилар, уларни ўз ихтиёри билан берганлигини айтдилар. Мана шу сабаб мен минимал жазо билан озодликка чиқдим. Буни мен катта ютуқ, деб биламан. Бу - мен учун кутилмаган совғадир.

- Қамоқхонада сиз учун энг оғир нарса нима эди?

- Биласизми, инсон дегани яхши нарсага ҳам, ёмон нарсага ҳам тезда кўникади. Уч, тўрт кун ичида қийноқ, азобларга кўникдим. Лекин жаллодларнинг қариндошларим, оилам, фарзандларимга нисбатан қилган таҳдидлари, уларни зўрлаши мумкинлиги ҳақидаги пўписаларини хазм қилиш оғир эди...Болаларга нисбатан таҳдиди қийноқнинг энг даҳшати эди. Улар буни шунчаки гапирмаганлари, ҳақиқатда ҳам қилишлари мумкинлигини яхши билардим. Мен уларга, оиламни гумдон қилишга таҳдид қилиб қўрқитгунча мени хоҳлаганча уринглар, дедим. Чунки, қилмишинг учун беайб яқинларинг эмас, ўзинг қийноқларга солинганинг минг карра яхши.

- Сизни қийноқларга солганлардан ўч оласизми?

- Йўқ, мен қасоскор одам эмасман. Яратганни ўзи кўриб, билгувчидир, унинг ўзи мазлумлар учун қасос олади, деб ҳисоблайман. Мен уларнинг жиноий ишга тортилишини хоҳлаган бўлардим. Лекин тергов пайтида улардан қийноқлар эвазига эмас, тўғридан-тўғри, профессионаллик билан кўрсатмалар олиб, айблов қўйишларини истардим. Мен бировларни, ҳаттоки жаллодларимни ҳам қийноққа солишларига мутлоқ қаршиман.


Бобомурод Абдуллаев интервью пайтида

- Бўлиб ўтган воқеаларни фарзандларингизга қандай тушунтирдингиз?

- Изоляторда ётганимда мени адвокат оиламда нима гаплар бўлаётганидан хабардор қилиб турди. Болаларим хавотирга тушиб, ҳатто бетоб ҳам бўлишибди. Қизчам турмада эканимни билиб оғриб қолибди. Мен уларга ҳаммаси ортда қолгани, Худо хоҳласа энди бу нарсалар такрорланмаслигини тушунтирдим.

- Яқин орада нима қилмоқчисиз?

- Агар ҳукмни эшитган бўлсангиз, мен давлат ҳисобига ойликнинг 20 фоизини ўтказган ҳолда бир йили икки ой ишлаб беришимм керак. Шунинг учун яқин кунларда иш топишим керак.

Ишлайман ва ойда уч марта ўзим яшаётган Яккасарой туман ички ишлар бўлимига шаҳардалигим, ишлаётганим ҳақида ҳисобот бериб тураман.

- Апелляция аризасини берасизми?

- Тергов пайтида Салаев ва Оллоёров берган кўрсатмаларга асосланган суд қарорини апелляцияга беришни мақсадга мувофиқ деб билмайман. Шу сабабдан, агарда биз апелляция берганимиз тақдирда ҳам, уларни кўрсатма беришга чақиришади ва улар яна ўз кўрсатмаларини тасдиқлашади. Энг яхши ҳолда ҳаммаси ўз ўрнида қолади, ҳукм ўз кучида қолади. Ёмонига олинса, суд янада жиддийроқ жазо тайинланиши мумкин. Оллоёров ва Салаевлар менга қарши берган кўрсатмаларини қайта беришларига 90 фоиз ишончим комил.

- Журналистикага қайтасизми?

- Албатта. Журналист бўлиб ишлайман, лекин Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан энди бошқа мақолалар ёзмайман, зеро мазкур тахаллус остида бошланган миссия тугади, деб ҳисоблайман. Менинг миссиям авалги режимнинг ноқонуний, антиконституциявий ва ҳаттоки жиноий ҳаракатлари ҳақида билган нарсаларимни одамларга етказишдан иборат эди. Энди ҳокимиятга Мирзиёев келгач, ушбу режим аста-секин йўқ бўлиб боряпти. Менда аввалги ишимни амалга ошириш учун ҳаттоки сабаблар ҳам қолмади деб ҳисоблайман.

- Бугун Муҳаммад Солиҳга нисбатан муносабатингиз ўзгарганми?

- Йўқ, нима сабабдан унга нисбатан муносабатимни ўзгартиришим керак? Тергов пайтида, оддий гумондор бўлганимда менга у матбуот анжуманини йиғиб, Ҳақназаров - Абдуллаев эканини маълум қилишди, дейишди. Буни менга, гўёки Муҳаммад Солиҳ мени ташлаб ўзини четга олгану, бошқа бир муаллифни ёқлаб мени сотгандек етказишди. Мен уларга: бу сизнинг версиянгиз, деб жавоб бердим. Доим айтаман, инсон ниятини фақат унинг ўзи ва яратган Эгам билади. Масалан, бир киши қўлига пичоқ олса, мен дарров у кимнидир сўймоқчи деб, ҳукм чиқаролмайман. Балки у картошка тозаламоқчидир? Ниятини фақат унинг ўзи ва Аллоҳ билади. Тергов органидагилар, Муҳаммад Солиҳ ўзини хавфдан ҳоли қилиб, сени сотиш учун конференция берди, дейишди. Мен эса бундай деб ўйлашга ҳақли эмасман, деб ўйлайман. Менимча, у буни, мени қийнашлари, ўлдиришлари хавфи мавжудлигини тезроқ жамоатчиликка, оммавий ахборот воситаларига етказиш мақсадида килган. Муҳаммад Солиҳнинг нияти яхши бўлганлигига ишончим комил. Унинг ёмон бир нарсани кўзлаганига ёки ўзини хавфдан ҳоли қилишга урунганига ишонмайман. Аммо аниқ биламанки, ушбу матбуот анжуманининг мени тергов изоляторида ушлаб туришлари ва суд жараёнига жуда катта ижобий таъсири бўлган.

Биринчи мақолам 2003 йили 2 январда чоп этилган, яъни 2003 йилдан 20017 йилгача 15 йил давомида мақолалар ёзганман. Каримов ва юқоридаги бошқа мансабдор шахслар ҳақида ёзганимда махсус хизматлар Усмон Ҳақназаровни унчалик қидиришмади. Топишга уринишди, лекин жонбозлик кўрсатишмади. Лекин 2017 йилда мен Мирзиёев ташаббусларига қарши саботаж муаммоси ҳақида, МХХ монополияси ҳақида ёзишни бошлаганимдан кейин улар мени топишга бел боғладилар, бу ишга жиддий киришдилар.

Менга махсус хизматларнинг Муҳаммад Солиҳ уйи ёнига қимматбаҳо техник ускунасини ўрнатишгани, ноқонуний равишда унинг комьютерини бузиб кириб, Усмон Ҳақназаров кимлиги ва мен билан Оллоёров, Салаев алоқада эканини билиб олишгани маълум бўлди. Шундан сўнг мени қўлга олишди. Уларнинг мақсади фақатгина мени қамаш эмас, балки менга маълумот берган барча информаторларни ҳам топиш бўлган. Мен уларга информаторларни топиш учун керак эдим. Аммо мен фақат икки кишини билардим, бошқаларни билмасдим. Улар мени узоқ қийнашди: сенда яна манбалар бор, қани уларни ҳам номини айт, дейишарди. Аммо менда бундай маълумот бўлмагач, мен ҳеч нарса дея олмадим ҳам. Судда ҳам шундай дедим: “Бир нарсани оғирдан “гуллаб” қўймасликнинг энг яхши йўли бу - ҳеч нарсани билмасликдик”.

Улар икки,уч марта мени ёлғон детекторида текширишди. Оқибатда уларга ёлғон гапирмаётганимга амин бўлишди ва шундан кейингини бошқа манбаларни излашни бас қилдилар. Улар барча командани топмоқчи бўлгандилар. Лекин охир-оқибат мени, Оллоёров ва Салаевни топишди. Насриддиновни бир марта кўрганман, унинг уйида ўтиришда бўлганман, лекин буни улар фитна қилиб кўрсатишди. Ҳеч қанақа фитна бўлмаганини биламанку.

Агар Муҳаммад Солиҳ, хорижий оммавий ахборот воситалари, махаллий ва хорижий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари бўлмаганида ва улар ушбу масалани кун тартибига кўтариб чиқмаганларида мени ўлдириб юборишлари ҳам мумкин эди. Ундирмоқчи бўлган барча маълумотларни олиб бўлишганди, шу сабабдан мени ўлдириб юборишлари ҳам мумкин эди. Бундай ҳолатларда жазо тайинлашади ва қамоққа жўнатишади – у ерда эса бошқа маҳбуслар ўлдириб юборишади. Изоляторда бундай қилолмасдилар, чунки жавобгарлик ўзларининг бўйинларига тушарди, қамоқхонада эса ИИВ жавоб беради. Қамоқхонада одам ўлдириш учун қотил ёллаш эса жуда осон иш. Аллоҳга шукр, бунгача етиб бормади.

Ишингиз муваффақиятли якун топишига нималар туртки бўлди?

– Бу Мирзиёевнинг умумий эркинлаштириш сиёсати остида юз берди, деб ўйлайман. Ҳибсга олингунимга қадар МХХда Шуҳрат Ғуломов тарафдорларини тозалаш ишлари кетаётган эди. Мен қамоқда ўтириб, судга тайёрланаётганимда эса нафақат Ғуломов тарафдорларинидан, балки қийноқларда иштирок этган қолган барча шахслардан ҳам тозалаш ишлари бошланиб кетди. Ҳозир у ерда катта ўзгаришлар бўляпти, қийноқ қўллаганлар ва ҳатто одамларни ўлдирганларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилмоқда. Уларда тергов ишлари бошланган. Менинг ишим, нега мазкур ташкилотни тозалаш кераклигини кўрсатиш учун яна бир сабаб бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин. Менинг ишимни МХХни тозалаш учун маънавий асос бўлган деб фараз қилинган тақдирда ҳам – бу ақлли ҳукуматнинг ишидир. Ақлли ҳукумат билади қачон, қаерда, кимдан фойдаланиш ва нимани бошлашни. Бу профессионалликдан, сиёсий профессионалликдан далолатлир.

«Фарғона» учун Тимур Карпов махсус тайёрлади