14:45 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Юрий Мизинов: «Навигатор» ҳеч қачон «қора пиар» билан шуғулланмайди

26.11.2005 10:06 msk

Элмурод Жусупалиев (Олмаота)

Юрий Михайлович Мизинов – Қозоғистондаги машҳур «Навигатор» мустақил интернет нашрининг асосчиси ва бош муҳарриридир. Охирги пайтларда «Навигатор» Қозоғистоннинг айрим мустақил ОАВ каби расмийлар тазйиғига дучор бўлган. «Фарғона.Ру» АА мухбири Элмурод Жусупалиев мазкур мавзу юзасидан Юрий Михайлович билан суҳбатлашди.

- Юрий Михайлович, марҳамат қилиб Қозоғистондаги интернет нашрларнинг, хусусан, «Навигатор»нинг ташкил этилиш тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз.

- Қозоғистонда Интернет жуда тез тараққий этмоқда. Мен кўнгилочар сайтлар, Интернет-дўконлар ёки корпоратив сайтлар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Мен ижтимоий-сиёсий нашрларни ўзида акс эттирган сайтлар ҳақида гапираман. Қозоғистон Интернет-ҳамжамиятидаги биринчи ижтимоий-сиёсий нашр Евразия (http://eurasia.org.ru) сайти бўлганди. Албатта, бунда катта ютуқ, қандайдир ҳаяжон бор эди, у ерда бирорта ҳам ОАВ ёйинлашга журъат этолмаган материаллар чоп этиларди. «Навигатор» иккинчи ижтимоий-сиёсий Интернет-нашр бўлганди. У 2000 йилнинг 17 январида ташкил этилган. Уни «Дат» и «451 градусов по Фаренгейту» мухолифат газеталарида ишлаган уч журналист ташкил этганлар. Ўшандан бери «Навигатор» ишлаб келмоқда. Лекин эндиликда унинг номи қанақалиги номаълум. Бизнинг нашрлар билан параллел равишда ҳукуматни ёқлайдиган бошқа сайтлар ҳам пайдо бўлдилар. Айни пайтда Қозоғистонда яхши ижтимоий-сиёсий Интернет-сайтлар жуда кўп, аммо уларни «Навигатор»га нисбатан беш-ўн баробар кам одам ўқийди.

- Юрий Михайлович, сиз: “Эндиликда «Навигатор» газетасининг номи қанақалиги номаълум”, дедингиз. Нима гаплигини тушунтириб берсангиз.

- Гап суд ажрими ҳақида кетаяпти, унга кўра бизга «Навигатор» товар белгисидан кириллча ва лотинча ёзувда фойдаланиш маън қилинган. “НКВД” деган совуқ номли ташкилотдан бўлган қандайдир Бондарцев деган киши бизни судга берган. Маълум бўлишича, улар бундан бир йил аввал «Нави», «Навигатор» товар белгиларини рўйхатга олиш учун ариза берганлар ва сентябрь ойида гувоҳнома олганлар. Мазкур гувоҳнома асосида улар судга ариза берганлар. Ҳали суд мажлиси бўлганича йўқ, аммо шунга қарамасдан ҳакам ажрим чиқариб, бизга ушбу номларни ишлатишни маън қилиб қўйди. Шунинг учун бугунги кунда «Навигатор» ва «navi.kz» сўзлари бизнинг сайтда Морзе алифбосида ёзилган. Бизга Морзе алифбосидан фойдаланишни таъқиқламаганлар, шунинг учун биз ундан фойдаланаяпмиз. «Навигатор» манзили ҳам ўзгарган, эндиликда у www.mizinov.net деб номланади. Албатта, бу вақтинчалик тадбир, у бизнинг яшаб қолишимизга имкон беради. Гарчи биз ном алмаштирганимиздан кейин муштарийларимизнинг учдан бирини йўқотган бўлсак-да, барибир олдинги қаторда қолавердик ва ҳозирча пешқадамликда давом этмоқдамиз...

- Энди нима қилмоқчисиз?

- Биз уларга жавобан шикоят аризасини бердик. Ҳозир судда икки шикоят аризаси – бизнинг ва рақибларимизнинг аризаси ётибди. Аммо ҳали бирорта ҳам суд мажлиси бўлгани йўқ. Жараённинг боришини тахмин қилишим қийин, чунки мен «НКВД» ширкати ёлланма бўлиб, ОАВга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ширкат раҳбари Бондарцевни шахсан танийман. Чунки биз ўз сайтимизни бошлаган пайтимизда у тез-тез таҳририятимизга келиб, Интернетдан фойдаланиб турарди. Мен Бондарцев ҳеч ким эмас, унинг орқасида анча юқори лавозимли шахс турибди, деган фикрдаман. Бондарцев унинг буюртма ва буйруқларини бажаради. Бу мансабдор шахснинг исмини тушунарли сабабларга кўра айтолмайман, чунки суд таъқибидан қўрқаман. Аммо бу киши бизни бир неча йилдан бери таҳқиб қилади.

- Бу тижорий таъқибми ёки сиёсийми?

- Мен, албатта, сиёсий таъқиб, деб ўйлайман. Чунки «Навигатор»ни асосан сиёсий жиҳатдан илғор одамлар ўқийдилар, президент маъмурияти ходимлари, амалдорлар, сиёсий партиялар аъзолари ўқийдилар. Муштарийларимизнинг 50 фоизи қозиғистонликлар, ярми эса дунёнинг бошқа давлатларидан бўлган кишилардир. Ташриф бўйича бизда чет эл давлатларидан биринчи бешликда АҚШ, Россия, кейин Германия, Франция ва бошқа Европа давлатлари келади. Қозоғистон ҳақидаги ахборотни чет элда кўпчилик «Навигатор»дан биладилар.

- «Навигатор» билан ҳокимият зиддияти нимадан бошланган?

- Биз аввалдан ўзимизни мустақил нашр дея кўрсатгандик. Биз ҳокимиятни ёқловчи сиёсатчиларга ҳам, мухолифатчи сиёсатчиларга минбар бериб келганмиз. Биз тез-тез бир-бирига мутлақо зид йўналишдаги баҳсли материалларни чоп қилардик. Сайлов пайтларида ва танг сиёсий вазиятларда аҳвол мураккаблашар, биз ҳокимият тазйиғини ҳис қилардик. Ушбу тазйиққа қарши турароқ биз муштарийларимиз орасида оммалашиб борардик. Шуниси қизиқки, бизга тўсиқ қўйилган пайтларда муштарийларимиз кўпаяди. Афтидан, буни расмийлар ҳам тушунишиб, ярим йил «Навигатор»ни тўсишга умуман уринмадилар. Айни дамда яна сайлов давридамиз, сайловолди кампаниялари кетмоқда, шунинг учун биз мухолифат ҳақида материаллар чоп қилувчи бошқа ОАВ каби яна босим остидамиз.

Мен расмийларга эътибор қаратмаганмиз, деб айтолмайман. Яқинда биз ҳокимиятга тарафдор бўлган «Отан» партияси лидери билан суҳбатлашдик, бир йил аввал эса президентнинг қизи – таниқли сиёсатчи ва тадбиркор Дариға Назарбаева билан бирга бевосита мулоқот ўтказгандик. Дариға Нурсултановнага жуда кўп қўнғироқлар бўлганди, жуда қизғин баҳс-мунозара юритилганди. Биз президент маслаҳатчиси Ертисбаев билан интервью бердик. Яъни биз ўз нашримизни мухолифат нашри демаймиз, аммо кимгадир ёқмаса-да, мухолифатга ҳам сўз берамиз.

«Навигатор»ни биздан тортиб олмоқчи бўлган кишилар бир нарсани тушунмаяптилар: агар «Навигатор» бир томонга – ё мухолифатга, ёки расмийларга ён босса, унинг оммабоплигини йўқотади. Айтмоқчиманки, бизнинг Дариға Назарбаева билан ҳам, президент маслаҳатчиси Ертисбаев билан ҳам ҳеч қаршилигимиз йўқ. «Навигатор»ни мен исмини айтолмайдиган мутлақо бошқа кишилар тортиб олмоқчилар.

- Агар «Навигатор»нинг барча муаммоларни ҳал қила оладиган ва ўз хизмати эвазига улуш талаб қиладиган киши пайдо бўлса, Сиз бундай шартга рози бўлармидингиз?

- Агар бу одам соф тижорат мақсадини кўзласа, рози бўлган бўлардим. Аммо, агар у сиёсий манфаатларни, айниқса бир ёқлама сиёсий манфаатларни кўзласа, унда рад этардим. Қачонлардир бизнинг сиёсий ҳомийларимиз бўлган, аммо биз улар билан таҳририят сиёсатига ҳеч қачон аралашмаслик юзасидан аниқ келишиб олгандик. Ҳар қандай шароитда ҳам биз қора пиар ёки оқ маддоҳлик билан шуғулланмаймиз. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Мен бизни қийин дақиқаларда маънан қўллаб турган муштарийларимиздан миннатдорман.

- Қозоғистондаги сўз эркинлигини қандай баҳолайсиз?

- Сўз эркинлиги, албатта, нисбий тушунча. Йиллар динамикаси нисбатида у қуйидагича кўринишга эга: 90-йилларда Қозоғистонда мустақил ОАВ анча кўп эди. Бироқ танқиднинг ўткирлиги минимал даражада эди. Дейлик, президентни танқид қилиш жуда қийин эди. Ҳозирда танқид қила оладиган ОАВ умуман кам. Аммо танқид қаттиқроқ ва ўткирроқ бўла бошлади. Бугунги кунда мухолифатчи матбуот кўтариб чиқа олмайдиган “таъқиқланган мавзу” деярли йўқ. Лекин бошқа томондан бу нашрларнинг ҳаммаси жуда қаттиқ тазйиқни бошдан кечирмоқдалар. Расмийлар ўткир танқид ташиган нашрларнинг одамларга етиб бормаслиги учун тўсиқлар қўймоқда.