16:58 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Журналист Бобомурод Абдуллаев Мирзиёевга МХХ ходимлари малакасизлиги борасида фикр билдирди

01.05.2018 11:10 msk

Фарғона

Журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, унда Миллий хавфсизлик хизмати (2018 йил мартдан бошлаб - Давлат хавфсизлик хизмати) ходимларининг малакасизлиги ҳақида фактлар келтиради.

Жумладан, Абдуллаев «тергов жараёнида МХХ тезкор ходимлари ва суриштирувчилари бир-бирининг хизмат лақаблари қолиб, асл исмларини ва ҳаттоки фамилияларини оғизларидан “гуллаб” қўйишар эди. Терговчи Константин Серазитдинов эса ўз ходимларидан бирига телефон орқали топшириқ бераётиб, МХХ тергов изоляторида собиқ МХХчи, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган Жавдат Шарифхўжаев сақланаётганлигини билдириб қўйган эди. Афтидан, унинг хонасидаги “Болтун-нахотка для врага”, деган плакат унга заррача ҳам таъсир қилмаган. Мен билан бўлган суҳбатларда МХХни бир ходими “контора”да “положение о внутрикамерной разработке лиц, заключенных в СИЗО СНБ” (“МХХ ҳибсхоналаридаги камераларда маҳбусларга ишлов бериш”) деган йўриқнома борлигини айтиб қўрқитса, бошқа бири “Муҳаммад Солиҳни Туркиядан Ўзбекистонга ўғирлаб, олиб келамиз ва суд қиламиз!”, деб мақтанар эди», - деб ёзади.

Абдуллаев фикрига кўра, «МХХ суриштирувчиларию терговчилари гумонланувчи ёки айбланувчининг айбини қийноқларсиз бўйнига қўя олмаслиги аввалдан маълум. Ўз “конторa”си, айниқса унинг раҳбариятига керакли кўрсатмаларни ҳам фақат қийноқлар ёрдамида олиб ўрганган МХХчилар шу далилларни бошқа, қонуний ва профессионал усуллар ёрдамида олишдан анча узоқлашиб қолганлар. Буни тушунса бўлади: айб учун керак далилларни қийноқларсиз, тер тўкиб, ишлаб топгандан кўра, одамни уриб иқрор қилдириш анча енгил-да!

МХХнинг устидан узоқ йиллар давомида назорат бўлмаганлиги, МХХнинг мушугига “пишт” дейдиган бирон идора йўқлиги “контора” ходимларининг қўлларини ечибгина қолмасдан, уларни қип-қизил ялқовларга айлантириб қўйган.

Бунинг натижасида ялқовлар “контора”си одамларни тўқима айблар билан қамаш, талон-тарож қилиш йўлига ўтиб олган эди. “Контора” айнан шу йўналишда ишлаётгани ўзимнинг терговимда ҳам ўз аксини топди».

Абдуллаев таъкидлашича, тергов пайти МХХ терговчилари нафақат ўзига қарши,балки бошқаларга қарши ҳам тўқима кўрсатмалар олишган. У «Улар мени қийноққа солиб, мендан Муҳаммад Солиҳ, Ихтиёр Абдуллаев, Пўлат Бобожонов, Галима Бухарбаева, Маркус Бенсман, Надежда Атаева, Нигора Хидоятова, Сирожиддин Толипов, Паҳлавон Турғунов, Шуҳрат Бобожонов, Алишер Таксанов, Мўътабар Тожибоева, Улуғбек Хайдаров ва бошқаларга қарши кўрсатмалар олишди», -дейди.

Журналист тергов пайтида “жонбозлик” кўрсатган МХХ ходиларини санаб ўтади. « Мажид, Қобил ва Элмурод мени қийноққа солишди. Бу ходимлар МХХнинг тезкор бошқармаси ёки ички хавфсизлик бошқармаси тезкор ходимларидир. Тергов давомида менга рўбарў келган бошқа ходимлар – Тимур Якубов (тезкор ходим), Нодир Тўрақулов (терговчи), Нодир Муҳиддинов (терговчи), Александр Веселов (терговчи), Константин Серазетдинов (терговчи), Володя (ички хавфсизлик бошқармаси ходими) ва Ўлмас (ички хавфсизлик бошқармаси ходими) мени, яқинларимни ва оиламни ўлдириб юбориш билан таҳдид қилиб, шаънимга ҳақорат сўзларни айтишди холос».

«МХХнинг мана шу ходимлари билан юзма-юз келганимда улар Ўзбекистонда Сизнинг ташаббусингиз билан бошланган эркинлаштириш сиёсатига тиш-тирноқлари билан қарши эканликларини ўз кўзим билан кўрдим ҳамда шу ҳолат ҳақида 2017 йилда ёзган мақолаларим (“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзган мақолаларим) тўғри эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Ўрта асрларда яшаган форс шоири ва мутафаккири Саъди Шерозий: “Каламушлар қуёш чиқишини исташмайди”, деган. Чунки қоронғуда одамларни тунаш, уларни ўғирлаб кетиб, қийноққа солиш, ўлдириб юбориш осондир. Қуёшнинг чиқиши эса атрофни ёритиб, каламушларнинг кирдикорларини фош қилади.

Ўзбекистон халқининг истаги билан Сиз бошлаган эркинлаштириш сиёсати эса МХХ қавми учун xудди шундай қуёшдир».

«Тергов ҳаракатлари давомида мен уларнинг аксилдиний ва аксилдемократик қарашларига гувоҳ бўлдим. 2017 йил давомида Сиз бошлаган ислоҳотларни қўллаб, ёзган мақолаларим (“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзган мақолаларим) учун мени кўп маломат ва ҳақорат қилишди. Хусусан, Володя, Ўлмас, Қобил, Элмурод ва Мажид менга: “Сен ёқтирган президентингнинг либерал сиёсати Ўзбекистонни хаос ва тартибсизликларга олиб келади”, дейишдан чарчамадилар.

Шу билан бирга улар МХХ ва ўзларини мустақил Ўзбекистондаги давлатчиликнинг асосий устуни ва таянчи эканлигини бот-бот такрорлаб, мақтанишар эди. Лекин улар ўзларини қанчалик мақташмасин, мен уларнинг асл профессионал даражасини мақтагулик эмаслигига ҳам гувоҳ бўлдим».

Мисол тариқасида Абдуллаев айбланувчи курсисида ўтирган ишбилармон Равшан Салаевнинг тергов ишига тикилган кўрсатмасини келтиради: «Менга қарши қўзғатилган жиноий ишни юритган терговчи, ходим ва мутахассислар шунчалик ялқов ва бепарво ишлашган-ки, баъзи ҳужжатларнинг жиноий иш материаллари орасига тикиб қўйилганини кўриб, ёқамни ушладим. Масалан, жиноий ишнинг биринчи томида Равшан Салаевнинг 2017 йил 5 октябрдаги сўроқ баённомаси бор. Терговчи Нодир Тўрақуловнинг саволларига жавоб берган Равшан Салаев: “МХХ ходими “Шуҳрат” 2010 йилда “Тошкент” меҳмонхонасининг 3-қаватида менга текстил соҳасидаги қонунбузарликлар ҳақида МХХга хабар бериб туришимни сўради. Мен рози бўлдим. “Шуҳрат” менга “тоға” деб лақаб қўйди ва МХХ раиси Рустам Иноятов номига ариза ёздириб олди”, деб айтган. Баённоманинг кейинги абзацларида Р.Салаев Туркиялик бир тадбиркордан МХХнинг “Шуҳрат” исмли ходимига 30 минг доллар пора олиб бориб берганини айтган. Бу гаплар 1-томнинг 165-166 варақларида акс этган. Бу кўрсатмаларнинг мазкур жиноий ишга нима алоқаси бор? Р.Салаевнинг бу кўрсатмалари МХХнинг “қулоқ”лар билан ишлаш бўлимида туриши керак эмасми?

Устимдан қўзғатилган жиноий иш материаллари ичида xудди шундай яна бир ҳужжат бор. Жиноят ишининг 2-томи 28-30 варақларида Ҳаётхон Насриддиновнинг МХХ раиси Рустам Иноятовнинг номига ёзган тушунтириш хати тикилган. Ушбу номада Ҳаётхон Насриддинов МХХга ҳуфия информатор бўлиб ишлаш нияти борлигини, Муҳаммад Солиҳ, Нигора Хидоятова ва Санжар Умаровларнинг ишончига кириб, улардан МХХга керак ахборотларни олиб, етказиб туриш режаларини баён этган.

Ўзини Ўзбекистон кучишлатар идоралар ичида энг интизомлиси, энг ҳалоли ва профессионали ҳисоблайдиган МХХ ходимларига: “Бу хат аслида “контора”нинг xуфия “қулоқ”лар билан ишлайдиган бўлимида туриши керак эмасми?», - дейди Абдуллаев.

Кейин, унга қарши қўзғатилган жиноий иш материаллари орасида «тўртта сохта ва иккита гумонли ҳужжатлар» борлиги, улардаги саналарнинг бир-бирига тўғри келмаслигини айтади. Мана бир мисол: «2017 йил 14 октябрда тузилган, интернет сайтларни кўздан кечириш баённомаси бўлиб, унга МХХ терговчиси Александр Веселов, мутахассис К.Саидалиев, холислар Жавлон Исаев ва Умарбек Жўраевлар имзо чекишган.

Ушбу ҳужжатга кўра Александр Веселов ва қолганлар 14 (!!!) октябр куни шу йил 18 (!!!) октябр кунида эълон қилинган мақолани юклаб олишибди».

«Менинг ёнимдан чиққан 2 гегабайтли флешкада конституцион тузумни ағдаришга қаратилган “ЖАТВА” номли лойиҳа борлиги, бу лойиҳа қатор босқичлардан иборат эканлиги батафсил ёзилган. Ваҳолангки, ўша лойиҳа расмий баённома бўйича 2017 йил 30 сентябрда эмас, 4 октябрда (!!!) топилганлиги ёзилган. Яъни, Нодир Тўрақулов ҳали топилмаган лойиҳа ҳақида олдиндан хабардор бўлган. “Терговчи бу лойиҳани қаердан, кимдан олган?”, деган савол туғилади», - деб таажубланади журналист.

“Қаллоблик шу даражага етганки, МХХ терговчилари “Бобомурод Абдуллаевнинг “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзган мақолалари рўйхати”га “Би-Би-Си”, “Озодлик” радиоларининг материаллари, ҳаттоки Хуршида Жўрабоева деган аёлнинг интервюсини ҳам киритишган ва муаллифшунослик экспертизасига жўнатишган.

Менинг қаламимга мансуб мақолалар рўйхатига ҳаттоки “Журналист Бобомурод Абдуллаев МХХ тергов ҳибсхонасида сақланмоқда” деган интернет хабар ҳам қўшилган ва экспертизага жўнатилган. Бирон марта бирор терговчи мендан қайси мақолалар меники, қайсилари эса бошқаларники эканлиги ҳақида қизиқиб ҳам сўрамади», - деб ёзади Абдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, еттита мақола журналистга дахлдор деб кўрсатилган , айрим материалларга ўзгартиришлар киритилган.

«Мен “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзган мақолаларим хато маълумотлардан ҳоли, деб айтаолмайман. Масалан, 2017 йилда эълон қилинган “Рустам Иноятов бутун умрга фалаж бўлиб қолди” деган сарлавҳали мақоламда хато маълумот кетган. Лекин мен бу хатоларни қасддан эмас, келган маълумотни қайта текшириб кўриш имконияти умуман бўлмаганидан, ноиложликдан ўтказиб юборганман. Ўз тасдиғини топган қанчадан қанча мақолаларим бор бўлиши билан бирга, нотўғри хабарни ўз ичига олган мақолаларим оз бўлса ҳам ўтиб кетган. Бундай материаллар учун қанча керак бўлса, шунча узр сўрашга тайёрман ва узр сўрайман ҳам.

Лекин мен ҳеч қачон Ўзбекистондаги конституцион тузумни ағдаришга чақирмаганман ҳам, бу йўлда бирон бир ҳаракат ҳам қилмаганман, биров билан тил ҳам бириктирмаганман.

Мен оммани огоҳлантириб қўйиш мақсадида, халқни талон-тарож қилаётган қароқчиларнинг кирдикорларини фош қилиш мақсадида мақолалар ёзганман холос», - деб таъкидлайди Бобомурод Абдуллаев.

Журналистнинг президент номига йўллаган мактубининг тўлиқ русчава ўзбекча матнини шу ерда ўқишингиз мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги