07:07 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий эмас, Чекка Осиё. Нега Россия полицияси бошқаларга нисбатан кўпроқ тожик, ўзбек, қирғизларни текширади

21.04.2018 13:22 msk

Екатерина Иващенко

«Нолегал мигрант» операцияси доирасида полиция текшируви. Veved.ru сайти фотоси

Москвада мигрантларни ҳимоя қилувчи юрист ва ҳуқуқ ҳимоячилари “Ҳужжат текширишдаги дискриминация ҳолатлари” деб номланган давра суҳбатини ўтказдилар. Тадбирга ички ишлар бошқармасининг Москва метрополитени, йўл патруль хизмати ходимлари, прокуратура ва Москва шаҳри ва вилоят ички ишлар бошқармасидан вакиллар таклиф этилди. Давра суҳбатига таклиф этилганлардан фақат Москва вилояти ИИББ жамоатчилик тартиби хавфсизлиги бўлим бошлиғининг ўринбосари подполковник Александр Жиров келди ва унинг тадбирга келмаган ҳамкасблари учун ҳам “жанг қилишига” тўғри келди.

Жировни саволларга кўмиб ташлагунларига қадар, мигрантларга бепул юридик ёрдам берувчи, 2002 йилдан бери фаолият юритаётган “Тонг жаҳони” ташкилотининг раҳбари Валентина Чупик айрим статистик маълумотларни келтирди.

2017 йили унга чет эл фуқароларининг ноқонуний ушланиши бўйича 9.844 мурожаат келиб тушган. Арз қилувчиларнинг ичида ўзбекистонликлар етакчилик қилади – 3.844 одам шикоят қилган, кейинги ўринни Қирғизистон – 2.391 одам, Тожикистон – 2199 фуқаро арз билан учинчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, , Молдовадан - 233, Озарбайжондан - 134, Арманистондан – 71 фуқаро шикоят қилган. Мурожаат қилганларнинг 28% полиция ходимлари томонидан пора олинаётганидан, 8,5% - ҳибсдаги қийин аҳволда ушлаб турилгани, 1,7% - калтаклангани устидан шикоят қилган.

Валентина Чупик айрим “меҳмондўст” полиция бўлимларини айтиб ўтди.

- Подольск шаҳрининг №4 полиция бўлимида ҳар куни номаълум сабаблар билан ҳибсга олинган одамлар бўлади. Люберци шаҳрининг №1 полиция бўлими ходимлари квартираларни кезиб, гарчи чет эл фуқаролари яшаётган жойига регистрация қилинган бўлсаям, ҳар бир одамдан 2.000 рублдан “ўлпон” ундирадилар. Софринодаги полиция ходимлари эса кўриниши славян бўлмаган фуқароларни участкага олиб келиб, ҳар биридан 4 минг рублдан пул ундиради. Раменки-1 ички ишлар бўлими ходимлари ҳаммани доғда қолдирган: олтита полиция ходимининг ҳар бири Ўзбекистон фуқаросидан бир ярим мингдан пул ундирган! Полиция нимага куч сарфлаяпти ўзи?! Тергов қўмитаси мазкур иш бўйича жиноий иш қўзғатган.

Юрист саволларига Александ Жировнинг жавоб беришига тўғри келди. У чет эл фуқаролари ўз юртидаги оғир аҳвол туфайли Россияга иш ахтариб келиши, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш заррурлигини тан олди. Ва бутун айбни...мигрантларнинг ўзига тўнтариб қўймоқчи бўлди.

- Кўпчилигининг саводи паст, русчани билишмайди. Хўш, улар нима иш қила олади? Гарчи улар ўз юртига пуллар жўнаётгани билан, у ердаги (ватанидаги) маҳаллий ҳукумат мигрантларнинг мослашуви учун пинагини ҳам бузишмайди. Россияда саводсиз одамнинг ишга рухсат берувчи ҳужжатни олиши қийин кечади. Мана шу ерда уларнинг фирибгар юртдошлари пайдо бўлиб, сохта ҳужжатларни тақдим қилишади. Мана калаванинг учи қаерга яширинган, — деди топқир Жиров.

- Менга бир йилда 17 минг одам шикоят билан мурожаат қилади, - деди Чупик. - Улардан 10 мингта ариза полиция томонидан пул сидириш билан боғлиқ, 1500 маош тўланмагани ва 250 дона шикоят сохта ҳужжатлар юзасидан бўлди. 10 мингга қарши 250 дона шикоят! Сиз нималар деяётганингизни биласизми ўзи?! Мигрантларнинг сохта ҳужжатлар тайёрлайдиган “юртдошлари” полиция ходимлари олдида фариштанинг ўзгинаси. 2017 йили менга тушган 250 та шикоятнинг 113 таси полиция ходимлари томонидан сохта ҳужжатлар берилгани билан боғлиқ бўлган. Улар мигрантларнинг ҳақиқий миграция учётини олиб “сохта ҳужжат” деб йиртиб ташлаганлар ва кейин сохта ҳужжатларни “ҳақиқий” деб 5.000 рублдан пуллаганлар. Шунинг учун буни этник жиноий гуруҳ сифатида бўрттиришнинг кераги йўқ! Бу коррупция билан боғлиқ жиноятдир!

Caritas France лойиҳасининг координатори, мигрантлар учун тренинглар ўтказадиган Татьяна Зорина, мигрантларни саводсизликда айблаш ноўринлиги, муаммо бошқа нарсада эканига эътибор қаратди. Мигрантнинг саводли бўлиши, унинг полиция томонидан ҳибсга олинмаслигига кафолат беролмайди.

- Тренингда бизлар, аввало, полиция ходимлари билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини ўргатамиз. Лекин мигрантлар бизнинг тавсияларимиз ҳаётда иш бермаслиги, полициячилар барибир уларнинг пуллларини шилиётганидан шикоят қиладилар. Шунинг учун, муаммо мигрантларнинг бесаводлиги билан боғлиқ эмас. Россияга кўпгина ўқимишли одамлар келади, лекин бу омил уларга ёрдам беролмайди, — деб таъкидлади Зорина.

Қирғизистондан келиб, ўз юртдошлари учун тренинглар ўтказаётган мутахассислар ҳам шу каби муаммолардан мигрантлар шикоят қилишларини айтдилар.

Лекин Ичкии ишлар органи вакилининг дискрминация борлигини тан олгиси келмади.

- Россияда Қирғизистондан келган 600 минг мигрант бор, сизга бўлса бор-йўғи 10 мингта шикоят келиб тушган. Бу Россияда қирғизларга бўлган муносабат яхши эканидан дарак беради. Бундан ташқари, улар патентсиз ишлаш ҳуқуқига эгалар, — деди Александр Жиров.

- Қонуний ҳужжатларни расмийлаштирган фуқаролар муаммоларга дуч келмаслиги яхши биладилар. Ҳужжат текширувидаги дискриминация дегани нима ўзи? — ҳечам тинчимади Жиров.

- Бу, гарчи мен Ўзбекистон фуқароси бўлсам ҳам полиция келиб мени текширмаслигини, шеригимнинг Россияда доимий яшашга рухсатномаси (ВНЖ) бўлгани билан доимо полиция текширишини англатади. Чунки унинг кўзлари меникига ўхшаш мовий эмас, сочлари малласоч эмас, — деб жавоб берди юрист.

- Бизда кўрсатма бор, плюс телевизорда Сириядан нималар бўлаётгани, террорчиларнинг кўпчилиги Шимолий Кавказ ва Марказий Осиё фуқаролари эканини одамлар билишади. Шунинг учун аҳоли шубҳаланган одамлар устидан полицияга қўнғироқ қилиб, уларни текшириш кераклиги айтишлари мумкин, — деди Жиров.

- Нега ирқчилик кайфиятидаги одамларни текширмайсизлар? — дея ўринли савол берди Валентина Чупик.


Москва вилоятида “Нолегал мигрант” операцияси доирасида ушланган мигрант. Kracik.ruсайти фотоси

Давра суҳбати иштирокчилари яна бир бор ИИВ вакилидан нима учун метрода доимо кавказ ва осиёча ташқи кўринишга эга одамларни ноўрин текширишлари бўлишини сўрадилар.

- Оддий фуқаро сифатида жавоб бераман, — деди Жиров. - Қишда кўплаб чет эл фуқаролари метро ичида жамланиб туришади. Улар нима учун туришибди? Террорчилик хавф даражаси полиция ходимини бориб, уларни текширишга ундайди.

Иштирокчилар полиция ходимлари гуруҳ одамларни эмас, метро, электр поезди ва автобуслардаги алоҳида одамларни тутиб текширишларини таъкидладилар. Бу ерда терисининг ранги ва ташқи кўринишидан ташқари бирорта сабаб кўринмайди, деб аниқлик киритдилар ҳуқуқ ҳимоячилари.

Александр Жиров виждонсиз полиция ходимларини аниқлаб, уларнинг устидан жиноий иш қўзғатиш кераклигини айтди.

- Минглаб Марказий Осиёдан келган мингрантларга тақиқ қўйилади, минглаб одамлар депортация қилиняпти, бу адолатданми? Бу ксенефобия эмасми? Россиядаги украиналикларнинг сони 2,5 миллион, Тожикистон фуқаролари эса 879 мингни ташкил қилади? — деб эътироз билдирди ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров.

- Нима сабаб билан мигрантларни депортация қилишяпти? — деб сўради Жиров.

- Уларни судга олиб келганлари сабабли. Бизлар ҳар куни мигрантларни ноқонуний мамлакатдан чиқариб юборилаётганининг гувоҳи бўламиз. Судга келтирилган ҳар қандай одам депортация қилинади, — деди Валентина Чупик.

- Мигрантлар Россияда ҳалол ишлашни хоҳлайдилар. Уларнинг орасида ҳеч ним маърифий ишларни олиб бормагани учун, улар бу ерга келиши билан кўнгилсиз воқеаларга дучор бўладилар. Улардан кўпчилиги керакли пайтда Россияни тарк этиш лозимлигини билишмайди. Муддат вақти бузилганидан сўнг, Россияга қайтиб келган муҳожирни мамлакатга киритишмайди. Чунки у олдиндан қонунни бузган бўлиб чиқяпти, — деб тушунтирди Жиров.

- Россияда қонунлар шундай ёзилганки, оқибатда мигрант барибир уни бузган бўлиб чиқади, — деди Каримжон Ёров. - регистрациянинг 81% фоизи мигрантнинг яшаётган жойига эмас, унинг ишлаётган юридик манзилига қилинади. Турган гап, хонадонларни текширувчи участка нозири уйга қайд қилинмаган мигрантни участкага олиб боради, кейин унинг тақдири билан суд шуғулланади. Бечора мигрант қаерда яшасин ахир?

- Депортациянинг 80% мигрантнинг яшаш жойига регистрация қилинмагани билан боғлиқ. Бундан участка нозирлари унумли фойдаланиб қолмоқдалар. Улар ҳар бир мигрантдан 2000 рубль “ўлпон” ундирадилар, — деб қўшимча қилди Чупик.

Бироқ, полиция вакили “резинали квартиралар” кўпайиб кетгани, яъни битта хонадонга юзлаб чет элликлар регистрация қилингани боис мигрантларга жаъзо берилаётганини таъкидлади.

- Гап айнан шундадир. Мигрант ўзини-ўзи регистрация қилолмаганидан кейин, нега жазо уни прописка қилган орган ходимларига нисбатан қўлланилмайди? - дея ўринли савол берди Ёров.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бўш келмадилар. Мигрантларни миграция учётига қўйиш Россиядаги энг қийин масаладир. Юрист Батиржон Шерматов яна бир бор ИИВ ходимига мигрант ўз ихтиёри билан учётга туролмаслиги, хонадон эгалари уларни регистрация қилишдан бош тортишларини уқдирди.

- Мен саккиз йилдан бери бир москвалик хонадонини ижарага оламан. Лекин у доим мени уйига регистрация қилишдан бош тортади. Бошқа мигрантлар билан ҳам мана шундай аҳвол юз беради. Шунинг учун 80 фоиз меҳнат муҳожирлари регистрацияни сотиб олишга мажбур бўляпти. Улар нима қилсин? — деди Шерматов ва у терроризмга қарши курашда мигрантларни текшириш нима роль ўйнашини сўради.

- Мамлакатга кириб келган мигрантнинг регистрациядан ўтиши борасида қонун бор. Уни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, — деди Жиров. Лекин иккинчи савол жавобсизлигича қолди.

- Қонун шундай тузилганки, уни ҳечам бузолмайсан, — деди Чупик. - Биз миграция учёти йўқлиги жамият хавфсизлигига зарар келтирмаслигини исбот қилмоқчимиз. Учётнинг йўқлиги тартиб бузарликка кирмаслиги керак. Ҳаттоки “Миграция учёти тўғрисида” ги қонунда ҳам “агар мигрант миграция учётига қўйиш имкониятини тополмаган бўлса, у жавобгарликка тортилмаслиги керак”, деб ёзилган.

Томонлар келишолмади, чунки ҳар ким ўзининг ҳақлигини исбот қилиш билан банд бўлди. Шунинг учун тадбир сўнггида тавсияларга ўтишга келишилди.

Александр Жиров ИИВ йирик бошқармалари қошида фаолларнинг мигрантларга ёрдам кўрсатадиган бўлимларини тузиш тавсиясини берди.

- Шунингдек, мен ИИВ ҳузуридаги жамоат кенгаши, масалан, “Яблоко” партияси жамоат кенгашига аъзо бўлиб, улар орқали полицияга таъсир ўтказишни таклиф қиламан, - деб қўшимча қилди Жиров.

Унга жавобан Чупик Москва ишчи ишлар бош бошқармаси қошида жамоат кенгашини тузиш таклифи киритилгани, лекин бу таклифга “ички ишлар органи фаолиятига аралашиш” баҳоси берилиб, у дарҳол рад этилганини айтиб ўтди.

Ваниҳоят, давра суҳбати иштирокчилари томонидан қўшма тавсиялар ишлаб чиқилди:

- миграция бошқармаси ходимларидан ташқари барча полиция ходимларига чет эл фуқароси мақомини текширишни ман қилиш;

- Чет эл фуқароси мақоми билан қизиққан полиция ходимлари мигрантларни полиция бўлимига эмас, миграция бошқармаси бўлимига текширувга келтириши кераклиги;

- тартиб бузарлик ва маъмурий тартибни бузганликда гумон қилинмаган чет эл фуқаросини уч соатдан ортиқ ушлаб турмаслик;

- миграция учётини текшираётган, чет эл фуқаролари билан ишлайдиган полиция ходимларини чет тиллари таржимаси дастурларига эга планшет билан таъминлаш.

Тавсиялар қаторига ички ишлар органлари ҳузуридаги жамоат кенгашларига мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоат ташкилотлари вакилларини киритиш, полиция ходимлари иштирокида ҳуқуқни ҳимоя қилишга доир тренинг машғулотларини ўтказиш, арзимаган ҳуқубузарлик учун чет эл фуқаросини ушламаслик таклифлари киритилди.

Давра суҳбати доирасида ишлаб чиқилган таклифлар Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари Кенгашига йўлланди.

Екатерина Иващенко

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги