21:47 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Келажак сари ортга. Нега Ўзбекистон ДХХ ходимларига дахлсизлик мақоми берилди?

13.04.2018 12:20 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистонда куни-кеча “Давлат хавфсизлик хизмати ҳақида”ги (ДХХ) қонун кучга кирди. У 15 март куни Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланди. Бешинчи апрелда қонун лойиҳасини президент Шавкат Мирзиёев изолади. 6 апрель куни эса ҳужжат “Халқ сўзи” ҳукумат газетасида чоп этилди.

Қонун ДХХнинг ҳуқуқий мақомини, вазифа ва функцияларини, хизматнинг молиявий ва техник таъминотини белгилайди, унинг ходимларини жимоний куч, махсус воситалар ва ўқотар қуроллардан фойдаланишини мувофиқлаштиради.

Янги қонун президент ташаббуси билан республиканинг энг қудратли давлат тизими - Миллий хавфсизлик тизимида ўтказилаётган ўзгаришларнинг мантиқий якуни бўлди. Унга қадар Мирзиёев мазкур ташкилот раҳабари Рустам Иноятовни ишдан олди ва ташкилот “Давлат хавфсизлик хизмати”га айлантирилди.

Ваниҳоят, миллионлаб одамларнинг қалбига қўрқув солиб келган улкан ташкилот ваколатлари қисқартирилишига, халқ кўкрагига шамол тегишига умид пайдо бўлгандек эди... Лекин ДХХ ҳақида қабул қилинган янги қонун янги хавотирларни юзага чиқарди.

Янги қонунни кенг муҳокама қилмаган ҳолда, унинг айрим жиҳатларини кўриб чиқамиз. Қонуннинг 12-моддаси давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва амалдор шахсларнинг ДХХ фаолиятига аралашувига изн бермайди. 37-модда эса ДХХ ҳарбий хизматчиларининг хизмат пайтида дахлсизлигини таъминлайди. Унда «Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурори рухсатисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши мумкин эмас» дейилган.

Мазкур «дахлсизлик»ни қандай изоҳлаш мумкин? Бундай чора нақадар ўзини оқлайди? Бу каби нормалар Россиянинг «Федерал хавфсизлик хизмати ҳақида» ги қонун ёки бошқа давлатлар қонунчилигида кўзда тутилганми? «Фарғона» экспертлардан мана шу саволларга жавоб беришини сўради.

Иван Павлов
Иван Павлов, адвокат, «Команда 29» ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот раҳбари:

- Кўпчилик давлатларнинг жиноий-процессуал қонунчилиги барчанинг қонун ва суд олдида тенг ҳуқуқлиги қоидасида айрим истисноларни кўзда тутади. Масалан, Россия қонунчилигида айрим шахсларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилишининг ўзига хос томонлари бор: бундай тоифага Федерация Кенгаши аъзоси, Давлат Думаси депутати, судя, президент, прокурор, терговчи, адвокат ва бошқа тоифадаги шахслар (ҳартий хизматчилар бу рўйхатда йўқ) киради. РФ Конституциявий суди бундай тартибнинг жорий этилишини мазкур шахслар томонидан касбий вазифаларини ҳеч бир тўсқинликсиз ижро этиши ва уларни сабабсиз жиноий жабовгарликка тортмаслик учун жорий этилганига урғу беради.

Бундай истиснолар айбдор шахсни содир этган жинояти учун жиноий жаборгарликка тортилишига моънелик қилмаслиги керак, қонунчилик эса бундай иммунитетга алоқадор шахсларнинг дахлсизлик чегарасини аниқ белгилаб бериши керак. ДХХ ҳақида қабул қилинган қонунга баҳо бериш қийин. “Прокурор розилигисиз ҳарбий хизматчи жиноий жавобгарликка тортилмайди” деган жумла одамни ўйлантиради. Бунда кўпроқ жиноий иш қўзғатилишининг ўзига хослиги эмас, содир этилган жиноят учун жавобгарликнинг йўқлиги ҳақида гап кетаётганга ўхшайди. Шунингдек, “ҳарбий хизматчи” тушунчаси кенг қамровли бўлиб, унда айнан кимлар учун истисно қабул қилингани кўринмайди. Бундай қонун ҳарбий хизматчиларни жиноий таъқибдан мутлоқ халос қилиши мумкин.

Лев Корольков
Лев Корольков, Россия Ташқи разведка хизмати ветерани:

- Россиянинг «Федерал хавфсизлик хизмати ҳақида» ги қонунда дахлсизлик ҳақида алоҳида модда йўқ. Лекин ФХХ ходимлари ўз компетенцияси доирасида ўз вазифаларини бажараётганларида ҳуқуқий ҳимоя остида бўлишлиги қоидаси мавжуд. «ФХХ ҳақида» ги қонуннинг 6-моддасида ФХХ органи ходимлари томонидан инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлиги поймол этилган бўлса, у ҳолда ФХХ органининг керакли раҳбари, прокурор ёки судя “Россия Федерацияси қонунчилиги доирасида ўша шахснинг ҳуқуқ ва эркинлигини тиклаш учун чора кўришлари, етказилган зарарни қоплаши ва айбдорларни жавобгарликка тортиши шарт» деб кўрсатилган. Ўз ваколатини суиистеъмол қилган ФХХ органи раҳбарлари Россия қонунчилиги бўйича жавобгарликка тортилади.

Менимча, бошқа давлатлар қонунчилигида ҳам хавфсизлик органи ходимларининг профессионал вазифалариини бажараётган пайт уларнинг Жиноий процессуал кодекс доирасидан четга чиқиши ҳақида бирорта норма йўқ. Бундай норма бир томондан хизмат ходимлари учун фаолият доирасида кенг имкониятларни очиши мумкин, лекин иккинчи томондан бундай ҳуқуқ ваколатни суиистъмол қилинишига ҳам олиб келади. Давлат хавфсизлик органларида бу балансни ушлаб туриш жуда қийин масала.

Махсус хизмат ходимларининг дахлсизлигига доир таклиф ташкилотнинг собиқ раҳбари Рустам Иноятов томонидан 2005 йили Андижон воқеаларида намойишчиларни бостирган ўз ходимларини ҳимоя қилиш учун киритилган бўлиши мумкин. У пайтлар Ислом Каримов бундай модданинг қабул қилинишига эҳтиёж сезмаган, чунки барча нарса биргина унинг қарорига боғлиқ эди. Ҳозир янги президент даврида бу саволни қонуний бириктириш эҳтиёжи туғилган.

Алишер Илҳомов
Алишер Илҳомов, Лондон университетининг Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабининг илмий ходими:

Табиий, Давлат хавфсизлиги хизмати ҳақидаги қонуннинг 37-моддаси саволлар тўғдиради. Модданинг ўзи, унинг биринчи параграфи мавҳум кўринади. «Дахлсизлик кафолати» нима дегани? «Дахлсизлик» сўзи иккимаъноли туюлади. Уни ДХХ хизматчилари қонундан, жумладан, Жиноий кодексдан устун туради, деб ҳам талқин қилиш мумкин.

Тўғри, биринчи параграфда аниқлик киритилади: ДХХ хизматчилари «хизмат ўтаётган вақт дахлсизликка эга». Келинг, шундай бир вазиятни олиб кўрайлик: ўз назорати остида бўлган туманни кезиб чиқишда (яъни хизмат вазифасини ўтаётган пайт) ДХХ ходими биринчи бўлиб фуқаро А билан муштлашувни бошлайди ва уни уради. Энди нима бўлади: бу жойга етиб келган милиция наряди уни қўлга ололмайдими? Бир тасаввур қилиб кўринг: безори хизматчи милиция ходимларига ўзининг гувоҳномасини кўрсатади, улар эса ўз навбатида ДХХ ходимидан узр сўраб, қайтиб кетади, ҳарбий хизматчи эса жавобгарликка тортилмаслигини сезиб, фуқаро А ни уришда давом этади. Фақат шундан кейин, жабрланган фуқаро анчагина шикаст олганидан сўнг орадан 5-6 кун ўтиб, вилоят прокурори (албатта, назарий) уришқоқ хизматчига қарши иш очади.

Мазкур параграф қонуннинг 43-моддасига зид кўринади. Унда «Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиси хизмат ўташ пайти қонунга қарши ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги, хизмат вазифасига зид ҳаракатлари учун қонунчилик олдида жавоб беради» дейилган. Савол туғилади: ДХХ ходими калтаклаётган фуқаро А олдига етиб келган милиция ходимлари қайси қонунга оид ҳаракат қилишлари керак – Жиноий кодексми ёки юқорида келтирилган “дахлсизлик кафолати” га доир 37-модда билан? Бу ерда қонунга турли талқин бериш мумкин. Бу нималардан дарак беради? Аввало, қонун етарлича ҳуқуқий экспертизадан ўтмаган, уни малакасиз мутахассислар тайёрлаган кўринади. Шунингдек, “дахлсизлик кафолати” қоидаси атайин, МХХнинг собиқ раҳабари фойдасига, шу пайтгача ҳукм сурган вазиятни сақлаб қолиш учун киритилган бўлиши ҳам мумкин. Маълумки, мавжуд тартиб бўйича МХХ қонундан ташқари, ундан юқори турган ва у ўзини-ўзи бошқарган қонунга бўйсунган. Бу қонун эса ташкилотга замонавий кўринишга эга махсус хизмат эмас, криминал синдикатга хос тус берганди.

Саволнинг сиёсий томони ҳам мавжуд. Мисолимиздаги ДХХ ходими томонидан Фуқаро А га берилган жисмоний шикастга қайтсак. Прокурор томонидан ДХХ ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатиш учун кетган 5-6 кун ичида Фуқаро А яшаётган аҳоли пунктида норозилик кайфияти кучаяди, унинг қариндошлари ва яқинлари адолат, ўч олишни талаб қилади. Норозилик кайфияти кучайиб, намойишга айланади. Оқибатда мана шу ҳудудда барқарор вазият издан чиқади. Демак, ДХХ ҳақида қонун, унинг “дахлсизлик кафолати” билан боғлиқ моддаси мамлакатда нотинчлик пайдо бўлиши манбаига айланиб қоляпти, шундаймасми? Табиий бир савол туғилади: жамият хавфсизлигини таминлаш мақсадида ташкил этилган хизмат ва у ҳақдаги қонуннинг ўзи амалда тескари натижаларни келтириб чиқадиган бўлса, у ҳолда бундай хизмат ва қонунга нима ҳожат бор? Ундан кўра, биз келтирган мисолда милиция наряди МХХ, узр, ДХХ ходимини қонунни бўзганлик учун қўлга олиб, зўравонликни, беқарорликни олдини олгани яхшимасмиди? Мен бу саволни қонунни ишлаб чиққанларга, уни президентга тасдиқлаш учун юборганларга йўлламоқчиман.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги