20:36 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ўзга хос”лик интиҳоси. Павел Бардин чегара, эркинлик ва оддий одамлар ҳақида

09.04.2018 20:03 msk

Максим Горюнов

«Салам Масква» фильми постери

Москвада парчаланиб кетган империя ҳақида оҳ-воҳ уриш яна удум бўляпти: Россия президенти Федерал Кенгашга юборган йўлланмасида «СССР парчалангандан кейин совет даврида Совет Иттифоқи деб аталмиш Россия 23,8 фоиз ҳудудидан, 48,5 фоиз аҳолисидан маҳрум бўлгани» ҳақида гап боради. Бир қарашда бу каби фантом оғриқлар совет одамларини бирлаштириши керак эди. Лекин амалда, бу жамият орасида “катта ака”, “кичик ука”ларнинг пайдо бўлиши билан барчани бир-биридан айириб, тенгсиз муносабатларни келтириб чиқарди. Амалда биргина хотиралар қолган пайтда собиқ империя одамлари қандай қилиб бир-бирлари билан муносабатда бўлишлари керак? Янги, ўзаротенглик муносабатларини қандай тиклаш мумкин? Чегара қаердан ўтиши керак ва у нақадар ишончли бугун? Шулар ҳақида россиялик режиссёр Павел Бардин билан суҳбатлашдик. У 2016 йили Марказий Осиёлик мигрантлар, кавказликлар ва русларнинг тил топиб яшаши оғир кечаётганлиги ҳақида ўн олти сериядан иборат “Салам Масква” фильмини суратга олди.

Бу режиссёрнинг халқлар ўртасидаги муносабат мавзусига биринчи бор қўл уриши эмас: 2009 йили Бардин Пётр Федоров бош ролда ўйнаган «Россия 88» деб номланган рус неонацистлари ҳақида фильм олган. Фильм Берлин кинофестивалининг «Панорама» дастури доирасида намойиш этилди.

- «Салам Масква» сериалингизда жуда кўп этник персонажлар - руслар, ўзбеклар, тожиклар, татарлар, яҳудийлар, аварлар мавжуд. Улар битта сиёсий маконда яшайдилар. Бу ерда гап империя ҳақида кетаётганга ўхшайди Йозеф Ротнинг “Радецкий марши”га ўхшаб. Сиз олган сериал империя ҳақидами?

- Йозеф Ротни жуда яхши кўраман, яқинда унинг «Марш»ини ўқиб чиққандим. “Империя” сўзи менга ёқмайди. Уни қўпол ва зулмкор нарсани англатадиган тушунчага тенглаштириш мумкин. Империя бу - қуллик ва тенгсизлик, дегани. Балки бошқа сўз билан ифодалаш мумкиндир?

- Федерация? Иттифоқ?

- Иттифоқ сўзи ёқади. Федерация ҳам яхши сўз. Иттифоқ ва федерация бўла қолсин. Сериал кўп миллатлар жамланган иттифоқ ҳақида, десак тўғри бўлади.

- Иттифоқ...Европа Иттифоқига ўхшаганми ёки Советларникига?

- Умуман олганда, мен ихтиёрий иттифоқ тарафдориман, мажбурийликка қаршиман. Совет Иттифоқи таркибига халқлар ихтиёрий равишда киришганмиди? Совет Иттифоқи қоғоздагина эркин бўлган, амалда эса мажбурийликка қурилган империянинг ўзи бўлган. Албатта, мен Европа Иттифоқини назарда тутдим. У ерда чегара йўқ, умумий валютага бор ва барча халқлар тенгҳуқуқлидир.

- Сиз замонавий Россия ҳақида сериал олгансиз, шундаймасми? Воқеалар Москвада бўлиб ўтади. Россия сиз учун Европа Иттифоқига ўхшайдими?

- Йўқ, улар мутлақо ўхшамайди, гап йўналиш ҳақида. Сериал келажакка умид қилиб тасвирга олинган. Яхши келажакка.

- «Салам Масква» “Россияни қандай қуриш лозим” лиги ҳақидаги фантазияга ўхшамайди. Сериалда муштлашув, жангаллар талайгина. У ёш болалар кўриши учун тўғри келмаслиги боис, сериални кечқурун намойиш этишди. Сиз олган тасвирга кўра, Россияда ҳеч қанақанги Европа Иттифоқига ўхшаш иттифоқни қуриб бўлмайди.

- Бугунги Россия Европа Иттифоқи эмас. Федерациянинг ўзи ҳам мавҳум бир нарса. Сериал давлат ҳақида эмас. Унда ихтиёр бўлса, оламлар ўзаро тил топишлари мумкинлиги ҳақида гап боради.


«Салам Масква» фильмидан лавҳа

- Яхши ўхшатиш: «мавҳум федерация». Сериал мана шу мавҳум федерация ҳақидами?

- Майлига, мавҳум федерация ҳақида бўла қолсин. У ҳолда, сериал мавҳум империя ҳақидаям. Ҳозирги Россия нақадар мавҳум империя экан, шу қадар мавҳум федерациядан иборат. Россия - империя, албатта. Лекин аввалги ҳолдаги империя эмас. Шунингдек, унинг федерация бўлишга ҳам кучи етмайди. Уни ҳозир мураккаб ўтиш даврини бошдан кечираётган, сувликдан қуруқликка ўтаётган жониворга ухшатиш мумкин.

- Гибридми?

- Бу сўзни ёмон кўраман. “Мавҳум” сўзи қолаверсин. У патриарх империя ва прогрессив либерал федерация ўртасидаги ўтиш даврида турибди.

- Шунинг учун бош қаҳрамон терговчи Ребров жонсарак эканда?

- Қайси маънода?

- Шу маънодаки, унинг бош қаҳрамон экани билинмайди. У турфахилликдан қўрқади, у доимо ҳадикда, доимо жаҳл қилади. У шунчаки намоз ўқиётган мусулмонга ташланади, яҳудийни туртиб, арманини ҳақорат қилади. Бош қаҳрамон ўзини бундай тутмайди.

- Аслида, шундай. Ребров, сиз тўғри топдингиз, этник турфа хил оламда яшайди, лекин бу олам уники эмас.

- Унда кимники?

- Ребровнинг ўзи мана шу турфа оламнинг бир қисми. Сериал маъноси ҳам мана шунда. Бу русларнинг “ўзига хослиги” интиҳосидир. Авваллари, “биз” ва “улар” бор эди. “Биз” юқорироқ пағонадан ўрин олгандик, “улар” эса пастроқдан. Энди эса, юқори, паст деган тушунчалар йўқ бўлган.


«Салам Масква» фильмидан лавҳа

- “Бизлар” деганда рус, бошқирд ва карелларни назарда тутдингизми?

- Мана шу улкан ҳудудда яшовчи одамларни назарда тутяпман. Бу ердаги барча халқ бир-бири билан мулоқот қилади, савдо қилади. Москва уларни бирлаштиргани учун эмас, шунчаки ёнма-ён яшаётганлари учун. Атрофимиздаги дунёни англаш, биздаги туғма фазилатдир. Москва борми-йўқми, одамлар барибир бир-бирини яхши кўради, бирга ишлайди. Биз бир-биримиздан қочиб қутулолмаймиз.

- Лекин Москва жойида турибдику.

- Турибди, у ҳам қочиб кетолмайди. Яхши қўшничиликдаги Москванинг роли камайиб боряпти, лекин одамларнинг мулоқоти узилиб қолмайди. Менимча, бу яхши нарса. Сиз айтиб ўтган Ребровнинг жаҳлига келсак, у ҳаётда ўз ўрнини қидиради. У бировлар билан тенг бўлишга ўрганмаган. Буни ўрганиш керак бўлади ва у ўрганади ҳам. Бу - ўсмирлик агрессиясидир. Куч билан ўзини кимлигини билдиришга уриниш. “Ребров”нинг ақлини жамлаб олишга вақт келган.

- Россия империяси кучсизланиб, унинг ўрнига қандайдир янги ихтиёрий федерация келяпти. Тўғри тушундимми?

- Империя тушунчаси архаик тушунча ва унинг ўрни тарихий кино ва музейлардан жой олиши керак. Лекин ҳар қандай империя ичида тирик одамлар яшайди. Агар биринчи ўринга ер ости бойлиги, ҳудуд, герб ёки гимн ўрнига - шахс, инсон қўйилса, бир пасда янги тузилма ҳосил бўлади. У босиб олинган колония ва метрополия, аннексия ва контрибуциясиз юзага келади. Унда эркинлик ва ўзаро нафга асосланган жамият яшайди. Албатта, келажак мана шундай ҳамжамиятдан иборат бўлади. Бундай жамият ҳозирги Россия ичида, ўзининг империячилик комплекслари билан яшаяпти. Ундаги халқлардан бири руслар бўлади. У Европа Иттифоқидаги халқлардан бири француз ёки потугаллар бўлгани каби, биринчи ҳам, иккинчи ҳам бўлмайди.

- Сиз учун бу порлоқ келажакми? Европа Иттифоқи андозасидаги Россия?

- Албатта, негаям ундай бўлмасин. Ҳозирча мавҳум бўлсада, лекин федерация мавжуд. Европа эса мавҳум эмас, аниқ - иттифоқ.

- Лиссабондан Владивостоккача Европа Иттифоқини тузиш ҳақида ғоялар бўлганди, шундаймасми?

- Ғоя зўр, лекин ҳозирча у утопиядан иборат. Бугунги Россия кўп маънода Европанинг тескариси. Республикалар ўртасида чегаралар йўқ, лекин тўлиқ ўзини-ўзи бошқариш ҳам йўқ.

- Бош қаҳрамон Ребров ўзини “Рус марши” ҳаракатидаги миллатчилардек тутади, халқ Шимолий Кавказни ажратиб ташлашни, Марказий Осиё халқлари билан визали режим ўрнатишни талаб қилади.

- Ҳа, Ребров – ғирт рус миллатчиси ва унга чегара керак. Гўёки чегара “руслар”ни “рус бўлмаганлар” балосидан қутқариб қоладигандек. У бахтни чегараланишда деб билади.

- Фильмингизда кўпчилик чегара ҳақида гапиради. Бандит Арслон ҳам чегараланишни хоҳлайди. У ҳам чегара унинг дунёсини яхшилашига ишонади. Пировардида, мулоқот йўқ, фақақ чегара ҳақида орзу бор.

Павел Бардин. Vokrug.tv сайти фотоси
- Чегара, тўсиқ ҳақида мен бир воқеанинг гувоҳи бўлганман. Бундан икки йил олдин Хитойда, Хэйхэ шаҳрида бўлдим. Шаҳар шундоққига Амур дарёсининг нариги тарафида, Благовешенск қаршисида жойлашган. Хитой томонидан дарёга эркин тушиб, чўмилдим. Лекин Россия томонидан дарёга бориш тақиқланган. Амур дарёси бўйида ҳаммоминг бор бўлса ҳам, сен унга бориб чўмилолмайсан. Бу чегара ташқарида эмас, ичимизда борлиги ҳақида яхши бир мисол. Бизлар қўрқувлар сабаб, ўзимизни ўзимиз чегаралаб оламиз.

- Чегара ҳақида бозорда ишлаётган ўзбек ва тожиклар ҳеч нарса дейишмайди.

- Чунки улар гапириш билан эмас, иш билан банд. Улар ўзларини анъанавий савдогарлардек тутишади ва мен мутлоқ улар томондаман. Сериалимизда чегара ва чекланишни талаб қилган персонажлар кулгили бўлиб кўринишига ҳаракат қилганмиз.

- Сериалингизда куч, орган ходимлари кулгиги ва тадбиркорлар ижобий чиққан.

- Биринчи серияларда шундай. Сериал сўнггига келиб, сиз кулгили деб атаган куч ходимлари чегара муаммоларни ҳал қилмаслигини англаб етади. Аксарият, чегара кўплаб муамоларни келтириб чиқаришини тушунадилар. Бизлар очиқлик ва турфа хилликнинг устун тарафини кўрсатишни мақсад қилиб олгандик. Бу қанчалар амалга ошган, билмадим.

- Рус миллатчингиз сериал сўнггида қўполликдан узоқлашмайди.

- Унинг бошқа одамга айланиши керак эмас. Сериал бошидаги Ребровнинг сериал сўнггидаги Ребровдан фарқи шундаки, у бора-бора чегараланиш бош мақсад эмаслигини тушуниб етади. У ўзи “чурка” деб атаган одамларда яхши фазилатларни илғай бошлайди. Гап инсоннинг маънан ўзгариши эмас, гап улкан чегараларсиз ҳам яшаса бўлиши ва ўзгалар эркинлиги чегарасини ҳурмат қилиш ҳақида боряпти.

Бировлар чегарасини бузган Ребров билан ҳеч ким алоқа қилишни хоҳламайди. У бировларга таҳдид қилишни бас қилганидан сўнг у ва бошқалар ўртасидаги тўсиқ ўзидан ўзи йўқ бўлиб кетади.

- Интервью сўнггида метрополияни четлаган ҳолда халқлар ўзаро тил топишиши мумкин, деган ҳулосага келишимиз мумкинми?

- Албатта. Бу маънода Ребров босиб ўтган йўлни муҳим деб ўйлайман. У финалга яқин авар миллатига мансуб шериги билан миллатчилик қобиғига ўралмай, ҳеч қандай империя касаллигисиз ҳам гаплаша бошлайди. Мен тарихчи ва сиёсатшунос эмасман. Мен оддийгина москваликлардан бириман. Мен турфахиллик тарафдориман. Кўпхиллик, эркинлик тараққиёт гаровидир. Шундан келиб чиқиб, мен мамлакатнинг нақадар мустаҳкам эканига баҳо бераман. Агар ўн еттинчи асрда яшаганимда, балки империя касаллига йўлиққан бўлармидим. Лекин бугунги кунда, яна такрор айтаман, империя даври ўтиб кетган. Европага ўхшаш федерация, эркин иттифоқчилик даври бошланган. Фақат тўғри, гуманистик устувор йўналишларни белгилаб, одамларга эркинлик бериш керак ва уларнинг берилган нарсаларни англаб етишини кутиш керак.

Максим Горюнов суҳбатлашди

«Фарғона» халқаро агентлиги