02:52 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ортга силжиш. Экспертларнинг Ўзбекистон ДХХ раҳбари кимларга хавф солаётгани ҳақидаги фикрлари

05.04.2018 12:35 msk

Фарғона

Ихтиёр Абдуллаев. Prokuratura.uz сайти фотоси

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев ўзининг биринчи нутқида жамиятга зарар келтирадиган асосий хавфларни таъкидлаб ўтди. Улар орасидан “Эрк” ва “Бирлик” мухолифатчи партиялар, хорижлик инвесторлар, Ўзбекистонда ўз таъсирини кучайтираётган диний фундаментализм ўрин олган. Биз сиёсатшунос ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан Абдуллаев сўзларига изоҳ беришни ва бундай позиция Ўзбекистонга қандай хавф солиши мумкинлиги ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашишни сўрадик.

Аркадий Дубнов, Марказий Осиё бўйича мутахассис:

Гарчи кўпчиликка ғалати туюлсада, ДХХ раҳбарининг чиқиши менга кутилмаган ҳодисадек туюлмади. Мен қатори тоталитар режимларда, жумладан, собиқ совет тузумини ҳисобга олганда, “музлар эриши даври” га гувоҳ бўлган кимсалар илиқлашиш қандайдир пайт совуқ тушиши билан алманишини билади. Буни ҳозирги баҳор фасли, йиғилиб қолган қор уюмларини назорат қилувчи об-ҳаво менежери мисолида кўриши мумкин: уйларнинг биринчи қаватлари ва ертўлалар тезликда эриган муз, қорлар туфайли сувга ғарқ бўлмаслиги учун табиат ҳавони совутиб, қор уюмларини музлатиб туради.

Шу боис, бир пайтлар Михаил Горбачёв қайта қуриш ғоясидан руҳланган одамлар босимидан қўрқиб, мана шу ғоя асосчиси бўлмиш академик Александр Николаевич Яковлевни ўзидан узоқлаштирган эди.

Аркадий Дубнов. Rfi.fr сайти фотоси
ДХХ раҳбарининг “ “Эрк” ва “Бирлик” нодавлат мухолифат партиялари” деган сўзларига эътибор беринг. Бу - жаноб Абдуллаевнинг совет даври ва кейинги Каримов режимида шаклланган амалдор сифатида сиёсий партиялар давлат томонидан эмас, давлат ва жамият фойдасини кўзлаб, раҳбарият фикридан фарқ қилувчи дунёқарашга эга одамлар томонидан шаклланишини тасаввур қилолмаслигини англатади.

Таббийки, бундай мазмунан тоталитар дунёқараш давлат томонидан тузилмаган ҳар қандай нарса, унга хавф туғдириши мумкин, деган мантиқ билан якунланади. Менинг назаримда, айнан шундай одамларга ишонмаслик руҳи президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўйлаб топилган ва ташқи сиёсатда унумли амалга оширилаётган Ўзбекистонни модернизация қилиш режасига асосий хавф солади. Мамлакат ичида Раис буванинг барча гапига “хўп бўлади” демайдиганларни ажратиб олиш - тез орада Мирзиёевга ишонган ва унга мадад бўлишга тайёр кўпчилик ўзбекларнинг кўнгил совушига олиб келади.

Эслатиб ўтаман, Горбачёвга бўлган ишончнинг қуйидан, оддий одамлар томонидан завол топгани, унинг тахтдан қулашига сабаб бўлганди, афсус.

Стив Свердлов, Human Rights Watchнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси:

Стив Свердлов. Rferl.org сайти фотоси
Хавфсизлик хизмати раҳбарининг Сенатдаги нутқи ростдан ҳам хавотир уйғотади ва президент ва Ўзбекистон ҳукуматининг юқори лавозимдаги мулозимлари томонидан айтилган кўплаб гапларга қарши чиқади. Унинг сўзлари Ўзбекистонни 18 ой аввалги даврига қайтаради. Шуни айтишим керакки, HRW нинг Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари билан бўлган учрашувларида мутлоқ бошқа оҳанглар янграганди.

Ўйлайманки, инсон ҳуқуқларини поймол қилмасдан ҳам мамлакатни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, хавфсизлик концепцияси ва инсон ҳуқуқлари бир-бирини инкор қилмаслиги борасида маълум бир консенсусга келишилган. Шунингдек, бундай келишув нафақат ҳукуматда, балки жамиятда ҳам мавжуд: соғлом фуқаровий жамият бўлгандагина ислоҳотлар унумли амалга оширилиши мумкин, танқид қадрланиб, қатағонликка учраш хавфисиз бемалол, очиқ-ойдин ҳукумат ҳаракатларига нисбатан фиркларни билдириш тушунчалари мавжуд. Ва яна шуни таъкидламоқчиманки, HRW вакиллари чегарани ёпиш керак ёки инвестициялардан қўрқиш керак, деган бирорта ҳукумат вакили ёки оддий фуқарони учратмади.

Абдуллаев ёдга олган мухолифат партиялари “Эрк” ва “Бирлик”ка келсак, кейинги 25 йил ичида уларнинг фаоллари сиёсий мотивга эга, сохта айблар билан қамоқхоналарга ташланиб келингани ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Бугунги кунда ҳокимятнинг юқори пағоналарида ҳам уларни танқид қилиш ёки қарғашдан олдин, улар ҳам Ўзбекистон фуқаролари экани, фаолияти сиёсий экани ҳақидаги фикрлар билдирилмоқда.

Ҳозирда Каримов даври тарихини ўрганиш ишлари кетмоқда. Ўша зулматли даврга қайтиб бўлмаслигини ҳукумат яхши тушунади, деб ўйлайман. Шунинг учун Ихтиёр Абдуллаевнинг нутқи инсонни ҳайрон қолдиради ва кейинги бир ярим йил ичида олиб борилаётган чоралар ҳалқасига тўғри келмайди. Ўзбекистоннинг яқин тарихи инобатда олинса, ДХХ раҳбари сўзлари катта хавотирлик уйғотади. Бу ўринда ҳукуматнинг беайб инсонларни озод қилиб, одамларни сиёсий дунёқараши учун бошқа жазоламаслигига сўз бериши, ҳукумат ва президент бутун мамлакат аҳолисига конституция қадриятлари ва халқаро мажбуриятларга таянган ҳолда, барча идораларда инсон ҳуқуқлари қадрланиши тўғрисида хабар бериши ўта муҳимдир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда кўплаб одамлар, ҳатто ҳукумат вакиллари орасида ҳам тинч сиёсий ҳаракат қилувчи фаол фуқаровий жамиятни қадрлайдиганлар бор. Лекин ҳеч ким, ҳатто HRW ҳам ҳар бир давлатнинг хавфсизлик борасида ўз манфаатлари борлигини инкор қилмайди. Лекин инсон ҳуқуқлари қадриятларини ҳисобга олган ҳолда ҳам сиёсат юритиш мумкин. Бири иккинчисини инкор қилмайди.

HRW умид қиладики, мамлакат раҳбари Давлат хавфсилиги хизматининг муҳимлиги ва ўтган йили сентябрда БМТ Бош ассамблеясида гуманизм принциплари ҳақида қилган нутқини эслаган ҳолда, Конституция ва халқаро ҳуқуқ нормаларида муҳим ўрин эгаллаган инсон ҳуқуқлари принципларига содиқ эканини яна бир бор эслатиб ўтади.

Надежда Атаева. Knews.kgсайти фотоси
Надежда Атаева, «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси президенти (AHRCA, Франция):

Биз ДХХ сиёсати Миллий хавфсизлик хизмати сиёсатидан фарқланмаслиги ҳақида биринчи сигнални олдик. Мухолифат партиялар етакчилари 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида қувғинда яшаётгани ҳаммага маълум. Улар мамлакатда кечаётган ҳозирги сиёсий жараёнларда мутлақо қатнашолмайдилар. Мазкур партия аъзолари мамлакатда ва ундан ташқарида доимо дискриминацияга учраб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Каримов даврида айнан улар сиёсий дунёқараши учун сиёсий қатағонга учрагандилар.

ДХХ раҳбари мантиғидан борсак, яқин орада ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга нисбатан ҳам шундай муносабатда бўладилар. Одамлар аввалгидек ҳаракати билан эмас, дунёқараши билан режим душмани рўйхатига киритиладиган бўлади.

Янги ҳукуматга бунинг нима кераги бор? Ўзбекистонда мазкур икки мухолифат партияси янги ҳукумат учун ҳам норозилик кайфияти манбаи бўлиб қолишига аминман.

Алишер Илҳомов, Лондон университетининг Шарқий ва Африка давлатлари тадқиқотлар мактаби ходими:

Ихтиёр Абдуллаевнинг Сенат мажлисидаги нутқи, унинг махсус хизматларнинг янги раҳбари сифатида омма олдидаги биринчи чиқиши ҳисобланади ва у кўплаб саволлар туғилишига сабаб бўлди. Мен унинг нутқидан келиб чиқиб, инсонда энг камида ҳайронлик уйғотадиган учта ҳолатга тўхталиб ўтмоқчиман.

Алишер Илҳомов. Uzxalqharakati.com сайти фотоси
Биринчидан, Абдуллаев сиёсий мухолифатни деярли мамлакат барқарорлигига путур етказадиган хавфлар қаторига қўшади. Биринчи навбатда, албатта, у Муҳаммад Солиҳ ва у бошқараётган Ўзбекистон халқ ҳаракатини (ЎХХ) назарда тутади. Яқинда ўзбек зиёлилари томонидан Муҳаммад Солиҳнинг ҳеч бир хавф-хатарсиз Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида президентга мурожаат қилдилар. Бугунги кунда ЎХХ Ўзбекистондаги сиёсий мухолифат ҳисобланади. Абдуллаев ўз нутқи билан нафақат Солиҳнинг ватанга қайтишини йўққа чиқаради, балки конституцияга тажовуз қилишдек соҳта айблов билан судланаётган Бобомурод Абдуллаевга (ва яна уч киши) нисбатан ҳам ҳукм чиқаради. Ҳукумат назарида Бобомурод Муҳаммад Солиҳ билан тўғридан-тўғри боғланган шахс. Гар шундай экан, демак мамлакатда ЎХХ “хоин” “барқарорликка хавф солувчи” куч сифатида таг-томири билан юлиб ташлаш керак, деб ўйлайди ДХХ раҳбари.

Иккинчидан, Ихтиёр Абдуллаев таъкидлашича, бошқа мамлакатларда яшаётган кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари “экстремистик оқимлар таъсири” домига тушиб қолмоқдалар. Унинг фикрича, бу “хавф туғдирувчи факторлардан биридир”. Бундай эътироф анча қўрқинчли янграйди. Абдуллаевнинг кимларни, қандай “эстремистик оқимлар”ни назарда тутгани бизларга қоронғу. У Ўзбекистон ҳукуматини ҳаққоний танқид қиладиганлар ёки хориждаги ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотларининг фикрларини ҳам “экстремистик” ҳисоблармикан? Унинг баёноти турли чет давлатларидан паноҳ топиб, бугунги кунда она ватанига қайтмоқчи бўлган ўзбек диаспора вакилларини хавотирга солиб қўяди.

Учинчидан, Абдуллаевга кўра, «мамлакатга четдан кириб келаётган сармояларнинг барчасини ҳам фойдали деб бўлмайди». Бу ерда хавф туғдирувчи қандай сармоялар ҳақида гап кетяпти? Бу гал президент Мирзиёевнинг мамлакатга сармоялар китириш борасида қилаётган саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш уйғонган хорижий сармоядорларда саволлар туғилиши табиий. Маълумки, Ўзбекистон собиқ совет маконида инвестия жалб қилиниши бўйича энг паст поғоналардан бирини эгаллаган. Энди мамлакатга сармоя киритмоқчи бўлган инвесторлар Ўзбекистон ҳукумати қандай сармояларни олқишлаши ва қандайларини хушламаслигига аниқлик киритмагунча танаффус олишга мажбур бўладилар.

Умуман олганда Ихтиёр Абдуллаев нутқи у бошчилигидаги ДХХ бундан кейин ҳам бошқача фикрлайдиган инсонларни таъқиб қиладиган “сиёсий қўриқчи” мақомини сақлаб қолишидан дарак беради. Бу эса Шавкат Мирзиёевнинг мазкур хизмат аввалги раҳбариятнинг қўл остида 1937 йилги НКВДдан фарқ қилмайдиган ташкилотга айлангани, уни ўзгартириб, келажакда бундай ҳатоларга йўл қўймаслик ҳақидаги баёнотига зид нарсадир. Абдуллаев Мирзиёевга нисбатан бошқача нуқтаи назарга эга бўлса керак. У ҳолда, ўз навбатида мамлакатни ким бошқараётгани ҳақида ўринли савол туғилади.

Кейинги пайтлар ислоҳотларни амалга ошириш учун Мирзиёевнинг суянадиган ўз командаси борми, бор бўлса, у кимлардан иборат, деган саволлар муҳокама бўляпти. Команда аъзолари, уларнинг ўрни, сўзлари ва ҳаракатларига қараб мамлакат қайси йўналишда ҳаракатлаётганини тасаввур қилган бўлардик. Ихтиёр Абдуллаев мазкур команданинг энг муҳим аъзоларидан бири экани аниқ бўлди. Унинг сўзлари ва ҳаракатига қараб президент нималарни кўзлаётганини биламиз. Мирзиёев командасининг ушбу аъзосини юқорида келтирилган сўзлари мамлакат ҳақиқатан комплекс ислоҳотлар сари юз тутаётганига шубҳа уйғотади.

Сурат Икрамов. Rferl.org сайти фотоси
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг (ЎМҲҲТГ) раиси Сурат Икромов президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

«Агар, Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ мухолифатчи сиёсий партиялар ўз ҳаракатини қонун доираси киритсалар, бу нодемократик ҳодиса бўладими? Нега Ихтиёр Абдуллаев олдиндан мухолифат партияларини душман деб ҳисоблайди? - дейилади мурожаатда. - ДХХ бошлиғи Ўзбекистонда диний фундаментализм кучайиб бораётганини айтади. Бу - 25 йил давомида динга эътиқод қилганларни қийнаб, уларга нисбатан соҳта жиноий ишлар қўзғатиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилган МХХнинг абсурд ва чириган мафкурасидир ва бу йўлда 18 мингдан ортиқ бегуноҳ инсон қатағон қилинган.

МХХнинг номи ДХХга ўзгартирилган ҳолда, сиёсий фаол фуқаролар, диндорлар, тадбиркор ва фермерларни репрессия қилиш давом этадими?

“Зарарли сармояларнинг кириб келиши” боис қўшни давлатлар билан чегарани беркитиш керак эмиш. Инвесторларни душман ва айғоқчи деб ҳисоблаш абсудр нарса, дейди Сурат Икромов. «Инвесторларга йўл беркитилса, Ўзбекистон иқтисодиётининг ким ривожлантиради?»

ЎМҲҲТГ раиси ўз мурожаатида президентдан “бузғунчилик, саботаж, иқтисодиётни ёмон аҳволга келтирувчи сиёсий узоқни кўра билмаслик, динга эътиқод қилувчиларга нисбатан репрессияни давом эттириш ва Ўзбекистондаги вазиятни издан чиқариши мумкинлиги” ни ҳисобга олиб, Ихтиёр Абдуллаевни ДХХ раиси лавозимида қолдиришни яна бир бор ўйлаб қўришини илтимос қилди.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги