10:44 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москвага қўл силтадиларми? Аркадий Дубнов собиқ совет Осиёсининг ўз ўйинлари ҳақида

17.03.2018 16:40 msk

Фарғона

Остонада Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг учрашуви. Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотоси

Остонада Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг “маслаҳат учрашуви” бўлиб ўтди. Туркманистон президенти учрашувга келолмади, унинг ўрнида парламент спикери қатнашди. Бу кўп йиллардан бери минтақадаги улкан қўшнилар — Россия ёки Хитойсиз ўтказилган дастлабки учрашув бўлди. Мазкур анжуманнинг муҳимлиги нимада, нега энди у ҳозир ўтказилди, Москванинг энг содиқ иттифоқчиси ва ҳамкорларининг йироқлашаётгани нималарнидир англатадими? Бу ҳақда сиёсатшунос, Марказий Осиё бўйича мутахассис Аркадий Дубнов ўз фикрлари билан баҳамлашади.

* * *

Мана, ўзоқ йиллардан бери собиқ совет Марказий Осиё давлатлари Россия ёки Хитойсиз мустақил равишда яхлит халқаро алоқаларга эга субъектга айланиб, бирорта интеграция тизимини барпо этолмади, деган гаплар юради.

СССР парчалангандан сўнг минтақадаги давлатлар - Қирғизистонда парламент демократиясини ўрнатишдан тортиб, Туркманистонда очиқ осиёча деспот ўрнатилишигача бўлган турли йўлларни босиб ўтди. Мамлакатлар ўртасида етакчиларнинг субъектив ўзига хослиги сабаб, ишончли ҳамкорлик ўрнатилмади. Айниқса. бунда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг фобиялари, минтақадаги ҳамкасбларини кўролмаслиги, менсимаслиги ўз ишини бажарди.

Минтақадаги энг муҳим, барча давлатлар, жумладан, Афғонистон билан ҳам чегарадош бўлган мамлакатни чорак аср Ислом Каримов бошқарганини, қайсидир маънода Марказий Осиёнинг ўзига хослигини топишдаги йўқотилган давр, деса бўлади. Албатта, бу ерда ўзга хосликни тиклаш бирор маънони англатса...

Мана Каримов ҳам йўқ, туннел сўнггида ёруғлик пайдо бўлгандек...Унинг вориси МХХ корпорация томонидан қўйилган шахс эмас, аксинча корпорация қурбонига айланган собиқ бош вазир Шавкат Мирзиев бўлиши аниқ бўлди. Шу муносабат билан Мирзиёев томонидан Остона учрашуви олдидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматини Давлат хавфсизлик хизматига ўзгартирилиши рамзий маънога эга. Назаримда, бу учта ҳарф қўлоққа ширин чалинмайди, зеро “давлат хавфсизлиги” сўзи ҳар қандай собиқ совет одами этини жунжитмай қўймайди. Тошкентда буни ҳисобга олмаган кўринадилар...


Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбаев. Қозоғистон матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистоннинг янги президенти мамлакат аҳолиси ҳаётининг барча жабҳаларига кириб борган, монстрга айланган энг қудратли куч тизимини тизгинлашга бел боғлагани кўриниб турибди. Бу биринчи навбатда Ўзбекистоннинг дунёга, аввало минтақадаги қўшниларига юзланишига имкон беради.

Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари остида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик ўрнатиш устувор ва реалликка айланган Тошкентнинг янги ташқи сиёсати муаллифларидан бирини Ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов, дейиш мумкин. Остона учрашуви мезбони Нурсултон Назарбоев кейинги бир йил ичида Мирзиёев минтақада ўн йиллаб ҳал бўлмаган муаммолар ечимини тополганини таъкилади. Айниқса, бу Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларида яққол кўзга ташланади: чегаралар миналардан тозаланди, Каримов даврида тўхтатиб қўйилган авиа, темир йўл алоқалари тикланди, одамларга 30 кунлик визасиз борди-келди қилиш имконияти берилди...

Бошқа иккитомонлама алоқалар, жумладан, Тошкентнинг Остона ва Бишкек билан муносабатлари сифат жиҳатидан янгиланди. Бу, шунингдек, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг президентликни тарк этганига ҳам боғлиқ бўлди. Учрашувда унинг исми тилга олинмади, лекин қозоқ матбуоти Қозоғистон президенти Назарбоев ва Қирғизистон президенти Жээнбековнинг нақадар қўл сиқиб саломлашганларига эътибор қаратди.


Сооронбай Жээнбеков ва Нурсултон Назарбоев. Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Худога шукр, ҳаммаси яхши бўлди, насиб қилса бундан-да мустаҳкам бўлади, деган хулосага келдилар журналистлар Назарбоев ва Мирзиёевнинг қўл сиқишларини кўриб. Бу кузатув ростдан-да аниқ эди: икки президент бир-биридан кўнгли тўлганини ўзаро ҳушомадларидан ҳам билса бўларди, қозоқларнинг элбошиси “бугун кайфияти аъло экани”ни тан олди. Бунга асос бор эди. Остона ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар яхшиланаётгани боис ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товарайирбошлаш 44 фоизга ошган, яқин бир, икки йил ичида у 5 миллиард долларга етказилиши кутилмоқда.

Назарбоев янада қалин ҳамкорликка чақирди: «бизда ўзимизнинг анорлар етилган, бизлар бўлса Исроилдан қулупнайлар сотиб оляпмиз. Буни ўзгартиришимиз керак!» Бу ерда элбоши мантиғининг бир жойини тушунолмадим, анон - анор билан, қулупнай ўз йўлига, бошқа фикрларига мутлоқ қўшиламан. Дарҳақиқат, ўзбек қулупнайи дунёда энг зўридир!

Ваниҳоят, “маслаҳат учрашуви”нинг энг нозик томони: у бирорта россиялик вакилсиз тугул, Москва билан келишилмаган ҳолда ўтказилди.

Қирғиз президенти Жээнбеков билан иккитомонлама учрашувда Назарбоев «Марказий Осиё мамлакатлари масалаларини ҳал этиш учун учинчи одамни чақириш шарт эмас»лигига урғу берди. Ўн йилча бундай форматда учрашмагандик, деди қозоқ етакчиси.

Учрашувга ҳам ажойиб бир сабаб топилди, Назарбоевнинг сўзларига кўра, улар Марказий Осиё халқлари нишонлайдиган “буюк” байрам - Наврўз шодиёнаси арафасида учрашдилар...

Қозоғистон президенти барча учрашувларда “Катта оға”ни ёдга олди: “биз биродарларимиз билан учрашдик, олдимизга ҳеч қандай сиёсий вазифа қўйилмаган” деди, минтақа хавфсизлигини КХШТ (ОДКБ) ва “Россия билан ҳамкорликда” ҳал этилишини, “бизлар бу ерда чекланиб қолмай, Россия, Хитойдек қўшниларимиз борзорлари борлигини” назардан қочирмаслигини, Евросиё иқтисодий ҳамкорлигига қўшимча “бирорта янги структура тузилмаётгани” га урғу берди. Ваниҳоят ҳамкасблари номидан Россияда ўтказиладиган президент сайловига муваффақият ва шахсан Владимир Владимирович Путинга омадлар тилади.

Аркадий Дубнов. Rferl.org сайти фотоси
Ҳозирги шароитда – сиёсий жиҳатдан тўғри йўл.

Яна бир омилни назардан соқит қилмаслик керак: Россия борган сари унга берилган ва унинг жавобан берган санкциялари туфайли дунёда “яккаланиб” қоляпти. Автаркия йўлидан одимлаётган Москва билан биродарлик келажакни бошқача тасаввур қилувчи унинг ҳамкорларига, минтақанинг сиёсий элиталари, айниқса, қозоғистонликларга қимматга тушиши мумкин.

Минтақада Кремль билан ўта яқинликдан куйиб қолмасликка ҳаракат қилишади. Марказий Осиёнинг етакчи давлатлари сифатида Қозоғистон Ўзбекистон билан россияликлар сармоясига қарам бўлмаган ҳолда, ўз ресурслари эвазига ривожланиши мумкинлигини таъкидламоқда. Учрашувда Назарбоев шундай деди: «Минтақа ичида молиялаштириш манбасини яратиш лозим», - бу йўлда, жумладан, бош вазир ўринбосарлари иштирокида беш томонли комиссия тузиляпти.

Минтақа мамлакатларидан талабаларни қабул қилишини айтиб, Остона Марказий Осиёнинг интелектуал маркази бўлишга даъво қилмоқда. Бунга қадар анъанавий “бюджет” шаклида ўқув маркази Россия ҳисобланарди.

Бунга Москва қандай қараяпти? Биринчидан, ҳозирда Кремлни Марказий Осиёнинг жиплашув сиёсатидан кўра, бошқа бош оғриқлар қуршаб олган: Украина, Сурия, Америка, «атрофни ислослаштираётган инглиз хоними», булар бор куч ва диққатни эгаллаб турибди. Баъзида кимдир Россия ҳукуматига турфахилликни эслатиб туради. Масалан, 15 март куни Россия ташқи сиёсий маҳкамаси раҳбари Сергей Лавровга Остона америкаликлар учун визасиз режимни жорий қилишга тайёр эканини айтишганда, Лавров тўғрисини айтган: «Бу ҳақда биринчи бор эшитиб турибман. Эртага (16 март)  Остонада бўламан (бу ерда Туркия ва Эрон билан Суриядаги тинчлик жараёни борасида консултациялар ўтказилади)  ва дўстим Кайратдан  (Қозоғистон ташқи ишлар вазири) сўраб биламан. Бу масала ЕИИ билан келишувни талаб қилади, чунки бу ташкилот доирасида бизларда ҳам визасиз режим».

Америкаликлар ҳам қаттиқ бош оғриғи, улар “инглиз хоними”дан ҳам баттар нарса. Улар тушида ҳам, ўнгида ҳам Афғонистондаги ташрифи билан Марказий Осиёдаги вазиятни издан чиқаришни ўйлайди. Бу ҳақда Остонадаги учрашувдан олдин РФ президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Қобулов маълум қилди. Иккинчи томондан, Россия президенти ўзининг барча махсус вакилларини назорат қилиш қийинлигини айтганди. Бундан келиб чиқиб, Қобулов кимнинг нуқтаи назарини баён қилганини англаш қийин...

Москва яқин кунларда Тошкентда БМТ Бош котиби иштирокида Афғонистон бўйича олий даражада ўтадиган конференцияга ҳам ҳудди шундай муносабат билдирмоқда. Анжуманда, қатор давлатлар раҳбарлари Афғонистондаги тинчлик жараёнида толибларнинг иштироки билан боғлиқ масалаларни муҳокама қиладилар. Анжуманда Сергей Лавров ҳам иштирок этади. Бироқ, Қобулов сўзларига кўра, Афғонистон масаласида “Толибон” ҳаракати иштирокидаги Москва формати мақсадга мувофиқдир. Маълумки, ўтган йили Москвада ўтган “афғон” конференцияси яхши натижа бермагани боис. формат давомсиз қолди.

Россия ташаббуси билан ўтказилаётган анжуманларнинг яхши натижалар бермаётганига, юқорида тилга олинган сабаблар, жумладан, Россияга бўлган санкциялар оқибатидир, дейиш унчалик муболаға бўлмайди.

Кремль ва дунё муносабатларига қарам бўлиб қолмасдан, захира сифатида бошқа йўлдан олдинга интилаётган Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳамкорларини бирор нарсада айблаш инсофдан бўлармикан?!

Аркадий Дубнов, «Фарғона» учун махсус тайёрланди, Остона

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги