02:52 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Каъба ёнидаги дилхираликлар.Мусулмон аёлларининг ҳаж пайтидаги эркакларнинг тегажоқлигига доир ҳикоялари

17.03.2018 00:15 msk

Александр Рибин

Muftiyat.kg сайти фотоси

АҚШ ва Европа (ҳаттоки Россия) мамалакатларида аёлларнинг эркаклар ҳулқи устидан шикоятлари оммавий муҳокама қилинаётган бир пайтда, мусулмон давлатларидаги аҳвол ўзгача, у ерларда “уйдаги гап кўчага чиқмайди”. Анъанавий ислом маданиятида тарбияланган аёллар учун жинсий муносабатларни муҳокама қилиш уят ҳисобланади. Балки шунинг учун бундай ҳолат эркакларнинг аёлларга нисбатан беҳурматлиги ошиб бораётгани сабаб бўлаётгандир? Ҳаттоки, мусулмон дунёсида энг муқаддас саналмиш ҳаж амалини бажариш пайтида ҳам айрим мусулмон аёллари эркакларнинг тегажоқлигини ҳис қилмоқда. Энг афсусланарли жойи шундаки, бундай дилхираликлар муқаддас шаҳар Макканинг Каъбатуллоҳи ёнида ҳам содир этилаётганини айрим аёллар қайд этганлар.

Ҳар йили юз минглаб мусулмон аёллари ҳаж зиёратини амалга ошириш учун Макка шаҳрига келадилар. Лекин уларнинг барчаси ҳам диний маросимлар амалидан баҳраманд бўлолмайдилар. Бунга сабаб, уларнинг ҳажга келган айрим эркаклар тегажоқлигига учраётганидадир. Шу йилнинг феврал ойида Facebookнинг инглиз тилидаги сегментида Сабина Хан (Sabina Khan) нинг ҳаж пайтида эркаклар тегажоқлигига оид очиқ ҳикояси шов-шувга сабаб бўлди. Покистонлик қиз ўз саҳифасида тавоф амалини бажараётган пайти бир эркак унинг баданига қўл югуртиргани айтади. «Мен ўзимни хўрлангандек ҳис қилдим. Шу билан бирга атрофдагиларга дардимни айтолмаслигимни ҳам билардим. Жим бўлдим. Чунки, онамдан ташқари ҳеч ким менинг гапимни жиддий қабул қилмаслигига амин эдим», - дея бўлган воқеани сўзлаб беради покистонлик қиз.

Орадан бир неча кун ўтиб, Сабина Хан Facebookдаги эркаклар тайзиқи ҳақидаги ҳикоясини ўчириб ташлайди. Бунда қизга нисбатан эркакларнинг агрессив, таҳдидга бой изоҳлари роль ўйнаганга ўхшайди. Покистон эса диний радикалларнинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилмоқчи бўлган аёлларга бўлган зулмкор муносабатлари билан машҳур.

Шунга қарамасдан, Сабина тарихи бошқа мусулмон аёлларини фаол муносабатга чорлади. Ижтимоий тармоқларда #MosqueMeToo белгиси билан ҳаж пайтида жинсий тайзиққа учраган бошқа аёлларнинг ҳикоялари пайдо бўла бошлади. CNN Сабина Хан куйига тушган бир неча зиёратчи аёллар билан суҳбатлашди.

Асра Надим, АҚШда яшовчи покистонлик аёл

«2006 йили ҳаж зиёратига борганимда 21 ёшда эдим. Биринчи салбий таасуротим “шайтонга тош отиш пайти” одамлар орасида қисилиб қолганим билан боғлиқ бўлди. Бир неча кундан кейин умра зиёратини бажо қилиш учун Маккага қайтдим. Каъба атрофида тавоф қилган чоғим ёнимда менга таниш эркак йўқ эди. Каъба тошига яқинлашган сари одамларнинг сони кўпаярди. Ҳамманинг муқаддас тошни ушлагиси келарди. Мен ҳам унга яқинлашмоқчи бўлдим. Каъбага яқин келганимда кимдир ортимдан менга қўл солганини сездим. Дастлаб бу одамлар кўплиги, тирбандликдан бўлса керак, деб ўйладим. Ўгирилиб қарасам, бир йигит менга қараб иршайиб турибди. Кейин у менинг сийнамдан ушлади. Мен унга “қўлингни торт” дея бақира бошладим. Одамлар эса “ялла” (сурил, тезроқ юр) дея мени олдинга итаришарди.

Мен бу кўнгилсизлик ҳақида хавфсизлик хизмати ходимларига айтиб бердим. Лекин улар инглизча тушунишмади ва ўз йўлимда давом этишимга ишора қилишди.

Ҳаж – кучли руҳий кечинма бўлиб, сиз бошқа бир ҳолатга кириб қоласиз. Сиз Яратганга илтижолар қилиб, ички дунёингиз қаърига чўкиб кетасиз. Мана шундай муқаддас зиёрат пайти айрим эркакларнинг бунчалар тубан кетиши қалбимни оғритди.

2006 йилги ҳаж сафаридан сўнг бошқа Макка шаҳрига келмадим. Биринчи зиёратим қўнглимда салбий таасуротлар қолдирганди – биринчиси одамларнинг сур-сури бўлса, иккинчиси бир эркакнинг беҳаёларча тегажоқлиги бўлди».


Каъба ёнидаги аёллар. Фото Aboutislam.net сайти фотоси

Ҳозирда Осиёда истиқомат қилувчи инглиз аёли (исмини ошкор қилмасликни сўраган)

«2007 йили Маккага боргунга қадар мен ҳеч қачон эркакларнинг тегажоқлигига учрамагандим. Ўшанда 32 ёшда эдим. Биринчи бор тавоф пайти кимдир менга суйкала бошлади. Нотаниш эркак мен томонга йўл олди ва унга яқин келганимда у сийнамга чангал солди. У кўкрагимни шундай қаттиқ сиқдики, оғриқдан бақириб юбордим. У дарҳол кўкрагимни қўйиб юбормади. Сийнамни сиқар экан кўзларига билан менга бақрайиб турарди.

Иккинчи ноҳуш воқеа Аль Ҳарам масжиди ҳовлисида юз берди. Кимдир ортимдан умуртқамни пастки томонини қиса бошлади. У ерда одамлар кўплиги сабаб кўпчилик бир-бирига туртилиб кетарди. Лекин босим давом этди. Ортимга ўгирилиб, бир эркак атайин суйкалаётганини кўрдим. У кўзларини мендан узмасди.

Мен қочиб бориб полициячига учрадим. Унга инглизчалаб нима бўлганини айтиб бердим. У мени ҳайдаб юборди, мени эшитгисиям келмади. Мен ҳатто унга бегажоқлик қилган одамни ишора қилиб кўрсатдим, лекин барибир полициячи гапларимга қулоқ солмади.

Учинчи марта дилхиралик сувенирлар сотиладиган расталарни томоша қилаётганимда юз берди. Ортимдан қандайдир зарбани сездим. Билсам, қари бир чол кетимга қарсиллатиб шапалоқ урди. Бу воқеа кутилмаганда бўлгани боис бақириб юбордим. Қуриб кетгур чол менга кулиб “Алхамдулиллоҳ”, деди. Қарши томондаги савдогар менга ўгирилиб тургани учун бу ҳолатни кўрмади.

Ҳаж сафаридан олдин эркакларнинг тегажоқлик қилиши мумкинлидан мени огоҳлантиришганди. Барибир, Маккада шок ҳолатини бошдан кечирдим. Ўйлайманки, ҳаж пайтида бундай дилхираликлар тез-тез бўлиб туради. Сексуал тайзиқ ҳақида гапириш қийин нарса, ҳолбуки бу нарсалар муқаддас ҳаж сафарида юз берса, у ҳақда гапириш бундан-да қийин.

Бир неча йилдан сўнг яна Макка шаҳрига бордим. Бу гал шахсий муҳитимни кескинроқ ҳимоя қилишга қарор қилдим. Йўлда бировлар тегинмаслиги учун шошилиб юрдим. Одамлар камроқ бўладиган пайт - эрталаб ва кечқурун ҳаж амалларини бажардим. Бу гал тавоф амалидан воз кечдим».

Ануш Муштак, Австралияда яшовчи покистонлик аёл

«10 ёшга кирганимда, оила аъзоларим Ливияга кўчиб ўтдилар. Чунки отам Покистон ҳарбий ҳаво кучларида хизмат қилгани боис иазкур мамлакатга тўрт йилга хизмат сафарига юборилганди. 1980 йили ота-онам ҳаж амалини бажармоқчи бўлдилар. Ўша пайтлар роса ҳаяжонланганимни эслайман. Чунки муқаддас Макка шаҳрига бориш ҳар кимга ҳам насиб қилавермасди. Биз опам билан сафарни интиқлик билан кутганмиз.

Каъба тошига яқинлашганимизда атрофда тумонат одамлар бор эди. Бирдан бир ёш йигит ортимдан менга суркала бошлади. Ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Онамнинг қўлларини ушлаб, уларнинг олдига ўтиб олдим. Мен бўлиб ўтган воқеани онамга айтиш-айтмасликни билмасдим, шунинг учун жим бўлдим.

Ҳаж пайти автобусда Маккадан Мадина шаҳрига боришимиз керак эди. Мен автобусда опам билан бирга ўтирдим, ота-онам эса орқадаги ўриндиқлардан жой олдилар. Кондуктор салонда юриб, чипталарни текширарди. У менинг ўриндиғим олдига келиб, нимадир тўғрилаб қўймоқчидек бўлди. У кўкрагимга қўлини қўйди, кейин оёқларимдан ушлади. Менинг ғазабим ва нафратим қўзиди, лекин нима қилишни билмасдим. Кейин у қўлини чўзиб, бир пайтнинг ўзида қорни билан юзимни босганча автобус ойнаси пардасини тўғриламоқчи бўлди.

Мен оиламиз шаънини ўйлаган ҳолда, бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмадим. Мен ижтимоий тармоқларда ҳаж сафарида юз бераётган кўнгилсиз воқеалар ҳақида гап кетганлиги учунгина бўлган воқеани сўзлаб беряпман. Ўтмишдаги дилхираликка қарамасдан, агар имконият туғилса, албатта иккинчи бор ҳаж сафарига бораман».

Саудия ҳукумати бу дилхираликларга панжа ортидан қарайди

Саудия ҳукумати ҳаж зиёрати пайтида юз берадиган бундай сексуал тайзиқларни рад этади. Уларнинг фикрича, “фақат руҳий камолотга эришган инсонлар” гина ҳаж сафарига йўл оладилар.

Лекин шунга қарамасдан #MosqueMeToo белгиси билан берилаётган воқеалар кўпайиб, бу ҳақда турли жаҳон ОАВ ёза бошлади. Уларга кўз юмиб бўлмайди. Шуниси таажубланарки, айнан Каъбани айланиш чоғида кўнгилсиз воқеалар юз бериши ҳақида ҳикоялар кўп. Бу ҳақда гапиришга фақат озмунча оврупа маданиятидан хабардор аёллар, шунингдек, эронлик аёлларгина жазм қиладилар. Гап шундаки, улар консерватив мусулмон оилаларида тарбияланган аёлларга қараганда анча эркин фирклайдилар.

Ҳар йили Маккага уч миллионга яқин зиёратчилар келади. Масалан, 2016 йили ҳажга келганларнинг 42 фоизини аёллар ташкил этган. Гарчи Саудия Арабистони ҳукумати ҳаж пайтида эркаклар тегажоқлиги фактларини инкор қилсада, 2017 йили сентябрда Қиролликда аёлларга тайзиқ ўтказганлик учун бериладиган жазо кескинлашган. Бундан ташқари, энди Маккада тартибни назорат қилувчи хавфсизлик хизмати ходимлари орасида аёллар ҳам хизмат қилмоқдалар.

Сексуал қуллик

Ислом динида энг кўзга ташланган жинсий тенгсизлик бу — эркаклар учун кўп хотинлиликка рухсат берилишидир. Лекин бу ҳамма ерга ҳам тарқалмаган. Масалан, Эрон давлати шариат нормаларига қурилган бўлсада, у ерда кўп хотинлиликни ёқламайдилар. Саводли шаҳар аҳолиси кўпхотинлиликни “ёввойилик” деб қабул қилади.

Кўпхотинлилик қишлоқ жойларида учраши мумкин. Масалан, мамлакатнинг суннийлар кўпроқ истиқомат қиладиган Систон ва Белужистонда бу ҳолатга дуч келиш мумкин. Эроннинг араб этносига мансуб одамлар яшайдиган жануби-ғарбий ўлкаларида кўпхотинлилик кам учрайди.

Қўшни Афғонистонда эса, ёш масаласида улкан тафовутга эга одамлар ўртасидаги никоҳлар шариат нормаси деб қабул қилиш одатга айланган. Бу ерда 8-10-ёшли қизчалар 40-60-ёшли эркакларга турмушга бериш ҳолатлари юз берган. Буни қизчанинг ота-онаси хоҳши билан изоҳлашади. Афғонистондан ташқари, бундай никоҳлар Саудия Арабистони ва Яманда ҳам учраши қайд этилган. Мутахассисларнинг фикрича, Афғонистон ва Яманда қизларнинг йигирма фоизи 12 ёшгача турмушга узатиларкан. Ёш бўйича номутаносиб ниқоҳлар Россиянинг Чеченистон Республикасида ҳам юз берган ҳолатлар мавжуд. Бундай ниқоҳларга ўлка раҳбари Рамзан Қодировнинг ўзи изн берган.

Жинсий зўравонлик билан боғлиқ энг даҳшатли воқеалар Ироқ ва Сурия ҳудудида пайдо бўлган “Ислом давлати”да (тақиқланган “Ироқ ва Левант Ислом давлати ”террорчи ташкилот, арабчасига - ДАИШ) юз берган. Бу ерда мусулмон бўлмаган езид миллатига мансуб аёллар ҳўрланган, зўрланган. Террорчи ташкилот мафкураси езидларни “будпарастлар” га тенглаштирган ва уларга нисбатан геноцид ўтказилишига чақириқлар янграган. Энг ёмони, ИД геноцидни Қуръон суралари билан асослаган. Жангарилар қари ёшдаги эркак ва аёлларни қатл қилиб, қиз ва йигитларни ўз лагерларига олиб кетишган. Террорчилар ўғил болалардан шаҳидлар тайёрлаган бўлсалар, аёл ва қизларни чўри сифатида ишлатишган. Қулликдан қочиб кетишга муваффақ бўлган езид аёлларидан бири Надя Мурод бугунги кунда БМТнинг кўнгилли Элчиси ва ҳуқуқ ҳимоячиси ҳисобланади. У езидлардан ташқари, бутун жаҳонда жабр кўраётган аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун жон куйдиради.

Александр Рибин

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги