10:44 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Яшил паспорт конвертацияси. Фуқароликдан чиқиш амалиётини соддалаштириш Ўзбекистонга миллионлаб доллар фойда келтириши мумкин

16.03.2018 00:10 msk

Феруза Жани

Nuz.uz сайти фотоси

Ўзбекистоннинг янги президенти сайёҳликни мамлакатнинг иқтисодий равнақидаги бош омилга айлантириш ҳаракатида. Виза олишни енгиллаштиряпти, туристлар учун қулайликлар яратиб, ушбу соҳада фаолият юритаётган компанияларга имтиёзлар беряпти, махсус сайёҳлик зоналарини яратяпти. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси сайёҳлик мавзумида Ўзбекистонни танловчи чет элликларнинг сони ортишидан дарак беради.

Лекин шундай одамлар борки, улар бундай янги қулайликларсиз ҳам Ўзбекистонга талпинадилар. Уларни Ўзбекистоннинг нафақат бетакрор меъморий обидалари, балки жазирама паллада сув сепилган хонадонлардаги райҳон ислари, узум суртаклари сояси, зиғир мойида пиширилган паловнинг ҳиди жалб этади. Уларнинг беғубор болалик ва ўсмирлик дамлари кечган жойларни кўргиси, қариндош ва дўстлари билар дийдор кўришгиси, шу заминда яшаб ўтган яқинларининг руҳларини шод айлаб, уларнинг қабрларини зиёрат қилгиси келади. Улар сайёҳ сифатида бир эмас, бир неча бор Ўзбекистонга келиб, мамлакат ғазнасига тўлдиришда пулларини аямаган бўлардилар. Айрим ишбилармонлар эса ўзбек заминида бизнес юритишни хоҳлайдилар. Лекин уларни бу ерга келиб, жиддий муаммоларга дуч келиш хавфи тўхтатиб туради.

Бу одамлар, гарчи бошқа мамлакат фуқаролиги олган бўлсаларда, расман Ўзбекистон фуқроси бўлиб қолаверганлар. Агар Ўзбекистонга ўз паспорти билан учиб келмасалар, аэропортдаги паспорт назоратидан ўтаётганларида ёки келган жойига қайддан ўтиш пайтида уларни муаммолар кутиб туради, чунки маълумотлар базасида уларнинг қайси фуқароликка мансублиги ойдинлашади. Ўшанда келган шахс Жиноят кодексининг 223 моддаси (ноқонуний чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига ноқонуний кириш) билан қўлга тушиши аниқ. Мазкур модда фуқарога катта жарима солинишидан тортиб, ўн йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосини кўзда тутади. Мана шундай қисмат минглаб одамларнинг ватанга боришдан воз кечишга мажбур қилади.

Бундай муаммодан расман фуқароликдан чиқиш ёки уни йўқотиш процедурасидан ўтиш орқали халос бўлиш мумкин. Бундай тадбир Ўзбекистон президентининг бу борада фармон чиқариши ва ариза берган кимсага расмий баённома берилиши билан якунланади. Ўзга давлат паспорти билан Ўзбекистонга ташриф буюрганда мазкур баённома ўзингиз билан бирга бўлиши керак. Лекин бу процедурадан ўтиш осон эмас, у анча вақт талаб қилади.

Қанча одамлар кўчиб кетган

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2006 йилдан 2017 йилга қадар мамлакатдан 474 минг одам кўчиб кетган. Бунга аввалги ўн тўрт йил ичида (1991-2005) кетган одамлар сони қўшилса, рақам камида икки баробарга кўпаяди. Бу фақат расмий маълумотларга таалуқли ҳолат.

Де-юре қанча одам мамлакатни тарк этгани номаълум. Кетганлар орасида аввалги хонадонларидан пропискадан чиқмаганлари ҳам талайгина. Давлат қўмитаси буни инобатга оладими-йўқми, буни аниқлай олмадик. Бу борада январь охирида берган сўровимизга жавоб беришмади.




Мустақил Ўзбекистон даврида турли йиллар мамлакатни тарк этган одамлар рўйхати Давлат статистика қўмитаси сайтидан олинган. Бунга 2017 йилги 177,7 минг одамни қўшсак, кетганларнинг сони 6,2 миллион одамни ташкил этмоқда. Бир қарашда бу оддий нарса эмас. Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида кетган 177,7 минг одамдан 22,7 мингтасигина доимий яшаш жойига (ПМЖ)га эга, қолганлари ички кўчиб юрганлар сарасига киради. Булар қандай “тоифа” экани ҳақида “Фарғона” берган савол жавобсиз қолди. Балки улар ҳисобот даврида расман прописка жойини ўзгартирган ёки пропискадан чиқиб, уни ҳеч қаерга қўймаган одамлардир? Давлат статистика қўмитаси сайтида 2006 йилдан 2017 йилгача бўлган ҳисобот бор, уларнинг кўпчилигида миграция салдоси қўрсатилган. Шу даврни ҳисоб-китоб қилган ҳолда 474 мингдан зиёд эмигрантлар борлигини аниқладик.

Рад этилган, лекин кимнинг бундан хабари бор?

Одатда эмигрантлар маҳаллий аҳоли билан ҳуқуқий тенгликка эришиш ниятида яшаётган мамлактининг фуқаролигини олади. Камдан-кам давлат ўз фуқароларининг бошқа мамлакат фуқаролигини олишини тан олади. Ўзбекистон ҳеч қайси давлат билан иккита фуқаролик борасида шартнома имзоламаган. Иккинчи фуқаролик учун Тошкент одамни жазога тортмайди, лекин республикада яшаш ва унинг чегарани кесиб ўтиш учун одамдан ўз паспортини тақдим этишни талаб қилади.

Россияда фуқароликни расмийлаштириш учун “чет эл ваколатли органининг амалдаги фуқароликни рад этиши” ҳақидаги аризанинг нусхасини тақдим этишнинг ўзи кифоя. Янги россияликлар бўлмиш айрим эмигрантлар Россия Федерал миграция хизматига (ФМХ қисқартирилиб, 2016 йил апрелида ИИВ таркибига бириктирилган - муаллиф изоҳи) Ўзбекистон элчихонасига почта орқали юборилган ўзбек фуқаролигини рад этиш борасидаги аризанинг нотариал тасдиқланган нусхасини топширганлар. Муаммо шундаки, ўзбек фуқаролигидан воз кечиш борасидаги аризани Россия томони қабул қилади, лекин ўзбеклар буни тан олмайдилар. Республиканинг дипломатик ваколатхонаси сайтида “почта ёки факс орқали кўриб чиқиш учун юборилган ҳужжатлар кўриб чиқилмайди ва қайтариб берилмайди” деб ёзилган.

Муаммоли ҳужжатлар: тарк этиш варағи (листок убытия) ва янги ўзбек паспорти

Ўзбекистон фуқаролигидан чиқишни қонуний расмийлаштириш учун (МДҲда яшовчилар учун - $110) қатор ҳужжатларни тақдим этиш лозим ва уларнинг айримларини олиш пайтида муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Булар — манзилли тарк этиш варағи ва биометрик ўзбек паспортидир.

Манзилли тарк этиш варағи МДҲ давлатларига кўчиб кетаётган одамларга доимий яшаш жойидан берилади (Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси сайтида рўйхат Россия, Беларусь ва Арманистон билан чекланган). Лекин кўпчилик эмигрантлар ушбу варақани йўқотганлар ёки янги мамлакатда прописка қилинаётган пайт бошқасини олганлар. Унинг дубликатини консуллик хизмати ёрдамида олиш мумкин. Лекин бунинг учун инсон консуллик учётида туриши керак. Учётга қўйиш учун яна ўша “тарк этиш варағи” керак бўлади.

“Фуқароликдан воз кечиш”, “фуқароликдан чиқиш” ва “фуқароликни йўқотиш, ундан маҳрум қилиниш” тушунчаларини фарқлай билиш керак. Фуқароликни расмийлаштириш пайти Россия томонидан талаб этиладиган “воз кечиш”лик Ўзбекистон дипломатик ваколатхонасига жўнатиладиган нотариус орқали тасдиқланган ариза ҳисобланади. Фуқароликдан чиқиш ташаббусчи томонидан ҳужжатларни жамлаш ва топширишдан иборат амалиёт. Фуқароликни йўқотиш, ундан маҳрум бўлиш жисмоний шахс эмас, давлат органи ташаббуси билан янги тартиб асосида амалга ошириладиган бошқа амалиётдир.

2017 йил ёзидан бошлаб Ўзбекистондан тарк этиш варақасини ишончнома орқали масофадан олиш мумкинмас (қизиқ, нима учун?), бунинг учун шахсан Ўзбекистонга бориш керак. Одамнинг у ерга бориб-келиши бир неча юз долларга тушади.

Муаммо шундаки, агар ўзбек пастортига оид бирор муаммо бор бўлса, тарк этиш варақаси учун Ўзбекистонга шахсан боришнинг иложи йўқ: юқорида айтилганидек, Ўзбекистон фуқаролари фақат ўзбек паспорти билан чегарани кесиб ўтишлари мумкин. Лекин айрим одамлар уни йўқотган, бошқалари паспорт муддатини ўтказиб юборган бўлиши мумкин. Бошқа мамлакат паспортини олган инсон ўзбек паспорти муддатини кузатмай қўяди. Айримларнинг эса паспорти биометрик эмас, у деярли ўз кучини йўқотган. Бундай паспорт билан Ўбекистонга 2018 йил 1 июлга қадар бир марта борилса бўлади. Лекин у ерга боргандан сўнг паспорт лаёқатсиз деб топилади ва биометрик паспорт олишга тўғри келади (Ўзбекистонда 2011 йилдан бундай паспортлар жорий этила бошланди).

Ўзбек дипломатик ваколатхонаси орқали янги наъмунадаги паспортни олиш учун таок этиш варақаси ва эски паспортдан иборат ҳужжатларни топширган ҳолда консуллик учётига туриш ($30) лозим. Агар тарк этиш варақаси бўлмаса, «Dоimiy yashashga ketishga ruxsat berildi» деган ёзувли стикер ёпиштирилган паспортни топшириш керак. Агар паспорт ҳам йўқ бўлса, у ҳолда ИИВ томонидан паспорт йўқолганлиги баённомаси ва батафсил тушунтириш хатини ёзиб топшириш керак бўлади.

Агар консуллик учётига туришни амаллаган бўлсангиз, энди паспорт расмийлаштирилиши учун ҳужжатларни йиғишингиз, консуллик йиғими учун $60, паспорт тайёрланиши учун яна $70, паспортни йўқотганлик ёки уни яроқсиз ҳолатига келтирганлик учун $50 тўлашингизга тўғри келади. Фуқаро “паспорт ва хориж рухсатномасини олиш учун ўз вақтида мурожаат қилмагани” учун ҳар календарь (!) йилига $50 тўлашга мажбур. Дипмиссияга керакли барча ҳужжатлар топширишгандан сўнг янги паспортни бир неча ҳафта кутишга тўғри келади. У қўлга теккандан сўнг, дарҳол ундан соқит бўлишга ҳаракатни бошлаш керак бўлади.

Процедураларни қандай соддалаштириш мумкин?

Нега энди одамларни қийнамай, уларни ишончнома орқали масофадан учётдан чиқарса бўлмайдими? Бундан ҳам муҳими - тарк этиш варағини тақдим этиш талабидан воз кечилса бўлмасмикан?  Бусиз ҳам Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ишлаяптику! Бундан ташқари, 2011 йилги паспорт тизими қоидасига кўра, “ички ишлар органлари камида ойда бир марта одамларнинг учётга қўйиши ва ундан чиқишига оид маълумотларни ҳудудий статистика органига жўнатадилар”. ИИВ нинг 2017 йил 7 июлдаги қўлланмаси тарк этиш варағини олганларни бир кунда Аҳолига паспорт бериш автоматлашган маълумотлар тизими республика марказининг «Паспорт-виза» комплекс автоматлаштирилган маълумотлар тизими базасига китиришни талаб қилади. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига “доимий асосда тарк этиш варақалари, фуқароларнинг ўзларини-ўзлари бошқариш органлари, ҳусусий мулк эгалари бирлашмаларига қарашли хонадон карточкалари, уй ва хўжалик дафтарлари орқали архив материалларини ўрганиб бориш топширилган. Эмигрантлар ҳақида топилган маълумотлар ҳам умумий базага киритилади. Шундай қилиб, керакли ташкилотларнинг мустақил равишда маълум бир шахснинг Ўзбекистонда пропискада бор-йўқлигини аниқлаш қийин кечмайди. Бу эса одамларнинг фуқароликдан чиқиши жараёнини енгиллатиб, республикани “ўлик жонлар” дан халос қилган бўларди. Бундан ташқари, давлат органлари барибир мурожаат қилган шахсни обдон текширадилар.

Фуқароликдан чиқиш жараёнини ҳужжатлар орасидан ўзбек паспортини чиқариб ташлаш орқали ҳам соддалаштириш мумкин. Паспортда қандай маълумотлар борки, уларни бундан икки йил олдин “Электрон ҳукумати” дастури доирасида ҳукумат ташкил этган Ўзбекистоннинг марказлашган аҳоли маълумотлар базасидан топиб бўлмаса? Одамлардан борган мамлакатлари, виза ва муҳрларни қандай олгани, масалан, Россияда вақтинча яшашга рухсатнома қандай олинганига доир маълумотлар сўралишини қандай тушуниш мумкин? Албатта, буларнинг барчаси қизиқ. Лекин инсон ўзбек ҳукуматига сўралган ушбу маълумотларни тақдим этишни хоҳламаса, у шунчаки паспортини “йўқотиб” қўяди ва янги паспортни уларсиз ҳам расмийлаштиради.

Фуқароликни йўқотиш – ким ҳужжатларни жамлайди?

Фуқаролик қонунининг 21 моддаси қачон Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш мумкинлигига аниқлик киритади.

2015 йил 11 августга қадар бунинг учта сабаби бор эди: «1) шахснинг хорижий давлатда ҳарбий хизмат, хавфсизлик органлари хизмати, полиция, адлия органлари ёки хорижий давлатнинг бошқа органлари ва бошқармаларига ишга ўтиши; 2) агар хорижда яшаётган шахс беш йил ичида узрли сабабларсиз консуллик учётидан ўтмаган бўлса; 3) агар Ўзбекистон фуқаролиги аввалдан ёлғон маълумот ва сохта ҳужжатлар тақдим этиш орқали олинган бўлса».

Кейинчалик бунга тўртинчи пункт қўйилди – «агар шахс хорижий давлат фойдасига иш юритса ёки тинчлик ва хавфсизликка карши жиноят содир этиш орқали давлат ва жамият манфаатларига зиён келтирса».

2016 йил 23 сентябрда, яъни Шавкат Мирзиёев даврида мазкур рўйхат бешинчи пунк билан тўлдирилди – «агар шахс чет эл давлати фуқаролигини олган бўлса», - консуллик учётида бўлмаслик сабаби уч йилга қисқартирилди.

Охирги сабабдан фойдаланишни хоҳловчилар талайгина топилиши мумкин, лекин Norma.Uz портали эксперти Олег Замановнинг аниқлик киритишича, мазкур сабаб билан 2016 йил 24 сентябрдан сўнг хорижий давлат фуқаролигини олган шахсларгина ўзбек фуқаролигини йўқотиши мумкин.

Заманов «бу жараёнда фуқароликни йўқотиш унинг соҳибисиз амалга ошади. Яъни, шахс ўзбек фуқаролигидан чиқариш жараёнини тўхтатиб қололмайди ёки унга бирор йўл билан таъсирини ўтказолмайди. Табиий, бу ҳолатда ариза берилмайди, тўловлар ўтказилмайди» дейди. Унинг сўзларини «Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотишни расмийлаштириш масалалари бўйича материаллар тайёрлаш тартиби ҳақидаги қўлланма» ҳам тасдиқлайди: Республика ИИВ ва ТИВ хорижга доимий яшашга кетган фуқароларнинг консуллик учётида турмаслигини аниқлаши ва уларга нисбатан чора кўришлари лозим.

Бироқ, Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консуллиги сайтида эмигрантнинг фуқароликни йўқотиш учун йиғиши ва топшириши керак бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати келтирилган. У президент номига ёзилган ариза, таржимаи хол, суратлар, тарк этиш варақаси (МДҲ мамлакатларига кўчганлар учун) ва узбек паспортининг барча варағидан олинган икки комплект нусхани ўз ичига олади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қарор чиқарилиши учун $110 миқдорида консуллик тўлови тўланади, ҳужжатларни топшириш баённомаси $30 тушади. Бунда фуқароликни йўқотиш учун консуллик учётига туриш ва паспортни биометрик турига алмаштириш талаб қилинмайди.

Новосибирскадаги Бош консуллик сайти админлари 2016 йил июлда эълон қилинган маълумотларни янгиламаган кўринадилар. Янги қўлланманинг санаси 2017 йил 7 июлдир.

Бироқ, Ўзбекистон ИИВ ва ТИВ ҳаракатларига ишониб, одам ўз фамилиясининг “фуқаролиги йўқотилиши керак бўлганлар рўйхати”га киришига улгурмаслиги ҳам мумкин. Бундай процедурани ҳам соддалаштирса бўлади. Бунинг учун бир тўплам ҳужжатларни йиғишга мажбур қилмасдан, эмигрантларнинг ўзларига фуқароликни йўқотиш жараёнини бошлашига рухсат бериш керак.

Муддути тугати – жавоби ҳам йўқ

Дарвоқе, бу ҳаракатларнинг барчаси оқибатда зое кетиши ҳам мумкин. Фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг 39 моддасида мамлакат президенти томонидан таалуқли фармон чиқарилгандан кейингина фуқаро расман ўзбекистонлик саналмаслиги мумкинлиги айтилади. Кўпгина эмигрантлар 21 моддадан “Ўзбекистон Республикаси президенти фармони чоп этилган кундан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ўз кучини йўқотади” деган пунктнинг олиб ташланишини орзу қиладилар. Лекин конституция давлат раҳбаридан мана шундай масалаларни ҳал этишни талаб этади.

Фуқаролик ҳақидаги қонуннинг 40 моддасига мувофиқ бу борадаги аризалар бир йил давомида кўриб чиқилади. Элчихона сайтлари бу муддатни бир ярим йилга чўзади ва “Президент фармони чиққунига қадар...” дея қўшиб қўяди. Лекин эмигрантлар форумида жавоб камида уч йил кутилиши таъкидланади.

Эмигрантларнинг фуқароликдан чиқиш процедурасидан ўтмаганлиги ёки консуллик учётидан ўтмаганлиги қонун бузилиши саналмайди ва бунга қарши Ўзбекистоннинг жиноий ва маъмурий кодексларида жазо белгиланмаган.

Бу ҳолат ИИВ, ТИВ, МХХ, президент ҳузуридаги фуқаролик ишлари бўйича комиссияси ёки давлат раҳбарининг ўзи шошмаётганлигидан далолат берадими-йўқми, бу ёғи қоронғу. Лекин жавобнинг кечиктирилиши қонун бузилишини англатади. Кўринишидан, бунга ҳеч ким жавоб бермайди ҳам.

Бундан ҳам қизиғи, эмигрантлар форумини кўздан кечириш чоғи ажойиб бир воқеанинг шоҳиди бўлдик: Ислом Каримов даврида фуқароликдан чиқиш учун ариза берган одамга энди янги ариза - Шавкат Мирзиёев номига ариза бериш кераклиги ҳақида хабар берилади. «Мамлакатда президент ўзгаргани ва янги президент номига ариза ёзиш кераклиги важи билан менинг ишимни қайтариб юборишди. Жавобни икки йил кутганим бир пул бўлди. Мен янги ҳужжатларни тақдим этдим ва ишим янгитдан кўриладиган бўлди. Ҳужжатларимни қабул қилган мулозим камида 3-4 йилдан сўнг жавоб учун мурожаат қилишимни айтди», - дея ҳикоя қилади «Fromuz.com» иштирокчиси.

Жазолаш эмас, ёрдам бериш керак

Айнан фуқароликдан чиқиш жараёни қийин, ўзоқ, мураккаблиги боис кўпчилик эмигрантлар ҳужжатларни расмийлаштиришга ошиқмайдилар. Бир қарашда ҳужжатларни тартибга келтириб, ҳар ойда сайёҳлар каби Ўзбекистондаги қариндошларни зиёрат қилиб, маҳаллий бизнесни бойитиб, мазза қилиб юрмайдими одам дегани...

Лекин кимларнидир бюрократик тўсиқлар, кимларнидир пул ҳаражати ўйлантириб қўяди. Айримлар, мамлакатнинг янги раҳбари ҳақиқатан фуқароликдан чиқариш масалаларини енгиллатишга уринаётгани ва албатта бу ҳақда расмий ҳужжатга эга бўлишига ишонмасалар, бошқалари вақт ўтиши билан мазкур муаммо ўз ечимини топишига ишонади. Учинчи тоифадаги одамлар эса, Ўзбекистонда яқин келажакда иккита фуқаролик институти жорий этилишидан умидларини узмайдилар. Тўртинчи тоифагилар эса, президент Шавкат Мирзиёев расман бир неча бор танқид қилган Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари борлигидан элчихона остонасидан ҳадлаб ўтишга чўчийдилар. Кимдир бу сабабларнинг барчасини инобатга олиб ошиқмайди. Ўзбекистонга қайтиб бормасликка қарор қилган кимсалар учунгина буларнинг қизиғи йўқ.

Каримов даврида эмигрантларни ватан хоинлари қаторида кўриш удум бўлган. Лекин Мирзиёев вазиятни 180 градусга буриб ташламоқда. Яқинда у шундай деди: «Чет элларда қонуний яшаб, ўқиб юрган юртдошларимизга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирдик». Моҳиятан бу гаплар чет элларда қолиб кетган кўпчилик ўзбекистонликларга ҳам таалуқлидир. Президент сўзлари эндиликда давлат органларининг эмигрантларни сарсон-саргардон қилмай, билакс, мавжуд муаммоларни тезликда ҳал қилишга ёрдам беришларига умид уйғотади.

Балки, фуқароликдан чиқариш жараёнини юқорида тилга олинмаган йўллар билан ҳам соддалаштириш мумкиндир? Оқибатда бу барчага - эмигрантларга ҳам, давлат органларига ҳам фойдали бўлади. Одамларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаб, бошқа давлат органларида яхши лавозимларни эгаллашига, доимо ва қўрқувсиз она ватанини зиёрат қилишга имкониятлар туғилади. Давлат органлари эса статистикани тартибга солиш, ”ўлик жонлар”дан иборат кўплаб ҳужжатлар тўпламидан халос бўлишга эришади, республиканинг нуфузи ошиб, собиқ фуқароларнинг ватанга бўлган муҳаббати янада ортади, Ўзбекистонга интилган сайёҳлар сони янада кўпаяди. Демак, бундай ҳайрли ишга қўл уриш вақти келган.

Феруза Жани

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги