04:14 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Севги ва қўрқув. Мирзиёевнинг Тожикистонга қилган биринчи ташрифи якунлари борасида

13.03.2018 13:38 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Тожикистон Шавкат Мирзиёев ташриф буюрмаган ягона чегарадош давлат эди, ҳолбуки 2017 йил сўнгида Ислом Каримов ўрнини эгаллагандан сўнг, янги президент бу мамлакат раҳбари билан мулоқотга тайёр эканини таъкидлаганди. Аввалги ўзбек президенти охирги марта Душанбеда 2000 йил июнда бўлганди, Имомали Раҳмон эса сўнг бор Тошкентга 1998 йили январь ойида ташриф буюрган. Ўзбекистон президентининг мазкур ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш тимсолини англатгани учун, ўртадаги мавжуд муаммолар имкон даражада силлиқланди.

«Қадрдон дўст»дан «Севги хазинаси» туфҳаси

Душанбенинг халқаро аэропортида Мирзиёевни Раҳмоннинг ўзи, Тожикистон ҳукумати вакиллари ва фахрий қоровул кутиб олди. Аэропортдан Миллат қасри томон йўл олган кортежни 12 мингдан зиёд талаба ва мактаб ўқувчилари қўлларида Ўзбекистон байроқлари ва гуллар билан қарши олдилар. Улар февралдан бери буни репетиция қилишга мажбур бўлганлар.

Икки кун бўлиб ўтган ташриф давомида икки мамлакат раҳбарлари ўзаро ҳурмат ва эҳтиромни тўлиқ намоён қилдилар. Раҳмон Мирзиёевни “қадрдон дўст ва биродар” деб атади, унинг ташрифига эса “тарихий муҳим қадам” дея баҳо берилди. Мирзиёев Тожикистон раҳбарига Абдураҳмон Жомийнинг ўзбек тилида чоп этилган “Муҳаббат махзани” китобини совға қилди. XV асрда форсийда ижод қилиб, Алишер Навоий билан дўстлашган Жомий Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари дўстлиги рамзига айланган. Мирзиёвнинг Душанбега ташрифи муносабати билан тезликда Тожикистонда ҳам уларга атаб ҳайкаллар яратилди.


Душанбедаги Шавкат Мирзиёев кортежи. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Раҳмон Мирзиёевни “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деб номланувчи кўргазмага олиб борди, маҳсулотларни мақтаган ҳолда ҳамкорликда корхоналар очишни таклиф қилди. Ўзаро ҳушомад ва илтифотларга тўла ўтган учрашувлар натижасида қатор ҳужжатлар имзоланди, стратегик ҳамкорлик шартномасини тузишга келишилди, Раҳмонга Ўзбекистонга давлат ташрифи қилиш таклиф қилинди.

Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 240 млн (2016 йили - $196 млн, 2014 йили эса- $13,1 млн) долларни ташкил этган. Келажакда мазкур кўрсатгич 500 миллион долларга кўтариш режа қилинди. Ташриф якунига кўра, икки мамлакат раҳбар ўз вазирликларига савдо ҳажмини кўпайтириш, янги маҳсулотлар савдоси ва логистикани ривожлантиришга доир вазифалар топширди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги техникасини ҳамкорликда йиғиш лойиҳасини тузиш, замонавий қурилиш материаллари, текстил ва электр техникаси ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш таклифлари киритилди.

Чегара масаласи

Икки мамалакат ўртасидаги алоқаларни яхшиланишига чегара масалалари ҳал этилмагани тўғаноқ бўлиб келган.

Душанбедаги учрашувда демилитация ва демаркация бўйича ишчи гуруҳ вакиллари икки давлат чегарасидаги “энг кескин” муаммо саналмиш Фарҳод ГЭС плотинаси бўйича шартнома тузишга келишдилар. Унга кўра, Фарҳод ГЭСи жойлашган ҳудуд Тожикистонга қарайди, ГЭС эса Ўзбекистон мулки саналади. Объектнинг техник хизматига Тошкент, унинг ҳимоясига эса Душанбе жавоб беради.


Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон Тожикистон маданияти вакиллари билан. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Имомали Раҳмон сўзларига кўра, чегаранинг бошқа бахсли участкалари бўйича президентлар томонидан имзоланган шартнома барча “ҳал этилмаган муаммоларга нуқта қўйган”. Томонлар, жумладан, “икки давлат ўртасидаги 16 та чегарадан ўтиш пунктларини аста кейинлик билан ишга тушириш” га келишиб олганлар.

Президентлар Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилоятини боғлаб турувчи «Ғалаба-Амузанг-Ҳушади» темир йўлининг очилиши маросимида қатнашдилар. Поездлар ушбу йўлдан 2011 йили юришни тўхтатган, 2012 йили эса ўзбек томони темир йўлни бузиб ташлаган. Мазкур йўналиш бўйича Тожикистон маҳсулотлари паст тарифда қўшни мамлакатга ташилиши кўзда тутилмоқда.

Чегара масалаларини назорат қилиш доимо виза масалалари билан боғлиқ бўлган. Каримов президентлик қилган даврда бу масала жуда кескин бўлган. Душанбеда томонлар 2001 йили жорий этилган визали чекланишларга барҳам бериш, зо кун визасиз режим жорий этишга келишиб олдилар. Шу билан бирга Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновни тиклаш бўйича ҳужжат имзоланди. Мазкур авиақатнов де-факто ўтган йили тикланган.

Ўзбекистон Туризм давлат қўмитасининг раҳбари Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, виза бекор қилинишини икки томон кутган: «Биринчи пайт қариндош, дўст ва танишларнинг борди-келдиси кучайишини, албатта тиббиёт ва бошқа туризм тармоқлари ривожланишини кутмоқдамиз. Мутахассислар шу йилнинг ўзида 200 мингдан ортиқ тожикистонликларнинг Самарқанд, Бухоро, Хива ва республиканинг бошқа шаҳарларига ташрифини башорат қилмоқдалар. 1,2 млн ўзбеклар Тожикистонда истиқомат қилади, ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистонда 1,5 млн тожиклар бор.

Якун: 27 та ҳужжат имзоланди ва барча масалалар ҳал этилди

Музокаралар якунига кўра халқаро автомобил, ҳаво алоқалари, “Фарҳод”плотинаси фаолиятини таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилиш; икки томонлама солиққа тортиш, капитал ва даромад солиғидан чекинишга қарши; молиявий ҳамкорлик; давлат томонлари ҳудудидан ҳарбий, махсус юклар, ҳарбий контингент транзити ҳақида; фуқаро мудофааси соҳасида ҳамкорлик қилиш, фавқулодда ҳолатлар олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш; минтақавий ҳамкорлик; сармоялашни рағбатлантириш ва ўзара ҳимоя қилиш;хавфсизлик соҳаси ва жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш; маориф ва фан соҳасида ҳамкорлик қилиш; туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш; чегара вакиллари фаолияти бўйича ҳамкорлик қилишга доир 27 та ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари, Тошкент ва Душанбе шаҳри маъмурияти, мудофаа вазирликлари, ташқи ишлар вазирликлари, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳалари, икки мамлакат ички ишлар вазирликлари, архитектура ва қурилиш қўмиталари, икки мамалакат божхона хизматлари ва стратегик тадқиқотлари Марказлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича шартномалар имзоланди.

Музокаралар сўнггида Мирзиёев ва Раҳмон Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида “ҳал этилмаган масалалар қолмагани”ни таъкидладилар. Бу Вахш дарёси ўзанида Роғун ГЭСи қурилиши масаласини ҳам англатган бўлса ажабмас.

Роғун ГЭСи бўйича “оғзаки” келишув

Икки мамалакат 1976 йили қурилиши бошланган, СССР парчаланган сўнг қурилиши тўхтаб қолган, 2016 йили яна қурилиши тикланган Рогун ГЭСи бўйича бирор келишувга келолмаган. Тожикистон бир пайтнинг ўзидан ундан чучук сув ҳафзаси сифатида фойдаланган ҳолда, қўшни мамалакатларга электр токини экспорт қилишни кўзлайди. Ўзбекистон бусиз ҳам Амударё соҳилларини сув билан таъминлаш муаммо бўлиб турган бир пайтда янги дамбанинг қурилишига доимо қаршилик кўрсатиб келган. Бир пайтлар сувлари Оролга қуйилган Амударёнинг борган сари қуриб, минтақа экологик ҳалокатга юз тутган.


Роғунс ГЭС. Расмий сайт фотоси

Мирзиёев билан бўлган учрашув якунида матбуот олдида чиқиш қилган Раҳмон Тожикистон ҳеч қачон Ўзбекистон зарарига иш кўрмаслигини таъкидлади.«Биз ҳеч қачон қўшниларимизни сувсиз қолдирмаймиз», — деб ваъда берди у.

Бундан ташқари, Тожикистон президенти журналистларга расмий Тошкент Роғун ГЭСи қурилиши масаласини қўллаб-қувватлашини маълум қилди: «Ҳозирда мавжуд ва қурилажак гидроэнергетик иншоотлар минтақадаги сув энергетик муаммоларни ҳал этилишида хизмат қилади, деган фикрда якдилмиз. Бизлар Ўзбекистоннинг Тожикистонда гидроэнергетик иншоотлар ривожи, жумладан Роғун ГЭСи қурилишинини қўллаб-қувватлашини хушнудлик билан қарши оламиз».

Раҳмон сўзларини Тожикистон ТИВ ҳам такрорлайди. «Ўзбек томони Тожикистондаги гидроэнергетик иншоотлар, жумладан, Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этишни ҳар томонлама кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди»,— дейилади ташқи ишлар маҳкамасининг сайтида.

Коммерсант нашрига кўра, Роғун ГЭСи бўйича келишув қоғозга кўчирилмаган, лекин бу ҳақдаги музокараларнинг бошланиши яхши сигнал, зеро мазкур масала аввали ўта кескин ҳисоблангани боис доим четланиб ўтилган. МДҲ мамлакатлари Институтининг Ўрта Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозиннинг фикрича, президентлар оғзаки келишувга келганлар, ва Мирзиёев ихтиёрисиз Тожикистон Ташки ишлар вазирлиги бундай матнни чоп этмаган бўларди. Акс ҳолда, «бу алоқаларни тиклаш жараёнини йўққа чиқарган бўларди», — деб ҳисоблайди мутахассис.

Роғун қурилидаги ўзбек томонининг иштироки борасидаги тахминлар авваллари ҳам бўлганини ҳисобга олинса (бўлажак плотинанинг чизмалари “Гидропроект” институтининг Тошкентдаги Ўрта Осиё бўлимида тайёрланган), Тошкент мазкур лойиҳадан фойда олишни кўзлайди.

Аждар Куртов: Роғун ГЭСи тожиклар муамоларини ҳал қилиб беролмайди

Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассис, Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти  Аждар Куртов  “биргина ГЭС қурилиши Тожикистон муаммоларини ҳал қилиб беролмайди”, лекин Ўзбекистонга нафи тегиши мумкин, деб ҳисоблайди.

«Роғун ГЭСи собик совет республикалари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида улкан тўғаноқ масала бўлган, — деб эслайди “Фарғона”га шарх бераркан мутахассис. — Тожикистонда ГЭС қурилиши миллий ғояга айлантирилиб, унинг амалга оширилиши республикадаги муаммоларни ҳал этилиши билан боғланади. Албатта, аҳолига электр энергияси керак, унинг узилиб туриши Тожикистондаги туғруқхоналарда чақалоқларнинг ўлимига сабаб бўлган».

Шу билан бирга бир пайтлар Ислом Каримов инобатга олган жиддий сиёсий тахликалар ҳам мавжуд. «Мазкур ГЭС Амударё қуйи ҳавзасида жойлашган мамлакатларга босим ўтказишга восита бўла олади. Тошкент Тожикистон ҳукуматининг қош-қовоғига қарашга мажбур бўлиб, Ўзбекистон сувсиз қолиб кетиши мумкин», — дея аниқлик киритади мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, ГЭС қурилиши ҳукумат тасаввуридаги барча иқтисодий муаммоларнинг ҳал этилишига кўмак беролмайди, бу ерда турди факторларни назарга олиш лозим. Куртов маълумотига қараганда, Роғун ГЭСини қуриш келишуви Ўзбекистоннинг бир қисм электр энегиясини харид қилишга асосланган. Лекин бу ерда ҳам ўзига хос нюанслар мавжуд. «Тожикистонда бошқа ГЭСлар ҳам бор, — деб эслатади эксперт, — бироқ тоғ дарёларининг оқими тез ва улар турли тоғ жинсларини ювиб келади. Бу эса ўз навбатида сув омборларининг тўлиб қолишига сабаб бўлади. Муаммо шундаки, ҳеч ким сув оморларини тозалаш билан шуғулланмайди, ГЭСларнинг электр энергиясини ишлаб чиқариш суръати пасайиб боряпти ва бу ҳолат Роғун ГЭСини ҳам четлаб ўтмайди».

“Бу электр энергиясини етказиб бериш ва сотиб олишда муаммолар мавжуд: тоғларда электр ўтказиш тармоқларини қуриш қимматга тушади, минтақада ишончли харидорлар йўқ. Қозоғистоннинг электр энергиясига муҳтожлиги йўқ. Афғонистон ва Покистон бор, лекин улар етарли даражада ишончли эмас. Айниқса, “бугун бор, эртага йўқ” ташқи ёрдамга қарам бўлган Афғонистонни гапирмасаям бўлади”, дейди мутахассис.

Шунингдек, навбатдаги ГЭСнинг қурилиши ернинг иссиб кетаётгани, унинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларига салбий таъсир ўтказишини кескинлаштириши мумкин. Шу ўринда Тожикистон ҳукуматининг узоқни кўзлаган режалари борми? «Тожикистон ҳукумати ўз даврига мос режалар тузган бўлса - бу бир масала, агар 50 йил узоқни кўзлаб иш тутаётган бўлса, бу - бошқа масала».

Қўрқув ва ортга силжиш эҳтимоли қолган

Мирзиёев ташрифи якунларига баҳо бераркан, Аждар Куртов Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий авторкия (қўшнилар билан савдо айирбошламасдан ўз-ўзини таъминлаш сиёсати) дан воз кечгани, турган гап, истиқболли йўналиш. Лекин эришилган келишувлар режимнинг метин негизи бўлиб қолади, деб бўлмайди. Бунга ўзаро қурқув ва автаркияга қайтиш эҳтимоли борлиги халақит беради.

«Албатта, қўшнилар билан яхши алоқада бўлган маъқул, лекин Ўзбекистон учун барибир хавф сақланиб қолади. Онгли равишда тилга олинмаётган, чуқур, қадим қўрқувлар мавжуд ва улар социологлар ишларида сизиб чиқиши мумкин. Ўшанда Самарқанд ва Бухоро кимларга тегишли ва ҳаказо саволлар пайдо бўлиши мумкин», — дейди Куртов.

Эслатиб ўтамиз, кўпгина тожиклар 1920 йиллар Ўзбекистон ССР таркибига киритилган мазкур икки шаҳарни ўзларининг тарихий-маданий мероси деб биладилар. 2009 йили, Каримов билан муносабатлар кескинлашган пайт, тожик президенти ушбу шаҳарларга эътирози борлигини маълум қилганди. Унинг “Самарқанд, Бухорони албатта қайтариб оламиз” деган ваъдасини Мирзиёев билан бўлган учрашувда хотирламасликка ҳаракат қилдилар.

У ёки бу “кўз юмилган” муаммоларни четга суриб, тилга олинган муаммолар қачон ечимини топиши даргумон, чунки авторитар тизимда йўналишлар ўзгариши ишончли эмас. «Ҳозир икки мамлакат ўртасида муносабатлар илиқлашиб бормоқда, лекин авторитар режим шароитида ҳокимят ўзгарса, барчаси эски ҳолатга қайтмаслигига кафолат йўқ», — деб якунлайди фикрини Куртов


Шавкат Мирзиёевни Душанбе аэропортидан кузатиш маросими. Тожикистон президенти матбуот хизмати фотоси

Аркадий Дубнов: минтақа аҳолиси – доҳийларнинг шахсий муносабатлари асирларидир

Марказий Осиё бўйича эксперт, сиёсатшунос  Аркадий Дубнов Мирзиёевнинг ташрифи мамлакатлар ўртасидаги ишончнинг тикланиши, Евросиё сарҳадларида собиқ совет Марказий Осиёсининг яхлитлит еасб этишига имкон берди, деб ҳисоблайди.

«Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг тикланиши, Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи интиҳода тарихий ташриф бўлганини инкор қилиш қийин. Чорак аср Тошкент ва Душанбе муносабатларидаги тўсиқ бўлиб турган муаммоларнинг ҳал этилиши, икки қардош халқнинг тинч-тотув яшашига имкон беради.

Икки давлат ўртасидаги ишончнинг тикланаётгани Ўзбекистоннинг биринчи президенти вафоти билан боғлиқ экани Марказий Осиё мамлакатлари (деярли барча собиқ совет мамлакатлари дейиш мумкин) ўртасидаги алоқалар, давлат раҳбарларининг шахсий муносабатларига боғлиқ эканини кўрсатади. Марказий Осиёнинг кўпгина давлат раҳбарлари бу дунёни тарк этмагунча амалини тарк этмайдилар. Бу ҳолат минтақа аҳолисини доҳийларнинг инжиқликлари, шахсий сифатларига асир қилиб қўяди.

Шунинг учун Мирзиёевнинг ҳокимят тепасига келиши мамлакатлар ўртасидаги ишончнинг тикланиши, Евросиё сарҳадларида Марказий Осиё мамлакатларининг яхлитлит касб этишига имкон беради.

Мирзиёевнинг ташқи сиёсати Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан яхши муносабатлар ўрнатишга қаратилган. Бу ерда ўзбек-тожик муносабати энг кучсиз ҳалқа эди. Душанбе истиқболдаги манфаатларга бефарқ қаролмайди, зеро президент Раҳмон йиллар давомида Ислом Каримов интижликларига тоъбе эди: Ўзбекистоннинг биринчи президенти сабаб у Тожикистон ҳукумати тепасига келганди. Тошкентда доимо урғу берилган мазкур тожик етакчисининг қарамлиги икки мамлакат алоқаларининг яхши бўлишига имкон бермаганди.

Эндиликда мазкур муаммо ҳал бўлди, деган умид пайдо бўлади.

Тошкент ва Душанбе муносабатларининг илиқлашуви Афғонистон хавфига қарши минтақадаги хавфсизликни кучайтиради. Чунки, бунинг учун Афғонистон билан чегарадош давлатлар ўзаро ишончли ҳамкорликни ва якдил ҳаракатларини мустаҳкамлаши лозим.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара миналаштирилгани ҳолати мутлоқ ўтмишда қолиб кетишига ва мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар “миналардан тозаланишига” умид қиламиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги