18:28 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Советистон одиссейнинг кўзлари билан. Марказий Осиёга «Жаҳаннам дарвозаси» орқали бўлган саёҳат тўғрисида

13.03.2018 11:16 msk

Максим Горюнов

Норвегиялик ёш ёзувчи, нуфузли Тарьея Весоса мукофоти лауреати Эрика Фатланд Туркманистонга икки ҳафталик виза олганидан сўнг самолётга билет сотиб олди. Осло университетинг ижтимоий антропология бўйича магистри Эриканинг мақсади Марказий Осиёни ўрганиш бўлган.

Туркманистан, Ўзбекистан, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон – беш мустақил республикалар. Эрика беш пойтахтга ташриф буюрди. Ҳеч кимга кераксиз бўлиб қолган ядровий полигонни кўрди. “Жаҳаннам дарвозалари” қирғоғида бўлди. Қуриб қолган Орол денгизи бўйида рус авангардининг тўпламини ўрганди. Қадимги Бақтрия одамлари Искандар Зулқарнайн билан келишув олиб борган тилни тинглади. Туя сутини таътиб кўрди. Кўрган-кечирганларини ёзиб борган кундалиги “Советистон” деб номланувчи асарнинг туғилишига сабаб бўлди.

“Советистон”ни нашр қилиш ҳуқуқини аллақачон Германия, Франция, Россия каби 12 давлат сотиб олган. “Фарғона” ҳаммадан олдин китобнинг рус тилига қилинган таржимасини ўқиб чиқди. Ёзувчини эса Москва шаҳрига ташрифи давомида суҳбатга чорладик.

- Китобингизни қандай баҳолаш керак? Академик услубдаги китоб тарзда қаралиши керакми ёки саёҳатчи кундалиги сифатида қабул этиш даркорми?

- Албатта, саёҳатчининг кундалиги сифатида. Ижтимоий антропология йўналишида магистр дипломим бор, аммо олим эмасман. Мен адабиётга кўнгил берган, гуманитар йўналишда дипломи бор бир одамман. Менинг барча ютуқларим адабиёт сохасида. Агар рамзий маънода китобимни қайси токчага қўйишларини сўрашса, албатта академик нашрлар терилиб турган ерга қўймасликларини сўрардим. Китобим академиклар учун эмас. Академиклар меҳнатимни ўта субъектив ва юзаки деб қабул қилишлари мумкин. Бу учун уларни айбламасдим ҳам. Чунки китобимдаги жанр ва академик йўналиш умуман фарқ қилади.

Китобим Марказий Осиёга саёҳат қилишни режалаштираётганлар учун. Саёҳатлари давомида нималарга дуч келиш мумкинлиги ёки нималарга эътибор қилиш зарурлигини билиб олмоқчи бўлганлар учун. Бундан ташқари, қўлидаги китоб билан қулайгина жойини тарк этмай туриб, дунёга саёҳат қилишни истаганлар учун. Жюль Верн профессори Паганель каби. Ёзувчиларнинг бахтига, ана шундай инсонлар ҳалигача бор ва улар катта қизиқиш билан қалин китобларни китобларни сотиб олиб ўқийди.

- Марказий Осиё ҳақида қўлланма ёзиш тўғрисида фикрга қачон келдингиз?

- Мен Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёга жуда кўп саёҳат қилганман. Саёҳат давомида ҳар ерда ҳашаматли қўлланмаларни қўлига тутиб олган европаликларни учратганман. Бундай қўлланмаларнинг тарихи узун. Тинч ва Ҳинд океани қирғоғидаги мамлакатлар ҳақида Марко Полодан бошлаб, 7 асрдан буён европаликлар саёҳатномаларини ёзиб келишади. Ҳиндистон ва Тайланд ҳақидаги қўлланмалар кутубхоналарда тўлиб ётибди. Мисол учун Ҳиндистонни шоир, саёҳатчи, тадбиркор олимлар кўзи билан кўришингиз мумкин. Қўлланмаларнинг тури тугамайди. Амалда дунёни ўрганишни истаган одам қуруқ маълумотлар билан танишгиси келмайди, балки таассуротлар, ҳислар ҳақида билгиси келади. Агар ўзимни саёҳатчи деб ҳисобласам, бирор мамлакатни ўрганар эканман, у ерлар ҳақида айнан саёҳатчининг қўлланмасини излайман. Ҳиндистон ҳақидаги қўлланмаларнинг охири йўқ. Шунинг учун зерикиб қолиш турган гап.

- Қайси маънода зерикишни назарда тутаяпсиз?

- Ҳиндистон ҳақидаги қўлланмалар, романлар, фалсафий кундаликлар кўплигидан ҳаёлингиздан бир савол ўтади: бошқаларга ўхшаб қолишни хоҳлайманми?! Ҳиндистонга келганингизда, кўрган-кечирганларингиздан олган таассуротларингиз ҳеч кимда бўлмагандек туюлади. Шунда қизиқиш учун айнан сиз саёҳат қилган ерларга ўтган асрнинг ўрталарида ташриф буюрган бирор голланд шоирининг эсдаликларини очасиз. Не кўз билан кўринг-ки, голландликлар айнан сизнинг ҳисларингиз, таассуротларингизни бошдан ўтказганликларини ёзиб, тасвирлаб ўтган бўлади. Зерикарли эмасми?

- Демак Жанубий Осиё ўрганилиб, сийқаси чиққандек туюлгани учун Марказий Осиёга ташриф буюришни истадингизми?

- Ҳа. Қўпол қилиб айтганда, бир машҳур романнинг ҳам фильми экранларда кўп айланади, ҳам атрофдагилардан бу асарнинг деталларигача жуда кўп эшитган бўлсак, романни ўқигимиз келадими? Нима учун? Чунки романни жуда кўп марта у-бу кимлардан қайта-қайта эшитган, экранларда кўрган бўламиз. Ҳудди ҳамма биладиган нарсадек. Мана шундай жиҳатларни эътиборга олиб, Марказий Осиёга юз тутдим. Нимаси нотўғри?

Искандар Зулқарнайн Марказий Осиёда лашкарлари билан бўлган. У забт этган қадимги Суғдиёна айнан Ўзбекистон худудидаги давлат бўлган. У ерларга Достоевский келган. Нукусда рус авангардига бағишланган ажойиб музей бор. Буюк Ипак йўлининг тарихи, мўғилларнинг бу ерларга қилган юришлари, Қиз-Қала аталмиш Туркманистондаги қаср, собиқ совет ҳукуматининг тугалланмай қолиб кетган илмий тажрибаси – буларнинг барчаси бир қарашдаёқ ўзига мафтун қилади.

Бироқ Марказий Осиё бўйича қўлланма излашга тушганимда, ҳеч нарса топа олмадим. Академик китоблар бор. Лекин улар мутахассислар томонидан ўз касбдошлари учун ёзилган. Оддий қўлланмалар бўлса умуман йўқ. Гўёки у ерларга ҳеч ким бормайдигандек. Ҳуддики европаликлар Марказий Осиёни ёки профессионал олимлар каби, боринг ана дипломатлар қатори биладигандек. Ёки умуман билмайдигандек. Шахсан мен учун бу ҳолат кутилмаган ҳақиқат бўлди.

Йигирма биринчи асрда, биз яшаб турган сайёрада фақатгина мутахассислар билувчи ҳудуд бўлса... Қизиғи, бу ҳудуд сизга Шимолий Корея, Амазония эмас. Дарвоқе Пхеньян ва чакалакзорда яшовчи қабилалар ҳақида бизда бир қатор илмий ҳужжатли фильмлар, турли асарлар, қўлланмалар етарли даражада. Марказий Осиё ҳақида эса йўқ. Ашхободда нималар бўлаяпти? Қирғизистон Тожикистондан нимаси билан фарқ қилади? Ўзбек таомларини таътиб кўриш керакми? Бизда ҳеч қандай тавсиялар йўқ.

Айтганча, ёдимдан кўтарилибди. Саша Коэннинг «Борат: Қозоқ халқи учун Америка маданиятининг ўзлаштирилиши» комедия фильми бизга Марказий Осиё ҳақидаги яккаю ягона маълумот манбаи бўлиб қолмоқда. Бу дегани агар сиз Норвегиядан бўлсангиз-у, мабодо Марказий Осиёни қизиқиб ўрганмоқчи бўлсангиз Коэннинг комедияси-ю, илмий тилда мутахассислар учун ёзилган асарлардан бошқа ҳеч нарса топа олмайсиз. Бу мислсиз, албатта.

- Китобингиз россиялик ўқувчилар учун не чоғлик қизиқ бўлиши мумкин?

- Бу ҳақида Россиядаги нашриёт уйларидан сўраш керак. Очиғини айтадиган бўлсам, шахсан мен россиялик ўқувчилар китобимга бунчалик қизиқиш билдиришларини кутмаган эдим. Марказий Осиё йиллар давомида аввал Россия империяси, кейинчалик Совет Иттифоқининг бир бўлаги бўлган. Шунинг учун россиялик ўқувчиларда ушбу ҳудуд ҳақидаги асарлар тўлиб кетган бўлса керак, дер эдим. Норвегиялик бир аёлнинг таассуротлари бир вақтлар ҳам тарихий, ҳам маданий равишда Марказий Осиё билан чамбарчас боғлиқ бўлган Россия учун қизиқ бўлишига ишонмаган эдим. Кўриб турганингиздек, хато ўйлабман. Бошқа тарафдан, саёҳатим давомида бирорта россиялик туристга кўзим тушмади. У ерларда саёҳатчиларнинг ўзи жуда кам эди. Омадим келиб, учратган саёҳатчиларим Италия, АҚШ ва Германиядан эди. Шунинг учун умумий тарихий ўтмиши бўлишига қарамай, россияликлар Марказий Осиёни билмайди деган хулосага келдим. Китобим россияликлар учун ҳам жуда фойдали бўлади.

- Норвегияликнинг таассуротларидан сўрасак. Китобингизда кўрганларингизга ҳеч қандай аҳлоқий ёки маънавий баҳо бермагансиз. Онгли равишда шундай қилганмисиз?

- Ҳа. Мен кўрганларимни яхши ёки ёмон демай тарифлашни истадим. Ўзимни ижтимоий антрополог сифатида тутишга интиламан: мен ўргангани, излангани келганман, тарғибчи ёки тушунчасини бошқаларга сингдиришга ёлланган одам бўлиб эмас. Мен учун тарафсизлик муҳим. Тарғибчига айланиб қолмаслигим керак.

- Масалан?

- Масалан, Россия Империясининг Марказий Осиёга бўлган таъсирини изоҳлар эканман, ҳаддан зиёд кўп бўлган зўравонликни айтиб ўтганман. Шу билан бирга Совет Иттифоқининг модернизацияси билан бу ерларга катта ижобий таъсир этганини ҳам келтирганман. Фикримча, модернизация орқали аёллар тенг ҳуқуқликликка эришишган, дин иккинчи даражага сурилган, шаҳарлар, университетлар, саноат корхоналари барпо этилган.

Афғонистон ён биқинида бўлишига қарамай, Марказий Осиё бугун радикал ислом тарафида бўлмаганининг сабаби собиқ Совет Иттифоқининг таъсири ҳисобланади. Қозоғистон неча-неча халқлар бадарға қилинган макон бўлган. Совет даврининг ўзига хос иқтисоди эса Орол денгизини қуритиб, пахта етиштириш илинжида деҳқончиликни йўқ қилиб юборган. Зўравонликни ҳам, модернизацияни ҳам, экологик фалокатларни ҳам баҳоламай ёки ўз қаричим билан ўлчамай бўлган дея санаб ўтганман холос. Шундай бўлса ҳам у ерларда фаолият юритаётган ҳуқуқ ҳимоячилари менга ёқади. Уларнинг жасорати мени ҳайратлантиради. Кейин менга маънавий ва аҳлоқий қозилар бўлмаган, тезкор интернет, китоб дўконлари, такси ва катта савдо мажмуалар бор ерларда яшаш қулай.


Оролда ташлаб қўйилган, балиқ овлаш учун мўлжалланган кемалар. Сурат «Фарғона» архивидан

- Марказий Осиёнинг қаерида қулайлик ҳис қилдингиз?

- Биринчи ўринда одамларнинг сиёсат ҳақида сўзлашига эътибор қаратдим. Норвегиядагидек муҳокама қилинадими ёки йўқ. Бу энг оддий мезон. Шу саволга атрофга қараб жавоб излайсиз.

- Хўш, жавоб қандай бўлди?

- Бир хилги давлатларда одамлар жуда кўп сиёсат ҳақида гапиришади. Қўрқмай, ён-атрофига қарамай, овозини пастлатмай, бемалол. Бошқа давлатларда пичирлаб гаплашар эдилар. Яна бир хилги мамлакатларда баланд овозда эркин гапиришгани билан ўзлари истаган нарсани эмас, балки айтишлари лозим бўлган гапларни сўзлашарди. Бу маънода Қирғизистон қулай бўлиб кўринди. Туркманистон эса умуман қулай эмас. Қирғизистонда одамлар давлат президент ёқмаслигини бемалол айта олишади. Туркманистонда эса бунинг акси. Одамлар раҳбарият ҳақида шу қадар тўлқинланиб гапиради-ки... Китобда Ашхободда бир газетани очиб, ўзим билан бўлган интервьюга кўзим тушди. Энг қизиғи мен ҳеч кимга интервью бермагандим. Ёлғон интервьюда мен Туркманистон ва унинг Президентидан ҳайратда эканим ёзилганди. Албатта Норвегияда ҳам бундай бўлиши мумкин. Фақат ҳазил ёки ўйин тариқасида. Ашхободда эса барчаси ўта жиддий эди. Ҳалигача тушунмайман ёлғон интервьюлар нимага керак?

- Ҳукуматни танқид қилишдан бошқа яна нималар эътиборингизни тортди?

- Ҳайкаллар, портретлар ва президент ваколати. Марказий Осиёда ҳокимиятни танқид қилиш бевосита президент обрўси билан боғлиқлигини тушундим. Туркманистонда Президент ҳамма ерда бор. У билан кўришиш учун шунчаки бошимни кўтарсам бўлди эди. Олтин ҳайкали. Ҳар бурчакда бир неча метрлик расмлари. Қозоғистонда президент расмлари камроқ, кейин кўзга ҳам унча ташланмайдигандек туюлди. Қирғизистонда эса улар умуман йўқ эди. Агар мулоқотга эҳтиёжим бўлганида, албатта Қирғизистонда қолишни танлаган бўлардим.

- Китобингизни Қирғизистонга бағишланган бобида келин ўғирлашдек одат ҳақида ёзгансиз.

- Ҳа, айтганимдек, биринчи мезон қулайлик бўлган бўлса, иккинчи мезон хавфсизлик. Баъзи давлатларда ўғри ва бандитлар ҳужумидан қўрққан бўлсам, қолганларида махсус ҳизматлардан чўчидим. Масалан, Ўзбекистонда бирор нимам ўғирланиши мумкинлигидан умуман қўрқмасдим. Туркманистонда ҳам. Бироқ, Ўзбекистон ва Туркманистонда махсус ҳизмат органлари вакиллари мени тинимсиз кузатишаётганини сезар эдим. Меҳмонхонада ҳам, телефон қўнғироқларимни ҳам текшириб, кун охирида эса менга гидлик қилганлардан юриш-туришим ҳақида ҳисобот олишларини ҳам билиб турардим. Хавфсизлик борасида Қозоғистон пойтахтида ўзимни яхши ҳис қилдим, менимча.

- Ҳайкал ва кўчадаги гаплардан ташқаричи, нималарга кўзингиз тушди?

- Китоб дўконларига. Электрон китоблар ва медиа воситалари ҳақида минг гапиришмасин, қоғоз китоблар ва китоб дўконлари ҳали ҳам тирик. Китоб дўконидаги савдо расталарига қараб, одамлар заковати нима билан бандлигини тушуниш осон. Туркманистонда китоб дўконлари бўм-бўш эди. Энг асосий туркман китобини ҳам топа олмадим. Бу яхши эмас.

- Москванинг олдида Беларус давлати бор. Лукашенко учинчи ўн йилликдир мамлакатни бошқариб келмоқда. Президентлик курсисида ўтказган йиллари билан ҳали Назарбоевга етиб олгани йўқ, лекин ҳаракат қилаяпти. Сўнгги вақтларга қадар уни “Европанинг охирги диктатори” деб аташаётганди. Россияликлар Беларуссияга кўп боришади. Беларуссия Ўзбекистон ёки Тожикистонга ўхшайдими? Беларуссияда бўлган бўлсанг, Марказий Осиё нима эканини тушунишинг мумкинми?

- Беларусга саёҳат қилганман. Лекин у ерга қилган саёҳатимни Марказий Осиё билан солиштириб бўлмайди. У ерда президент ҳайкалини кўрмаганман. Лукашенко телевизор орқали кўп гапиради. Аммо ўз шарафи учун у олтин ҳайкал ясаттирмаган. Уни буюк, халқ отаси ёки шунга ўхшаш сифатлар билан атаганларини ҳам эслолмайман. У китоб ҳам ёзмайди, мактабларда ўқувчиларга мажбурий равишда ўз асарларини ҳам ўқиттирмайди. Ортимдан ҳеч нарсани билмайдиган, бироқ аскар формасидаги гид юрмаган. Беларусга осон келиб-кетганман. Борадиган жойларимга амалдорлардан рухсат олмаганман. Суҳбатдошларим бемалол ҳукуматни танқил қиларди. Умуман олганда, Беларусда Лукашенкони қўллайдиган ҳеч ким йўқдек таассурот уйғонган. Ҳалигача ҳукумат бошида қандай қилиб қолиб келаётганини тушунмайман. Беларус Норвегияга ўхшайди.Туркманистонга эмас.

Қайтариб ўтаман, мен таҳлилчи эмасман. Оддий саёҳатчиман. Бир мамлакатда шаҳардан шаҳарга, маданий ва тарихий жойларнинг биридан-иккиинчисига саёхат қилган, йўл-йўлакай ҳайдовчилар билан суҳбат қилиб кетган одам сифатида Беларус Марказий Осиёга ўхшамайди деб айтаяпман. Агар тасаввурингиз бой бўлса, Беларусни Туркманистондек тасаввур қилишингиз мумкин. Бунинг учун Минскнинг ўртасида Лукашенконинг катта ҳайкалини, мактаб ўқувчилари эса кўзларида ёш билан қандай қилиб тўғри яшаш кераклиги ҳақидаги президент асарларидан иқтибос келтишларини кўз олдингизга келтиришингиз керак.


Эрика Фатланд ва «Советистон» китоби муқоваси. Ecodeluingiana.it сайти фотоси

- Охирги саволим. Китобингиз “Жаҳаннам дарвозалари” деб номланувчи боб билан бошланади. Бу бўлимда Туркманистондаги Дарваза қишлоғи олдида жойлашган газли вулқон оғзи бўйлаб саёҳатни тасвирлагансиз. Тасвирлаганларингиз, хавфли саёҳатга отланган қаҳрамонларни эслатади. Бир машҳур асар бор. Унда Фродо исмли хоббит (кичик мавжудот) Ородруин деб номланувчи вулқонга саёҳат қилади. Бу атай уюштирилган ўхшашликми?

Мен бу асарни ўқимаган эканман (уялади). Кўнглимга Одиссей ва унинг Трояга қилган саргузашти яқинроқ. Сўзларингиз устида эса ўйлаб кўришим керак.

Максим Горюнов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги