18:19 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Умр савдосининг қайда давоси? Ўзбекистонда турмушдан ажралиш нимага қийинлашиб бормоқда

09.03.2018 10:06 msk

Фарғона

Ўзбекистонда турмуш қуриш ва ажралиш қоидалари анча мураккаблашган. Авваллари ҳам эр-хотиннинг ажралиши осон кечмаган. Эндиликда эса, бу савдо гарчи эр-хотиннинг бир-бирини кўришга тоқати қолмаган бўлсада, қабрга етиб боргунча ҳал бўлмайдиган кўринади.

2018 йил президент Шавкат Мирзиёевнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»га фармони баъзи одамларни хавотирга солди. Айрим эр-хотинларнинг номигагина “турмуш”да бўлиб, аслида алоҳида яшаши ҳеч кимга сир эмас. Эндиликда улар ажрашиш учун судга мурожаат қилишлари керак бўлади. Авввалари ўртада вояга етмаган болалари бўлмаса, бу масалани ЗАГСда ҳал қилиши мумкин эди.

Бундан ташқари, ажралиш борасидаги қарорни ўйлаб кўриш учун олти ой эмас, бир йил муҳлат берилади. Ажралиш ташаббусчиси эса турмуш ўртоғи учун ҳам бадал пулини тўлашга мажбур бўлади.

Турмушга чиқмоқчи бўлганларда ҳам муаммолар пайдо бўлади – махсус ўқув дастури асосида улар турмуш қуриш асосларини ўқишга мажбур бўладилар. Мазкур фармонга кўра, маҳалла қўмиталарида аёллар ва оилавий қадриятлар бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Қайга борай давога

Аслида бундай қаттиқ чоралар кўрилишига айрим асослар мавжуд. Статистикага кўра, ўтган йили республикада 31.930 та никоҳ бекор қилингани қайд этилган ва бу аввалги йилга қараганда 2609 тага (8,1%) кўп демакдир.

Фармон чиққунига қадар ҳам ажралиш осон иш бўлмаган.

Шунга қарамасдан, одамлар турмуш қурадилар, ажрашадилар. Яқин ўтмишда содир бўлган бир воқеа.

47 ёшли Марина (исми ўзгартирилган) атиги уч йил турмуш қуради: 2014 йил эрга тегиб, 2017 йили кузда ажрашади. Бу Маринанинг иккинчи турмуши бўлиб, биринчи эри билан ажрашганига анча йиллар бўлган. Йиллар ўтиб, Валера исмли келишган эркакни учратиди. У ичмайдиган, чекмайдиганлардан бўлиб, маошини уйга олиб келишга тайёр эди. Бир қарашда бундай эркак билан бир умр турмуш қуриш мумкин.

Бироқ, Маринанинг Валера билан турмуш қуриши осон кечмайди. Аёлнинг сўзларига кўра, у турли қоғозларни жамлаш жаҳамманидан ўтишга мажбур бўлгади. Поликлиника анча асабни ейди, чунки у ерда анализлар топшириб,наркологик, тери-таносил ва невралогия диспансерларидан кўрикдан ўтишига тўғри келади. Албатта, бу кўриклар инсон нафсониятига тегади. Охир-оқибат керакли барча ҳужжатлар жамланади.

Марина дурустгига пул ишлаб топгани учун соддагина тўйни ўз ҳисобидан ўтказади. Эр-хотин унинг уч хонали квартирасида яшай бошлайдилар.

Дастлаб уларнинг турмуши яхши кечади. Лекин вақтлар ўтиб, ўртада муаммолар пайдо бўлади.

«Валера уйга жуда кам ойлик келтирадиган бўлиб қолди. Кейинчалик билсам, у пулларини жазманига сарфлар экан, – деб дардини ҳикоя қилади Марина. – Мен кузатув олиб бордим ва уларни “жиноят” жойида ушлаб олдим».

Марина эридан ажралишни талаб қилади. 2017 йил эр-хотин Чилонзор ЗАГСига ариза топширади. У ерда аризани қабул қилишади, лекин маҳалланинг розилигисиз улар ажрашолмаслиги айтишади.

Шу ерда мавзудан четлаб, бир нарсага эътибор қаратиш лозим: маҳалла йилда- йилга одамлар ҳаётига, уларнинг оилавий турмушига ўз таъсири кучайтириб боряпти. Бироқ, эзгулик, яхши ниятларга таянгани билан, маҳалла одамларнинг турмушдаги асосий масалаларини ҳал қилиб беролмайди.


Маҳалла қўмиталаридан бирининг биноси. Фото «Фарғона» фотоси

Марина ва Валера маҳалла қўмитасига бориб, у ерда ҳам яна битта ариза ёзишга мажбур бўлади. Бир неча кун ўтиб, масалани ҳал этиш учун комиссия тузилади. Эр-хотин нима учун ажрашаётганини, ҳеч бир вазиятда ажралишдан қайтмаслик қарорига келишганини тушунтиради. Комиссия ўртада фарзанд йўқлиги боис, уларнинг ажралиш ҳақидаги аризасига имзо қўйиб тасдиқлайди. Шундан кейин Марина ва Валера яна ЗАГСга боришади. У ерда ўйлаб кўришлари учун уч ой муҳлат беришади.

«Давлат божи, янглишмасам, 380 минг сўм (47 долларга яқин)га тушди, – дейди Марина. – Аниқ эсимда йўқ, уни эрим тўлади. Мен шундоқ ҳам тўй ҳаражатини кўтарганман, бу билан у қисман сарфларимни қоплаган бўлади. Қисқаси, шу билан ажралиш машмашаси тугади».

Ажралишнинг янги тартибларидан хабар топган Маринани ажралиш ташаббусчиси пул сарфлашга мажбур экани ҳайрон қолдиради. Унинг фикрича, эр-хотиндан бири атайин пул ишлаш мақсадида турмушни косодга учратиши мумкин. Бироқ, Марина янги тартиб одамларни турмуш қуришдан олдин “етти ўлчаб, бир кесишга” ундашини инкор қилмайди.

Хотин, трактор бир танда

Маринанинг тарихи оддий ҳол. У рус аёли, у эри билан замонавий одамлар. Лекин мусулмон қонунларига қаттиқ амал қиладиган ўзбекларда уйланиш, ажралиш масалалари оғир кечади. Улар турмуш қуриб, ажрашганда ЗАГС билан чекланмай, шариат қонунларига ҳам амал қиладилар. Лекин бунда ҳам у ёки бу жараённи тезлатиш мумкин. Муҳими, кимга пора беришни билиш керак.

2010 йили 19 ёшли Машҳура 30 ёшдаги Абдуллага турмушга чиқади. Улар бир- бирини севиб, турмуш қурмоқчи бўлишади, шунинг учун уларнинг никоҳдан ўтишига бирор нарса моънелик килмайдигандек туюлади. Бироқ, ЗАГС боришдан олдин, улар шаръий никоҳдан ўтишади. Бу ерда бир кичкина кўнгилсизлик юз беради. Никоҳ ўқишга келган домла бўлажак оила ЗАГС қайдидан ўтганлигини олдиндан сўраб суриштирмайди. Бу эса қонуннинг бузилишига олиб келади. Чунки, ЗАГС муҳрисиз диний маросим ўтказиш, яъни никоҳ ўқитилиши мумкин эмас.

Бу ҳолат ёш келин-куёвларни унчалик безовта қилмайди, асосийси никоҳ ўкилган. Машҳура етти ойлик ҳомиладор пайти ЗАГСга келади. Бироқ, улар белгиланган тартибда қайддан ўтишни кутиб турмадилар. Машҳуранинг эри барча муаммони пул билан ҳал қилади ва уларга ариза берилгандан кейин 20 кун ўтиб никоҳ гувоҳномаси берилади. Албатта, бу ҳам қонунга тўғри келмайдиган ҳолат.

Бу нарсаларга кўз юмса бўлади, лекин турмуш бошиданоқ эр-хотиннинг ҳаёти муаммоларга тўла бўлади: Машҳура эртадан-кечгача олти хоналик уйни йиғиштиришга, овқат пиширишга, кир ювишга, нафақат эри, балки унинг қариндошларига ҳам хизмат қилишга мажбур бўлади.

Энг оғири дала ҳовлидаги юмушлар бўлади. Қиз эртадан-кечгача кичкина трактордай тинмайди: пиёз, маккажўхори ва турли полиз маҳсулотларини экиб, етиштиради.

Бу ҳам етмагандек, келиннинг қайнонаси Машҳурани тергаб, камситадиган бўлади. Эри ҳам фарзандлик бўлишганидан кейин унга тез-тез қўл кўтарадиган бўлади. Қиз эртами-кеч эри майиб қилиб қўйишидан қўрқиб, ота-онасиникига қочиб кетади.

Машҳуранинг айтишича, гарчи эри билан яшолмаслигига кўзи етмасада, ажралиш ташаббускори бўлмаган. Бу вақтга келиб, Абдулланинг ота-онаси бадавлат оиладан бошқа бир қизни топиб қўяди. Шунинг учун эри ажралишни талаб қилади. Калтакланган, хўрланган Машҳура ўз аламини олиш учун ажралиш жараёнини пайсалга солмоқчи бўлади.

Лекин қизнинг ҳийласи узоққа бормайди. Пул билан уйланишни тезлаштирган Абдулла яна пул билан ажралишни ҳам тезлаштиради. Судяга 200 доллар пора берилса бас экан, эр-хотинни бир кунда ажратишади. Бунда на маҳалла қўмитаси, на уларнинг ўйлаб кўришига бериладиган муддат керак бўлмади. Барчасини пул ҳал қилди.

Шариат бўйича ажралишга келсак, бу ерда Абдуллага ҳеч қандай қийинчилик бўлмайди: у қизнинг уйига келиб, унинг ота-онаси ва қўшнилари гувоҳлигида хотинига талоқ беради. Бўлди, энди у шариат бўйича ҳам бўйдоққа айланди.

Лекин, кейинчалик аниқланишича, Адбулла хотини билан мутлоқ алоқаларни узмоқчи бўлмаган: орадан ҳеч қанча вақт ўтмай у Машҳура билан учрашиб, унга иккинчи хотин бўлишни таклиф қилади. Бироқ, қиз собиқ эрига катта кўчани кўрсатади.

Машҳуранинг фикрича, никоҳ борасидаги қаттиқ қонунчилик молиявий муаммоларини ҳал қилмоқчи бўлган ўзбек қизларининг “иккинчи хотин”и бўлишига изн бермайди. Оқибатта, Машҳуранинг айтишича, айримлар фоҳишалик йўлини танлайди. Унинг фикрларида ҳам жон борга ўхшайди.

Пичоқ билан 17 зарба

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси  Татьяна Довлатова оила ва никоҳ масалалари бўйича мутахассис. Унинг фикрича, ажралиш — бу нозик масала бўлиб, бунда давлат томонидан кескин аралашувга йўл қўйиб бўлмайди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Довлатова. «Фарғона» фотоси
«Мен турмушга мажбурлаш ёмон оқибатларга олиб келишига кўплаб мисолларни келтиришим мумкин», – дейди Довлатова.

Унинг тажрибасига кўра, расман ажрашмоқчи бўлган одамлар, аслида узоқ йиллар бир-бири билан мутлоқ яшамаётган бўлиб чиқади. Алоқани, аниқроғи унинг йўқлигини расман қайд этиш, одатда эр-хотиндан бири бошқа давлатга кетишга қарор қилганида керак бўлади.

Нега одамлар ажралиш қарорига келгандан сўнг дарҳол ажрашмайдилар? Бунинг сабаби жуда оддий – кўпчиликнинг давлат божини тўлашга пули йўқ. Шунинг учун улар бир-бирига чидаб яшайдилар. Лекин тоқатнинг ҳам ўз чегараси бор.

«Кўпчилик одамлар борки, улар расман ажралмасдан туриб, бошқа турмуш қурадилар, фарзанд кўришга ҳам улгурадилар. Бу уларнинг енгил-елпилигидан эмас, ажралиш қийин бўлганидан содир бўляпти. Ярашиш , ўйлаб кўриш учун бериладиган муддат оилаларни сақлаб қолиш ўрнига, одамларни қийноққа солувчи янги манба бўляпти, – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. – Беш, ўн йил бирга яшамаётган одамлар бор. Уларда янги турмуш қуришга имкон туғилди, дейлик. Икки томон никоҳни бекор қилинишига қарши эмас. Бундай одамлардан маҳалладан протокол, қўшнилардан қандайдир актларни келтиришни талаб қилиб, нега уларни таҳқирлаш керак? Бундай ҳужжатларни йиғишдан маъно нима?».

Бундай сарсон-саргардонлик фожиа билан тугаган ҳолатлар ҳам бўлган. Довлатованинг жияни мана шундай ажралиш қурбони бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, 34 ёшли Марина Довлатова олти йиллик турмушдан сўнг, 2003 йили ажралиш учун ариза беради. Унинг эри альфонс, текинхўр, бу ҳам етмагандек, куни бўйи интернет-кафедан боши чиқмайдиган одам бўлиб чиқади.

Яхшиямки Ўзбекистонда қимор ўйини автоматлари йўқ, йўқса қизнинг эри бор бурдини ўйинга тиккан бўларди. Лекин интернет-кафедаги ўйинларни ўйнаш ҳам пул туради ва у бу пулларни хотинидан шилади. Уларнинг тўрт яшарли фарзанди бор эди. Кўринишидан, отани фарзанд масаласи унчалик қизиқтирмаган.

Марина ёлғиз рўзғор тебратиш жонига текканидан сўнг, у ажрашмоқчи бўлади. Ўзи давлат божини тўлайди, алиментдан воз кечади. Тошкент шаҳрининг Яккасарой туман фуқаролар судига бир йилдан ортиқ эри билан бирга яшамаслигина айтиб, аризасини топширади. Шу билан бирга маҳалла қўмитаси баённомаси, қўшниларидан олинган акт, ваҳоланки керакли барча ҳужжатларни топширади. Вазият кундек равшан бўлгани билан судя негадир эр-хотин ярашиши учун олти ойга муҳлат беради.

«Мария ажралишга берилган муддатга беш кун етолмади,– дея қайғули ҳикоясини якунлайди Довлатова. – Эри унинг ишхонасига иккита пичоқ билан келиб, Маринага 17 марта зарба беради, уларнинг учтаси аёлнинг ўлимига сабаб бўлади».

Олдин ажрашиб, кейин ҳомиладор бўл!

Ҳуқуқ ҳимоячисининг кейинги ҳикояси инсонни қайғуси эмас, унинг тағқирланиши билан боғлиқ ҳолат.

Икки йил олдин Довлатованинг қўшниси Тошкентнинг Учтепа туман судига ажралиш учун ариза топширади. Гарчи Елена эри билан етти йилдан ортиқ бирга яшамаётган бўлсада, судя уларга ярашиш учун ярим йил муддат беради. Олти ойдан сўнг эр- хотин расман ажралиш учун судга келади. Уларга олти ойлик муҳлат берган судя ўз жойида бўлмайди. Янги судя Б.Файзиев Еленага ажралишга рухсат бермайди, деярли ёт бўлиб кетган инсон билан яшашни маслаҳат беради.

Елена 2017 йил иккинчи бор эри билан ажралишга ариза беради. Бу пайтга келиб у янги танишган йигитидан ҳомиладор бўлади. Аёл бир талай бюрократик тўсиқларга дуч келади. Дастлаб Елена маҳалла кўмитаси баённомасини кутади, кейин ҳомиладор экани тўғрисида врачдан справка олади, эри билан яшамаётгани ҳақида қўшниларидан акт ҳозирлайди ва бир талай тушунарсиз қоғозларни йиғишга мажбур бўлади.

Шунга қарамай, Учтепа тумани фуқаролар бўйича судяси Дилшод Бердиқулов аёлнинг ярашиши учун яна олти ой муддат белгилайди. Унинг бундай қарор чиқаришига на эр-хотиннинг азалдан яшамаётгани, на аёлнинг янги эр топиб, ундан ҳомиладор бўлгани ҳолати моънелик қилмайди.

Еленанинг ҳомиладорлигига келсак, судя Бердиқулов аёлга “аввал ажрашиб, кейин ҳомиладор бўлиш керак”лигини уқдиради. Кейин чақалоқ дунёга келиши тахмин қилинган кунга суд мажлисини белгилайди.

«Ахир, бу суд томонидан инсонни таҳқирлаш эмасми?» – деб куйикади Довлатова.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, унинг тажрибасида трагикомик ажралиш воқеалари ҳам юз берган. 2017 йил Учтепа судига саксон ёшга кирган, карсоқов, иккинчи гуруҳ ногирони ариза топширади.Давогар бундан ўн йил олдин у билан турмушда бўлган аёл фарзандлари ортидан Россияга кетиб қолганини айтади. Уларнинг умумий фарзанди бўлмайди, шунинг учун тезда ажралиш учун бирор моънелик йўқдек туюлади.

Бироқ ногиронга барча қатори ярашиб олиш учун олти ой муҳлат беришади. Лекин қандай қилиб минглаб чақирим олисдаги аёл билан ярашишга аниқлик киритишмайди. Лекин шунга қарамай олти ойдан сўнг уни ажратишади. Бироқ, ногиронга энг кам иш ҳақининг уч баробар миқдорида давлат божи тўлашни буюришади. Бу 516 минг сўм (65 долларга яқин) бўлиб, пенсионер учун тўлашга оғир сумма. Судянинг қаршисида давлат божидан озод қилиниши керак бўлган ногирон турганини кўрмаганига ишониш қийин. Бироқ, судялар ҳам ҳар хил бўлади.

Ҳозирда воқеа қаҳрамони фуқаролар иши бўйича Тошкент шаҳар суди ва Учтера туман прокурорига давлат божи ундирилиши қарорини бекор қилиниши, унинг фуқаровий ҳуқуқлари тикланиши тўғрисида даъво аризасини топширган.

Маҳалла янги тартибларга хурсанд кўринмайди

2018 йил 5 мартда Довлатова “Ракатбоши” маҳалла қўмитасига келиб, у ердаги аёлларнинг янги қонунга бўлган фикрларини билмоқчи бўлади.

«Мен аёллар кенгаши раиси Гулчеҳрахон, маслаҳатчи Умидахон ва котиба Иродахонларнинг ярашиш муддати бир йилга чўзиш бекор қилингани ва бу борада уларнинг фикри бир жойдан чиққанига ҳайрон бўлдим. Бундан ташқари, уларга ажралиш ташаббусчиси бадал тўлашга мажбурлиги ёқмаган , – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Маҳалладаги аёлларнинг Довлатовага айтишларича, судга ажралиш аризаси берилишидан олдин маҳалла эр-хотиннинг ярашиши учун уч ой муҳлат беради. Бошқача сўз билан айтганда, одамлар бир квартал ўтгандан сўнггина судга ариза бера оладилар. У ерда ҳакам бунга қўшимча бир йил муддат қўшади.

Аёллар кенгаши фаоллари одамларни ҳеч қандай қарор, насиҳат бирга яшашга мажбур қилолмаслиги ҳақидаги гаплари адолатдан. Айниқса, ажралиш учун аризани эркаклар топширган бўлса.

«Биз эркакларнинг хотини билан яшашига буйруқ беролмаймиз. Агар одамларнинг ўртадасида севги, меҳр қолмаган бўлса, уларни нафрат туйғусигача тақаш кимга керак? Кўпчиликнинг фарзандлари бор. Одамлар тезроқ ажралишни хоҳлайди, лекин бунга изн йўқлигидан асабийлашадилар. Болалар ота-она ўртасидаги салбий муносабатни кўриб, руҳан шикастланади. Яхшиси эр-хотин обрў борида, ўз вақтида ажрашгани мақул», – дея аёллар фикрини келтиради Довлатова.

1,5 миллион бадал пули

Мақола сўнггида Татьяна Довлатовадан ибратли бир воқеани келтирамиз. Бу кўпчиликка сабоқ бўлса ажабмас.

27 ёшли Лариса эри ва иккита боласи билан бирга яшайди. Уларнинг доимий даромад манбаси йўқ, эри ҳар-ҳар замон пул топиб келади. Лариса эрига Россиядаги ота-онаси олдига кўчиб кетишни маслаҳат беради. Ҳар қалай у ерда иш топиш мумкин. Эри мутлоқ кетишга норози бўлиб, аёлининг фарзандлар билан кетишига ҳам йўл қўймайди. Боши берк кўчага кириб қолган Лариса иложсизликдан эри билан ажралишга қарор қилади.

Бироқ, машмашалар мана шунда бошланади. Биринчи тўсиқ маҳалла қўмитасида юзага келади. Ларисанинг қайнонаси маҳалла йиғинида невараларини бермаслиги айтиб, жанжал кўтаради.Бундан ташқари, қайнона, гарчи Лариса ажралиш ташаббускори экан, демак у ўғлига (Ларисанинг эрига) бир ярим миллион сўм ёки икки юз доллар миқдорида бадал пули тўлаши кераклигини айтади. Бу ерда ҳали ажралиш бўйича кетадиган бошқа ҳаражатлар ҳақида гап кетмаяпти.

Ларисанинг бир ярим миллон сўми йўқ, демак у Ўзбекистонда расман ажраша олмайди.Бироқ, дугоналарининг айтишича, Лариса ноқонуний бўлсада, президент фармонини четлаб ўтиш чорасини излайди. Чунки унинг бошқа чораси қолмаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги