07:05 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Тиранлар қисматини қайтармайди». Ўзбекистоннинг бош муҳолифатчиси Шавкат Мирзиёевга ишонади

04.03.2018 18:17 msk

Шоҳрух Соипов

«Фарғона» мана йигирма йилдан ортиқ муҳожирликда яшаётган ўзбек муҳолифатчиси Муҳаммад Солиҳдан навбатдаги интервьюни олди. Сиёсатчи мамлакатнинг янги президенти сўзлари ва саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватлайди, ўзини “ғаламисларнинг асл душмани” деб билади ва бугунги Ўзбекистон ҳукумати “инсонларни зулматдан халос этувчи” ҳақиқий реформаларни бошласа, у ҳолда у ҳокимят учун курашмаслигини айтди.

* * *

– Мамлакатнинг энг қудратли тизими бўлмиш – Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов лавозимидан озод этилди ва президентнинг маслаҳатчиси этиб тайинланди, бундан ташқари у сенатор бўлиб, депутатлик дахлсизлигига эришди. Унинг бир неча ўринбосарлари ишдан бўшатилди, ҳаттоки қамалгани ҳам бўлди. МХХ фаолияти Мирзиёвнинг қаттиқ танқидига учради. Ўзбекистон кучлар тизимидаги ўзгаришларни қандай баҳолайсиз, махсус хизматлар ўзларининг чексиз ҳукмдорлигини йўқотдими?

– Йўқ, йўқотганлари йўқ. Улар ҳамон кучли. Рустам Иноятов бошчилигидаги МХХ узоқ йиллар давомида Ислом Каримовнинг диктаторлик режимини қўллаб-қувватловчи бош устун бўлган. У режимни қўриқлаб, диктаторнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаган ва бунинг эвазига Каримовдан мисли кўрилмаган ваколатларни қўлга киритган. МХХ расман ўз одамларини раҳбар ўринбосарлари сифатида Ўзбекистоннинг барча давлат тизимлари ва ҳуқуқ-тартибот органларига жойлаштирган, хориждаги барча дипломатик ташкилотларига кириб борган. Махсус хизматларнинг бундай фаолияти Лаврентий Берий давридагида СССР пайтида ҳам бўлмаган.

Бир пайтнинг ўзида Иноятовнинг гумроҳлари кичик ва ўрта бизнесдан тортиб, қора бозор, гиёҳванд моддалари сотувидан иборат иқтисодий соҳаларни назорат қилганлар.

Иноятов миллиардер, унинг ўринбосарлари миллионер бўлдилар. МХХ қудратли УЖГ (уюшган жиноий гуруҳ – «Фарғона» изоҳи) га айланди ва бутун мамлакат, ҳаттоки Каримовни ҳам назорат қила бошлади. Гарчи Иноятов лавозимидан кетган бўлсада, бироқ ҳукуматда иноятовчилар ҳали кўп.

Четдан Мирзиёев ушбу кучга қарши юриш қилганга ўхшайди, лекин у ўз ҳаракатларида нақадар собитқадам? Унинг ниятлари қандай: янги ҳуқуқий давлат қуриш учун майдонни тозалашми ёки янги авторитар тизимни тузиш учун?

Бу саволарга менда жавоб йўқ. Биз фақат унинг реал ислоҳатларини қўллаб- қувватлашимиз мумкин. Гарчи улар ҳали кучли бўлмасада, бироқ бизни қувонтиради.

– Интернетда Мирзиёевнинг кучлар тизимини “тозалаётгани”ни, жумладан, Бухоро вилоятида МХХ нинг ишлаш услуби 1937 йилларга қиёсланганини яхши қарши олдингиз. Сизнингча Ўзбекистоннинг янги раҳбари ўз саъй-ҳаракатларини вақтинчалик эмас, бардавом эканини исботлаш учун нималар қилиши керак?

– Агар президент ҳақиқий ислоҳотларни амалга оширмоқчи бўлса, у ҳолда у танланган маълум йўлдан ҳаракатланмаслиги керак. Сингапур, Хитой ва шунга ўхшаш тараққиёт моделларига тақлид қилишдан воз кечиш керак. Илгари совет, майлига социалистик бўла қолсин, ривожланиш тажрибасини ўзлаштирган Ўзбекистон бугунги босқичда ривожланаётган давлатларга қарамасдан ўз моделини ишлаб чиқиши лозим.

Бунинг учун ислоҳотлар бирданига барча соҳаларда олиб борилиши керак. Чунки янгиланмаган соҳа ислоҳ қилинган соҳага халақит беради, бу билан ислоҳотлар жадаллигини икки, уч карра секинлаштиради.

Айниқса. Иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги ислоҳотларни бир-биридан айриб бўлмайди. Агар Мирзиёв мазкур эски дилеммани ҳал қилишга жазм этса, у ҳолда у муваффақиятларга эришади ва биз мазкур курашда мамлакатимизнинг янгиланиши тарафида бўламиз.


Муҳаммад Солиҳ Стамбулда, 2011 йил. «Фарғона» фотоси

– Охирги йиллар ўзбек қамоқхоналаридан муҳолифат вакиллари, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, ислом Каримов ҳукмдорлиги даврида турли айблар билан қамалган укангиз Муҳаммад Бекжон озод этилди. Лекин шунга қарамасдан кейинги ярим йилда Бобумурод Абдуллаев, Акром Маликов, Нурилло Муҳаммад Рауфхон, Ҳаёт Насриддиновга қарши жиноий ишлар қўзғатилди. Яқинда интернетда бош вазир Абдулла Ариповга қарши фикр юритганлик ва Ислом Каримов қизларини ҳақоратлашда блогер Аббос Насриддинов айбланувчилар қаторига қўшилди. Бу ҳол ҳозирги ҳукуматнинг юзаки демократия кўринишига урғу бераётганини англатмайдими? Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

Ҳа, айрим одамлар Мирзиёевга нисбатан Каримов даврида унга зиён келтирган коррупционерлар, прокурорлар, МХХчилардан ўч оляпти, лекин шунга ухшаш бошқа ўғри ва ҳуқуқ-тартибот органларидаги золимларни тегмаяпти, аксарият, уларни рақибларидан озод этилган лавозимларга тайинлаяпти, деган шубҳага боряптилар. Аслида шундайми-йўқми, буни вақт кўрсатади.

Бордию, шубҳа ўринли чиқса, бу ёмон нарса. Нафақат мамлакат учун, балки ҳокимят, президент учун ҳам. Лекин мен оптимистман. Мантиқан фиклашга ҳаракат қиламан: Мирзиёевга ўзи юракдан ёмон кўрган Каримов тақдирини қайтаришнинг нима ҳожати бор? Гарчи Каримовга ҳайкаллар қўйгани билан уни ёмон кўради.

Мирзиёев оқил, доно инсон каби яхши раҳбар сифатида халқ хотирасидан ўрин олмоқчи. Унинг пули, бойлиги бор, авлодларига етади. Аввалги бошлиғининг нохуш қисматини қайтаришга не ҳожат? Ахир у ўғри оилалар, халқ устидан золимлик қилган, айбсиз одамларни қамаган қабиҳ кимсаларнинг тақдири не фожиа билан якунланаётганини ўз кўзи билан кўриб турибдику!

Мирзиёев, гарчи ерда бўлмасада, юқорида адолат борлиги, у нима бўлган тақдирям тантана қилишини кўриб турибди.

Мирзиёев зулмкор шоҳларнинг қисматини қайтармайди, у халқнинг етакчиси бўлади. Мен у ҳақда мана шундай оптимистик фиркдаман. Агар ҳато қилсам, мендан ҳафа бўлманг. Агар ҳақ бўлиб чиқсам, бу менинг хизматим эмас, Яратганнинг инояти бўлади.

– Бобомурод Абдуллаев ва Акром Икромовларнинг айбланишида улар журналист сифатида сизнинг кўрсатмангиз билан Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) сайтида мақолалар чоп этганлар. Бобомурод ҳибсга олинганидан сўнг сиз Стамбулда матбуот анжуманини ўтказиб, унда Аблуллаев Ислом Каримов сиёсатини танқид қилиб мақолалар ёзган Усмон Ҳақназар (Усман Хақназаров) эканини айтдингиз. Сизнинг баёнотингиз Бобомурод Абдуллаевдан ўз мақсадида фойдаланиб, кейин ҳимоялаш ўрнига, уни қурбонликка берганликда айбланишингизга сабаб бўлди.

– Б.Абдуллаевни 2017 йил 27 сентябрда ҳибсга олишди. Мен эса матбуот анжуманини 3 октябрда ўтказдим, яъни Бобомурод ушланганидан сўнг олти кун ўтиб ва суднинг “Абдуллаев Б.К., Ўзбекистон Миллий Университетининг рус филологияси факультетини битирган, журналистик фаолияти услубларини яхши билган журналист сифатида 2011 йилдан то шу кунга қадар “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” дея номланувчи муҳолифатчи партия етакчиси Муҳаммад Солиҳ кўрсатмасига биноан “Усмон Ҳақназар” таҳаллуси билан мамлакатнинг биринчи ва амалдаги президентига, шунингдек, республика ҳуқуқ-тартибот тизими раҳбарларига қарши мақолалар ёзиб, унда амалдаги конституциявий тизимни ағдариш ва мамлакат ҳукуматини ишғол қилиш зарурлигини ёритган” деган қарор чиқарганидан сўнг икки кундан кейин ўтказдим.


Бобомурод Аблуллаевни менчалик ҳеч ким ҳимоя қилмаган. Буни “Аблуллаев иши”га тўқнашганларнинг барчаси яхши биладилар.

Менинг кўрсатмамга кўра ҳеч ким сайтимизга мақолалар ёзмаган. Илтимосимизга кўра ёзишлари мумкин.

– 25 йил ҳукм сурган Каримов режими Ўзбекистон ичида ва четда сиз билан алоқада бўлган, ҳамкорлик қилган инсонларни қамоққа тиққани ёки ўлдиргани сир эмас. Оппонентларингиз Солиҳ уларни қурбонликка келтирган, ўзи Ўзбекистонга қайтиш ўрнига, хавфсиз жойда яшаяпти, дея таъкидлайдилар.

Одамлар доимо ким биландир алоқада бўлади, кимнингдир ортидан юради, ҳар хил ташкилотларга аъзо бўладилар. Бунинг учун одамни ўлдириш шартми?! Каримов режими зиндонга ташлаган ва ўлдирган одамларни мен қандай қурбонликка келтирган бўлишим мумкин? Учта укам қамоқда ўтирди, уларни ҳам қурбонликка келтирганманми? Нима учун? Агар Ўзбекистонга қайтиб, ҳукуматга таслим бўлсам, тарафдорларимни озод қилишармиди, “хавфсиз жойда” яширинмасдан қайтганим учун мени тақдирлашармиди?

Одамларни ҳибсга олиб, ўлдирган Каримову, айбдор - Солиҳ, чунки унинг одамлари бўлган. “Оппонетларимнинг “ мантиғи шундай!

Биз 1990 йилдан расман Ўзбекистондаги демократия ва эркинлик учун очиқ сиёсат олиб борамиз. Мен 1991 йили расман Ўзбекистон президентлигига номзод бўлганман. Биз ҳуқуқий давлат қуриш борасида альтернатив дастур билан чиққанимиз учун Каримов мени ва ҳамфиркларимни таъқиб остига олди. Биз ҳақиқий демократия принципларига асосланган янги Конституция лойиҳасини тақдим этдик. Каримов режими ушбу ҳужжатни рад этди ва биз муҳолифатчиларни параллел ҳукумат тузишда айблаб, мутлоқ таъқиб остига олди. Таъқиб ва қувғунлар 25 йил мана шундай ўтди.

– Шунингдек, оппонетларингиз танқидни ҳушламаслигингизни гапиришади. Уларнинг фикрига кўра, президент лавозимига даъвогар инсон танқидни жўн қабул қилиши керак. Сиз эса танқид қилмоқчи бўлганларни қоралар эмишсиз?

–Аввало, президент лавозимига даъвогарлик қилган кимса инсон бўлиши керак. Инсон танқидни қабул қилиши ёки қилмаслиги мумкин. Ёлғон ва бўҳтонга асосланган танқидни ёмон кўраман. Мен ва бизнинг ҳаракатимизга нисбатан танқидларнинг тўқсон фоизи МХХ нинг ёлғон ва бўҳтонларига асослангани ва уларни “ички муҳолифат оппонетлар”им айтаётганига аминман. Менинг ватанга қайтишимга МХХ ва муҳолифатдаги унинг одамлари қаршилик кўрсатадилар. Чунки, мен ғаламисларнинг ашаддий душманиман.


– 25 йил давомида республика биринчи президенти Ислом Каримовни танқид қилдингиз. 1999 йил 16 февралдаги портлашувлар ва 2005 йил 13 май Андижондаги қонли фожиадан сўнг муҳолифат аъзоларини таъқиб қилиш кучаяди. Шу йиллар давомида муҳолифат нималарга эришди?

– Бу давр мобайнида режимга қарши қўлда қурол билан курашмадик, имкон бўлганда аҳоли ўртасида демократик ғояларимизни ёйиш учун газеталар нашр қилдик, варақалар тарқатдик. Бу режим учун бизларни “халқ душмани” га чиқариб, яксон қилишга етарли асос бўлди. Бизларнинг сиёсий фаолият юритишимизга ҳеч қачон имкон беришмади, биз доимо яширинишга мажбур бўлдик.

Тасаввур қилинг: муҳолифатчи қочиб боряпти, унинг кетидан кўлида болта билан ақлдан озган инсон каби режим қувлаб боряпти. Сиз олдинда чопиб кетаётгандан сўрайсиз; 25 йил ичида нималарга эришдингиз?

Одамлар бир нарсани яхши англашларини тушунтиришга эришолдик: инсон, гарчи унинг ортидан қўлида болта билан жинни қувлаб юрганда ҳам ўз эркинлиги учун курашдан воз кечмаслиги керак. 25 йил давомида биз мана шулар билан шуғулландик.

– Нега 25 йил давомида ўзбек муҳолифатчилари Каримов режимига қарши бирлашолмадилар. Илтимос, ЎДҲ бўлиниб кетганини изоҳлаб берсангиз.

- Бўлиниш андижонликлар (2005 йил майдаги Андижон воқеасидан сўнг қочган ўзбекистонликлар - «Фарғона» изоҳи) кетганидан сўнг содир бўлди. Дюссельдорфда Иноятовдан “делегация” келиб, шантаж асосида андижонликларнинг ЎДҲ дан ажралиб чиқишига эришолди. Мен уларни айбламайман, зеро улар яқин қариндошларини уйлашга ҳақли эдилар. Тоталитар режимга муҳолифатда бўлиш осон иш эмас.

Бундан ташқари, муҳолифатчилар сиёсий фаолият билан эмас, уруш, жанжаллар, бир-бирининг устидан ёзиш, интернетда иғво тарқатиш билан овора бўлишлари учун ҳукумат томонидан бириктирилган провокаторлар ўз ишинининг уддасидан чиқишди. Булар маълум даражада муҳолифат обрўсига путур етказди.

Ўзбек оппозициясини президент савловидан сўнг ва талабалар намойиши ўққа тутилган пайти бир марта бирлаштира олдик. 1992 йил март ойининг бошида барча муҳолифат кучлар бир муштга айланди – Ўзбекистон демократик кучлар Форуми тузилди. Форумнинг биринчи ва иккинчи мажлисини Тошкентдаги “Эрк” партияси офисида ўтказдик. Сафимизга нафақат оппозиция гуруҳларини, балким Шукрулло Мирсаидов, Эркин Воҳидов каби машҳур шахслардан иборат депутатларни ҳам жалб қила олдик. Оппозициянинг бундай бирлашуви Каримовни қўрқитиб юборди. Ва 1992 йил 5 майда у мени кечки овқатга таклиф қилди. Биз тўрт соат суҳбатлашдик. У мени ҳукумат таркибига киришга ундади, боз вазир лавозимини таклиф қилди. Бунинг эвазига Форумни тарқатиб юборишни сўради.

Мен бу таклифни рад этдим.

Аксарият, Каримов Форумда чиқиш қилиб, оппозиция билан биргаликда мамлакатдаги муаммоларни муҳокама қилиши, бу президент ва оппозиция обрўзини ошириши мукинлигини айтдим. У буни хоҳламади. Мен эса унинг таклифини қабул қилмадим. Айримлар, жумладан менинг сафдошларим ҳам ўзоқни кўзламай иш тутганим, унинг таклифини қабул қилиб, партиянинг молиявий ҳолатини яхшилаб олиш мумкин эди ва ҳақазоларни айтиб мени танқид қилдилар.

Албатта, демократик давлатларда бундай альянс тузиш мумкин, лекин мамалакатни яккахоким диктатор бошқараётган пайтда бунинг иложи йўқ.

Каримов таклифини рад қилганим тўғри эканини вақтнинг ўзи кўрсатди.

– Яқинда ўзбек зиёлилари сизнинг ватанга қайтишингизни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилдилар. Очиқ мурожаатни 200 дан ортиқ одамлар имзоладилар. Олдиндан бундай мактуб тайёрланаётганини билганмидингиз ва унга муносабатингиз?

– Мактубни 200 эмас, 455 инсон имзолаганлар. Ҳа, ёзувчилардан бири шундай мурожаат тайёрланаётганини айтди. Лекин тўғриси айтсам бу мактуб бунчалик кўламли бўлишига ишонмагандим. Мен унга одамлар вақтини зое кеткизмасликларини, Ўзбекистонда кўпчилик бундай акцияга тайёр эмаслигини айтдим. Лекин одамлар шунга жазм қилолдилар.

Албатта, мен бу ташаббусга ижобий ёндошаман. Менинг ватанга қайтишимни сўраб мактуб ёзишга менинг сиёсий тарафдорларим эмас, Ўзбекистонда яшаётган ижодий интелленция вакиллари истак билдирганларини кўрдим. Тасаввур қилинг, уларнинг орасида қачондир бизнинг ташкилотга аъзо бўлган инсонлар йўқ. Мутлоқ янги, софдил, менинг таржимаи холимни, ижодкор ёзувчилигимни билган, сиёсий эмигрантнинг қийин ҳаётини тушунган одамлар. Уларга бундай кўнгилли ҳаракати учун раҳмат дейман.

– Агар рухсат беришса, Ўзбекистонга қайтасизми?

– Иншааллоҳ қайтаман. Бу фақат менинг тўлиқ реабилитациямдан сўнг юз бериши мумкин. Яъни 2000 - йил мени ноҳақдан, сиртдан 15,5 йилга озодликдан маҳрум этиш борасидаги суд қарори бекор қилинганидан сўнг. Шунингдек, мен 1993 йили Ўзбекистондан чиқиб кетганимдан сўнг ноқонуний тортиб олинган уйим ва мулкларим қайтариб берилишини кутаман.

Мен Ўзбекистонга қилмаган жиноятим учун “авф” қилинган, “кечирилган” ҳолда қайтишни истамайман. Мен ватанга очиқ юз билан, баҳоли қудрат эркинлик ғоясига хизмат қилган шахс сифатида қайтишни хоҳлайман.

– Ватанга қайтгандан сўнг нималар билан шуғулланасиз? Амалдаги ҳокимятга муҳолифатда бўласизми ёки бунинг акси - Шавкат Мирзиёев сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлайсизми?

– Мирзиёев токи оддий халқ тарафида экан, у бошлаган либераллашув пировардида сиёсий жабҳани ҳам қамраб олишига умид қилган ҳолда уни қўллаб-қувватлайман.

Бешинчи март куни Бобомурод Абдуллаев (Усмон Ҳақназар) устидан суд бўлади. Бу мамлакатнинг ички сиёсати, шахсан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев учун лакмус қоғози вазифасини ўтайди.

Бобомурод Абдуллаев Каримов режими оппоненти эди.Унинг ўткир қалами ҳур фикрли инсонларни, тараққиётга бўлган ҳаракатни яксон қилиш билан даҳшатли давлат жиноятини содир этган Каримов ва Иноятовга қарши йўналтирилганди. Бобомурод ушбу жиноятларни фош қилди ва шу туфайли Иноятов уни зиндонга ташлади. Бу Иноятовнинг шахсий ўчи эди.

Бобомурод Абдуллаев янги президент бошлаган ислоҳотларга қарши бўлган МХХ ва унинг раҳбарини фош қилолди. Бобомуродни “давлат тўнтариш” да айбламоқдалар. Лекин бунга ҳеч ким, Иноятовнинг ўзи ҳам ишонмайди.Абдуллаев ўз мақолалари билан ислоҳотларни кескин ёқлаб чиқди. Умид қиламанки, президент Мирзиёев журналист устидан ўтказилаган судда адолат тантана қилишига ҳисса қўшади.

– Сизда Ўзбекистон президенти бўлишга бўлган истак сақланиб қолдими?

– Агар бугунги ҳукумат мамлакатни Каримов тақаган зулматдан олиб чиқишга йўналтирган ҳақиқий ислоҳотларни олиб борса, у ҳолда мен ҳокимят учун курашмайман. Халқимизга фойдали ишлар қилаётган президент борлигида менга президентликнинг нима кераги бор?

Мен ўз эркинлигим ва халқимнинг қувончини кўришдан баҳра олиб яшайман. Менга бошқа нарсанинг кераги йўқ.

Интервьюни Шоҳрух Соипов ёзиб олди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги