04:17 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Зимистонга чўмган шаҳар. Андижонликларнинг иши яна буржуйка печкалару, газ баллонларига тушмоқда

22.02.2018 15:44 msk

Фергана

Номи ошкор этилмаслигини сўраган ўқувчиларимиздан бирининг маълум қилишича, Андижон вилоятининг баъзи туманларида февралдан бошлаб электр таъминотидан узилишлар бошланди. Унга кўра, свет мунтазам равишда, тахминан соат 12 дан кечқурунги соат бешгача ҳамда тун ярмидан эрталабки бешгача ўчмоқда. Электрдан узилишнинг ҳеч қандай расмий жадваллари йўқ – электр энергияси қўққисдан йўқолиб қолади ва шу каби қўққисдан пайдо бўлади. Бунақа вазиятга Асака, Шаҳрихон, Булоқбоши, Маданият шаҳарлари ва Андижоннинг Янги бозор, Эски шаҳар, 1,2,3.4 микрорайонлари, Семашко, Боғишамол, Клара Цеткин, Сой, Жалабек, Шимолий микрорайон аҳолиси дуч келмоқда. Узилишлар нафақат хусусий истеъмолчиларда, балки поликлиникалар, мактаблар, коллежлар, институтлар каби давлат муассасаларида ҳам кузатилмоқда. Тадбиркорлар ноқулайликларни бошидан кечирмоқдалар, улар маҳаллий дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари айниб қолмаслиги учун генераторларни ишлатишга мажбур бўлишмоқда. Электр таъминоти вилоят корхонасида таъкидлашларича, чекловлар трансформаторларга тушаётган катта юкланишлардан бузилиб қолмаслиги учун киритилган.

Тан олиш керак, қиш мавсумида юкланишлар чиндан ҳам юқори даражага чиқиб кетади, негаки маҳаллий аҳоли уйларини электр энергияси воситасида иситишга ўтиб олади. Тунлари ҳавонинг даражаси нолдан пасайиб кетади, шаҳарда марказий иситиш тизими 90-чи йилларнинг охиридан бошлаб ишламай қўйган. “Барча уйларда ҳам ўчиришавермайди светни, мисол учун Бешинчи микрайонда ҳеч қанақа чекловлар йўқ. Чунки бу ерда асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари яшайдилар. Бу маҳаллий ҳокимият ташаббуси бўлиб, бу ҳақда президентимиз билмайди. Чунки у декабрда ўтган матбуот анжуманида электр таъминотида узилишлар бўлмаслиги бўйича қатъий кўрсатма берганди. Шундан кейин икки ой ўчиришмади, кейин бўлса яна бошлашди.”, дея аччиқланади ўқувчимиз.



Мирзиёев чиндан ҳам октябрдаёқ “ҳар бир оилани электр, газ ва сув билан таъминлаш”ни буюрган, Миллий энергетик компания эса қишда ҳеч кимнинг чироғи ўчмайди деб ишонтирган. Электр станцияларни эксплуатация қилиш бошқармасининг раҳбари Лутфулла Нуруллаев маълум қилишича, куз-қиш мавсумига 18.3 мингта электр узатиш линиялари ҳамда 6272 та трансформатор пукнтлари таъмирланган. “Айни пайтда (гап 2017 йил ноябрь ҳақида – “Фарғона” изоҳи) капитал таъмирлаш ишлари 109.7%га бажарилди, - дея ҳисобот берди “Ўзбекэнерго” вакили. Шунингдек, у Андижон вилояти ҳақида ҳам эслаб ўтиб, бир нечта туманларда трансформаторлар кучлироқларига алмаштирилганини маълум қилди”.



Табиий газнинг доим йўқ бўлиши электр таъминотидаги вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Ўқувчимиз таъкидлашича, Андижон вилоятида газ ҳар йили қишда йўқолиб қолади. Президентнинг ваъдаларига қарамай, бу йилги қиш ҳам аввалгилардан фарқ қилмади. Аҳолининг кўпчилиги овқат пишириш учун газ баллонларидан фойдаланишмоқда. Бунақа баллонлардан квартираларда фойдаланиш тақиқланган, бунинг учун маъмурий жавобгарликка тортилиш мумкин. Баъзилар эса квартираларда буржуйка печкаларини ўрнатиб, ўтин ва кўмир ғамламоқда. Бюджет ташкилотлари ходимларидан ҳар ойда иш ҳақидан газ ва электр энергияси учун тўлов пули ундирилади, бироқ одамлар тўлаган пулларига яраша на газ ва на электр истеъмол қила оладилар. Шу билан бирга, апрелдан бошлаб аҳоли учун газ ва электр энергияси учун тарифлар кўтарилиши кутилмоқда.



Қиш келиши билан газ нафақат хонадонларда, балки ёқилғи қуйиш шохобчаларида ҳам танқис бўлиб қолган. Бу ерларда машиналар узундан-узун навбатга тизилиб турадилар. “Баъзида бир неча соатлаб навбатда туришга тўғри келади, баъзида улар ёқилғи қуйиш шохобчасини очиб, ҳаммага етиш учун метанни белгиланган порцияларда берадилар”, - дея қайд этади ўқувчимиз. Ушбу чораларнинг сабаблари ҳақида ундан аниқ гап бўлмади, бироқ бу ҳолат ҳар йили қиш мавсумида қайтарилишини қайд этиб ўтди. “Одамлар ҳар хил фикрларни билдирадилар, баъзилар газ етишмайди, дейишади, бошқалари эса расмийлар нархларни кўтариш учун атайин шундай қиляптилар, чунки омма бизга газни етказиб берса бўлди, пулида гап йўқ, дейдиган бўлсин”, дея қўшиб қўйди у.



Метан ёқилғисининг танқислиги боис баъзи ҳайдовчилар шаҳар бўйлаб қатнайдиган транспортларда йўлкира ҳақини кўтариб қўйишди. “Автобус ўша-ўша, ҳамон 500 сўмдан қатнаяпти, қолганлар икки баробарига кўтардилар. Илгари минг сўм бўлса, ҳозир икки минг сўмга чиқди. Шаҳарнинг “А” нуқтасидан “Б” нуқтасига етиб бориш учун илгари 1,5 минг сўм тўланган бўлса, ҳозир уч минг кетяпти”, - дея аччиқланади ўқувчи.



Бироқ шаҳарда ҳеч ким очиқчасига ўз норозилигини билдирмаяпти. Одамлар “сабр-тоқат режимида“ яшашга кўникиб қолишган ва 2005 йил май воқеаларидан сўнг бирор гапни гапиришдан қўрқадилар. “Андижон учун қиш – азобнинг ўзгинасидир”, - дея қайд этди “Фарғона” суҳбатдоши.



Международное информационное агентство «Фергана»

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги